ДАВЛАТ ДАСТУРИ МОҲИЯТИ: мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги халқаро стандартлар ва инсонпарварлик тамойили кенг жорий этилади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг куни кеча матбуотда эълон қилинган "2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида"ги фармонида шу мақсадга қаратилган бир қатор муҳим вазифалар белгилаб берилди.

Фармоннинг 23-бандига мувофиқ:

  • 2021 йил 1 апрелга қадарОлий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) томонидан ҳар чоракда жамоатчилик вакиллари билан биргаликда тергов изолятори ва жазони ўташ муассасаларига “мониторинг ташрифлари” тизимини йўлга қўйиш чораларини кўриш тавсия этилди;
  • 2021 йил 1 июнга қадар жазони енгилроғи билан алмаштириш ва шартли озод қилиш тўғрисида тақдимнома киритиш ваколати жазони ижро этиш муассасаларидан янги ташкил этиладиган инсонпарварлик комиссияларига ўтказилади;
  • 2021 йилда 6 тагачаманзил-колониялар қисқартирилади.

Шунингдек, Фармоннинг 2-бандида қайд этилган коронавирус пандемияси шароитида тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш чораларини давом эттиришга доир чора-тадбирлар тадбиркорлар ҳуқуқларини янада мустаҳкамлайди.

Ҳужжатнинг 3-бандида ёшларни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий муҳофазага муҳтож талабаларни ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, ижтимоий адолат тамойилини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Фармоннинг 4-бандида республикада талаб юқори бўлган касблар бўйича иқтидорли мутахассисларни нуфузли хорижий таълим, илмий ва бошқа муассасаларда тайёрлашнинг самарадорлигини тубдан ошириш бўйича устувор вазифалар белгиланган. Шунингдек, 5-бандда  физика фани ва чет тиллари бўйича узлуксиз таълим сифати ва натижадорлигини ошириш юзасидан амалий чоралар кўзда тутиилган.

Агар 7-банддаги вазифалар аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ва ижтимоий ҳимояни кучайтиришга бағишланган бўлса, 8-бандда – ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларнинг таълим олиши ва касб эгаллашига кўмаклашиш, оғир касалликка чалинган болаларни даволаш, 9-бандда – ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш, 10 ва 11-бандларда эса пенсия ва нафақаларни тайинлашда фуқаролар учун янада қулай шароитлар яратиш борасида янгича амалий механизмларни татбиқ этиш назарда тутилмоқда.

Бундан ташқари, Президент Фармонида иқтисодиётни ривожлантириш, шу жумладан, камбағалликни қисқартириш ва узоқ муддатли барқарор иқтисодий ўсишнинг пойдеворини яратиш билан боғлиқ долзарб вазифалар ҳам белгиланган.

Бу вазифаларнинг ўз вақтида ва тўла бажарилиши, шубҳасиз, мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги халқаро стандартлар ва инсонпарварлик тамойили кенг жорий этилиши йўлида муҳим амалий қадамлар бўлади.

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech