Давлат рамзлари деганда, аксарият юртдошларимиз фақат Давлат байроғи, Давлат герби ва Давлат мадҳиясини тушунадилар. Бинобарин, бу муҳим тимсоллар қаторига – давлатнинг номи, Конституцияси ва Президенти, пойтахти ва миллий валютаси, мукофот ва унвонлари ҳам киради.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қатор фармонлари асосида мамлакатимиз Мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан бир гуруҳ юртдошларимиз фахрий унвонлар, орден ва медаллар билан тақдирлангани давлат аҳамиятига эга воқеа ҳисобланади. Ушбу мукофотларни топшириш маросими Ўзбекистон Президентининг бевосита иштирокида Кўксаройда бўлиб ўтгани буни яққол тасдиқлайди.
Давлатимиз раҳбари шахсан юксак мукофотларни топширган фидойи юртдошларимиз орасида Ўзбекистон Қаҳрамони, таниқли адабиётшунос олим ва моҳир таржимон, машҳур адиб ва меҳрибон мураббий Иброҳим ака Ғафуров ҳам бор. Юртбошимиз “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони гувоҳномаси ва “Олтин юлдуз” медалини ўз соҳибига тақдим этар экан, жумладан, шундай деди:
– Мен Эркин Воҳидов ва Абдулла Орипов билан дўст эдим. Абдулла Орипов билан Зомин мактабини ташкил қилган эдик. Эркин аканинг бир гаплари бўлар эди: “агар ўзбек тилининг буюклигини билишни хоҳласанг, Иброҳимжондан сўраш керак”, дерди. Иброҳим ака миллий адабиётимизнинг ана шундай забардаст намояндаси.
Ўз навбатида, Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғафуров юксак эътибор ва эътироф учун миннатдорчилик изҳор этар экан, авваламбор, “Юртбошимиз 5 йил аввал Президентликка киришганидан бошлаб ўз лавозимини кабинетдан халқ орасига олиб кирди. Президент Шавкат Мирзиёев халқ ичига кирди, одамларнинг ишончини қозонди. Узоқ қишлоқларга, таълим аудиторияларига, қўшни давлатлар қалбига кириб борди бу инсон”, деди Иброҳим ака.
Президентимиз Янги Ўзбекистон ғоясини илгари сурди. Янги Уйғонишга ҳам бугунги авлод асос солишига халқимизни ишонтирмоқда. Натижада юртдошларимизда кучли рағбат ва бунёдкорлик руҳи уйғонди. Айрим мамлакатларда очарчилик юз берган бир вазиятда Ўзбекистон дунёни кийинтирмоқда. Мамлакатимиз ҳар томонлама обод бўлмоқда. Ўзбекистон раҳбари маънавиятни юксалтириш масаласини БМТнинг юксак минбарида кўтармоқда.
Устоз Иброҳим ака юз карра ҳақ. Бинобарин, кейинги йилларда бутун жаҳон аҳлини саросимага солган коронавирус инқирозига қарамай, Миллат Сардори раҳнамолигида Ўзбекистон давлати ва ўзбек халқи ҳаётнинг турли соҳаларида эришган улкан ютуқларда Иброҳим Ғафуровнинг ҳам ўзига хос ҳиссаси бор.
Устоз бу ҳақда мақтанишни истамайди, холос. Чунки Иброҳим ака бутун ҳаёти меҳнат ичида ўтган эл-юртнинг фидойи бир зиёлиси, камтарин ва ҳалол инсон. Барча устозлари каби миллий маънавият ва маърифат равнақи йўлида тиним билмай изланади. Юртбошимиз таъбири билан айтганда, “Иброҳим Ғафуров бутун ҳаёти давомида худди Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби беҳаловат яшаб, илму ижод қилиб келаётган нозиктаъб сўз заргаридир”.
Авваламбор, Иброҳим ака “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Миллий тикланиш” газеталарида ишлаган кезларида ушбу даврий нашрларнинг равон тили, мақбул сифати ва юксак савиясидан газетхон сифатида ҳамиша кўнглим тўлган. Устоз турли нашриётларда хизмат қилганларида ҳам, китобсевар халқимизга юксак савияли адабий-бадиий асарлар тақдим этишга интилиб келган.
Шу тариқа камина Иброҳим Ғафуровнинг илмий-ижодий ва бадиий муҳаррирлик фаолияти билан ёшлигимдан, эллик йилдан буён яхши таниш бўлсам-да, ўзаро яқин муносабатларимиз Олий Мажлис депутатлари сифатида 1999-2008 йиллардаги қонун ижодкорлиги жараёнлари билан бевосита боғлиқ. Иброҳим ака билан ўн йилдан ортиқ вақт мобайнида битта бинода, ёндош иш кабинетларида қонун ижодкорлиги фаолияти билан шуғулланганимиз менга фахр-ифтихор бағишлайди.
Ўша даврда Иброҳим ака мамлакатимизда оммавий ахборот воситаларининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш йўлида улкан хизмат қилди. Айниқса, қонунларимизнинг тили равон, ифода услуби аниқ ва тушунарли бўлишини таъминлашда ўзининг чуқур, қамровдор билими ва катта амаий тажрибаси билан муносиб ҳисса қўшди.
Иброҳим Ғафуров нафақат давлат арбоби, балки жамоат арбоби сифатида ҳам жамиятимиз равнақида ўз инъикосини топган эзгу хизматлари билан фахрланса арзийди. Гап шундаки, Иброҳим ака “Миллий тикланиш” демократик партиясининг етакчиси сифатида ушбу сиёсий партиянинг шаклланиши, оёққа туриши, юксак ҳуқуқий мақомга – парламент партияси даражасига эришиши йўлида астойдил жонбозлик кўрсатди.
Иброҳим аканинг депутат, сиёсий етакчи, бош муҳаррир сифатида олиб борган самарали фаолияти, шубҳасиз, мени доим ҳайрон қолдирган. Айни чоғда, шундай тиғиз ижтимоий-сиёсий кун тартибига қарамай, у киши адабиётшунослик, таржимонлик ва таржимашунослик соҳалари билан боғлиқ қизғин ижодий жараёнлардан ҳеч қачон узилиб қолмагани, аксинча, ҳамиша адабу маърифат уммонининг дарғаларидан бири бўлиб келаётгани ҳайратимни янада оширади.
Бу ҳақда сўз юритганда, биринчи навбатда, Иброҳим Ғафуровнинг адабиётшунос мақомидаги илк китоби – “Гўзалликнинг олмос қирралари” 1963 йилда чоп этилганини таъкидлаш лозим. Ўтган қарийб олтмиш йил давомида бу соҳада “Дил эркинлиги”, “Ҳаё – халоскор”, “Мангу латофат” каби яна ўнлаб китоблари нашрдан чиқди.
Ушбу китобларнинг айримларида мумтоз адабиётимизда одамийлик ва умуминсоний қадриятларнинг акс этиши чуқур тадқиқ этилган бўлса, бошқа бирларида адабий авлодларнинг майдонга кириб келиши, адабиётдан мустаҳкам ўрин олиши ҳақида кенг мушоҳада юритилган.
Таниқли адабиётшунос нақд ярим асрдан бери ўзбек адабиёти жараёнларини теран таҳлил, тадқиқ ва талқин этиб келади. Бадииятда ҳаққонийлик ва инсонийлик, адолат в миллий ўзига хослик, илмийлик ва холислик принципларининг намоён бўлиши ҳолатларини кузатади.
Иброҳим ака нафақат машҳур адабиётшунос, балки етук ва зукко таржимашунос ҳамдир. Олимнинг 2008 йилда “Таржимонлик мутахассислигига кириш” ўқув қўлланмаси ва 2012 йилда ҳаммуаллифликда “Таржима назарияси” дарслиги нашр этилган. Бу асарлар мамлакатимиз олий ўқув юртларининг таржимонлик факультетлари талабаларига мўлжалланган бўлиб, ўқув жараёнида қўл келаётгани таҳсинга лойиқдир.
Таржима – маърифат қўнғироғи, дейдилар. Ростдан ҳам, таржиманинг маърифат тарқатиш борасидаги аҳамияти беқиёсдир. Таржима, аввало, турли тилда сўзлашувчи халқларни яқинлаштиришга, бир-биридан ўрганишга, уларнинг дўстлиги ва ҳамкорлигига хизмат қилади.
Бу ўринда Иброҳим Ғафуров жаҳон адабиётининг нодир асарлари, хусусан, Э.Хемингуэйнинг “Чол ва денгиз” қиссаси ҳамда “Алвидо, қурол” романини, Г.Маркеснинг “Бузрукнинг кузи”, Ж.Жойснинг “Улисс”, Нозим Ҳикматнинг “Сурур” романларини ўзбек тилига таржима қилгани алоҳида қайд этиш лозим. Шунингдек, Чингиз Айтматов қаламига мансуб “Қиёмат” (“Кунда”), “Қулаётган тоғлар” романлари ва “Чингизхоннинг оқ булути” қиссаси Устоз Иброҳим аканинг таржимасида миллий адабиётимиз хазинасидан жой олди.
Иброҳим Ғафуров “Панчатантра” номли беш достондан иборат ҳинд эпоси ва Конфуций ҳикматларини, Ф.Нитшенинг “Зардўшт таваллоси” насрий достонини, Сартр, Фолкнер, Эдгар По, В.Распутин, А.Солженицин каби жаҳон адабиёти намояндалари қаламига мансуб қисса ва ҳикояларни ҳам мароқ билан она тилимизга ўгириб, ўзбек китобхонларига туҳфа этди.
Олис тарих шундан далолат берадики, Шарқ халқлари адабиётида бадиий маҳорат даражасининг юксаклиги, одатда, ижодкорнинг хамсачилик, яъни «Хамса» ёзиш билан боғлиқ достоннавислик анъанасини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси асосида баҳоланган. Ғарбда, хусусан, насронийлик дунёсида эса ёзувчи ижодининг забардастлигини белгилашда "Беш буюк китоб" ("Библия"нинг дастлабки бешта китоби мисолида) тамойилидан келиб чиқилади.
Шу маънода, Фёдор Достоевский "Беш буюк китоб" – "Жиноят ва жазо", "Телба", "Қиморбоз" (бошқа рўйхатларда – “Ўсмир”), "Иблислар" ва "Ака-ука Карамазовлар" романларини яратган иқтидорли муаллиф сифатида нафақат рус адабиёти, балки жаҳон адабиётида ўз юксак ўрни ҳамда мавқеига эга ёзувчи ҳисобланади.
Ф.Достоевскийнинг "Беш буюк китоб" туркумига кирган машҳур романларининг барчаси биринчи бўлиб немис тилига ўгирилиб, кейин Европанинг бошқа тилларига таржима қилинган. Аммо, бу туркум Вильгельм Вольфсон ёки бошқа немис таржимонлари томонидан ҳам ҳалигача тўлиқ таржима қилинмаган.
Бу юксак маррани биринчи бўлиб забт этиш француз таржимони Андре Марковичга насиб этган. А.Маркович ўн йилдан кўпроқ вақт оралиғида – 1991-2002 йилларда Достоевскийнинг "Беш буюк китоб" туркумига кирган машҳур романларини француз тилига тўлиқ таржима қилган.
Ўзбекистон вакили – Иброҳим Ғафуров Фёдор Достоевский қаламига мансуб "Беш буюк китоб" таркибига кирган романларнинг барчасини тўлиқ таржима қилишга мушарраф бўлган дунёдаги иккинчи солиҳ таржимондир.
Ф.Достоевскийнинг "Беш буюк китоб"ини аслият ва таржимасини ўзаро қиёслаб ўқиб чиққан талабчан китобхон сифатида шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, Иброҳим Ғафуров таржималарида ушбу соҳага оид талаб ва мезонларнинг барчасига муваффақиятли даражада амал қилинган.
Бу жараёнда, театр ибораси билан айтганда, таржимон Иброҳим Ғафуров ёзувчи Фёдор Достоевскийнинг образига кириши, яъни у каби фикрлаши, сўзлаши, кенг дунёқарашга эга бўлиши, ҳаётни унингдек тадқиқ қила билиши керак эди. Шундай ҳам бўлди: узоқ йиллар ва 5 та салмоқли роман таржимаси асносида Устоз Иброҳим ака том маънода Достоевскийнинг тимсолига айлана олди!
Яна бир муҳим ҳолат: Ф.Достоевский юксак иқтидор соҳиби экани билан бир қаторда, тақводор ва эътиқодли инсон ҳам бўлган. Шунинг учун адиб қаламига мансуб "Беш буюк китоб" таркибига кирган романларнинг ғоявий мазмунида диний-маърифий йўналиш устувор ўринда тургани табиий. Аслида, собиқ советлар замонида Достоевскийнинг ҳаёти ва ижодини ўрганиш масаласи мактаб дарсликларига киритилмаганини ҳам айни шу омил билан изоҳласа бўлади.
Шундай экан, худосизлик сиёсати "от сурган" замонда, яъни 1977 йили – "Жиноят ва жазо", 1981 йили "Телба" романларини ўзбек тилига таржима қилган ва китоб ҳолида нашр этилишига эришган Иброҳим аканинг маънавий жасоратига тасаннолар дейишимиз керак.
Бошқача айтганда, Фёдор Достоевский асарларини ўзбек тилига таржима қилиш мисолида Иброҳим Ғафуров ўзининг:
биринчидан, нафис бадиий диди;
иккинчидан, юксак маънавий жасорати;
учинчидан, теран маърифий заковатини намоён этди.
Айнан шунинг учун ҳам, Иброҳим Ғафуров “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони учун Президентимизга чуқур миннатдорчилик билдирар экан, бу олий мукофот жорий йилда бутун дунёда таваллудининг 200 йиллиги кенг нишонланаётган улуғ адиб Фёдор Достоевский ижодига берилган юксак баҳо ҳам эканини қайд этгани бежиз эмас.
Хулоса қилиб айтганда, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, Иброҳим акага ўхшаган ҳалол инсонлар ҳаёти, меҳнати, умри мисолида халқимизга, ёшларимизга ҳамиша ўрнак ва намунадир. Умр бўйи битта ёзув столи, ручка ва китоб тўла хонадан бошқа бирор нарсани ўзи учун эп кўрмаган шундай инсон, албатта, Ўзбекистон Қаҳрамони бўлишга лойиқ.
Фурсатдан фойдаланиб, мамлакатимиз қалам аҳлига юксак ғамхўрлик кўрсатиб, мунтазам қўллаб-қувватлаётгани учун Ўзбекистон Президентига чин қалбдан миннатдорчилик билдирамиз. Устоз Иброҳим акани олий унвон билан муборакбод этамиз!
Акмал Саидов,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари
- Қўшилди: 06.09.2021
- Кўришлар: 3725
- Чоп этиш