Энди қурилиши тугалланган кўп квартирали уй-жойдан фойдаланишга рухсатнома беришда фақат 2 та ташкилотдан хулоса олинади

Давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган “Уй-жой ва ипотека бозорини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонда 2025 йилда аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастурининг асосий йўналишлари белгилаб берилди.

Хусусан, жорий йилда ҳудудларда жами 8,1 миллион квадрат метрдан иборат бўлган 135 минг квартирали уй-жойлар қурилади. Жумладан, “Янги Ўзбекистон” массивларида 28 минг 219 хонадонли, реновация ҳудудларида 20 минг хонадонли, “Янги Тошкент” ҳудудида 15 минг хонадонли, уй-жойга талаб юқори бошқа ҳудудларда 71 минг 781 хонадонли уйлар барпо этиш белгиланди.

Шунингдек, уй-жой ва ипотека бозорини молиявий ресурслар билан таъминлаш учун 20,9 триллион сўм миқдоридаги ипотека кредитлари ажратилмоқда.

Кўп квартирали уй-жойларни барпо қилишда иштирок этадиган қурилиш ташкилотларини айланма маблағлар билан таъминлаш учун Давлат бюджетидан 700 миллиард сўм ҳамда тижорат банкларининг ўз маблағлари ҳисобидан 3 триллион сўм миқдоридаги маблағларни йўналтириш мақсад қилинган.

Ушбу қурилиш ташкилотларига айланма маблағларини тўлдириш учун 12 ойлик имтиёзли давр билан 24 ой муддатга Марказий банкнинг асосий ставкасидан кўпи билан 2 фоиз бандга юқори ставкада кредитлар ажратилади.

– 2025 йил 1 мартдан “Янги Ўзбекистон” массивлари учун янги ҳудудлар урбанизация тамойилларига мувофиқ танланади, – дейди Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Саидносир Усмонов. – Фармонга мувофиқ 2025 йил 1 майдан бошлаб “Янги Ўзбекистон” массивларини барпо этиш доирасида ер участкаларини кўп квартирали уй-жойлар қуриш учун ижарага бериш бўйича аукцион савдоларида қатнашиш, кўп квартирали уй-жойларни қуриш ва уларни реализация қилишга фақат қўшилган қиймат солиғини тўловчи юридик шахсларга рухсат этилади.

Ер участкаларини кўп квартирали уй-жойлар қуриш учун ижарага бериш бўйича аукцион савдолари офертасида лойиҳа олди ҳужжатлари тайёрлашга 15 кунлик, лойиҳа ишларини бажаришга 2 ойлик, қурилиш ишларини бошлашга эса 3 ойлик муддат белгиланади. Шунингдек, унда қурилишни якунлаш ва объектни фойдаланишга қабул қилиш муддатлари кўрсатиб ўтилади.

Аукцион савдоларида ер участкасини кўп квартирали уй-жой қуриш учун ижарага олган юридик шахслар ижарага олган пайтдан бошлаб 12 ой давомида ушбу ер участкаси бўйича ер солиғини тўлашдан озод қилинади.

Фармонга кўра, 2025 йил 1 майдан, қурилишни бошлашдан фойдаланишга рухсатнома беришга қадар бўлган жараёнлар тўлиқ онлайн режимда “Шаффоф қурилиш” тизимида амалга оширилади.

– Эндиликда қурилиши тугалланган кўп квартирали уй-жойдан фойдаланишга рухсатнома беришда фақат Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси ҳамда давлат ёнғин назорати органларидан хулоса олинади, – дейди Саидносир Усмонов. – Яна бир муҳим жиҳат. Энди инспекцияда рўйхатдан ўтган ва у томонидан назорат қилинадиган кўп квартирали уй-жойларни фойдаланишга рухсатнома беришдан олдин инструментал-техник текширувдан ўтказиш амалиёти бекор қилинмоқда. 2025 йил 1 мартдан реновация асосида кўп квартирали уй-жойларни барпо этишнинг қуйидаги тартиби жорий этилади. Яъни, реновация лойиҳасини бошлашга барча мулкдорлар билан нотариал тасдиқланган келишув битими имзоланганидан сўнг рухсат берилади.

Шунингдек, мулкдорларга, уларнинг хоҳишига кўра, компенсация турларидан бири тақдим этилади. Яъни, бузилаётган тураржой объектлари ўрнига уларнинг майдонидан кам бўлмаган янги қуриладиган тураржойлардан яшаш учун тайёр ҳолдаги квартираларни мулк ҳуқуқи асосида бериш ҳамда қурилиш даврида кўчиш, жумладан, бошқа тураржой объектини вақтинчалик ижарага олиш билан боғлиқ харажатларни тўлиқ қоплаш, бузилаётган объектининг бозор қийматини тўлиқ қоплаб бериш. Қолаверса, реновация лойиҳаси ташаббускори билан келишилган ҳолда бошқа турдаги компенсацияни тақдим этиши ҳам мумкин бўлади.

Фармон билан Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигига 2025 йил 1 апрелдан бошлаб Тошкент шаҳрида тажриба тариқасида, кўп квартирали уй-жойларни қуришни лойиҳалаштиришга рухсатнома бериш ва архитектура режалаштириш топшириғини ишлаб чиқиш жараёнларини бирлаштириш ҳамда бунинг ҳисобига ушбу ишлар учун талаб этиладиган вақтни 2 бараварга қисқартириш вазифаси юкланди.

Бундан ташқари, тажриба натижаларидан келиб чиқиб,  2026 йил 1 январдан бошлаб республиканинг барча ҳудудларида жорий қилиш, кўп квартирали уй-жойларни қуриш учун ер участкасини реализация қилишдан бошлаб ундан фойдаланишга рухсатнома беришгача бўлган барча босқичларни қамраб олувчи рақамли платформани тест режимида ишга тушириш вазифаси юклатилди.

Шунингдек, 2025 йил 1 майга қадар “яшил” стандартлар асосида қурилган уй-жойларни баҳолаш ва сертификатлаш тизимини жорий этиш кўзда тутилган.

Фармонга кўра, 2025 йил 1 мартдан реновация лойиҳасини бошлашга барча мулкдорлар билан нотариал тасдиқланган келишув битими имзоланганидан сўнг рухсат берилади.

Бир сўз билан айтганда, ушбу муҳим ҳужжат одамларнинг мулк ҳуқуқини ҳимоя қилишни янада кучайтириш, уй-жойлар билан таъминлашни ривожлантириш каби мақсадларга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech