Женевада БМТнинг Тараққиёт ҳуқуқи тўғрисидаги конвенцияси лойиҳаси муҳокама қилинмоқда

2021 йил 25 ноябрь куни Женевада БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши Тараққиёт ҳуқуқи бўйича ҳукуматлараро ишчи гуруҳининг 22-сессияси ўз ишини давом эттирди. Сессия ишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси иштирок этмоқда.

 Сессияга раислик қилаётган Элчи Замир Акромнинг маърузасида тақдим этилган Тараққиёт ҳуқуқи тўғрисидаги конвенция лойиҳаси бандма-банд муҳокама этилмоқда. БМТ муассасалари ва бошқа халқаро ташкилотлар, шунингдек фуқаролик жамияти вакиллари онлайн ҳамда офлайн шаклда бўлиб ўтаётган мунозараларда ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирмоқда.

Тараққиёт ҳуқуқи тўғрисидаги конвенция лойиҳаси матни 36 та моддадан иборат бўлиб, улар 5 та қисмга тақсимланган.

Биринчи қисмда Конвенциянинг мақсади ва вазифалари, унда қўлланган атамалар изоҳи баён этилган. Конвенцияни амалга ошириш учун зарур бўлган умумий принциплар белгиланган.

Иккинчи қисмда тараққиёт ҳуқуқига таъриф берилган. Ушбу ҳуқуқнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги бошқа ҳуқуқлар, хусусан, инсонлар ва миллатларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқи билан ўзаро муносабатларига аниқлик киритилган.

Учинчи қисмда мажбуриятлар қайд этилган. Бунда, жумладан, иштирокчи давлатларнинг тараққиёт ҳуқуқини таъминлашдаги халқаро мажбуриятлари, шунингдек бу борада ўзаро ҳамкорлик қилиш каби алоҳида вазифатлари ҳақида сўз боради.

Тўртинчи қисм институционал масалаларга бағишланган. Мазкур қисмнинг тегишли моддалари билан келгусида Конвенцияга протоколлар қабул қилиш ваколатига эга бўлган Иштирокчи давлатлар конференциясини таъсис этиш кўзда тутилмоқда. Бундан ташқари, Конвенцияни амалга ошириш механизмлари жорий этилмоқда.

Бешинчи қисмдан Конвенциянинг якуний қоидалари ўрин олган.

Тараққиёт ҳуқуқи тўғрисидаги конвенция лойиҳасининг 1-моддасида қайд этилганидек, “мазкур Конвенциянинг соҳаси ва мақсади тараққиёт ҳуқуқини бутун дунёдаги ҳар бир инсон ва жами халқлар барча жойларда тўлиқ, тенг ва аниқ амалга оширишини рағбатлантириш ва таъминлашдан, шунингдек ушбу ҳужжатнинг миллий ва халқаро даражаларда самарали қўлланиши ҳамда тўлиқ бажарилишини кафолатлашдан иборатдир”.

Кейинги беш йилда Ўзбекистон Президенти инсон қадрини ҳар томонлама жойига қўйиш йўлида олиб бораётган изчил сиёсат билан халқаро ҳамжамиятнинг тараққиёт соҳасидаги сўнгги тенденциялари ўртасидаги уйғунлик тобора яққол кўзга ташланмоқда. Хусусан, БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари билан Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида амалга оширилган Ҳаракатлар стратегиясининг устувор йўналишлари моҳиятан ўзаро ҳамоҳангдир.

Ўз навбатида, Женевада қизғин муҳокама этилаётган Тараққиёт ҳуқуқи тўғрисидаги конвенция лойиҳаси билан Ўзбекистон Президенти яқинда эълон қилган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси ўртасида ҳам инсон ҳуқуқларини ривожлантириш билан боғлиқ ўхшаш тамойиллар мавжуд. Ўзбекистон делегацияси ана шу илғор тамойилларнинг аҳамиятига эътиборни қаратди.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Тараққиёт ҳуқуқи бўйича ҳукуматлараро ишчи гуруҳи сессияси 26 ноябрь куни ўз ишини якунлайди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech