Жаҳон айвонида: пандемия, эйджизм ва инсон ҳуқуқлари

Хотира ва қадрлаш куни ортда қолди. Бу муҳим сана муносабати билан буюк Ғалабага беқиёс ҳисса қўшган, бугунги ёруғ кунларга етиб келолмаган азиз инсонлар хотирасини ёд этдик. Шафқатсиз урушда, машаққатли меҳнат фронтида мардлик ва жасорат кўрсатган барча фахрийларимизга юксак ҳурмат ва эҳтиром кўрсатдик.

Бутун мамлакат миқёсида, коронавирус шароитларини ҳисобга олган ҳолда, қадри қаддидан баланд нуронийларимизга пул мукофоти ва қимматбаҳо совғалар топширилди. Президент Шавкат Мирзиёев Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида таъкидлаганидек, “Ҳаёт қонуниятига кўра, вақт ўтиши билан кўп нарса унутилади, эсдан чиқади. Лекин бу ёруғ дунёда улуғ бир ҳақиқат борки, у ҳеч қачон ўзгармайди, ҳеч қачон эскирмайди. Яъни, Ватан ва халқ озодлиги, келгуси авлодларнинг бахту саодати йўлида мардлик ва жасорат кўрсатган инсонлар хотираси ҳамиша барҳаёт яшайди”[1].

Шу боис биз учун уруш ва меҳнат фахрийларининг иззат-ҳурматини жойига қўйиш, ўтганларнинг хотирасини абадийлаштириш доимо муқаддас вазифа бўлиб қолади. Байрам муносабати билан бу борада кўп ишлар амалга оширилди. Жумладан, тегишли вазирлик, идора ва ташкилотлар, ҳарбий қисмлар раҳбарлари иштирокида уруш ва меҳнат фахрийлари, уларнинг оила аъзоларини қутлаш, табрик ва совғалар топширишга бағишланган маросимлар тантанали вазиятда ўтказилди. Ёлғиз яшаётган уруш ва меҳнат фахрийларининг уй-жойлари таъмирланди ва обод қилинди.

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларининг ҳар бирига тиббий ва ижтимоий хизматлар кўрсатадиган, уларни парвариш қилиш билан шуғулланадиган патронаж хизмати йўлга қўйилди. Ана шундай фахрийларимиз ўз хоҳиш-истаклари асосида республикамиздаги санаторийларда даволанмоқда.

Ўзбекистон Президенти куни кеча, 2021 йил 11 майда имзолаган «Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг моддий таъминотини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони бу йўлда қўйилган яна бир хайрли қадам бўлди. Ушбу ҳужжат мамлакатимизда кексаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий ҳимоя қилишнинг самарали тизимини шакллантириш, Ватан обрў-эътиборини юксалтиришга, ёшларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялашга фаол қатнашаётган қарияларни эъзозлаш ҳамда фашизм устидан қозонилган ғалабага муносиб ҳисса қўшган фахрийларнинг моддий таъминотини янада кучайтириш мақсадида қабул қилингани жуда муҳим.

Фармонга мувофиқ, 2021 йил 10 майдан бошлаб 1941–1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва қатнашчилари, шунингдек фашистлар концлагерларининг вояга етмаган собиқ маҳбуслари ва Ленинград шаҳри қамал қилинган даврда ишлаган шахсларнинг энг кам пенсия миқдори устамаларни инобатга олган ҳолда – 2,5 миллион сўм этиб белгиланди. Маълумки, бугунги кунга қадар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг энг кам пенсия миқдори 800 минг сўмни, ўртача ҳисобда эса 1 миллион 700 минг сўмни ташкил этарди.

Айни чоғда, мамлакатимизда 2021 йил 13 май – Рамазон ҳайити байрами сифатида нишонланиши муносабати билан бундай эзгу ишлар бардавомлик касб этмоқда. Хусусан, урушни кўрган аждодларимиз бизга мерос қолдирган тинч-осойишта турмуш бағрида вояга етган ва бугун сафларимизда туриб Ватанимизнинг обрў-эътиборини юксалтиришга, ёшларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялашга ҳисса қўшаётган мўътабар нуронийларимиз муносиб эъзозланмоқда.

Юртимизнинг ҳар бир хонадонида пири бадавлат отахон-у онахонлар чуқур миннатдорлик туйғуларига йўғрилган олижаноб ғамхўрликлардан баҳра олиб, доимо дуодадирлар. Зеро, кексаларимиз бор экан, юртимиздан қут-барака ва файзу тароват сира аримайди.

Афсуски, яқинда БМТнинг бир нечта муассасаси мутахассислари тайёрлаган ҳисобот хулосалари биз яшаб турган ва тобора глобаллашиб бораётган дунёда ҳамма ҳам юртдошларимиз каби бағрикенг ва нуронийпарвар эмаслигини кўрсатди. Яъни, сайёрамиздаги 7 миллиарддан зиёд аҳолининг тенг ярми, бошқача айтганда, заминдош ва замондошларимизнинг ҳар икки нафаридан биттаси кексаларга нисбатан салбий муносабатда экан.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Мишель Бачелет таъкидлаганидек, “бундай муносабат жуда кенг тарқалган ва одатга айланиб қолган бўлиб, айни вақтда сиёсат, қонунлар ва жамоатчилик институтларининг фаолиятига ҳам ўз таъсирини ўтказмоқда – биз бу янглиғ ёндашув инсоний қадр-қимматимизни қанчалик ерга ураётганини пайқамай ҳам қўйганмиз”[2].

Дунёнинг айрим манзилларида бу борадаги аҳвол шундайки, ишхоналарда навқирон ходимларга яратилган имтиёз ва енгилликлардан кўпинча ёши улуғ инсонлар маҳрумдир. Мисол учун, ишчи-ходимларнинг ўқиш-ўрганиш ва малака ошириш имкониятлари ёши ўтган сари кескин камайиб боради.

Эйджизм – инсонни ёш белгиси бўйича камситиш ҳолатини ифодалайдиган халқаро тушунчадир. Бу ҳақда фикр юритганда, танганинг иккинчи томони ҳам борлигини унутмаслик керак. Гап шундаки, эйджизмдан ёшларнинг ўзлариям азият чекмоқда. Бунда, албатта, тиббий хизматдан фойдаланиш, турар-жойга эга бўлиш ва сиёсий ҳаётда иштирок этиш каби масалаларда ёши улуғларнинг қўли устунроқ экани назарда тутилмоқда.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари эйджизм иллатига қарши фаол кураш олиб боришга чақиргани бежиз эмас. Бинобарин, инсоннинг ёшига қараб ёндашув борасида илдиз отган номақбул муносабатлар инсон ҳуқуқлари бузилишига олиб келиши мумкинлигидан ҳамиша огоҳ бўлиш зарур.

БМТнинг айни мавзудаги ҳисоботи муаллифлари маълумотларига кўра, пандемияни жиловлаш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар туфайли жамиятда кексаларнинг ҳам, ёшларнинг ҳам камситилиши ҳолатлари кучайган. Чунки ҳаётий зарур хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги қарорлар аксарият ҳолларда бу ҳақда ёрдам сўраган мурожаатчининг ёшидан келиб чиқиб қабул қилинмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари Тедрос Гебрейесус бундай ёндашувдан воз кечиш керак, деб ҳисоблайди. Унинг таъкидлашича, “пандемиядан кейинги иқтисодиётни тиклаш жараёнларида биз ёшга доир муносабат билан боғлиқ номақбул ақидалар, нобоп тушунчалар ва камстишларга қарши туришимиз керак”[3].

Халқаро ҳамжамият томонидан бу каби қатъий баёнотлар берилаётгани бежиз эмас. Нега деганда, масалан, АҚШда ўтказилган тадқиқотлар инсоннинг ёшига ва кексалик ҳолатига нисбатан салбий муносабат ҳар йили Америка иқтисодиётига 63 миллиард доллар зарар етказаётганини кўрсатган. Бунда 60 ёшдан ошган кексаларни парваришлаш билан боғлиқ сарф-харажатлар назарда тутилмоқда.

Австралиялик  тадқиқотчилар ҳам худди шундай фикрда: агар мамлакатдаги  55 ёшдан ошган аҳолининг атиги беш фоизи ишловчи фуқаролар сафига қўшилса, иқтисодиётдаги даромад 48 миллиард долларга ортади.

Ёш билан боғлиқ номақбул ақидалардан устун келиш учун, экспертларнинг тавсиясига кўра, комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш, жумладан, қонунчиликка ўзгартиришлар киритиш, аҳоли ўртасида маърифий ишларни олиб бориш ҳамда авлодлар ўртасидаги ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш талаб этилади.

Шу нуқтаи назардан, БМТ барча давлатларни бу борадаги саъй-ҳаракатларни кучайтириш мақсадида тегишли маълумотларни тўплаш ва таҳлил қилиш услубларини такомиллаштиришга, бунда илмий тадқиқотлар натижаларига таянадиган принциплар асосида иш кўришга чақирмоқда.

Кексалик даври – болалик ва ёшлик даврлари каби ҳаётнинг табиий ҳамда узвий босқичидир. Биргина фарқ шундаки, инсон болалик ва ёшлик йилларида куч-қудрат ҳамда азму шижоатга тўла бўлса, аксинча, кексалик даврида жисмоний фаолият мезони камайиши ва куч-қудратнинг заифланиши билан юзма-юз келади.

Маълумотларга қараганда, ривожланган давлатлар аҳолиси таркибининг 25 фоизи кекса авлод вакилларидан иборат ва бу кўрсаткич йил сайин ортиб бормоқда. Дунё аҳолисининг 15 фоизини ногиронлиги бўлган шахслар ташкил қилади, бугунги кунда уларнинг сони 1 миллиардга етган.

Ўзбекистонда, туғилиш кўрсаткичининг нисбатан баландлигига қарамай, аҳолининг 10 фоизи кекса ёшли инсонлардир. Шунингдек, юртимизда 760 минг нафардан зиёд ногиронлиги бўлган шахслар истиқомат қилади. Улар ижтимоий ҳимоя ва қўллаб-қувватлаш, тиббий-ижтимоий реабилитация чоралари билан қамраб олинган.

Мамлакатимизда пенсия ва нафақа олувчиларнинг умумий сони, 2021 йил 1 апрель ҳолатига кўра, 3 миллион 877 минг 200 нафарни, яъни аҳолининг 11,2 фоизини ташкил қилмоқда. Пенсия ва нафақа олувчилар сони 2021 йил 1 январь ҳолатига нисбатан 52 минг нафарга ортган.

Ўзбекистонда пенсия ва нафақа олувчи эркаклар сони умумий ҳисобнинг 43,2 фоизини, аёллар эса 56,8 фоизни ташкил этмоқда. Ўртача пенсия миқдори 810 минг 301 сўм, ўртача нафақа 460 минг 504 сўмдан иборат[4].

Бугунги кунда мамлакатимизда кексаларни эъзозлаш, уларнинг ҳурматини жойига қўйиш давлат сиёсати даражасига кўтарилмоқда. Бу фикримизни пенсионерларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш, кекса ёшдаги инсонларга ҳар томонлама ғамхўрлик қилиш, фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тизимини такомиллаштириш, ушбу соҳада мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан амалга оширилаётган изчил чора-тадбирлар яққол тасдиқлайди.

Биринчидан, бугунги кунга қадар давлат пенсияларини тайинлашда 30 турдаги ҳужжат талаб этиларди. Ана шу кўплаб ҳужжатларни тақдим этишга масъул 14 дан ортиқ вазирлик ва ташкилотларда идоравий ахборот тизимлари, электрон ресурс ва маълумотлар базалари мавжуд эмаслиги, ўз навбатида, қоғоз шаклида иш юритишдан воз кечиш ва ҳужжатларни йиғиш жараёнини рақамлаштиришга тўсқинлик қилиб келаётганди.

Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 4 майда қабул қилинган қарорига мувофиқ, давлат пенсияларини ҳисоблаш учун зарур маълумотлар электрон базасини шакллантириш, ушбу жараённи соддалаштириш, фуқароларнинг оворагарчиликларини бартараф этиш мақсадларига қаратилган бир қатор амалий чора-тадбирлар белгилаб берилди.

Иккинчидан, Ўзбекистон Президентининг “Фуқароларга давлат пенсияларини тайинлаш жараёнини соддалаштириш ҳамда пенсия ва нафақаларни етказиб бериш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, 2022 йил 1 июлдан бошлаб:

  • меҳнат стажи, иш ҳақи, олийгоҳда ўқиганлиги ва ҳарбий хизмат даври маълумотлари Пенсия жамғармасининг дастурий таъминоти билан боғланган ҳолда «Ягона меҳнат миллий тизими» орқали электрон тарзда олинади;
  • давлат пенсияларини тайинлашда фуқаролардан меҳнат стажи, иш ҳақи, олийгоҳда ўқиганлиги ҳамда ҳарбий хизмат даври тўғрисидаги ҳужжатларни талаб қилиш бекор қилинади;
  • давлат пенсияларини тайинлаш учун фуқаролардан фақат паспорт ёки ID-карта талаб этилади.

Шунингдек, 2022 йил 1 январдан пенсия, нафақа ва бошқа тўловларни аҳолига етказиб бериш ҳар 3 йилда ҳудудларда алоҳида тендер асосида танланган тижорат банки ёки бошқа ихтисослашган ташкилот томонидан амалга оширилади.

Бундан ташқари, 2022 йил 1 июлга қадар қариялар, имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларга хизмат кўрсатишга мослаштирилган Пенсия жамғармасининг бинолари бўйича минимал талабларга асосан ҳар бир ҳудудда биттадан Пенсия жамғармасининг мавжуд бинолари негизида «Намунали Пенсия жамғармаси бўлими» ташкил этилади[5].

Бу муҳим қадамлар, шубҳасиз, пенсия ва нафақаларни етказиб бериш тизимини янада такомиллаштириш, шунингдек мазкур йўналишда соғлом рақобат муҳити ва замонавий стандартларни жорий этиш имконини беради.

Учинчидан, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 28 апрелдаги 248-сон қарори билан “Ижтимоий ҳимояга муҳтож айрим тоифадаги фуқароларга нафақа тайинлаш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти” тасдиқланди. Ушбу ҳужжатга асосан, ижтимоий ҳимояга муҳтож айрим тоифадаги фуқароларга нафақа тайинлаш бўйича давлат хизматлари 2021 йил 1 августдан бошлаб кўрсатилади.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож айрим тоифадаги фуқаролар, жумладан,  давлат пенсиясини тайинлаш учун зарур бўлган иш стажига эга бўлмаган шахсларга давлат хизматлари Давлат хизматлари марказлари ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси томонидан кўрсатилади. Нафақа пули нафақа етказиб бериш юкланган ташкилот томонидан тўланади.

Нафақалар тайинлаш тасдиқланган схемага мувофиқ амалга оширилади. Давлат хизматлари кўрсатилганлиги учун йиғим ундирилмайди. Бу ҳақдаги ҳужжат “Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган бўлиб, 2021 йил 29 апрелдан кучга кирди[6].

Тўртинчидан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонун лойиҳаси маромига етказилмоқда.

Мазкур Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш орқали мамлакатимизда пенционерларни давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш, кекса ёшдаги фуқароларга ҳар томонлама ғамхўрлик қилиш, фуқароларнинг оворагарчиликларини бартараф этиш, бюрократик тўсиқларни қисқартириш, шунингдек қонунчилик базасини такомиллаштириш ва ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш барқарорлигини таъминлашга эришилади.

Бешинчидан, Президент Шавкат Мирзиёев 2016 йилда илгари сурган ташаббус асосида таъсис этилган “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан ўтган қисқа даврда 2 минг 282 нафар кекса юртдошимиз тақдирланган. Эътиборли томони шундаки, мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг турли соҳаларида кўп йиллар самарали меҳнат қилиб, ҳурмат ва эътибор қозонган нафақа ёшидаги юртдошларимиз, шунингдек умрини оила аталмиш қўрғонни мустаҳкамлаш, келажагимиз эгалари – навқирон авлодни Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялашга бағишлаб, элимиз эҳтиромига сазовор бўлган онахонлар ҳам ушбу фахрли нишон билан мукофотланмоқда.

Мустақилликнинг 30 йиллиги нишонланадиган жорий йилда, Ўзбекистон фахрийларининг  ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси Васийлик кенгашининг 2021 йил 19 апрелдаги қарорига мувофиқ, мингга яқин фахрийларимиз “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланди. Янги нишондорлар орасида қишлоқ хўжалиги, иқтисодиёт, ишлаб чиқариш, маданият, спорт, илм-фан  соҳаларида ва жамоат ташкилотларида самарали меҳнат қилиб, юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшган нуронийлар бор.

Хулоса қилиб айтганда, юртимизда қарияларга ҳурмат ва эҳтиром билан муносабатда бўлиш, уларни ҳамиша эъзозлаш азалий қадрият саналади. Ёши улуғ отахон-у онахонларимизнинг берган панд-насиҳатлари, қилган дуолари бизни ҳамиша яхшиликка ундайди. Кейинги йилларда бу эзгу қадрият изчил ривожланиб, фахрийларимизни ёшларга тўғоноқ эмас – суянчиқ, рақиб эмас – устоз, бефарқ эмас – ҳамдард деб билиш миллий тафаккур тарзимизда янада сайқал топди.

Доно халқимиз: “Инсон – ғанимат”, дейди. Дарҳақиқат, биз учун ота-боболаримиз, фахрийларимизнинг ҳаёти ҳам ғанимат. Қариялар қадр топган юртда меҳр-оқибат, қут-барака, тинчлик-хотиржамлик доим барқарор бўлади.

Ғулом МИРЗО,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

[1] Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи // 9 май //021https://yuz.uz/news/

[2] Эйджизм: предубеждения, связанные с возрастом, приводят к экономическому ущербу в десятки миллиардов долларов  // 18 марта 2021// https://news.un.org/ru/story/2021/03/1399072

[3] Эйджизм: предубеждения, связанные с возрастом, приводят к экономическому ущербу в десятки миллиардов долларов  // 18 марта 2021// https://news.un.org/ru/story/2021/03/1399072

[4] Пенсия жамғармаси: Ўзбекистонда қарийб 4 млн киши пенсия ва нафақа олади//https://kun.uz/news/2021/04/15/

[5] https://uza.uz/uz/posts/fuqarolarga-davlat-pensiyalarini-tayinlash-zharayonini-soddalashtirish-hamda-pensiya-va-nafaqalarni-etkazib-berish-tizimini-yanada-takomillashtirish-chora-tadbirlari-togrisida_263998

[6] https://www.norma.uz/uz/qonunchilikda_yangi/ayrim_toifadagi_fuqarolarga_nafaqa_tayinlanadi

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech