Адолат – инсон зийнати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 19 октябрда қабул қилинган "Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида"ги қарорида таъкидланганидек, луғ шоир ўзининг шеърий ва насрий асарларида юксак умуминсоний ғояларни, она тилимизнинг беқиёс сўз бойлиги ва чексиз ифода имкониятларини бутун жозибаси ва латофати билан намоён этиб, ер юзидаги миллионлаб китобхонлар қалбидан муносиб ва мустаҳкам ўрин эгаллади".

Мамлакатимизнинг турли ташкилот ва муассасаларида Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий анжуманлар бўлиб ўтмоқда. Шундай тадбирлардан бири Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов таъкидлаганидек, буюк ўзбек шоири ва мутафаккири, атоқли давлат ва жамоат арбоби, таълим-тарбия ва илм-фан, маънавият ва маданият, она тилимиз ва адабиётимиз ҳомийси бўлган Алишер Навоий ҳазратлари – халқимиз маънавий дунёсининг шаклланишига ғоят кучли ва самарали таъсир кўрсатган улуғ аждодларимиздан ҳисобланади.

Ул зотнинг бебаҳо ижодий-илмий мероси нафақат халқимиз, балки жаҳон адабиёти тарихида, миллий маданиятимиз ва адабий-эстетик тафаккуримиз ривожида алоҳида ўрин тутади. Сўнгги йилларда Алишер Навоийнинг бой ва серқирра ижодий меросини ҳар томонлама чуқур ўрганиш, ўлмас асарларини юртимиз ва хорижий мамлакатларда кенг тарғиб қилиш ҳамда хотирасини абадийлаштириш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, бобомиз туғилган қутлуғ 9 февраль санасини ҳар йили адабиёт ва маърифат байрами сифатида юксак даражада нишонлаш анъанаси қарор топди. Асарлари мунтазам нашр этилиб, навоийшунослик соҳасида кўплаб тадқиқотлар олиб борилмоқда, республика ва халқаро миқёсда илмий анжуманлар ташкил қилинмоқда.

Бу ҳақда фикр юритганда, хусусан, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ташкил этилгани, мамлакатимиз ҳамда бир қатор хорижий давлатларда ҳайкаллари ўрнатилгани, асарлар тўплами тўлиқ нашрдан чиқарилгани, пойтахтимиз марказидаги улуғ бобомизнинг муаззам меъморий ёдгорлигига мутаносиб равишда Адиблар хиёбони барпо этилгани маданий ҳаётимиздаги улкан воқеаларга айланганини қайд этиш лозим.

Тадбирда сўзга чиққан навоийшунос олимлар буюк давлат арбобининг мазкур жиҳатларига эътибор қаратдилар. Жумладан, Алишер Навоийнинг давлат ишларидаги фаолиятида адолат ва қонуний жамиятга доир қарашлари алоҳида ажралиб турган.  Илмий-бадиий асарларида доимо давлатнинг ҳалол, виждонли кишилари, обрў-эътиборга лойиқ уламолар, арбоблари улуғланиб келинган. Сиёсат адолат асосига қурилгандагина давлат мустаҳкамланиши, мазлумлар ҳимоя қилинса, ёмонлар жазоланса, бу бошқаларга ибрат бўлишини таъкидлаб келганлар. 

Навоий ўзининг “Хамса”сида давлатчилик асослари, тараққиётга юз тутган жамият муаммолари, инсон ҳуқуқи масалаларига ҳам чуқур муносабат билдирган. “Хамса”нинг биринчи достони – “Ҳайрат ул-аброр”да жамият фаровон, ҳукумат адолатли, инсон бахтли бўлмоғи учун нималар лозим экани хусусида фикр юритиб, бахтли яшашни истаган инсон учун зарур бўлган фазилатлар баён қилинган.

Навоий бобомиз таъбири билан айтганда, адолат нафақт шоҳлар, балки оддий кишиларнинг ҳам зийнатидир. Адолатни шиор қилган шоҳга бошқа бирон бир шоҳ тенглаша олмайди. Яъни, ҳуқуқий давлатниинг асосий белгиси – барча фуқароларнинг қонун олдида тенглиги, Конституция ва қонунларнинг устунлигини таъминланишига устувор вазифа сифатида эътибор қаратганидир.

Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларни маънавий камол топтиришда Навоийнинг миллий давлатчиликка оид қарашлари катта аҳамиятга эга. Зеро, бугунги ёшларимиз келажакда давлат хизматчилари, Ватаннинг чинакам ворислари бўлади. Навоийнинг давлат ва жамият бошқарувидаги ҳаётий-фалсафий асарлари эса бунда дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

Шу маънода, Ватанимиз “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” деган бош тамойил асосида тараққиётнинг бутунлай янги босқичига қадам қўйиб, янги Уйғониш даври пойдеворини яратаётган бугунги кунда мутафаккир бобомиз Алишер Навоийнинг безавол адабий мероси мисолида ўзбек адабиёти ва маданиятини чуқур ўрганиш ва оммалаштириш ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech