Инсон қадри учун

Бугунги кунда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш давлатимиз  сиёсатининг энг устувор йўналиши ҳисобланади. Бу эзгу тамойил ҳаётимизнинг барча соҳаларида ўз ифодасини намоён этмоқда.

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 1-моддасида: “Ҳамма одамлар ўз қадр-қиммати ҳамда ҳуқуқларида эркин ва тенг бўлиб туғиладилар”, деб қайд этилган.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 8-моддасида белгиланганидек, “Ўзбекистон халқини, миллатидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ташкил этади”.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро шартномаларни имплементация қилиш бўлими бошлиғи Ўткир ОЧИЛОВ мамлакатимизда ана шу конституциявий принцип ва халқаро-ҳуқуқий нормага тўла амал қилиниши, ирқий камситишнинг барча шаклларини тугатиш, хусусан, Ўзбекистонда истиқомат қилаётган лўли миллати вакилларининг турмуш тарзини яхшилаш, уларнинг юртимиз ҳаётидаги фаоллигини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида қуйидагиларни сўзлаб берди:

– Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари истиқомат қилади. Шундан кўпчилигининг аждодлари қадим замонлардан буён халқимиз билан ёнма-ён яшаб келади. Уларнинг тили ва динидаги умумийлик, урф-одатлари ва турмуш тарзидаги ўзаро ўхшашликлар бу тарихий жараённинг узоқ давом этганидан далолат беради. Шулар қаторида лўлилар ҳам юртимизнинг тенг ҳуқуқли фуқароларидир. Қадимдан ўзбек халқи қалбига сингдирилган диний бағрикенглик ва миллий ҳамжиҳатлик туйғулари туфайли уларга ҳурмат билан қараб келинади.

Мамлакатимизда истиқомат қилаётган лўли миллати вакилларининг турмуш тарзини яхшилаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаоллигини ошириш мақсадида манфаатдор вазирлик ва идоралар ҳамда маҳаллий ҳокимият органлари билан ҳамкорликда турли тадбирлар амалга оширилмоқда. Ушбу этник гуруҳ ирқий камситишлардан ҳимояланганлиги ва жамият ҳаётидаги ўрнининг тобора ортиб бораётганлиги масалалари турли тадбирлар давомида муҳокама қилинмоқда.

Туғилганлик ва ўлим тўғрисидаги гувоҳномаларга эга бўлмаган лўли миллатига мансуб шахсларнинг рўйхатини шакллантириш ҳамда гувоҳномаларни белгиланган тартибда расмийлаштириш борасидаги муаммолар ҳам бартараф этилмоқда. Бунда туғилганлиги қайд қилинмаган фуқароларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

БМТ Ирқий камситишни тугатиш бўйича қўмитасида Ирқий камситишнинг барча шаклларини тугатиш тўғрисидаги халқаро конвенция қоидаларини бажариш бўйича Ўзбекистон Республикасининг  ўнинчи-ўн иккинчи даврий маърузалари кўриб чиқилди. Унинг якунлари юзасидан Қўмитанинг якуний мулоҳазалари ва тавсияларини бажариш мақсадида 2020-2022 йилларга мўлжалланган Миллий ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилди.

Режанинг 4-бандига асосан, лўли/рума этник гуруҳига мансуб фуқароларнинг ҳуқуқларини таъминлаш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича 2020-2025 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар мажмуи шакллантирилди. Ушбу чора-тадбирлар лўлиларнинг амалдаги ижтимоий-иқтисодий, маданий ҳолатини ўрганиш ва янада яхшилаш чораларини кўришни назарда тутади.

Мамлакатимизда лўли этник гуруҳига мансуб қанча фуқаро истиқомат қилади?

– Ўзбекистонда  86 минг 563 нафар лўли миллатига мансуб фуқаро истиқомат қилади. Шундан 45 минг 92 нафари – аёллар, 41 минг 471 нафари эркаклардир. Уларнинг 30 минг 506 нафари ҳеч қандай маълумотга эга эмас, 16 минг 190 нафари ишсиз. Улар орасида 16 ёшдан катталар сони 46 минг 422 нафар бўлиб, шундан фуқаролик паспорти олганлар 27 минг 803 нафарни ташкил этади. Бундан ташқари, 16 ёшга етмаганлар сони 25 минг 925 нафардан иборат.

2020 йил якуни бўйича 28 мингдан ортиқ вояга етмаган лўлилар қайд этилган бўлиб, уларнинг 15 минг нафари уйда, 428 нафари мактабгача таълим муассасаларида, 12 минг нафари умумтаълим мактабларида, 98 нафари коллеж ва лицейларда таълим олмоқда. 2018 йилда 1200 дан, 2019 йилда 1400 дан ва 2020 йилда 1800 дан ортиқ лўли болаларига ижтимоий ёрдам берилган.

Ҳозирда Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида лўлилар тўп-тўп ёки тарқоқ ҳолда яшаб, турғун ҳаёт тарзини олиб боришади. Дарбадар ҳаёт тарзи сақланиб қолмаган. Улар, хусусан, Бухоро, Самарқанд, Жиззах, Навоий, Сурхондарё, Қашқадарё, Тошкент ва Фарғона водийси вилоятлари маҳалла ва қишлоқларида ўзбеклар билан ёнма-ён яшаб келмоқда.

 Бугун Ўзбекистонда истиқомат қилаётган лўлиларнинг турмуш тарзи ўтмишдагидан анча фарқ қилади. Бошқача айтганда, уларнинг ҳаётида янгича ижтимоий ва маданий ривожланиш кўзга ташланмоқда. Давлатимиз томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун яратилган шароитлардан лўлилар ҳам фойдаланмоқда. Натижада тез орада лўлиларнинг тадбиркорлик ёки кичик бизнес билан шуғулланувчи қатлами шаклланди. Уларнинг фарзандлари таълим жараёнига кенг қамраб олинмоқда, улар орасидан маълумотли кадрлар етиша бошлади.

Лўли/рума миллатига мансуб фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий ва бошқа ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида яна қандай ишлар амалга оширилиши лозим, деб ҳисоблайсиз?

– Жамиятимиз тараққиётида ўзаро ҳамкорлик ва ёрдамга асосланган урф-одат ва анъаналар муҳим ўрин тутиб келмоқда. Бу мамлакатимизда истиқомат қилаётган кам сонли миллатларга мансуб инсонларнинг ҳуқуқлари таъминланишида ҳал қилувчи омиллардан бирига айланди. Бундан келиб чиқиб, лўли/рума миллатига мансуб фуқароларнинг ҳуқуқлари таъминланишини такомиллаштириш мақсадида яна қуйидаги йўналишдаги ишлар амалга оширилиши лозим:   

биринчидан, юртимиз  ҳудудида азалдан истиқомат қилиб келаётган лўли миллатига мансуб аҳолининг миллий-диний маросимларининг ўзига хос хусусиятларини ўрганиш;

иккинчидан, лўлиларнинг анъанавий хўжалик юритиш шакллари ва бугунги кундаги асосий оилавий даромад манбаларини ўрганиш орқали улар яшайдиган ҳудудларнинг иқтисодий салоҳиятини ошириш йўналишларини таҳлил қилиш;

учинчидан, лўлиларнинг миллий-маданий эҳтиёжларини эътиборга олиш ва жойларда ушбу эҳтиёжларни қондиришга хизмат қилувчи маданият, спорт, санъат ва бошқа марказларни ташкил этиш, жумладан, ушбу миллат ёшларини умуммиллий спорт турларига жалб этиш;

тўртинчидан, улар орасида фуқаровий бирдамликни кучайтириш ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларидаги иштирокини янада кенгайтириш.

Ҳозирги кунда, шунингдек, лўли миллатига мансуб аёлларнинг ижтимоий-иқтисодий ва бошқа ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида қатор чора-тадбирлар кўрилмоқда:

лўли миллатига мансуб аёллар ҳуқуқларининг ҳимояланганлиги билан боғлиқ вазият доимий мониторинг қилинмоқда;

билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бор хотин-қизлар аниқланмоқда;

оиласида ногиронлиги бўлган ва 2 ёшгача фарзанди бўлган лўли миллатига мансуб фуқароларнинг манзилли рўйхатлари шакллантирилмоқда, уларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатилмоқда;

тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирган лўли аёлларга бу борада амалий кўмак берилмоқда;

ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилишларини таъминлаш учун лўли/рума миллатига мансуб ёшлар ва хотин-қизларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш чоралари кўрилмоқда.

Шундай қилиб, Янги Ўзбекистон муҳитида лўли миллатига мансуб аҳоли ҳаётида ҳам янгиланишлар юз бермоқда. Бугун уларнинг бошқа миллат вакиллари билан тенглик ва ҳамжиҳатликда яшаётгани кишини қувонтиради.

Юртимизда кўп сонли миллат ва элатлар манфаатларини ҳимоя қилишга катта эътибор қаратилмоқда ва бу эътиборни ҳар бир фуқаро ўз ҳаёти мисолида ҳис қилиши жуда муҳим. Шунда уларнинг аввало ўз келажагига, шу билан бирга, фарзандлари келажагига бўлган ишончи янада ортади.

Бинобарин, инсон  қадри – улуғ, инсон шаъни – энг олий қадрият. Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Инсон қадри учун” тамойили асосида келгуси беш йилдаги барча ислоҳотлар аҳолига муносиб турмуш шароити яратишга қаратилгани айни муддаодир.

 

Ойдин Иброҳимова суҳбатлашди

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech