БОЛАЛАР ҲУҚУҚЛАРИНИ КАФОЛАТЛАШ – ДАВЛАТ СИЁСАТИНИНГ УСТУВОР ЙЎНАЛИШИ

Мамлакатимизда куни кеча “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун қабул қилинди. Янги Қонуннинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида сўз юритишдан аввал, уни ишлаб чиқиш ҳамда қабул қилишга туртки берган муҳим омиллар ҳақида тўхталиш ўринлидир.

Дунё тажрибаси шундан далолат берадики, болалар ҳар доим давлат ва жамият томонидан ғамхўрлик қилиш ва қўллаб-қувватлашга муҳтож бўлади. Бола ҳуқуқлари – бу ирқи, жинси, тили, дини, туғилган жойи, миллий ва ижтимоий келиб чиқиши, мулкий ва бошқа ҳолатларидан қатъи назар, ҳеч бир камситишсиз ҳар бир бола эга бўлиши керак бўлган ҳуқуқ ва эркинликлардир. 

Бола ҳуқуқларини махсус ҳимоя қилиш зарурати Инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро билл, шунингдек болалар манфаатларини ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи халқаро ташкилотларнинг тегишли ҳужжатларида белгилаб қўйилган. Хусусан, 1959 йилги Бола ҳуқуқлари декларациясида ҳар бир бола учун ҳеч қандай камситиш ва чеклашларсиз бутун бошли ҳуқуқлар мажмуи мустаҳкамланган.

Ушбу Декларация асосида 1989 йил 20 ноябрда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция бола ҳуқуқлари соҳасидаги биринчи мажбурий халқаро ҳужжатдир. Мазкур ҳужжатда инсониятнинг узвий бўлаги сифатида тан олинган болаларнинг фуқаролик, сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ҳуқуқлари кафолатланган.

Ўзбекистон Республикаси 1992 йилда  БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини ратификация қилиши натижасида унинг қоидаларини бажариш мажбуриятини зиммасига олган. Болаларнинг Конвенцияда кўрсатилган ҳуқуқларига риоя қилиш ва уларни ҳимоя қилиш учун зарур ташкилий-ҳуқуқий шароитлар ва кафолатлар яратиш мамлакатимиз давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан ҳисобланади.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда бола ҳуқуқлари кафолатларини мустаҳкамлаш бўйича бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозими жорий этилди. Никоҳ ёши эркаклар ва аёллар учун 18 ёш этиб белгиланди. Етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилди ва бошқа кўплаб ишлар амалга оширилди.

Бугунги кун талаби Ўзбекистонда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқий ҳолатини такомиллаштириш тизимини қайта кўриб чиқишни тақозо қилмоқда. Амалдаги қонунчиликда бола ҳуқуқларини тўла ҳажмда ҳимоя қилишга имкон бермайдиган бир қатор бўшлиқлар мавжуд.

Ўзбекистон Президенти, Парламенти ва Ҳукумати томонидан бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида қонунчиликдаги шундай бўшлиқлар изчил тўлдирилмоқда. Бу борада бола ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи махсус халқаро механизмлар ва хорижий давлатлар билан кенг ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган.

АҚШ Меҳнат департаментининг 2019 йил якунлари бўйича “Болалар меҳнатининг энг ёмон шакллари” бўйича ҳисоботида Ўзбекистон сўнгги йилларда Халқаро меҳнат ташкилотининг ратификация қилинган конвенцияларини амалга ошириш, шунингдек болалар меҳнатининг оғир шаклларини йўқотиш, уларга нисбатан мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик бўйича сезиларли ишларни амалга оширгани таъкидланган.

Ҳақиқатан ҳам, кейинги йилларда мамлакатимизда бу борада бир қатор самарадор чора-тадбирлар ҳаётга татбиқ этилди. Жумладан, пахта йиғим-теримида болалар меҳнатининг олдини олиш бўйича қатъий чоралар кўрилди. Меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш учун жавобгарлик кучайтирилди ва бундай ҳолат такроран содир этилганлиги учун жиноий жавобгарлик белгиланди. Меҳнат инспекторлари сони икки баравар оширилди, болалар меҳнати бўйича қонунлар ва уларни бузганлик учун жавобгарлик тўғрисида аҳоли ўртасида кенг тушунтиришлар олиб борилди.  

Шундай бўлса-да, соҳада айрим камчиликлар мавжудлиги АҚШ Меҳнат департаментининг 2019 йил якунлари бўйича ҳисоботида кўрсатиб ўтилган. Хусусан, Ҳукумат томонидан амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларга қарамай, Ўзбекистонда болалардан тижорий мақсадларда шаҳвоний эксплуатация қилишни ўз ичига олган болалар меҳнатининг энг ёмон шаклларидан мамлакат ичида ва ташқарисида ҳамон фойдаланилаётгани ҳамда бу борадаги қонунчилик халқаро стандартларга тўла мувофиқ эмаслиги таъкидланган.

Шу билан бирга, болалар баъзида жамоат ишларида, мактабларни таъмирлаш ва безашда ҳамда айрим ҳудудларни тозалашда иштирок этишлари, металл йиғиш, автомобилларни ювиш, тиланчилик қилиш, кўчаларда кичик тижорат билан шуғулланишларига эътибор қаратилган.

Ҳисоботда, шунингдек АҚШ Меҳнат департаментининг мазкур масалалар юзасидан бир қатор тавсиялари баён этилган. Хусусан:

болаларни фоҳишабозлик мақсадида ишлатгани учун жиноий жавобгарликни жорий этиш;

18 ёшга тўлмаган болаларни нодавлат қуролли гуруҳларга жалб қилишни жиноий равишда тақиқлаш;

ишга қабул қилиш бўйича минимал ёшни таълим мажбурий бўлган ёшгача ошириш;

мажбурий меҳнат билан боғлиқ биринчи қонунбузарлик учун жиноий жавобгарликни жорий этиш;

ХМТнинг техник тавсияларига жавоб берадиган меҳнат инспекторлари сонини кўпайтиришни давом эттириш;

ҳеч қандай шикоятларсиз меҳнат инспекторлари томонидан барча соҳаларда кутилмаган текширувлар ўтказилишини таъминлаш;

ҳар қандай шаклда болалар меҳнатидан фойдаланганлик учун, шу жумладан одам савдоси қурбонига айланган болалар меҳнатидан фойдаланганлик учун жиноий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги маълумотларни нашр этиш;

мактабларда ўқувчилар ва уларнинг оилаларидан норасмий тўловлар олинмаслигини таъминлаш;

нафақат пахтада, балки бошқа соҳаларда ҳам болалар меҳнатининг энг ёмон шакллари бўйича муаммоларни ҳал қилиш бўйича дастурларни кенгайтириш ва бошқалар.

АҚШ Меҳнат департаментининг ҳисоботида назарда тутилган юқоридаги тавсиялар ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясининг шахсий ва сиёсий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш соҳасидаги устувор йўналишлари асосида “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун қабул қилинди.

Ушбу Қонунга биноан, аввало, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 1281-модда билан тўлдирилди.

Унга кўра, ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган шахснинг ўн саккиз ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган ҳолда унга моддий қимматликлар бериш ёки уни мулкий манфаатдор этиш орқали у билан жинсий алоқа қилиш ёки жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш учун жавобгарлик белгиланди. Бунда жиноятнинг объектив томони зарурий белгиси сифатида қилмиш шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилганлиги кўзда тутилади.

Шу билан бирга, мазкур жиноят объекти сифатида ўн саккиз ёшга тўлмаган шахснинг нормал ва ахлоқий ривожланиши эканлигини инобатга олиб, жиноят субъекти ёши 18 ёш этиб белгиланди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 3812-моддаси биринчи қисмига қўшимча киритилиб, Жиноят кодексининг 1281-моддаси бўйича тергов ички ишлар органига тегишлилиги белгиланди.

Жиноят кодекси 1482-моддасининг иккинчи қисмига вояга етмаган шахсни меҳнатга бирон-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаганлик учун тўғридан-тўғри жиноий жавобгарликни белгиловчи ўзгартириш киритилди.

Меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг
51-моддаси иккинчи қисми чиқарилди.

Жиноят кодексининг 2161-моддаси вояга етмаган шахсни Ўзбекистон Республикасида ғайриқонуний жамоат бирлашмалари ва диний ташкилотлар, оқимлар, секталар фаолиятида қатнашишга ундаш учун жиноий жавобгарликни белгиловчи иккинчи қисм билан тўлдирилди.

Мазкур Қонуннинг қабул қилиниши мамлакатнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларига тўла мувофиқ келади. Хусусан, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси (25-модда), Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт (8, 23,
24-моддалар), Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт (10-модда) талабларига кўра, бола ҳуқуқлари кафолатланган ва ҳеч ким мажбурий ёки зўраки меҳнатга мажбур қилинмаслиги лозим.

Бундан ташқари, ушбу Қонун Ўзбекистон Республикаси бир қатор халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларга қўшилиш орқали зиммасига олган мажбуриятларига мосдир. Бу ўринда, жумладан, Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция, Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга доир, болалар савдоси, болалар фоҳишабозлиги ва болалар порнографиясига тааллуқли Факультатив протокол, Одам савдосига ва учинчи шахслар томонидан танфурушликдан фойдаланилишига қарши кураш тўғрисидаги конвенция, Болалар меҳнатининг оғир шаклларини тақиқлаш ва йўқ қилишга доир шошилинч чоралар тўғрисидаги конвенция (182-сон Конвенция), Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши конвенциясини тўлдирувчи Одам савдосининг, айниқса аёллар ва болалар савдосининг олдини олиш ҳамда унга чек қўйиш ва унинг учун жазолаш ҳақидаги протокол (Палермо протоколи) ҳақида сўз бормоқда.

Мисол учун, биринчидан, Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг 34-моддасида иштирокчи-давлатлар болани шаҳвоний мақсадларда фойдаланиш ва шаҳвоний бузишнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш мажбуриятини ўз зиммаларига олишлари белгиланган. Бунда шаҳвоний мақсадларда фойдаланиш деганда – болалардан фоҳишабозлик ёки ғайриқонуний равишдаги бошқа шаҳвоний мақсадларда фойдаланиш ҳамда улардан порнография ва порнография материаллари тайёрлаш мақсадларида фойдаланиш тушунилади.

Иккинчидан, Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга доир, болалар савдоси, болалар фоҳишабозлиги ва болалар порнографиясига тааллуқли Факультатив протоколнинг 3-моддасида ҳар бир иштирокчи-давлат болани жинсий эксплуатация қилиш уларнинг жиноий қонунчилиги билан таъқиб қилинишини таъминлаш мажбуриятини олган.

Учинчидан, Болалар меҳнатининг оғир шаклларини тақиқлаш ва йўқ қилишга доир шошилинч чоралар тўғрисидаги конвенциянинг
3-моддасига кўра, болалардан зўраки ёки мажбурий меҳнатда фойдаланиш “болалар меҳнатининг энг ёмон шакллари” сифатида баҳоланади. Шунингдек, БМТнинг ҳар бир аъзоси, ушбу Конвенцияни ҳаётга татбиқ этадиган қоидаларни самарали қўллаш ва уларга риоя этишни таъминлаш учун, жиноий жавобгарликни жорий этиши ва қўллаш орқали зарур чора-тадбирларни кўриши белгиланган.

Шундай қилиб, янги Қонун, авваламбор, вояга етмаган шахсни меҳнатга бирон-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш ёки вояга етмаганларнинг фоҳишалигидан фойдаланиш ҳолатларига чек қўйиш орқали болаларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳимоясини янада кафолатлайди.

Шу билан бирга, одам савдосидан жабрланган болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, халқаро майдонда мамлакатимиз нуфузи ва имижини янада яхшилашга ёрдам беради.

 

Рустам Атовуллоев,
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази бош ҳуқуқий маслаҳатчиси

фото интернет манбаидан олинди

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech