Айни кунларда ташкилот ва идораларда, муассасаларда турли соҳа вакиллари иштирокида "Ўзбекистон — 2030" стратегияси мазмун-моҳиятини ўрганиш, ундан келиб чиқадиган вазифаларни белгилаб олиш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Тошкент давлат шарқшунослик университетида Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси билан ҳамкорликда “Ўзбекистон – 2030” стратегияси: очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат олиб боришнинг устувор вазифалари” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Давра суҳбатини қўмита раиси Дилором Файзиева кириш сўзи билан очар экан, мазкур Стратегия мамлакатимиз ривожи, халқимиз фаровонлигини таъминлашда муҳим ҳужжат, келгуси 7 йиллик тараққиётимизнинг дастуриламали бўлганини таъкидлади.
Шунингдек, давра суҳбатида Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, академик Акмал Саидов маъруза қилди:
— Жорий йилда умумхалқ референдуми билан янги таҳрирдаги Конституциямиз қабул қилингани мамлакатимиз тарихида мутлақо янги даврни бошлаб берди, Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг конституциявий ҳуқуқий асослари мустаҳкамланди. «Ўзбекистон — 2030» стратегияси янги таҳрирдаги Конституцияда белгиланган нормаларни ҳаётимизга татбиқ этишга, инсон қадрини улуғлашга хизмат қиладиган ҳужжатдир. Зеро, унда бешта муҳим йўналишда белгиланган вазифаларнинг барчаси инсон қадрини юксалтиришга, аҳоли фаровонлиги, юрт ривожини таъминлашга хизмат қилади, — деди А.Саидов.
Тадбирда Стратегиянинг “Хавфсиз ва тинчликсевар давлат тамойилига асосланган сиёсатни изчил давом эттириш” деб номланган 5-устувор йўналишида белгиланган вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди. Қайд этилганидек, ушбу йўналишдаги вазифалар мамлакатимизнинг очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсатини изчил давом эттириш ҳамда мудофаа ва хавфсизлигини таъминлашга замин бўлади.
Давра суҳбатида сўзга чиққанлар Ўзбекистоннинг минтақавий ва халқаро жараёнлардаги иштироки ортаётгани, шунингдек, Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорлик алоқалари янада мустаҳкамланиб, кенгайиб бораётганини таъкидлади.
— Барчамизга маълумки, Президентимиз раҳбарлигида олиб борилаётган вазмин, конструктив ва тинчликсевар ташқи сиёсат натижасида мамлакатимизнинг Ўрта Осиё ва жаҳон ҳамжамиятидаги ўрни юксалиб бормоқда, — дейди депутат З.Акромова. — Ўзбекистоннинг Марказий Осиёни барқарорлик, хавфсизлик ва фаровонлик минтақасига айлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатлари туфайли «Марказий Осиё» руҳи деган янги тушунча пайдо бўлди. Минтақа нафақат жуғрофий, балки инвестициявий, савдо-иқтисодий, сиёсий, транспорт коммуникациявий бирлик сифатида ҳам намоён бўлмоқда. Бундан ташқари, юртимизда хорижда истиқомат қилаётган ватандошларни қўллаб-қувватлаш, улар билан доимий мулоқот тизимини жорий этиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилаётгани эътиборга моликдир. «Ўзбекистон — 2030» стратегиясида белгиланган бу борадаги вазифалар доирасида ушбу йўналишдаги амалий ишларимиз янада кенгаяди. Узоқ ва яқин қўшни давлатлар билан ўзаро манфаатли алоқаларимиз янада ривожланади.
Давра суҳбатида «Ўзбекистон — 2030» стратегиясида очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсатни изчил давом эттириш билан боғлиқ устувор вазифаларнинг ижроси устидан парламент ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш борасидаги вазифалар белгилаб олинди.
Муҳтарама Комилова,
Даврон Эрназаров (сурат), ЎзА
- Қўшилди: 21.09.2023
- Кўришлар: 3401
- Чоп этиш