Китоб ўқиш маҳкумнинг жазо муддатини қисқартиради

Қонун лойиҳасига шарҳ

Сўнгги йилларда мамлакатимизда маҳкумларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш, жиноят-ижроия қонунчилигини халқаро ҳуқуқнинг жазони ижро этиш ҳамда маҳкумлар билан муомалада бўлишга тааллуқли принциплари ва нормалари билан уйғунлаштириш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Лекин қонунчиликка илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда, маҳкумларнинг қонунга итоаткор хулқ-атворини, инсонга, жамиятга, меҳнатга, жамият турмуши қоидалари ва анъаналарига ҳурмат муносабатини рағбатлантиришга қаратилган нормаларни киритиш зарурати юзага келмоқда.  

Шу мақсадда маҳкумларни ахлоқан тузатиш ишлари самарадорлигини оширишга қаратилган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, ушбу лойиҳа билан Жиноят кодексига китоб ўқишга жалб қилиш орқали маҳкумларни ахлоқан тузатиш бўйича янги 74/1-модда  киритилмоқда.  

Унга кўра, фақат жазо муддатини тўлиқ ўташи лозим бўлган маҳкумларга нисбатан тасдиқланган рўйхат бўйича 1 та китоб ўқиган ва белгиланган тартибда имтиҳон топширган тақдирда жазосини 3 кунга қисқартириш назарда тутилмоқда.  

Шунингдек, ушбу кодекснинг 73, 74-моддалари асосида эса жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш ёки енгилроғи билан алмаштириш масаласини ҳал этиш вақтида инобатга олиниши белгиланяпти.

Бундан ташқари, ўзини ўзи тарбиялаш йўли билан тузалиш йўлига ўтганини тасдиқловчи ҳаракатларни бажариши муносабати билан жазо муддатини қисқартиришнинг процессуал тартиблари ҳамда зарур бўлган адабиётлар билан таъминлашни белгилаш бўйича нормалар назарда тутилмоқда.

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши маҳкумларни ижтимоий фойдали машғулотлар билан шуғулланишга жалб қилиш орқали ахлоқан тузатиш ишлари самарадорлигини оширишга ҳамда қонуннинг тарбиявий таъсирини кучайтиришга хизмат қилади.

Муҳтарама Комилова, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech