АБДУЛЛА ОРИПОВ: “ТАНЛАНГАН АСАРЛАР”; “ШОИРНИНГ ТУҒИЛИШИ” (Мутолаадан кейинги ўйлар)

Мустақиллигимизнинг 30 йиллик қутлуғ тўйи кенг тантана қилинган жорий йил муҳим маънавий-маърифий тадбирларга бой бўлмоқда. Ўзбек адабиёти ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган атоқли шоир, таниқли жамоат арбоби, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Ориповнинг 80 йиллигини муносиб нишонлаш ва хотирасини абадийлаштиришга қаратилган эзгу амаллар шулар жумласидандир.

Яқинда Абдулла Ориповнинг ўзбек тилидаги икки жилдлик «Танланган асарлар» тўплами чоп этилди. Бу икки жилдлик Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 2 декабрда қабул қилинган “Ўзбекистон Қаҳрамони ва халқ шоири Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида “Sharq” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси Бош таҳририяти томонидан нашрга тайёрланди.

 

“Истиқлол, кетма юрт пешонасидан”

 

Улуғ шоир асарлари янги нашрининг биринчи жилди айнан Давлат мадҳиясидан бошлангани мантиқан тўғри ва асосли, деб ўйлайман. Биринчи жилдга Абдулла аканинг 1957-1999 йиллар оралиғидаги шеърлари киритилган. Китоб 14 та фаслдан ташкил топган.

Бу фасллар “Сен баҳорни соғинмадингми”, “Митти юлдуз”, “Ложувард осмон”, “Ўзбекистон, Ватаним маним”, “Йиллар армони”, “Коинот гултожи инсондир азал”, “Ишонч кўприклари”, “Уйғониш замонинг”, “Ҳаж дафтари”, “Ҳикмат садолари”, “Айлайин қалбимни тортиқ, Ўзбекистоним, сенга”, “Женева дафтари”, “Истиқлол, кетма юрт пешонасидан” ҳамда “Достонлар” деб номланади.

Эътибор берилса, айни фаслларга ном танлашда Абдулла аканинг ҳаётлигидаёқ қўлма-қўл бўлиб кетган китоблари, туркумлари, шеърларининг номланиши, шунингдек дилбар шеърий ибораларидаги бемисл сеҳр ва қудрат, нафосат ва тароватга таянилганини пайқаш мумкин.

Китобдан шоирнинг “Жаннатга йўл”, “Ҳаким ва ажал”, “Ўзбеклар”, “Ранжком”, “Соҳибқирон” каби машҳур достонлари ҳам жой олган.

 

 

“Умр зиналари”

 

Иккинчи жилдда Абдулла Ориповнинг 2000 йилдан токи умрининг охиригача ёзган назмий асарлари тақдим этилган. Бу китобдаги “Шоирлар ва юлдузлар”, “Умр зиналари” номли фасллар, шунингдек, “Япон оҳанглари”, “Италия дафтари” туркумлари ва “Женева дафтари” туркумининг давомидан хронологик тартибда жой олган шеърлар китобхонни бефарқ қолдирмайди.

Бундан ташқари, иккинчи жилдга Абдулла аканинг “Истиқлол манзаралари” достони киритилгани диққатга сазовор. Энг асосийси, ушбу достон нафақат кўпсонли шеърхонлар, балки холис ва ҳассос адабиётшуносларнинг ҳам эътиборига мунтазир.

Бир сўз билан айтганда, салмоқли икки жилдда Абдулла аканинг бутун умри мобайнида ёзган энг сара шеъру достонлари жам бўлган. Абдулла Орипов асарларининг ушбу янги нашри Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси “Ижод” жамоат фонди томонидан молиялаштирилган.

Ҳар икки жилдга адабиётшунос Дониёр Бегимқулов – нашрга тайёрловчи, шоирлар Абдумажид Азим ва Шоди Отамурод – масъул муҳаррир, шоир ва таржимон Вафо Вайзуллоҳ муҳаррирлик қилган.

Шу ўринда ноширлар ва нашриётга келгусида инобатга олиш учун айрим мулоҳазаларимиз бор. Авваламбор, Абдулла аканинг қаламига мансуб шеъру достонлардан иборат мазкур салмоқли “Танланган асарлар” нашрига муайян “Сўзбоши” ёки “Бағишлов” берилганда яхши бўларди. Чунки:

биринчидан, Абдулла Ориповнинг икки жилдлиги айнан Ўзбекистон Республикаси Президенти қабул қилган қарор ижроси доирасида, яъни давлат раҳбарининг бевосита ташаббуси билан нашр этилди;

иккинчидан, ушбу китоблар шоирнинг қутлуғ 80 ёшига бағишланган юбилей нашри ҳисобланади;

учинчидан, бу янги китоблари дунё юзини кўргунига қадар муаллиф фоний дунёни тарк этганига бир неча йил бўлди. Шундай экан, севимли шоиримиз икки жилдлигини китобхонларга тақдим этиш асносида, Устознинг хотирасига ҳам бир-икки оғиз яхши гаплар айтилгани мақбул эди;

тўртинчидан, икки жилдликни тузиш принциплари китобхонга очиб берилса мақсадга мувофиқ бўларди. Бинобарин, Абдулла Орипов шеърларининг бир қисми биографик мазмунда бўлса, “Женева дафтари”, “Япон оҳанглари”, “Италия дафтари” каби туркумлари географик аҳамиятга эга;

бешинчидан, муайян “Сўзбоши” орқали бугунги китобхонга ушбу шеърларнинг яратилиши тарихи ва бадиий, фалсафий, маънавий моҳияти ҳақида мухтасар маълумот берилганда айни муддао бўларди. Масалан, Абдулла Ориповнинг “Ҳаж дафтари” ва “Ҳикмат садолари” туркумларидаги шеърларни шунчаки мутолаа қилишдан кўра мағзини чақиб ўқиш ҳам қизиқарли, ҳам фойдалидир.

Абдулла аканнинг ушбу шеърий туркумлари Муҳаммад пайғамбаримизнинг (с.а.в.) “Кимки умматларимга дин хусусидаги қирқ ҳадисни етказса, Тангри таоло уни қиёмат куни фақҳ (ҳуқуқ) билимдонлари, олимлар тўдасига қўшади”, деган ҳадиси асосида ёзилган. Одатда, ислом дини асослари ва қоидалари, Ислом ёхуд Аллоҳ йўлидаги муқаддас кураш, тоат-ибодат ёки одоб-ахлоқ қоидаларини тарғиб қилишга қаратилган бундай асарларнинг барчасида қирқтадан ҳадиснинг шарҳи берилган бўлади[1].

Адабиётшунос олимлар И.Ғаниев ва Н.Афоқованинг эътироф этишича, Абдулла Ориповнинг “Ҳикмат садолари” туркуми ХХ асрнинг сўнгги чорагида ўзбек адабиётида бу борадаги анъанани давом эттириш йўлидаги илк уринишдир[2]. Шоир ушбу асарида қирқта эмас, балки элликта ҳадисга шеърий шарҳлар битган.

Яна бир мисол: Танланган асарларнинг биринчи жилди ҳақли равишда Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси билан очилади. Шу боис Абдулла Орипов ана шу Она қўшиғимизнинг муаллифи экани билан боғлиқ айрим тарихий маълумотлар китобхон учун аҳамиятли эканини ҳисобга олиб, бу ҳақда қуйида мухтасар тўхталишга жазм этдик.

 

Абдулла Орипов – Давлат мадҳияси матни муаллифи

 

Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳиясини қабул қилиш жараёни – Асосий Қонунимизни тайёрлаш, муҳокама этиш ва қабул қилиш, яъни конституциявий мустақиллик йўлидаги энг асосий ҳуқуқий  қадамлардан бири сифатида тарихда қолган. Зеро, Конституцияни  яратиш  тарихи – мустақиллик  учун, конституциявий суверенитет учун курашнинг узвий таркибий қисмидир.

Бу ҳақда фикр юритганда, авваламбор, Ўзбекистонда давлат рамзларини ишлаб чиқиш жараёнлари  мустақилликка  эришишдан  анча  олдин  бошланганига эътибор қаратиш лозим.

Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи, герби ва мадҳиясининг ишлаб чиқилиши ҳамда қабул қилиниши жараёни салкам уч йиллик муддатни ва амалий аҳамиятга эга тўртта  босқични ўз ичига олади. Бу босқичлар 1990 йил 30 мартдан то 1992 йил 9 декабргача бўлган даврни қамраган.

Биринчи босқич – Ўзбекистон Республикасининг рамзий белгиларини ишлаб чиқишга тайёргарлик жараёнларини ўзида  қамрайди. Хусусан, Ўзбекистон ССРнинг Давлат гимни тўғрисидаги  масала ўн иккинчи чақириқ Олий Советининг 1990 йил 24-31 март кунлари бўлиб ўтган биринчи сессияси кун тартибига киритилгани ҳам бу фикрни тасдиқлайди.

Иккинчи босқич – Ўзбекистон Республикаси давлат рамзларини ишлаб чиқиш бўйича танловлар ўтказиш даври. Давлат рамзлари лойиҳалари танлови борасидаги амалий тайёргарлик ишлари 1991 йил 11 февралда бошлаб юборилган бўлса,  ўша  йилнинг  июнь  ойидаёқ  давлат  байроғи  ва  герби  лойиҳасига  дастлабки танлов эълон қилинди. Тегишли комиссиялар энг яхши мадҳия матни бўйича ҳам танлов  эълон  қилди  ва  бу ишга мутахассислар  билан  бирга  кенг  жамоатчилик жалб этилди.

Учинчи  босқич  –  Ўзбекистон  Республикаси Давлат байроғи,  герби ва мадҳияси лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамаси ташкил  этилиши. Ушбу жараёнда фуқаролар ва мутахассислар томонидан таклиф этилган Давлат байроғи ва герби эмблемаларининг вариантлари, мадҳия матни ҳамда мусиқаси матбуотда ёритилиб, умумхалқ муҳокамасига қўйилди.

Тўртинчи  босқич  –  Ўзбекистон  Республикаси  Давлат  рамзлари бўйича  танлов  ва умумхалқ муҳокамаси натижаларининг Олий  Кенгашда умумлаштирилиши. Бу ўринда Давлат  рамзлари  бўйича  танлов ва  умумхалқ  муҳокамасининг  дастлабки  олти  ой  ичида  эришилган  натижалар Олий Кенгашнинг 1991 йил 31 августдаги сессиясида кўриб чиқилганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Ўша тарихий сессия  мажлисида Ўзбекистон  Республикаси  Давлат мадҳияси  ҳақидаги  масалани кўриб чиқишга киришилар экан, раислик қилувчи томонидан биринчи бўлиб Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповга сўз берилган. Абдулла ака Давлат мадҳияси шеърий матнининг ўзи ёзган икки вариантини ўқиб эшиттирган.

Биринчиси – кўп йиллар «Баҳор» ансамбли учун жозибали миллий куйлар ёзиб, тажриба орттирган композитор, собиқ СССР Давлат мукофоти совриндори Бахтиёр Алиев мусиқасига шеърий матн эди. Бу шеър “Минг йиллар қаъридан келар карвонинг” сатри билан бошланарди.

Иккинчиси – машҳур бастакор Мутал Бурхоновнинг элга таниш мусиқасига ёзилган мадҳия матни. Эндиликда ана шу шеър асосидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳиясини бутун халқимиз куйламоқда.

Эсимда, ўшанда яна бир шоир – Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг котиби Мирпўлат Мирзо ўзининг таниқли бастакор, кўплаб  ёш композиторлар  танловларининг совриндори Рустам Абдуллаев мусиқасига ёзган шеърий матнини ўқиб берган.

Шундан кейин депутатлар ҳар учала матн вариантини мусиқалари билан бирга тинглаган. Музокараларда Абдулла Орипов шеъри ва  Мутал  Бурхонов мусиқаси асосида яратилган Давлат  мадҳиясини  қабул  қилиш  борасида  аниқ бир  тўхтамга  келинган. 

Сессия  якунида  илк  бор  Ўзбекистон  Республикасининг  Давлат мадҳияси депутатлар  томонидан  биргаликда  ижро  этилган.  Мазкур сессияда,  шунингдек, «Ўзбекистон  Республикасининг Давлат  мадҳияси  тўғрисида»ги  қонун  қабул қилинган.

Истиқлолнинг ўтган 30 йиллик даврида давлат рамзлари жамият ва давлат ўртасидаги ўзаро ижтимоий келишув тимсоли сифатида яққол намоён бўлди. Янада муҳими, Ўзбекистоннинг давлат рамзлари озод ва обод Ватанни бунёд қилиш ғояси  атрофида бутун жамият кучларини бирлаштира оладиган қудратли қурол эканини амалда исботлади.

Шу маънода, давлат рамзларининг яратилиши жараёни конституциявий мустақилликни таъминлаш йўлидаги муҳим қадам бўлганига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Хусусан, Давлат  мадҳиясини яратишда Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповнинг ўчмас ўрни бор.

 

“Шоирнинг туғилиши”

 

Абдулла Ориповнинг архивида қанчадан-қанча эълон қилинмаган шеърлари ҳам сақланиб қолган. Шоирнинг 2021 йили “Adabiyot” нашриёти чоп этган навбатдаги китоби айни шундай шеърлардан иборат.

Раҳматлик Устознинг турмуш ўртоғи Ҳанифа кеннойи Мустафо қизи ва кенжа фарзанди Рухсора Орипова нашрга тайёрлаган ушбу тўпламга ўз вақтида муаллиф томонидан “Шоирнинг туғилиши” деган ном танлангани бежиз эмас. Чунки китобга шоирнинг асосан 1957-1965 йиллар оралиғидаги илк ижод намуналари, айрим шеърларининг қўлёзмалари ҳам киритилган.

Адабиётшунос олимлар ва шеършунос тадқиқотчилар учун бу қўлёзмаларнинг аҳамияти ниҳоятда катта. Айни чоғда, шоир юрагининг уришини гўёки сездириб турадиган ушбу қимматли дастхатлар китобхонни ҳам бефарқ қолдирмайди.

Янги нашрга масъул муҳаррирлик қилган Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид ўзининг “Сандиқдан чиққан қалдирғочлар” сарлавҳали сўзбошисида қайд этганидек, ўқувчилар эътиборига биринчи маротаба яхлит китоб шаклида ҳавола этилган шеърлар Абдулла аканинг асосан ўсмирлик чоғлари, талабалик даври – ўн етти, ўн саккиз, ўн тўққиз, йигирма-йигирма бир ёшларда ёзган, шунингдек, серизтироб умрнинг бошқа фасл ва паллаларида ёзиб сандиққа ташлаб қўйилган қўлёзмаларидан тартиб берилган.

Шундай қилиб, атоқли шоиримиз 80 ёшга тўлган даврда мухлислар унинг бетакрор ижодий мероси, Ватанга муҳаббат, вафо ва садоқат туйғусини, олижаноб инсоний фазилатларни мадҳ этган етук бадиий асарларидан яна бир бор завқ-шавқ олиш ҳамда ҳали ҳеч ким ўқимаган янги шеърларини мутолаа қилиш имконига  эга бўлдилар.

Аслида ҳам, Абдулла аканинг янги китоблари, бир томондан, дилимизни қувнатса ва бадиий дидимизни чархласа, иккинчи томондан, ўзининг сермазмун ҳаёти, бетакрор ижоди ва қизғин ижтимоий фаолияти билан халқимиз маънавиятини юксалтириш, ёш авлод тарбиясида беқиёс ўрин тутган улуғ Устоз хотирасини миннатдорлик билан ёд этишга хизмат қилади.

 

Акмал Саидов,

академик

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech