Фуқаролик жамиятининг ривожланишида янги босқич

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси томонидан шу мавзуда давра суҳбати ўтказилди.

Унда Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича парламент комиссияси, Адлия вазирлиги, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, “Тараққиёт стратегияси” маркази, Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, халқ депутатлари Кенгашлари ҳузурида ташкил этилган жамоатчилик фондлари ва жамоатчилик комиссиялари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Маълумки, кейинги йилларда мамлакатимизда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш, давлат органлари ва улар ўртасида ижтимоий шерикликни кучайтириш, таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, шунингдек демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий салоҳиятини ошириш ва ушбу соҳани тартибга солувчи қонун хужжатларини такомиллаштириш борасида изчил ишлар олиб борилмоқда.

Соҳани янги босқичга олиб чиқиш мақсадида Президентимизнинг 2021 йил 4 мартдаги “2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони, 2021 йил 3 мартдаги “Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолияти эркинлиги, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилинишини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Тадбир иштирокчилари мазкур ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятидан келиб чиқиб, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда фаол иштирокчи ва ҳамкор сифатида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ролини янада ошириш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини мустаҳкамлаш, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш кўламини кенгайтириш ҳамда уларга қулай шарт-шароитлар яратиш масалаларини муҳокама қилдилар.

Фармоннинг ўзига хос хусусияти шундан иборатки, унда яқин истиқболда, яъни 2025 йилга қадар мамлакатимизда фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг асосий босқич ва йўналишлари аниқ кўрсатиб берилган. Бу йўналишда тасдиқланган “Йўл харита”сида фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг ташкилий-ҳуқуқий ва иқтисодий асосларини такомиллаштириш, фуқаролик жамияти институтларининг фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, давлат органлари устидан самарали жамоатчилик назоратини ўрнатиш, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга фуқаролик жамияти институтларини жалб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган, дейилади parliament.gov.uz сайти хабарида.

Давлат раҳбарининг Фармонига асосан:

  • нодавлат нотижорат ташкилотларининг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва унинг қўмиталари ҳамда комиссиялари мажлисларида иштирок этувчи доимий вакили институти таъсис этилиши;
  • нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг очиқлик индексининг жорий қилиниши;
  • “Шаффоф ҳайрия” ягона интерактив порталининг ишга туширилиши;
  • давлат субсидиялари, грантлар ва ижтимоий буюртмалар бериш тартибининг соддалаштирилиши каби муҳим қадамлар тадбир иштирокчилари томонидан эътироф этилди.

Хусусан, доимий вакилнинг асосий вазифалари этиб қонун лойиҳалари ва қуйи палатанинг ваколатларига кирадиган масалалар бўйича муҳокамалар ва йиғилишларда ижтимоий шериклик, таъсирчан жамоатчилик назорати механизмларини жорий қилиш ва уларни амалиётда тўғри қўллаш, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ифода қилиш белгиланган. Бу янги институтнинг жорий этилиши, ўз навбатида, давлат органлари ҳузурида тузилган жамоатчилик кенгашларининг фаолиятига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.

Тадбирда давлатимиз раҳбарининг “Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолияти эркинлиги, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилинишини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ҳақида ҳам сўз борди.

Хусусан, нодавлат нотижорат ташкилотларини қайта рўйхатдан ҳамда унинг рамзини давлат рўйхатидан ўтказиш муддати 1 ойдан 15 кунгача қисқартирилади. Ногиронлиги бўлган шахслар, фахрийлар, нуронийлар, хотин-қизлар, болалар жамоат бирлашмалари рамзларини давлат рўйхатидан ва қайта рўйхатдан ўтказиш учун давлат божи ундирилмайди.

Қарорда Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциациясининг фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиш, маҳаллий нодавлат нотижорат ташкилотларини ривожлантиришга қаратилган дастур ва лойиҳаларни молиялаштириш учун Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондига давлат субсидияси ажратиш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш каби масалалар ҳам ўз аксини топган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech