Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) Ахборот хизмати раҳбари Дилноза Юсупова маълум қилди.
2024 йил давомида Болалар омбудсмани котибиятига бола ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилиши юзасидан жисмоний ва юридик шахслар, шу жумладан болалар ҳамда уларнинг қонуний вакиллари томонидан жами 1064 та мурожаатлар келиб тушган.
Мурожаатларнинг 469 таси Болалар омбудсмани котибияти қабулида, шундан 160 та мурожаат Болалар омбудсмани томонидан ўтказилган шахсий қабулида давомида қабул қилинган.
Шунингдек, 201 таси почта, 68 таси Президентнинг Виртуал қабулхонаси, 187 таси электрон почта ҳамда 139 таси murojaat.gov.uz онлайн платформаси орқали қабул қилинган.
Шахсан болалардан келиб тушган мурожаатлар 44 та ёки 4.1 % бўлиб, вояга етмаган қиз болаларнинг улуши 61,4 фоизни, 38,6 фоизни эса ўғил болалар ташкил этади..
1049 та мурожаат Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан,
7 таси чет эл фуқароси томонидан, 7 таси Россия Федерациясининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили томонидан йўлланган.
Ўз навбатида, келиб тушган мурожаатларнинг 898 таси Болалар омбудсмани томонидан назоратга олинган бўлиб, 93 таси тегишлилиги бўйича юборилди.
Назоратга олинган мурожаатларнинг:
– 283 таси ижобий ҳал этилди;
– 545 таси бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилди;
– 70 таси эса кўриб чиқиш жараёнида.
Мурожаатлар мазмунига келадиган бўлсак:
Мурожаатларнинг 43,4 фоизи боланинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликлари, 41 фоизи ижтимоий ҳуқуқлар, 4,3 фоизи иқтисодий ва экологик ҳуқуқлар, 11,3 фоизи эса боланинг бошқа ҳуқуқларига тегишли бўлган.
Хусусан,
15,5 фоизи боланинг оилавий муҳитга бўлган ҳуқуқини таъминлаш;
7 фоизи боланинг билим олиш ҳуқуқини таъминлаш;
6 фоизи алимент олиш ҳуқуқини таъминлаш;
5,8 фоизи давлат органи ва бошқа ташкилотлар фаолиятида бола ҳуқуқларининг бузилишига оид масалаларга тегишлидир.
Мурожаатларни ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда, энг кўпи Тошкент шаҳри 366 тани, Тошкент вилояти 139 та ҳамда Қашқадарё вилоятидан 105 тани, энг ками эса Қорақалпоғистон Республикаси 14 та ва Навоий вилоятидан эса 27 тани ташкил қилган.
Болалар омбудсмани томонидан бола ҳуқуқларини бузилишига оид мурожаатлар юзасидан давлат органларига 981 та сўров киритилган бўлиб, Бундан,
– 232 таси Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига
– Ички ишлар вазирлиги ва унинг ҳудудий органига - 201 та;
– 135 таси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига
– Бош прокуратура ва унинг ҳудудий органига - 124 та;
– 106 таси эса Мажбурий ижро бюросига ва бошқа идораларга юборилди.
Таъкидлаш жоизки, Болалар омбудсмани сўрови ва кейинги кузатуви доирасида мутасадди идоралар томонидан:
болаларга нисбатан содир этилган зўравонлик ҳолатлари юзасидан 18 та маъмурий ҳамда 14 жиноят иши қўзғатилди. Жумладан:
Жиноят кодексининг 118, 129, 121, 126, 104, 117 ва 137, ҳамда 277-моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилди.
Шунингдек, Қозоғистон Республикаси Жиноят кодекси 120 ва 121-моддалари
бўйича жиноий иши қўзғатилган.
-Зўравонликни бартараф этиш юзасидан 4 нафар болага ҳимоя ордери расмийлаштирилди;
-болага нисбатан қўпол муомалада бўлганлиги учун 2 нафар ички ишлар органлари ходимларига интизомий жазо чораси қўлланилди;
-таълим муассасаларида 6 нафар педагог ходим ўз касбий фаолиятига совуққонлик билан қараганлиги, болага жисмоний зўравонлик қилганлиги учун маъмурий жавобгарликка тортилди, шундан 5 нафари билан меҳнат шартномаси бекор қилинди;
-болага нисбатан қилган қўпол хатти-ҳаракатлари учун 22 нафар педагог ходимга нисбатан интизомий жазо қўлланилди;
-таълим муассасасида буллинг оқибатларини бартараф этиш мақсадида 1 нафар ўқувчи онлайн тарзда таълимга ўтказилди, 1 нафар бола бошқа мактабга, 1 нафар ўқувчи бошқа синфга кўчирилди;
-4 та ҳолат юзасидан боланинг ҳуқуқбузарлиги учун онага нисбатан маъмурий жазо тайинланди;
-4 нафар бола тиббий кўрикдан ўтказилиб, шундан 2 таси дори-дармон билан таъминланди;
-10 нафар болага васий, 1 нафарига ҳомий таъминланди;
-87 та ҳолат юзасидан ҳудудлардаги “Инсон” ижтимоий маркази томонидан боланинг ижтимоий психологик вазияти баҳоланди;
-3 нафар болага хорижга чиқиш биометрик паспорти, 3 нафар болага туғилганлик тўғрисида гувоҳнома расмийлаштирилди;
-Фарзандидан алоҳида яшайдиган 1 нафар она, 4 нафар ота болалари билан кўришиш ҳуқуқи таъминланди;
-3 нафар бола таълим муассасасига қабул қилинди;
-2 та кам таъминланган оилалар болалари учун нафақа тайинланди,
-1 нафар болага таълим олиш учун шартнома пуллари тўлаб берилди;
-5 нафар қаровсиз қолиб кетган болалар онасининг қарамоғига топширилди;
-1 нафар боланинг мерос ҳуқуқига оид улуши бўлган уй-жойга тақиқ солинди;
-Хорижда ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган 52 нафар бола Ўзбекистон Республикасига қайтарилди.
Болалар омбудсмани ўтган йилдаги фаолияти давомидаги мониторинг ташрифларини бола ўз ихтиёри билан чиқиб кета олмайдиган таълим, тарбия, тиббиёт муассасаларида, шунингдек вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказларида, тергов ҳибсхоналари ва тарбия колонияларида олиб борди. Хусусан, 2024 йилда бундай ёпиқ муассасаларга жами 31 марта мониторинг ташрифлари амалга оширилди.
Мониторинг давомида муассаса тарбияланувчилари ҳамда муассасада сақланаётган болалар билан 450 дан ортиқ якка учрашувлар ва суҳбатлар ўтказилди.
Шунингдек, республика ҳудудларидаги вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказлари ҳамда 24-сон тарбия колониясида болалар томонидан тезкор шикоят ва хабар беришни таъминлаш учун “Болалар омбудсмани қутилари” ўрнатилди.
Шунингдек, Болалар омбудсманининг ижтимоий тармоқларда расмий саҳифалари йўлга қўйилди, “Bolalarvakili.uz” расмий веб-сайти ишга туширилди.
2024 йилда бола ҳуқуқлари соҳасида миллий қонунчилик ва халқаро стандартларни тарғиб қилиш, бола манфаатлари ҳимоясига оид 6355 та медиа-материал жамоатчиликка эълон қилинди. Аҳолининг ҳуқуқий маданиятини оширишга оид ижтимоий тармоқлар орқали 6119 та материал эълон қилинди.
Босма газета ва журналларда 12 та мақола эълон қилинди, Радио ва телевидениеда 102 та чиқиш қилинди. Оммавий ахборот воситаларида 122 та расмий муносабат эълон қилинди.
Бола ҳуқуқлари бўйича вакил 2025 йилда бола манфаатлари ҳимояси соҳасида ўз фаолиятини давом эттиради.
- Қўшилди: 03.04.2025
- Кўришлар: 721
- Чоп этиш