Инсон қадри – улуғ, инсон ҳуқуқлари – бардавом

«Конституция – халқчил давлат,

барқарор тараққиёт ва фаровон ҳаёт асоси!»

 

Сўнгги йилларда дунёда коронавирус пандемияси ва иқтисодий инқироз, кескин рақобат, турли қарама-қаршилик ва зиддиятлар туфайли юзага келган ғоят оғир ва мураккаб вазиятда халқимиз Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида муҳим натижаларга эришмоқда. Бунда дастлаб Ҳаракатлар стратегияси, эндиликда Тараққиёт стратегияси ва “Ўзбекистон – 2030” стратегияси  дастуриламал бўлмоқда.

Эл-юртимизнинг Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида эришаётган ушбу ютуқлари халқаро жамоатчилик томонидан эътироф этилмоқда. Энг асосийси, ватандошларимизнинг онгу тафаккури, дунёқараши ўзгариб, улар ислоҳотлар самарасини кундалик ҳаётида тобора теран ҳис қилиб яшамоқдалар.

Саноқли кунлардан сўнг мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ўттиз бир йиллигини кенг байрам қиламиз. Ушбу қутлуғ байрам Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 75 йиллиги тантаналари билан уйғунликда нишонланаётгани бежиз эмас.

Ҳар икки ҳужжатда – Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида ҳам, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳам инсон қадри бирдек улуғланади. Инсон қадри дегани, содда қилиб айтганда, инсонни улуғлаш ва инсонлар ўртасидаги ўзаро меҳр-муҳаббатни қадрлаш деганидир.

 “Инсон қадри” тушунчаси – инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари ҳар томонлама таъминланишини ҳам ўзида қамрайди. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 1-моддасида қайд этилганидек, “Ҳамма одамлар ўз қадр-қиммати ҳамда ҳуқуқларида эркин ва тенг бўлиб туғиладилар”.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 13-моддасига кўра, “Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ажралмас ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади”.

Айниқса, 2023 йил 30 апрелдаги умумхалқ референдумида қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституциямизнинг инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳар томонлама таъминлашга оид нормалари Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг бу борадаги қоидалари билан янада уйғунлаштирилгани эътибор ва эътирофга сазовор. Айни фикримизни Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 15-моддасидаги: “Ҳар бир инсоннинг фуқаро бўлиш ҳуқуқи бор”, деган биргина норма таҳлили мисолида кўриб чиқайлик.

Бугунги кунда фуқароликка эга эмаслик ёки муайян шахснинг қайсидир мамлакат фуқароси сифатида тан олинмаслиги вазиятини бутун дунёда миллионлаб инсонлар ўз бошидан кечирмоқда. Фуқароликка эга эмас ва зарур ҳужжатларсиз шахслар асосий ҳуқуқлари, жумладан, таълим олиш, расман ишга жойлашиш, тиббий хизмат ёки никоҳини расмийлаштириш ҳуқуқларидан кўпинча фойдалана олмайдилар.

Шахснинг фуқароликка эгалиги жамият ҳаётига тўлақонли иштирок этиш, хусусан, сиёсий ҳуқуқларини амалга ошириш, сайловда иштирок этиш, мулк ҳуқуқидан фойдаланиш, меҳнат, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги ҳуқуқларини қонуний асосда кенг рўёбга чиқариш имкониятларини кафолатлайди. Фуқаролик, шунингдек, инсоннинг мамлакат ҳудудида бир жойдан иккинчи жойга кўчиш, мамлакатга келиш ва ундан чиқиб кетиш каби бошқа бир қатор ҳуқуқларини ҳам таъминлайди.

Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан амалга оширилаётган шиддатли ислоҳотлар туфайли мамлакатимизда фуқаросизликка барҳам бериш борасидаги вазият кейинги етти йилда тубдан ўзгарди. БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг фуқаролиги бўлмаган шахслар сонини камайтириш бўйича қатъий чоралар кўриш билан боғлиқ чақириғига жавобан биргина 2021 йилнинг ўзида 56 минг 751 нафар шахс Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига эга бўлди.

Маълумки, 2023 йил биринчи ярмидаги ҳолатга кўра, Ўзбекистонда 25 минг 413 нафар фуқароликка эга эмас шахс яшайди. Бу – Марказий Осиё минтақасидаги давлатлар орасида энг катта кўрсаткич бўлиб, айни шахсларнинг аксарияти собиқ Совет иттифоқининг собиқ фуқаролари ва уларнинг авлодлари ҳисобланади.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази бу борада 2020 йилдан буён БМТ Қочоқлар ишлари бўйича олий комиссари Бошқармаси билан самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда. Бунда Универсал даврий ҳисоботнинг фуқароликка эга эмаслик ҳолатларини камайтириш ва тугатиш ҳамда қочоқларни ҳимоя қилишга тааллуқли тавсияларини бажаришда Ўзбекистоннинг мавжуд салоҳиятини рағбатлантиришга алоҳида аҳамият қаратилмоқда.

Кейинги даврда янгиланган "Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида"ги қонунга мувофиқ, мамлакатимизда камида 15 йил давомида яшаб турган ва доимий яшаш жойида рўйхатдан ўтган фуқаролиги бўлмаган шахсларга тўғридан-тўғри фуқаролик берилишининг янги тартиби ўрнатилди.  

Бундан ташқари, БМТ Қочоқлар ишлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг 2024 йилгача фуқаросизликка барҳам бериш бўйича Глобал ҳаракатлар режасига кўра, Ўзбекистонда туғилиш ҳолатларини ялпи рўйхатга олишни таъминлаш мақсадида чақалоқларни, шу жумладан, ҳужжатлари мавжуд бўлмаган ота-оналардан туғилган болаларни расмийлаштириш амалиётига ўзгаришлар киритилган.

Фуқаролик ва фуқаросизлик бўйича модул ҳамда мазкур модул асосида ўқитувчиларга таълим бериш дастури ишлаб чиқилди. Марказий Осиёда фуқаросизликни камайтириш ва тугатиш масалаларига бағишланган қўшма тадбирлар ташкил этилди. БМТнинг 1954 йилги Апатридлар мақоми тўғрисидаги конвенцияси ва 1961 йилги Фуқаросизликни қисқартириш тўғрисидаги конвенцияси ҳамда Фуқаролиги бўлмаган шахсларни ҳимоя қилиш бўйича Раҳбарий қоидалар ўзбек тилига таржима қилинди ва нашр этилди.

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 13-моддасида ҳар бир инсон ҳар бир давлат доирасида бир жойдан иккинчи жойга эркин кўчиш ва ўзига яшаш жойини танлаш, исталган мамлакатни, шу жумладан, ўз мамлакатини тарк этиш ва ўз мамлакатига қайтиш ҳуқуқига эга эканлиги қайд этилган.

Яшаш жойини танлаш эркинлиги Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 12-моддасида кўрсатилган. Пактда қайд этилишича, ушбу эркинлик қонунда назарда тутилган, давлат хавфсизлигини, жамоат тартибини, аҳоли саломатлигини ёки ахлоқ-одобини ёки бошқаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш учун зарур бўлган ва Пактда эътироф этилган бошқа ҳуқуқлар билан мос келадиган чекловлардан бошқа ҳеч қандай чекловларга дучор бўлмаслиги керак.

Шу маънода, Президент Шавкат Мирзиёевнинг оқилона сиёсати  ва халқимизнинг амалий таклиф-тавсиялари негизида янги таҳрирда қабул қилинган  Конституциямизнинг 23-моддаси қуйидаги янги нормалар ҳисобига бойитилди:

 «Ўзбекистон  Республикаси  фуқароси  Ўзбекистондан  ташқарига мажбурий чиқариб юборилиши ёки бошқа давлатга бериб юборилиши мумкин эмас.

Давлат  хорижда  яшаётган ватандошлар  билан алоқаларни сақлаб қолиш ҳамда ривожлантириш тўғрисида халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ ғамхўрлик қилади».

Мазкур конституциявий нормаларда, бир томондан, Ўзбекистон давлати ва халқининг мустақиллиги, суверенитетига асосли равишда урғу берилган бўлса, иккинчи томондан, инсоннинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини янада мустаҳкам кафолатлаш назарда тутилган.

Мухтасар айтганда, юртимизда истиқомат қиладиган ҳар бир инсон давлат раҳбарининг: “Ҳеч ким ҳеч қачон унутмаслиги керак: қанчалик қийин бўлмасин, қанча маблағ ва имконият талаб этилмасин, Ўзбекистоннинг биронта фуқароси ўз ҳолига ташлаб қўйилмайди”, деган қатъий иродаси ва принципи ҳаётимизда нечоғлик самарадор тасдиғини топаётганига амалда гувоҳ бўлмоқда.

 

Фарида ҲАҚБЕРДИЕВА,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази масъул ходими

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech