2021 йил 3 май – Жаҳон матбуоти эркинлиги куни соҳа вакиллари учун қўшалоқ байрам кунидир. Чунки бу йил ушбу санага асос солган тарихий Виндхук декларациясининг 30 йиллиги ҳам нишонланмоқда.
Мустақил ва плюралистик Африка матбуотини қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги Виндхук декларацияси Намибияда қабул қилинган 1991 йил 3 май санаси – Жаҳон матбуоти эркинлиги куни деб эълон қилингани бежиз эмас. Чунки мазкур Декларацияда баён этилган матбуот эркинлигини таъминлашга доир талаблар БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1993 йилда шу сананинг таъсис этилишига туртки бўлган.
Ушбу санани нишонлашдан кўзланган асосий мақсад – ахборот эркинлиги тамойилларини илгари суриш, дунёнинг барча минтақаларида ахборот олиш ва тарқатиш эркинлиги ҳолатига баҳо бериш, журналистлар эркинлиги ва мустақиллигига тажовузларнинг олдини олиш, касбий бурчини бажараётганда ҳалок бўлган журналистларни ёд этиш, уларнинг оилаларини қўллаб-қувватлашдан иборат.
Жаҳон матбуоти эркинлиги куни бутун дунёда, жумладан Ўзбекистонда ҳам ҳар йили кенг нишонланади. Аммо, 2020 йили илк бор Жаҳон матбуоти эркинлиги куни билан боғлиқ турли оммавий тадбирлар коронавирус пандемияси сабабли ўтказилмади.
Кейинги даврда коронавирус инқирози инсоният ҳаётининг кўплаб соҳаларига улкан зарар етказди ва бундай зиёнкорликда ҳали ҳам давом этмоқда. Бу оғир вазият, ўз навбатида, ҳатто дунё миқёсида сўз ва матбуот эркинлигига амал қилинишига халал бераётгани кузатилмоқда.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш Жаҳон матбуоти эркинлиги кунига бағишлаб БМТ қароргоҳида ўтказилган тадбирда таъкидлаганидек, “Аксарият оммавий ахборот воситалари дуч келаётган молиявий қийинчиликлар – пандемия туфайли журналистика соҳаси дучор бўлган энг оғир оқибатлардан биридир”[1].
БМТ Бош котиби қайд этишича, ўтган йили биргина газеталарнинг ўзига етказилган зарар дунё миқёсида 30 миллиард долларни ташкил этган. Шу маънода, айрим экспертлар пандемия инқирози матбуотнинг “бутунлай йўқ бўлиб кетиши”га олиб келишидан хавотир билдирмоқда.
Шунга қарамай, бундай ҳолатга йўл қўймаслик зарур, дейди Антониу Гутерриш. Зотан, ишончли далиллар асосида иш кўрадиган мустақил журналистика жамият манфаатларига хизмат қилади.
Халқаро ҳамжамият дезинформация, яъни ёлғон ахборотга қарши кураш бўйича тизимли ва изчил иш олиб бораётгани жуда муҳим. Нега деганда, пандемия шуни яққол кўрсатдики, ишончли ахборотдан фойдаланиш – ҳар бир инсон учун нафақат ажралмас ҳуқуқ, айни чоғда, ҳаёт ва мамот масаласига ҳам айланди.
Журналистлар халқаро федерацияси маълумотларига қараганда, бутун жаҳонда журналистлар ўз даромадларининг кескин камайиши ва шу каби бошқа бир қатор муаммоларга дуч келмоқда. Жойлардаги мухбирлар ва фрилансерлар, яъни штатсиз ижодий ходимларнинг учдан икки қисми иш жойидан маҳрум бўлган ёки ваъда қилинган қалам ҳақини ололмаган.
Бошқа бир ижтимоий тадқиқот хулосасига кўра, сайёрамиздаги жами журналистларнинг 40 фоизидан ортиғининг даромадлари тенг ярмига қисқарган. Бундай ташвишли ҳолатга, албатта, пандемия шароитида далиллар ўрнига ёлғон маълумотлар тобора урчиётгани сабаб бўлмоқда. Негаки, ҳақиқат уйдирмаларнинг панасида қолиб кетаётгани туфайли журналистлар ишончни йўқотмоқда.
Оммавий ахборот воситалари вакилларининг қарийб 70 фоизи пандемиянинг руҳий-маънавий таъсирига бардошли бўлиш улар учун айниқса қийин кечганини тан олган. ЮНЕСКО тадқиқотида аёл журналистларнинг рақамли маконда таъқибга учраш ҳолатлари сони кўпайгани аниқланган. Ижтимоий сўровда иштирок этган журналист хотин-қизларнинг 73 фоизи касб фаолияти билан боғлиқ тазйиқларга тез-тез дуч келиб туришини маълум қилган[2].
Яна бир ташвишли ҳолат: бугунги глобал дунёда рақамли инқилоб ҳам кўплаб мустақил оммавий ахборот воситалари учун ҳалокатли роль ўйнамоқда, яъни уларнинг молиявий қашшоқлашишига сабаб бўлмоқда. Бунинг оқибатида айниқса маҳаллий даражада юзага келаётган ахборот бўшлиғидан эса, айрим сиёсий гуруҳлар фойдаланиб қолмоқда ва ўз манфаатларини илгари сурмоқда[3].
Бутун дунёда 3 май – Жаҳон матбуоти эркинлиги куни ва Виндхук декларациясининг 30 йиллиги санаси шу каби бир олам ташвишлар қуршовида кутиб олинмоқда.
Шунга қарамай, «Чегара билмас мухбирлар» нодавлат ташкилоти эълон қилган матбуот эркинлиги индекси бўйича 2021 йилги рейтингда Ўзбекистоннинг ўрни сўнгги уч йил ичида илк марта пасайгани мамлакатимизда коронавирус туфайли “кўпга келган тўй” сифатида бефарқ қабул қилинмади. Бу жуда муҳим.
Шу муносабат билан Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги тезкор эълон қилган расмий баёнотда таъкидланганидек, «Чегара билмас мухбирлар» нодавлат ташкилоти эълон қилган матбуот эркинлиги рейтингида Ўзбекистон 157-ўринда қайд этилди. Бироқ ташкилот томонидан юртимизда ахборот соҳасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўлақонли ўз аксини топмагани ва муносиб баҳоланмагани афсусланарли»[4].
Назаримизда, рейтинг салбий натижаси ва расмий баёнотга муносабат билдиришдан тийилган ҳолда, мамлакатимизда матбуот эркинлигини таъминлаш борасида кейинги даврда амалга оширилган ишлар ҳақида мухтасар сўз юритган маъқул. Бунда 3 май – Жаҳон матбуоти эркинлиги куни деб эълон қилинишига асос бўлган Виндхук декларацияси қоидаларига[5] таянамиз.
Виндхук декларациясининг 1-бандида қайд этилишича, “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 19-моддасига мувофиқ мустақил, плюралистик ва эркин матбуотни таъсис этиш, қўллаб-қувватлаш ва кучайтириш миллат демократиясини ва иқтисодий тараққиётини ривожлантириш ҳамда рағбатлантиришда алоҳида аҳамият касб этади”.
Бизнинг бу борадаги ёндашувимиз ҳам айнан шундай. Яъни, сўз ва матбуот эркинлиги – Ўзбекистон сиёсатининг устувор йўналишидир. Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Аччиқ ва танқидий материаллар жойлардаги кўплаб амалдорларга ёқмаслиги, уларнинг тинчини ва ҳаловатини бузаётгани ҳам бор гап. Лекин ошкоралик ва сўз эркинлиги бу – давр талаби, бу – Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг талаби”[6].
Виндхук декларациясининг 2-бандига кўра: “Мустақил матбуот, деганда – биз давлатдан, сиёсий ва иқтисодий назоратдан, газеталар, журналлар ва даврий нашрлар ишлаб чиқариш ва тарқатиш учун зарур материаллар ҳамда инфратузилмалар устидан назорат ўрнатилишидан мустақил бўлган матбуотни тушунамиз”.
Ўзбекистон Президентининг “Холис ва адолатли журналист ва блогерларнинг танқидий чиқишлари эскича қолипда ишлайдиган раҳбарларнинг фаолиятидаги хато-камчиликларни кўрсатиб, уларни иш услубини ўзгартириш ва масъулиятини оширишга мажбур қилмоқда. Бундан буён ҳар бир давлат органи ўз кундалик фаолиятида оммавий ахборот воситалари билан яқин мулоқот ва ҳамкорликни йўлга қўйиши зарур ва шарт”[7], деган фикрларидан ҳам худди шу мантиқ келиб чиқади.
Ушбу Декларациянинг 3-бандида қайд этилганидек, “Плюралистик матбуот, деганда – биз барча турдаги яккаҳокимликларнинг барҳам топишини ва жамиятдаги барча ранг-баранг фикрлар ифодасини ўзида акс эттирувчи газеталар, журналлар ва даврий нашрлар имкон қадар кўпроқ бўлишини тушунамиз”.
Ҳақиқатан ҳам, кейинги йилларда мамлакатимизда катта аудиторияга эга бўлган қарийб 290 та хусусий ва идоравий интернет- нашрлар ташкил этилди. Улар бошқа материаллар қаторида энг муҳим расмий ахборотлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўзбек, рус ва инглиз тилларида тарқатмоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди шу мақсад йўлида изчил фаолият олиб бормоқда. Жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси “барча турдаги яккаҳокимликлар”дан холи равишда, яъни очиқ танловлар эълон қилиш орқали Ўзбекистондаги ННТ ва ОАВни мунтазам рағбатлантириб келмоқда.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг ахборот соҳаси ва оммавий коммуникацияларни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ўз маблағларини, жумладан, давлат ва нодавлат оммавий ахборот воситаларини ривожлантиришни рағбатлантириш ва уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш, шунингдек тармоқ корхоналарининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга йўналтирмоқда.
Виндхук декларациясининг 4-бандида “мустақил ҳамда плюралистик матбуот пайдо бўлиши учун тегишли муҳит” яратиш билан боғлиқ ўзгаришлар эътироф этилган. Декларациянинг 5-бандида қайд этилишича, “Демократияга ва ахборот ҳамда фикрни ифодалаш эркинлигига дунё миқёсида интилиш инсоният орзу-ниятларининг ижобати йўлида муҳим улуш ҳисобланади”.
Бу ҳақда сўз борганда, авваламбор, Виндхук декларациясида тилга олинган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг қоидалари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларида тўла ўз аксини топганини таъкидлаш лозим. Ҳозирги вақтда мамлакатда сўз эркинлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситаларини ҳар томонлама ривожлантириш, журналист ва блогерларнинг эркин фаолият юритиши учун ҳуқуқий асослар янада кучайтирилмоқда.
Хусусан, Жиноят кодексининг оммавий ахборот воситалари орқали “туҳмат” ва “ҳақорат қилиш” каби моддалари бўйича озодликдан маҳрум қилиш шаклидаги жазо чоралари бекор қилинди. Бу, шубҳасиз, айни соҳадаги мавжуд қонунчиликни либераллаштириш йўлида ташланган дадил қадамларга битта яққол далилдир.
Ўзбекистон Президентининг ташаббуси билан давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлигини таъминлашнинг янги тизими жорий этилди. Натижада кейинги 2-3 йил давомида кўплаб вазирлик ва идораларда ахборот хизматлари замон талаблари асосида қайтадан, 201 та туман ва шаҳар ҳокимликларида эса биринчи марта ташкил этилди.
Бу тизим, бир томондан, давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига доир ахборотларни олиш борасида оммавий ахборот воситаларининг ишини тубдан енгиллаштирди.
Иккинчи томондан, ана шу ахборот хизматлари томонидан ижтимоий жараёнлар ҳақида ишончли ахборот бериш мақсадида мунтазам матбуот анжуманлари, брифинглар, медиатурлар ташкил этилаётгани, ҳаётимиздаги муаммо ва ҳодисаларга тезкор муносабат билдирилаётгани, уларнинг веб-сайтлар, ижтимоий тармоқлар, мобиль мессенжерлардаги саҳифалари янгилаб борилаётгани, ўз-ўзидан, сўз ва матбуот эркинлигини таъминлашга муносиб ҳисса бўлиб қўшилмоқда.
Давлатнинг очиқлик ва ошкораликни, сўз ва матбуот эркинлигини рағбатлантириш борасидаги изчил сиёсатига янги бир мисол: 2021 йил 1 майдан бир қатор молиявий маълумотларни ОАВ ва интернетда эълон қилиш амалиёти жорий этилди[8].
Бундай очиқ маълумотлар сирасига, биринчидан, давлат органлари бюджетдан ташқари жамғармаларининг даромади ва харажатлари; иккинчидан, устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар ҳамда уларга устав фондининг (устав капиталининг) 50 фоизи ва ундан ортиғи тегишли бўлган юридик шахслар харидлари; учинчидан, давлат субсидия ва грантларининг миқдорлари ва олувчиларига оид далил ва рақамлар киради.
Ҳар йили юртимизда журналистика соҳасидаги энг нуфузли халқаро танлов – “Олтин қалам” миллий мукофотининг тақдимот маросими айнан 3 май – Жаҳон матбуоти эркинлиги кунида ўтказилиши ҳам ўзига хос рамзий маънога эга. Бу танлов давлат ташкилоти эмас, балки касбий жамоат ташкилоти, яъни Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси шафелигида ўтказиб келинмоқда.
Шуни аччиқ бўлса ҳам, очиқ айтиш керакки, юртимизнинг айрим журналист ва блогерларида билим, профессионал малака ва баҳс маданияти етишмаслиги билан боғлиқ муаммоларга бот-бот дуч келиб турибмиз. Бундай ҳолатлар жамоатчиликни ташвишга солаётганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди.
Бу борада жаҳондаги етакчи медиа компанияларининг кадрлар тайёрлаш ва улар билан ишлашга оид тажрибасини чуқур ўрганиб, чет эллик журналистлар билан тажриба алмашиш, халқаро ҳамкорликни кучайтириш давр талабидир. Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети, бошқа тегишли ташкилот ва муассасалар томонидан айни соҳада олиб борилаётган амалий саъй-ҳаракатлар яқин орада ўз самарасини бериши тайин.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, «Чегара билмас мухбирлар» нодавлат ташкилотининг жорий йилдаги хулосасида ҳам Ўзбекистон матбуот эркинлиги борасида муайян ютуқларга эришганига эътибор қаратилган. Буни эътироф этган ҳолда, санаб ўтилган баъзи бир муаммолар атрофлича ўрганилаётганини қайд этиш жоиз.
Айни вақтда кейинги уч йилдан буён мамлакатимизнинг тобора мустаҳкамланиб борган сўз эркинлиги рейтингидаги ўрнини қайта тиклаш ва янада яхшилаш бўйича амалий ечимлар изланмоқда. Давлатимиз раҳбари қайд этганидек, “Биз ўтган тўрт йил давомида жамиятимизда ошкоралик ва очиқлик, сўз эркинлиги муҳитида яшаш ва ишлашга аста-секин ўрганиб боряпмиз” [9].
Шу билан бирга, “Бир ҳақиқат ҳаммамизга аён бўлиши керак: барча соҳаларда амалга ошираётган ислоҳотларимиз қатори жамиятимизда очиқлик ва ошкоралик, ўзини ўзи танқид ва демократик янгиланиш жараёнлари энди ҳеч қачон ортга қайтмайди ва биз бу йўлни қатъий давом эттирамиз”[10], дейди давлат раҳбари.
Шундай қилиб, фикр ва сўз эркинлиги – ҳар қандай демократиянинг жон томири. Фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳамда уни ифодалаш инсоннинг энг муҳим ҳуқуқларидан бири ҳисобланади. Маълумотларга кўра, дунёнинг 13 фоиз аҳолиси, яъни ҳар 7 инсоннинг бири тўлақонли матбуот эркинлигини ёқлайди.
Ана шу рақамлар таркибида ўзбекистонликларнинг овози кўпчиликни ташкил этишига ишонамиз. Чунки биз ҳам жаҳоннинг барча илғор халқлари қатори Виндхук декларацияси қоидаларини ҳурмат қиламиз ва қадрлаймиз. ЮНЕСКО бош директори Одрэ Азуле таъбири билан айтганда, “Журналистикани ҳимоя қилиш – ҳақиқатни ҳимоя қилишдир”[11].
Ғулом МИРЗО,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист
[1] Генсек ООН: пандемия не должна привести к «вымиранию» свободной прессы // https://news.un.org/ru/story/2021/04/1401912
[2] Пандемия может обернуться исчезновением свободной журналистики //https://news.un.org/ru/story/2020/12/1393012
[3] Цифровая революция, пандемия и дезинформация: как спасти свободную прессу? //https://news.un.org/ru/story/2021/04/1401692
[4] Расмий баёнот /21.04.2021// https://aoka.uz
[5] Қаранг: Мустақил ва плюралистик Африка матбуотини қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги Виндхук декларацияси // А.Саидов, Ғ.Мирзо. Сўз, фикр ва ахборот эркинлиги: халқаро-ҳуқуқий асослар. – Т.: Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, 2021. – 114 бет.
[6] Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси / 29.12.2020 // https://president.uz/uz/lists/view/4057
[7] Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси / 29.12.2020 // https://president.uz/uz/lists/view/4057
[8] Қаранг: https://t.me/huquqiyaxborot/9606
[9] Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси / 29.12.2020 // https://president.uz/uz/lists/view/4057
[10] Президент Шавкат Мирзиёевнинг Конституция куни муносабати билан байрам табриги / 07.12.2020 // https://president.uz/uz/lists/view/3990
[11] Пандемия может обернуться исчезновением свободной журналистики //https://news.un.org/ru/story/2020/12/1393012
- Қўшилди: 03.05.2021
- Кўришлар: 4181
- Чоп этиш