22 апрель — Халқаро Ер куни

Ер – бизнинг ягона уйимиз, борлиғимиз, ҳаётимиз, бугунимиз ва эртамиз. Шундай экан, она Ерни асраш, уни борлигича сақлаш, ерга, тупроққа зазар етказмаслик инсоният олдидаги бурч ва вазифадир.

Маълумки, Ер сайёраси вужудга келганига қарийб тўрт ярим миллиард йил бўлган. Унинг 29 фоиздан ортиқроғи қуруқликдан, қолган қисми эса денгиз ва океанлардан иборат. Ишлов бериладиган майдонлар эса бор-йўғи 11 фоизни ташкил қилади. Бу турдаги ерлар кам бўлишига қарамай, инсониятнинг ҳаёти учун зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотларининг 88 фоизини етиштириб беради.  

Бугунги кунда она замин ва табиат билан боғлиқ экологик муаммолар — иқлим ўзгаришлари, пандемия, ўрмонларнинг қисқариши ва чўлланиш жараёнлари, музликларнинг эриши, ноёб жониворларнинг қирилиб кетаётгани, ўсимлик дунёсининг камаяётгани сингари масалалар Ерни асраш ва унга зарар етказмасликнинг янада долзарблигини оширади. Бу каби муаммолар қаршисида одамларнинг она сайёрани ҳимоя қилиш йўлида бирдамлиги ғоят муҳимдир.  

22 апрель — Халқаро Ер куни. Ушбу сана 2009 йилда БМТ Бош Ассамблеясининг 63-сессиясида 50дан ортиқ давлат вакиллари томонидан маъқулланган ва 2010 йилдан буён кенг нишонлаб келинади.  

22 апрель санаси турли мамлакатларда инсонларни сайёрамиз ягоналигини ҳис этиш, барча кучларни дунёда хавфсизликни таъминлаш, халқаро тинчликни сақлаш ва барча инсонларнинг ягона уйи ҳисобланган Ерни ҳимоя қилишга чорлайди.  

Она замин ягона уйимиз, борлиғимиз экан, ундан бошқа борадиган жойимиз йўқ. Шунинг учун ҳам Ер билан боғлиқ барча муаммоларни, ҳаёт-мамот масалаларини ўзимиз ҳал қилишимиз, ҳар биримиз шу замин, тупроқ, табиат, борлиқ учун нимадир қилишга ҳаракат қилишимиз лозим. Зеро, кундан-кунга кескинлашиб бораётган экологик муаммоларнинг ҳам асосий айбдори, сабабчиси инсониятдир, уларни юмшатиш ҳам ўз қўлимизда!  

 

Муҳтарама Комилова,  

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech