Янги Ўзбекистон – хорижликлар нигоҳида

ЎЗБЕКИСТОННИНГ ТАШҚИ СИЕСИИ ТАШАББУСЛАРИ фақат миллий манфаатлардан келиб чикқан ҳолда узоқ истиқболга қаратилган

25 май куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши йиғилишида онлайн тарзда иштирок этиб, нутқ сўзлади.

ЕОИИ миллий иқтисодиётларни ҳар томонлама модернизация қилиш, ўзаро ҳамкорлик ва рақобатбардошлигини ошириш ҳамда аъзо давлатлар аҳолисининг турмуш даражасини ошириш манфаатларида барқарор ривожланиш учун шароитни яратиш мақсадида ташкил этилган. Ўзбекистон 2020 йил декабрь ойида ЕОИИда кузатувчи давлат мақомини олган.

Халқаро экспертларнинг фикрича, Президент Шавкат Мирзиёев илгари сурган таклифлар ташкилот доирасидаги амалий савдо-иқтисодий шерикликни кенгайтириш учун сифат жиҳатидан салмоқли ҳисса бўлиб хизмат қилади.

Эдуардо Гулян (Испания),

«ACIR Southern Europe» Евроосиё бизнес алянси раҳбари :

- Ўзбекистон Президенти саноат кооперацияси, транспорт-логистика ва электрон платформаларни бирлаштириш соҳасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратиб, ЕОИИ доирасида келгусидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишларини аниқ-равшан белгилаб берди.

Хусусан, у ўзаро савдо-сотиқдаги тўсиқ ва чекловларни бартараф этишга эътибор қаратиб, иқтисодий алоқаларнинг барқарор ривожланишини таъминлаш бўйича ёндошувларни янада мувофиқлаштириш зарурлигини таъкидлади.

Ўзбекистон раҳбарининг муқобил транспорт йўлакларини шакллантириш ва барқарор логистика занжирларини яратиш бўйича биргаликдаги ишларни кучайтириш бўйича ташаббусини алоҳида таъкидлашни истар эдим. Хусусан, Марказий Осиё минтақасини Хитой, Яқин Шарқ ва Жанубий Осиё мамлакатлари билан боғлайдиган халқаро Шимол–Жануб йўналишлари ва бошқа автомобил йўлларини ривожлантириш ташаббуси катта эътиборга молик.

Ўзбекистон раҳбарининг ушбу таклифи Ўзбекистоннинг экспорт салоҳиятини янада мустаҳкамлаш ва янги транспорт йўлакларини барпо этиш нуқтаи назаридан долзарбдир, деб ҳисоблайман.

Европада ЕОИИнинг ривожланиши, "тўрт эркинлик" - товарлар, хизматлар, капитал ва ишчи кучи эркинлигини шакллантириш вазифаларининг изчил амалга оширилиши катта қизиқиш билан кузатилмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, бугунги кунда Ўзбекистон очиқ иқтисодий сиёсат олиб бормоқда, савдони эркинлаштириш, саноатни модернизация қилиш, инвестиция муҳитини янада яхшилаш чоралари кўрилмоқда. Халқаро ҳамжамият билан ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантириш ва чуқурлаштириш бўйича фаол ишлар олиб борилмоқда.

Ўйлайманки, дунёнинг барча мамлакатлари жаҳон бозорларидаги беқарорлик ва глобал таъминот занжирларининг узилишига рўпара келган бир шароитда иқтисодий барқарор ўсишни таъминлашга ҳамда  рақобатбардошликни оширишга йўналтирилган самарали амалий ечимлар зарур.

Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ЕОИИнинг навбатдаги йиғилишида илгари сурган ташаббуслари, менинг фикримча, ўз вақтида кўтарилган масалалар бўлиб, улар ўзида жаҳон иқтисодий кун тартибининг долзарблигини акс эттиради.

 Василий Кашин (Россия),

Олий Иқтисодиёт мактабининг Европа ва халқаро муносабатлар илмий-тадқиқот маркази директори:

-  Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон билан Евроосиё иқтисодий иттифоқи ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисида муҳим нутқ сўзлади. Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқида кузатувчи мамлакат сифатида аъзо бўлганидан бери ушбу тузилманинг тадбирларида мунтазам равишда иштирок этиб келмоқда.

Ўзбекистон раҳбари ЕОИИ мамлакатлари билан ҳамкорликни ривожлантириш, биринчи навбатда, савдо тартиб-қоидаларини соддалаштириш, товар айирбошлашни кескин ошириш учун шарт-шароитлар яратиш, санитария назорати тартиб-қоидалари, тегишли рухсатномалар берилишини соддалаштириш ва бошқалар билан боғлиқ қатор ташаббусларни илгари сурди.

Кўриниб турибдики, Ўзбекистон раҳбарияти иттифоқ билан иқтисодий алоқаларни ривожлантириш учун салмоқли саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда. Шу билан бирга, Президент баён этганидек, «Ўзбекистон–Афғонистон–Покистон» темир йўл тармоғи сингари республика илгари сураётган муҳим транспорт ва инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишда ЕОИИ аъзоларининг ҳамкорлигини кутмоқда.

«Дунё» АА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech