Ўзбекистон халқаро ислом академиясида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик, юридик фанлар доктори, профессор Акмал Саидовнинг “Ҳазрат Занги ота” китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Тақдимотда Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Уйғун Ғафуров, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари, Тошкент ислом институти ректори Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов, “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали Бош муҳаррирининг ўринбосари Азизбек Рамазонов, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ходимлари, Академия профессор-ўқитувчилари ҳамда талабалар иштирок этди.
Тадбирни “Ислом тарихи ва манбашунослиги ИРCИCА” кафедраси мудири Неъматулло Муҳамедов олиб борди.
Давра суҳбатида Академия ректори Уйғун Ғафуров Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан Тошкент вилоятидаги Занги Ота мажмуаси ва унга туташ ҳудудларда кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилгани ҳамда мажмуа ҳудудида 1000 ўринли янги масжид биноси қад ростлагани ҳақида гапириб ўтди.
Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс пойдевори яратилаётган ҳозирги миллий юксалиш даврида Президентимиз раҳнамолигида бутун ислом дунёсида машҳур Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотирудий, Абул Муъин Насафий, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд, Ҳазрат Занги ота каби буюк алломалар илмий-маънавий мероси теран ўрганилиб, меʼморий мажмуалари ободонлаштирилди ва халқимизнинг муқаддас зиёратгоҳларига айлантирилди.
Шу ўринда давлатимиз раҳбарининг “Буюк аллома Ойхўжа ибн Тошхўжа – Занги отанинг номи, бу муборак зотнинг Тошкент вилоятидаги зиёратгоҳи мусулмон оламида маълуму машҳурдир”, деган фикрлари аллома шахсиятига берилган баҳо десак адашмаган бўламиз.
Академик Акмал Саидовнинг “Ҳазрат Занги ота” номли китобида улуғ авлиё, шайх, тасаввуфнинг йирик намояндаларидан бири Ҳазрат Занги ота (Ойхўжа ибн Тошхўжа) ҳақида сўз боради. Мовароуннаҳрнинг буюк валийларидан бири бўлган бу мўтабар зот Хожа Аҳмад Яссавийнинг устози Арслонбобонинг эварасидир. Китобда Занги отанинг таржимаи ҳоли, хусусан, исм ва насаблари, аҳли аёллари, сулоласи, таваллуд ва вафот вақтлари, Ватани, саёҳат ва изланишлари, устоз ва шогирдлари, Яссавия тариқатидаги даражалари, мақбара ва зиёратгоҳлари тўғрисида маълумотлар баён этилган.
Занги ота мажмуаси – нафақат Ўзбекистон, айни чоғда, Марказий Осиё минтақасидаги ноёб тарихий-меʼморий ва маданий-маърифий мажмуа ва табаррук зиёратгоҳлардан ҳисобланади. Шу маънода, мажмуанинг Соҳибқирон Амир Темур томонидан бунёд этилиши, Темурийзода – олим ва шоҳ Мирзо Улуғбек томонидан таъмирланиши, кейинги даврларда, айниқса, мустақиллик йилларида бу мўтабар масканда амалга оширилган ободлик ва бунёдкорлик ишлари ҳақида ҳам китобда муҳим маълумотлар берилган.
Асарда Ҳазрат Занги отанинг маънавияти ва фаолияти мисолида тасаввуфга доир қизиқарли маълумотлар келтирилган. Занги отанинг каромат ва фазилатлари, ул зот ҳақидаги шеʼр ва ривоятлар, шунингдек, улуғ авлиё меросининг Шарқда ва Ғарбда ўрганилиши масалари талқин этилган.
Ушбу китоб 2015-йилда нашр этилган бўлса-да, шу ўтган давр мобайнида муаллиф мавзу доирасида кўплаб илмий изланишлар олиб борди, ўз фикр-мулоҳазаларини рисолада, журнал ва гезеталарда эълон қилди. Ушбу тўлдирилган ва қайта ишланган иккинчи нашрда Ҳазрат Занги ота ҳаёти ва фаолиятига доир янгидан-янги маълумотлар, китобнинг биринчи нашри хусусида юртимиз зиёлилари, олиму адиблари томонидан билдирилган фикрлар билан ҳам яқиндан танишасиз.
Китоб илмий-оммабоп усулда ёзилган бўлиб, тасаввуф тарихи билан қизиқувчи мутахассислар ҳамда кенг китобхон оммасига мўлжалланган.
Тақдимотда Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректор Зоҳиджон Исломов, профессорлар Нурислом Тўхлиев, Саидакбар Агзамхўжаев ҳамда Исломшунослик факултети талабаси Ёсинхон Аҳмадхонов сўзга чиқиб, китоб ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтишди.
Талабалар ўзларининг китоб ҳақидаги қизиқарли саволлари билан фаол қатнашдилар.
Якунда “Ҳазрат Занги ота” номли китобдан бир нечтаси Академиянинг Ахборот-ресурс марказига топширилди.
Ўзбекистон халқаро ислом академияси
- Қўшилди: 29.11.2023
- Кўришлар: 2864
- Чоп этиш