ГЕНЕРАЛ СОБИР РАҲИМОВ ХОТИРАСИНИНГ ТИКЛАНИШИ – ТАРИХИЙ ҲАҚИҚАТ ТАНТАНАСИ

Генерал Собир Раҳимов фронтда қаҳрамонларча ҳалок  бўлган саркардагина эмас, балки Иккинчи жаҳон уруши ғалабасига катта ҳисса қўшган қаҳрамон, ўзбек халқининг жонли тимсоли ҳамдир. Унинг тақдир йўли ХХ аср 30-50-йилларида бунёдкорлик меҳнати билан ўзбек халқининг ҳурмат-эътиборини қозонган фидойи юртдошларимизнинг ҳаёт йўлидир.

Собир Раҳимов 5 ёшида отасидан етим қолиб, подачилик билан туз-насибасини топган. Кейинроқ эса болалар уйида тарбияланган. Сўнгра 20 ёшида ҳарбий хизматга чақирилган. Чақмоқдек йигит 1925  йили Боку шаҳридаги ҳарбий мактабни муваффақиятли тугатиб, Самарқандда ташкил этилган Ўзбек отлиқ аскарлар дивизиясида ҳарбий хизматни ўташга киришади. Машҳур саркарда Миркомил Миршаропов қўмондонлик қилган ушбу дивизия собиқ Иттифоқдаги энг илғор ва намунали ҳарбий қисмлардан бири бўлган.

Иккинчи жаҳон уруши бошланганида  мотоўқчи  полки  командири  ўринбосари Собир Раҳимов Ғарбий фронтда хизматда бўлган. Биринчи марта Ельня шаҳри атрофида полк жангга кирганида чекинаётган батальонни қайтариб, истеҳкомни мустаҳкам ушлаб турган. Шу  жангнинг  ўзида  Собир  Раҳимов  ярадор  бўлган  ва  даволангач,  56-армиянинг 1149-ўқчи полки командири бўлиб фронтга қайтган. Унинг полки Ростов-Дон шаҳрида қарши ҳужумга ўтганида муваффақият қозонган.

Таганрог шаҳри ва Донбассдаги жанглардан  кейин,  1942  йилнинг  августидан 395-ўқчи дивизиянинг командири сифатида Собир Раҳимов Кавказ учун олиб борилган шиддатли жангларда қатнашган. Тошкентда тузилган Собир Раҳимов қўмондонлигидаги мазкур дивизия 8 мингдан ортиқ душман аскарларини қириб ташлаган, ўн минглаб фашистларни сафдан чиқарган. Бу дивизия Шарқий Пруссиягача жанговар йўлни босиб ўтган.

Собир Раҳимовнинг дивизия командири сифатида Шимолий  Кавказни озод қилиш учун олиб борган муҳим жанглари, катта жасорати беиз кетмаган. Собир Раҳимовга 1943 йил 19 мартда генерал-майор унвони берилган. Ўзбек генералининг жанговар хизматларини кузатиб юрган қўмондонлар унинг саркардалик салоҳиятини ошириш мақсадида Москвага чақириб олган.

Шу тариқа Собир Раҳимовга СССР Қуролли кучлари Бош штабининг Олий Ҳарбий академиясини тугатиш имкони берилган. Шундан кейин у яна фронтга қайтиб, 65-армияда хизматини давом эттирган. 1944 йил 16 ноябрда 37-гвардиячи ўқчи дивизия командири этиб тайинланган.

Сўнгра генерал Собир Раҳимов 1-Белоруссия фронти қўшинлари таркибида Белоруссия ва Польшанинг Барановичи, Слоним, Белосток, Грауденц ва бошқа шаҳарларини озод қилишда фаол иштирок этган. Айниқса, генерал Раҳимов дивизияси Шарқий Пруссияда фашист қўшинларини тор-мор қилишда алоҳида жонбозлиги билан ажралиб турган.

Дивизия  аскарлари 9 минг кишилик  гарнизон  ҳимоясида  турган,  тиш-тирноғигача  қуролланган  Грауденц  (Польша)  қалъа-шаҳрини  забт  этиб,  бир неча  кундан  сўнг  Гданск  шаҳрига  кирган. Жанглар  жуда  оғир  кечган,  лекин дивизия душман қаршилигини барбод қилиб, Данциг (ҳозирги Гданск) шаҳрига биринчилардан бўлиб кирган. Ўшанда оғир ярадор бўлган Собир Раҳимов 1945 йил 26 март куни оламдан ўтган.

Собиқ  совет  давлатида  жорий  этилган  тартибга  кўра,  1945  йилнинг  май ойида  Собир  Раҳимов  жасади  кремация  этилиб,  бир  темир  қутида  Тошкентга олиб келинган. Бу ерда Ҳукумат уйида видолашув маросими ўтказилган.

Орадан 20 йил ўтиб, 1965 йил 6 майда Собир Раҳимов тақдирида тарихий ҳақиқат тикланган. Шахсан Шароф Рашидов бошчилигидаги Ўзбекистон раҳбарияти ва генерал Павел Батовнинг ташаббуси билан ўзбек генералига ўлимидан сўнг «Совет Иттифоқи Қаҳрамони» унвони берилган.

Шу  ўринда  икки  карра  Совет  Иттифоқи  Қаҳрамони,  генерал-полковник П.Батов Собир Раҳимовга бағишлаб китоб ёзганини алоҳида таъкидлаш лозим. 1947 йили Тошкентда нашр этилган бу китоб «Ўзбек халқининг муносиб ўғлони» («Достойний сын узбекского народа») деб номланган.

Агар 1943-йилларда генерал П.Батов 1-Белоруссия фронтининг 65-армияси қўмондони бўлгани назарда тутилса, худди шу даврда генерал Собир Раҳимовнинг у билан бирга хизмат қилгани ойдинлашади. Шу жиҳатдан, рус генерали орадан 22 йил ўтиб ўзининг қуролдош дўсти бўлмиш ўзбек генерали ҳақида шахсий хотиралари ва ҳаётий далилларга асосланган қизиқарли китоб ёзган. Натижада унинг вафотидан кейин қаҳрамонлиги расман эътироф этилишига муваффақ бўлинган.

Чиндан ҳам, Собир Раҳимов халқимизнинг муносиб фарзанди, қаҳрамон ўғлонидир. Афсуски, баъзи бировларнинг бу оддий ва ҳаётий ҳақиқатга шубҳа билан қарагани оқибатида ўзбек генералининг номи юртимизда бир муддат тилга олинмай қолганди.

  Ваҳоланки, Собир Раҳимов ўзининг таржимаи ҳоли билан боғлиқ бўлган ва ўз қўли билан тўлдирган аксарият ҳужжатларда ҳар доим ўзининг ўзбек эканини қайд этган. Бундан ташқари, таржимаи ҳоли ва ўзига оид бошқа ҳужжатларда қайси тилларни биласиз деган саволга «ўзбек ва рус тилларини» деб кўрсатган.

  Ўзбек генерали ўзини ҳамиша ўзбек халқининг фарзанди деб билганини мана бу далил ҳам яққол тасдиқлайди. Гап шундаки, «Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1943 йил 15 май сонида генерал-майор Собир Раҳимовнинг «Жонажон совет юртимиз учун курашда» сарлавҳали мақоласи чоп этилган.

  Мақола  бошидаги  таҳририят  кириш  сўзида  шундай  дейилган:  «Ўзбек халқининг биринчи генерали Собир Раҳимов шу кунларда она юрти Ўзбекистонда меҳмон бўлди. Ўртоқ Раҳимовнинг бугун «Қизил Ўзбекистон»да эълон қилинаётган мақоласи газетхонларни Улуғ ватан уруши даврида генералимиз қатнашган кўп жангларнинг баъзи эпизодлари билан таништиради» .

  Демак, Собир Раҳимов Шимолий Кавказ жангларидан сўнг Москвадаги Олий Ҳарбий академияда таҳсил олаётган даврида  Ўзбекистонга  келган.  Энг муҳими,  таҳририят  кириш  сўзидаги  «Ўзбек халқининг биринчи генерали»  ва «Собир  Раҳимов  шу  кунларда  она  юрти  Ўзбекистонда  меҳмон  бўлди» деган иборалар орқали генерал-майор Собир Раҳимовнинг қайси халқ ва қайси юртга мансублиги аниқ-равшан қайд этилган. Бу борадаги  фикр-мулоҳазаларимиз  янада  қатъий  тасдиғини топиши учун ушбу мақола матнидан қуйидаги иқтибосни келтирамиз:

  «Шу пайтда биз ўзбек халқидан фармон олдик:

  – Ё ҳаёт, ё асорат; ё ҳаёт, ё ўлим; ё ўлим, ё ғалаба! Бир қадам ҳам орқага чекинмангиз!  Бу фармон жангчи ва командирларимиз қалбининг энг чуқур еридан жой олди. Қўшилмамиз Горячий Ключь, Кох тоғлари ва Кочканово районларини мудофаа қилар экан, бу фармонни ҳамиша ёдида сақлади».

  Ушбу парчада Собир Раҳимов ўзи қўмондонлик қилаётган қўшилма Кавказ ҳимояси учун жанг қилаётган пайтда Ўзбекистондан фармон, яъни «Ўзбек халқининг жангчиларига  уларнинг  эл-юртларидан  мактуб» олгани ҳақида тўхталган. Битилган ушбу жумлалар маъносида муаллифнинг ўз халқига меҳр ва муҳаббати, оқибат ва садоқати қанчалик ифода топиб турганини сезиш қийин эмас.

Яна  бир  мисол:  ўзбек  киноижодкорлари  томонидан  1967-1968  йилларда тасвирга олинган «Генерал Раҳимов» фильмида бош ролни ўйнаган Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ артисти Зикир  Муҳаммаджоновнинг  айтишича, генерал Собир Раҳимовнинг ўзи жангга кириш олдидан қўл остидагиларга палов дамлаб берган экан. Фильмда шу ҳаётий мисолдан фойдаланилган бўлиб, жанг олдидан ошхўрлик қилган генераллар «Раҳимов палови»ни роса мақтаган жонли саҳна бор.

Бошқа бир қизиқ далил: 1906 йили Қашқадарё вилояти Қамаши туманининг Чим қишлоғида туғилган ва 1943-1944 йилларда, яъни биринчи гуруҳ ногирони сифатида истеъфога чиқарилгунига қадар Иккинчи жаҳон урушида бевосита иштирок этган Ашур Худойқулов ўз хотираларида генерал Собир Раҳимов қўмондонлиги остида жанг қилгани ҳақида сўз юритган.

Ушбу хотираларни қоғозга туширган жангчининг қизи – қашқадарёлик таниқли адиба Шарофат Ашурованинг қайд этишича, жанглар орасидаги қисқа танаффуслардан бирида ўзбек генерали қўл остидаги жангчиларнинг қурол-яроғ ва ҳарбий техникадан фойдаланишни яхши билмаслиги панд бераётгани ҳақида гапириб, жангчи А.Худойқуловга: «Урушдан сўнг болаларинг олий маълумот олиши учун астойдил ҳаракат қил», деб маслаҳат берган. Ғалабадан сўнг Ашур ота, чекка бир қишлоқда яшашига қарамасдан, генералга берган сўзининг устидан чиққан. Яъни, барча ўғил-қизлари ўз соҳасининг олий маълумотли мутахассиси бўлиб етишишига эришган экан.

Ўз навбатида, қашқадарёлик яна бир уруш қатнашчиси – тарихчи ва этнограф олим, академик Карим Шониёзов Собир Раҳимов ҳалок бўлган 1945 йил 26 март санасидаги қақшатқич жанглар ҳали ҳам тушига кириб туришини қайд этган. Уруш қатнашчиси ўша воқеаларни шундай хотирлайди:

«25 март куни мен разведкачиларим билан Болтиқ денгизи соҳилига биринчи бўлиб чиқдим. Денгизга чиқдик, деб қувониб, энди юз-қўлимизни ювамиз, деб турган эдикки, 50 метр чамаси нарироқдан душманнинг сувости кемаси кўтарилиб чиқди, унинг ёнидан иккинчи кема чиқди. Биз катта иморат орқасига яшириндик. Фашистларнинг кемалари қўшинларимиз келаётган томонга қараб тўп ота бошлади.

Ана шу снарядлардан бири 25 март куни Собир Раҳимовни оғир ярадор қилди, 26 март куни у киши қурбон бўлди. Собир Раҳимов қўмондонлик қилган 37-ўқчи дивизия ҳам бизнинг қисмимиз билан биргаликда шаҳарга кирган эди. Дивизия жангчиларидан генерал Собир Раҳимовнинг ҳалок бўлганини эшитиб, қисмимизнинг барча ўзбек йигитлари қаттиқ қайғурдик. 30 март куни Данциг шаҳри озод қилинди...»

Ўзбекистон аскарларининг Европани озод қилишдаги иштироки ҳақида сўз борганда, авваламбор, 57-гвардиячилар дивизияси  қўмондони генерал Собир Раҳимов Польшада улкан шуҳрат қозонганини таъкидлаш лозим. Ўзбек генералининг дивизияси Шарқий Кавказдан то Пруссияга қадар бўлган олис масофани машаққатли жангу жадаллар билан босиб ўтган.

Собир Раҳимов қўмондонлигидаги дивизия олдин Белоруссияни озод этган. Сўнг ўзбекистонлик жангчилар Польшанинг Грудзяндз, Гнев, Староград, Дзядлово шаҳарларини душман чангалидан халос этишда юксак маҳорати ва жасоратини намойиш этган. Польша  халқи,  худди  ўзбек  халқи  сингари ўз қаҳрамони хотирасини эъзозлаб келади. Гданьск шаҳрида Собир Раҳимов номи билан аталган кўча ва мактаблар мавжудлиги ҳам буни яққол тасдиқлайди.

Афсуски, Собир Раҳимовнинг ҳаётлигида ҳам, вафотидан кейин ҳам турли ҳақсизликларга қайта-қайта гирифтор бўлиши ва ҳар гал адолат тантана қилиши тақдирида ёзилган экан, назаримизда. Мана, бу гал давлатимиз раҳбари шахсан ўзбек генерали қисмати тимсолида шонли ўтмишга ва тарихий хотирага нисбатан ҳурматсизликка чек қўйди.

2018 йилда Собир Раҳимов номи юртимизга қайтгани яқин ўтмишдаги кечириб бўлмас маънавий хато тузатилиб, тарихий ҳақиқат ғалаба қозонганидан далолатдир. Бинобарин, Ўзбекистон Республикаси Президенти  2018 йил 2  майда  Наманган  вилоятига  ташрифи  давомида Норин тумани ҳокимиятида вилоят фаоллари иштирокида  ўтказилган  йиғилишдаги  нутқида бу ҳақда шундай деганди:

«Мени  қийнаб  келаётган  яна  битта  масала  бор. Шафқатсиз  фашизм  билан  курашда уруш майдонларида қолиб кетган  буюк  боболаримиз  бор. Шуларнинг  ичида  биргина  генерал  бўлган  Собир  Раҳимовнинг номини  эсламай  қўйдик.  Мана шу  қаҳрамон  генералимизнинг ҳайкалини тарих ва адолат учун тиклаб қўйсак».

Ҳақиқатан ҳам, Собир Раҳимов тақдирида тарихий адолатнинг яна бир бор тикланиши Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг темир  иродаси  ва  донолиги  билан халқимизнинг  унутилмас  фарзандларидан  бири, атоқли саркарда ҳайкалининг асл жойига қайта ўрнатилиши мисолида намоён бўлди.

Бугунги кунда Тошкентдаги муҳташам “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси  ҳудудидаги уруш майдонларини эслатадиган баланд тепалик устида афсонавий генерал Собир Раҳимов ва унинг каби ёвқур ҳарбий қўмондонларимиз, ўзбекистонлик барча ботир жангчиларнинг сўнмас хотирасига атаб “Мангу жасорат” деб номланган улуғвор монумент барпо этилгани бежиз эмас, албатта.

«Мангу жасорат» монументи ҳақида сўз юритишдан олдин унинг  ташаббускори  ва  бунёдкори  бўлмиш  Президентимизнинг яна бир фазилатини эслаб ўтишни жоиз деб билдик: бу кенгфеъллик ва кенгфикрлиликдир.

Гап шундаки, узоқ ва сирли тортишувлар, таги пуч иддаолар ортидан Иккинчи  жаҳон  урушининг  буюк  ва  жасоратли  қаҳрамони  Собир  Раҳимов  юртимизда  тилга  олинмай  қолгани,  унга  атаб  ишланган  бадиий  фильм  намойиш этилмай қўйилгани, унинг номи туман ва метро станциясидан ўчирилгани, ҳатто пойтахтдаги ҳайкали ҳам кўчирилгани кўпчиликнинг ёдида. Албатта, бу ўтмишга, тарихий хотирага нисбатан ҳурматсизлик ва адолат тарозисининг бузилиши эди.

Президент Шавкат Мирзиёев яқин ўтмишдаги шу оғриқли хатони тўғрилади. Тарихий адолат қарор топиб, Собир Раҳимов номи юртимизга қайтди. 2011 йилнинг қишида Ғафур Ғулом номидаги истироҳат боғига кўчирилган Собир Раҳимов ҳайкалининг ўз жойига қайтарилиши ҳақида 2018 йил 2 май куни маълум  бўлди.  Ўзбекистон  Президенти  Наманган  вилоятида  ўтказилган  йиғилишда ҳайкалнинг ўз жойига қайтарилишини тарихий адолатнинг тикланиши деб атади.

Демак, ана шу сана – 2018 йил 2 май ўзбек генерали Собир Раҳимов хотирасига нисбатан тарихий адолат тикланган кундир. Айни чоғда, худди шу санада давлатимиз раҳбарининг Ғалаба боғи билан боғлиқ ғояси илк бора жамоатчиликка эълон қилинган, десак, тўғри бўлади.

Чунки Собир Раҳимов ҳайкали 2018 йили Хотира ва қадрлаш куни арафасида тарихий ўрнига қайтарилган, шу муносабат билан ёдгорликнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтган эди. Президентимиз орадан бир йил ўтгач, яъни 2019 йили Хотира ва қадрлаш кунида генерал-майор Собир Раҳимов ҳайкали қаршисида Ғалаба боғи барпо этилиши ҳақидаги ташаббусни илгари сурди.

“Мангу  жасорат”  монументи  тимсолида  ана  шу  асл  ҳақиқатни  англаш мумкин. Бу монументни кўрган киши афсонавий генерал Собир Раҳимов каби ҳарбий қўмондонларимиз, ўзбекистонлик ботир  жангчиларнинг хотираси эл учун сўнмас бўлишини чуқур тушуниб етиши аниқ.

Хиёбон марказида муайян баландликда генерал Собир Раҳимов ҳайкали қад кўтарган. Ҳайкал пойига қадар икки томондан «Совет Иттифоқи Қаҳрамони»  унвонига  сазовор  бўлган  ўзбекистонлик 301  нафар  жангчининг  ёди акс этган мармар лавҳлар ўрнатилган.

“Мангу жасорат” монументи бўйича 2019 йилда танлов  ўтказилди.  Унда ғолиб деб топилган мазкур композиция ва маҳобатли стэлла лойиҳаси муаллифи ҳайкалтарош Жасвант Анназаров ўзининг улкан ижодий меҳнатини завқу шавққа тўлиб адо этди.

Зотан,  генерал Собир  Раҳимов  шахси  ҳар  бир  ўзбек  йигитини  ғурур  ва фахрга чулғайди. Бугун ўша машҳур қаҳрамонимиз ёнида 14 нафар ўзбек қаҳрамони саф тортиб турибди. Уларнинг барчаси – тарихий шахслар, яқин ўтмишда шу муқаддас заминимизда киндик қони томган, қадам излари қолган, бугун эса шу мусаффо ҳавода нафаслари сезилиб тургандек гўё.

Бугунги кунда “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси, хусусан, “Мангу жасорат” монументи Иккинчи жаҳон урушидаги воқеалар ва ҳолатларни тўлалигича  кўрсатиб бера оладиган яхлит  мажмуа  сифатида нафақат  юртдошларимиз,  балки  зиёратга келувчи хорижлик меҳмонлар томонидан ҳам эътироф этилаётгани диққатга сазовор.

Бу – Миллат  Сардори  раҳбарлигида  мамлакатимизда  кейинги  даврда амалга оширилаётган жаҳоншумул ўзгаришларнинг яна бир муждаси.

Бу – тарихий адолат тантанаси, ҳақиқат ғалабасининг ёрқин намунаси.

Бу – бугунги тинч ва осойишта кунлар учун жон фидо қилган аждодларимизнинг хотирасини ёд этиш ва юртимиз файзи бўлмиш фахрийларимизни чинакамига эъзозлаш каби олижаноб қадриятларимизнинг давомийлигини таъминлайдиган савобли амалдир.

 

Акмал Саидов,
академик

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech