2021 йил 9 август куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди билан ҳамкорликда давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирда мамлакатимизда конституциявий назорат институтининг ташкил этилиши тарихи ва ривожланиши истиқболлари, шунингдек жорий йил 27 апрелда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонуннинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида сўз юритилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов давра суҳбатини очар экан, “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонуннинг қабул қилиниши – мамлакатимиздаги кенг қамровли демократик ислоҳотлар билан бевосита боғлиқлигини таъкидлади. Эндиликда Конституция ва амалдаги қонунлар ўртасида учрайдиган айрим зиддиятларни шарҳлаш, шунингдек аҳоли кундалик ҳаётида дуч келаётган муаммолар бориб тақаладиган ҳуқуқий асослар Конституция ва қонунлар талабига нечоғлик мослигини аниқлаш имкониятлари тубдан кенгаяди.
Янги Конституциявий қонун инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни янада кучайтириш ва миллий қонунчиликни эркинлаштириш ғояларига мувофиқ ҳолда қабул қилинди. Унга Конституциявий суд ишларини юритишни ривожлантиришга қаратилган принципиал янгиликлар киритилгани жуда муҳим.
Давра суҳбатида иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раисининг ўринбосари Асқар Ғафуров Конституциявий суднинг ваколатлари, фаолият тартиби, унга мурожаат қилиш ҳуқуқи ҳақида атрофлича маълумот берди. Шунингдек, “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги қонун асосида жорий этилган бир қатор янгиликларга тўхталди.
Биринчидан, фуқаролар ва юридик шахсларга Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқи берилди.
Иккинчидан, Конституциявий суд судьяларининг таркиби шу вақтга қадар 7 нафар бўлса, энди 9 нафар этиб белгиланди.
Учинчидан, Конституциявий суд судьясининг ваколат муддати қайта кўриб чиқилди. Аввал Конституциявий суд судьясининг ваколат муддати беш йилни ташкил этган бўлса, янги қонунга кўра биринчи марта сайланганда беш йилни, навбатдаги сайланганда ўн йилни ташкил этади.
Тўртинчидан, Конституциявий суд раиси ва унинг ўринбосари бўлишга муддат нуқтаи назаридан чеклов ўрнатилди. Қонуннинг 18-моддасига биноан эндиликда айни бир шахс Конституциявий суд раиси ёки унинг ўринбосари этиб икки муддатдан ортиқ сайланиши мумкин эмас.
Бешинчидан, Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга субъектлар сони 15 тага етди (илгари 12 та бўлган). Қонуннинг 27-моддасига мувофиқ, қуйидагилар Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга ҳисобланади:
- Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари;
- Ўзбекистон Республикаси Президенти;
- Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси;
- Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман);
- Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари — Бола ҳуқуқлари бўйича вакил;
- Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси;
- Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг камида тўртдан бир қисмидан иборат депутатлар гуруҳи;
- Сенат аъзолари умумий сонининг камида тўртдан бир қисмидан иборат сенаторлар гуруҳи;
- Ўзбекистон Республикаси Олий суди;
- Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори;
- Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси;
- Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий маркази;
- Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил.
Тадбирда демократик давлатларда конституциявий шикоят институти инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлашнинг муҳим институтларидан бири эканлиги, конституциявий шикоятнинг киритилиши фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини янада кенг ҳимоялашга хизмат қилиши қайд этилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий марказининг Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга субъектлар сафидан жой олганини ҳисобга олиб, мамлакатимизда инсон манфаатлари тўла таъминланишини кўзлаган ҳолда, тез орада дастлабки мурожаат матнини шакллантириш юзасидан таклифлар билдирилди.
Иштирокчилар Конституциявий суд фаолиятига доир янги Қонун юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга тўлиқ жавоблар олди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 09.08.2021
- Кўришлар: 4183
- Чоп этиш