Ўзбекистон иккинчи ихтиёрий миллий ҳисоботни тақдим этди

Ўзбекистон иккинчи ихтиёрий миллий ҳисоботни тақдим этди

Қарор ва ижро

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ)да Ўзбекистонда 2030 йилгача миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш бўйича Иккинчи ихтиёрий миллий ҳисоботи тақдимоти ўтказилди.

Манфаатдор вазирлик, идоралар, маҳаллий ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этган тадбирда ҳисоботнинг мазмун-моҳияти, тайёрланиш жараёни ва ҳужжатда кўрсатиб ўтилган масалалар юзасидан атрофлича маълумот берилди.

Таъкидлаш керак, 2015 йил сентябрда 193 мамлакат, жумладан, Ўзбекистон ҳам Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг барқарор ривожланиш бўйича 2030 йилгача глобал кун тартибига қўшилган. Шу тариқа давлатимиз 2030 йилгача барқарор ривожланиш мақсад ва вазифалари юзасидан мажбурият олган.

Шу асосда 2019 йил тайёрланган Ўзбекистоннинг Биринчи ихтиёрий миллий ҳисоботи БМТ халқаро форумида тақдим этилган.

2022 йил 21 февралда Вазирлар Маҳкамасининг “2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга оширишни жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинган. ПМТИ директори ўринбосари Турсин Аҳмедовнинг қайд этишича, мазкур ҳужжат ижроси доирасида 2022-2026 йилларда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларга самарали эришиш бўйича чора-тадбирлар режаси, Иккинчи ихтиёрий миллий ҳисоботга тайёргарлик бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланган.

– Институтимизда “Йўл харитаси”га мувофиқ, Ўзбекистон бўйича Иккинчи ихтиёрий миллий ҳисоботнинг дастлабки нусхаси тайёрланди, – деди Т.Аҳмедов. – Мазкур ҳисобот мамлакатимизнинг барқарор ривожланиш мақсадларини молиялаштириш, хусусий сектор ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, демографик ривожланиш билан боғлиқ ўзига хос миллий жиҳатларга мослашиш, аёллар ва ёшларни, гендер тенгликни қўллаб-қувватлаш сиёсатини кучайтириш бўйича салоҳияти ва имкониятини очиб беради. Ҳужжатда 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ҳамда Барқарор ривожланиш мақсад ва вазифалари ўртасидаги мувофиқлик, ўзаро боғлиқлик муҳим ўрин эгаллаган. Лойиҳада барча йўналишлар бўйича келтирилган кўрсаткичлар Статистика қўмитаси маълумотига асосланган. Хусусан, 190 та индикатор бўйича 2015-2021 йилларга доир барча кўрсаткичлардан фойдаланилган. Иккинчи босқичда вазирликлар маълумотлари асосида ҳисобот бойитилиб, жорий йил февраль ойида Иқтисодиёт ва молия вазирлигига лойиҳанинг янги варианти тақдим этилади. Шундан сўнг ҳисобот муҳокамадан ўтказилиб, март ойида лойиҳа парламентга тақдим этилади.

Тадбирда қайд этилганидек, юртимиз шароитига мослаштирилган барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишни баҳолаш учун 126 вазифа, 193 кўрсаткич тасдиқланган. Ўзбекистон бўйича Иккинчи ихтиёрий миллий ҳисобот лойиҳаси 17 мақсадни ўз ичига олган. Ҳужжатда барқарор ривожланиш йўлидаги мавжуд ички ва ташқи таҳдидлар, сўнгги йилларда алоҳида миллий мақсадларга эришиш ва муайян вазифаларни бажаришда эришилган ютуқлар, натижалар, йўл қўйилган камчиликлар, бу борада яқин вақт ичида қўйилажак аниқ қадамлар акс этган.

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА мухбири

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech