Г.В.Плеханов номидаги Россия Иқтисодиёт университетининг Тошкент филиалида 34-халқаро Плеханов ўқишлари бўлиб ўтди. Ушбу анъанавий халқаро илмий-амалий конференциянинг мамлакатимиз пойтахтида ўтказилган бу галги сайёр сессияси 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини 2021 йил – “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга ошириладиган чора-тадбирлар таҳлили ҳамда тарғиботи доирасида ташкил этилди.
Плеханов ўқишларидан мақсад – профессор-ўқитувчилардан то талабаларгача бўлган кенг кўламдаги изланувчилар томонидан илм-фаннинг долзарб масалаларини кун тартибига қўйиш ва илмий соҳа билан амалиёт уйғунлигини таъминлашнинг энг мақбул хусусиятларини атрофлича муҳокама қилиш учун қулай мулоқот майдончаси яратишдан иборат.
Г.В.Плеханов номидаги Россия Иқтисодиёт университетининг Тошкент филиали ректори академик Қаландар Абдураҳмонов таъкидлаганидек, ушбу анжуман 25 йилдан буён мунтазам ўтказиб келинмоқда. Жорий йилдаги Плеханов ўқишларида ёшларни иш билан таъминлашга доир илмий-амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш масаласига устувор аҳамият қаратилди.
Бу бежиз эмас. Нега деганда, бугунги кунда ёшлар орасидаги ишсизлик муаммоси жуда долзарб бўлиб, айниқса, навқирон ишсиз ҳамюртларимизнинг 42 фоизи олий маълумотли мутахассислар экани ачинарли ҳолдир.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий Маркази директори академик Акмал Саидов анжуманга модераторлик қилар экан, жорий йилдаги Плеханов ўқишларининг айрим ўзига хос хусусиятларига эътибор қаратди.
Биринчидан, мазкур анъанавий халқаро илмий-амалий конференция илк бор офлайн ва онлайн тарзида ташкил этилди. Бунда, албатта, коронавирус пандемияси билан боғлиқ шарт-шароитлардан келиб чиқилди.
Иккинчидан, бу йил Плеханов ўқишлари Тошкент шаҳрида 25-марта ўтказилди. Яъни, ушбу анъанавий анжуманнинг чорак асрлиги ҳам нишонланди.
Учинчидан, пандемия инқирози билан боғлиқ муаммоларга қарамай, Плеханов ўқишларига бағишланган анъанавий илмий тўплам тайёрланди. Тўпламнинг электрон шакли тақдимоти ўтказилди.
Тўртинчидан, мазкур халқаро миқёсдаги тадбирда пандемия шароитида иқтисодиёт фанлари ривожи билан боғлиқ муаммолар чуқур таҳлил қилинди. Бу, ўз навбатида, анъанавий Плеханов ўқишларининг амалий аҳамиятини янада оширади.
Анжуманда Ўзбекистон ва Россия Федерацияси, шунингдек бошқа хорижий мамлакатларнинг нуфузли олимлари иштирок этди. Муҳокамаларда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Олий Мажлисга Мурожаатномасида, Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига байрам табригида, шунингдек Ўзбекистон ёшларининг биринчи форумида ёшлар муаммоларини ҳал этиш борасида белгилаб берилган устувор вазифаларнинг мазмун-моҳияти ҳамда аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди.
Маълумот учун: Г.В.Плеханов номидаги Россия Иқтисодиёт университетининг Тошкент филиали бундан 25 йил аввал ташкил этилган. У Ўзбекистонда биринчи бўлиб иш бошлаган хорижий олий ўқув юрти филиали ҳисобланади.
1999-2020 йилларда ушбу олий таълим муассасасида таҳсил олган талабалар сони 3 минг 673 нафарни ташкил этади. Шундан 2 минг 861 нафари - бакалавр, 812 нафари эса магистр даражасидаги дипломга эга.
2020 йилда бакалавриат босқичини битирган 122 нафар мутахассиснинг 100 нафари, яъни 82 фоизи иш билан таъминланган. Улардан 91 фоизи эгаллаган ихтисослиги бўйича ишламоқда. Ўтган йили магистратура босқичини битирган 23 нафар мутахассисдан 22 нафари (95 фоизи) эгаллаган ихтисослиги бўйича ишга жойлашган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 04.02.2021
- Кўришлар: 4570
- Чоп этиш