Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари ташаббуси билан “Барқарор ривожланиш мақсадлари ойлиги” ўтказилди. Ушбу муҳим ҳуқуқий-маърифий тадбир доирасида Барқарор ривожланишнинг Ўзбекистонда қабул қилинган ҳар бир мақсадига бағишланган 20 дан ортиқ анжуман – халқаро конференциялар, давра суҳбатлари, жамоатчилик эшитувлари ташкил этилди.
Яқинда Тошкентда “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда фуқаролик жамияти институтлари ва ногиронларнинг иштирокини кенгайтириш” мавзуида халқаро конференция бўлиб ўтди. Ушбу халқаро анжуманда Сенат аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон илмий ва эксперт ҳамжамиятлари, фуқаролик жамияти институтларининг 250 нафардан ортиқ вакили, шунингдек, хорижий экспертлар иштирок этди.
Форумда асосий эътибор 2030 йилгача Ўзбекистонни барқарор ривожлантириш бўйича ўн олтита Миллий мақсадни амалга оширишда фуқаролик жамияти институтлари, фуқаролар, айниқса, ногиронлиги бўлган шахслар иштирокини кенгайтириш масалаларини кўриб чиқишга қаратилди. Шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда фуқаролар ва фуқаролик жамияти иштирокини кенгайтириш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама этилди.
Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституцияси: Барқарор ривожланиш мақсадларининг акс этиши
Форумда янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида Барқарор ривожланиш мақсадларининг асосий қоидалари ўз ифодасини топгани ва бу мақсадларга эришиш учун зарур конституциявий-ҳуқуқий асос яратилгани, Янги Ўзбекистон БМТнинг 2030 йилгача барқарор ривожланиш бўйича кун тартибига ўзининг қатъий содиқлигини яна бир бор намоён этаётгани бунинг яққол далолати экани таъкидланди.
Халқаро форум иштирокчилари халқимиз, жамоатчилигимизнинг кенг қатламлари, шубҳасиз, Ўзбекистонда ўтган конституциявий ислоҳотларнинг ташаббускори бўлганини, ушбу янгиланишларнинг асосий ғоявий илҳомлантирувчиси – Ўзбекистон Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев эканини алоҳида таъкидладилар.
Биринчидан, 2021 йил октябрь ойида бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида барча номзодларнинг электорати, яъни сайловчилари вакиллари билан учрашувларда ҳаётнинг ўзи талаб қилган, мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ўзгаришлар мантиғи тақозоси билан муҳим таклиф илгари сурилди. Бу –конституциявий ислоҳотларни амалга ошириш таклифидир.
Хусусан, сайловчилар томонидан инсоннинг экологик ҳуқуқлари, мамлакатимиз аҳолисининг ҳозирги ва келажак авлодларининг қулай атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш, экологик жиҳатдан ноқулай ҳудудлардаги вазиятни яхшилашга доир масалаларнинг долзарблиги ва ҳаётий аҳамиятини ҳисобга олган ҳолда, бу ҳуқуқларни мамлакатимизнинг Асосий Қонунида акс эттириш юзасидан таклифлар билдирилди.
Мамлакатимизда инсон қадр-қимматини, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини, миллатлараро ва конфессиялараро тотувликни таъминлаш, хусусий мулкни, жумладан, ер ва ер ости бойликларини ҳимоя қилишнинг конституциявий-ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, фуқаролик жамияти институтлари, шу жумладан маҳалла тизимининг роли ва мавқеини ошириш, анъанавий қадриятларни келажак авлодга асраб-авайлаб етказиш, оила институтини мустаҳкамлаш, ёшларга оид давлат сиёсати ва гендер сиёсатини, инновацион ва яшил иқтисодиёт ҳамда билимлар иқтисодиётини ривожлантириш, иқтисодий ва ижтимоий соҳаларга сармоя киритишни кенгайтириш зарурлигига эътибор қаратилди.
Сайловчилар, шунингдек, Ўзбекистоннинг ижтимоий давлат мақомини белгилаш муҳимлигини қайд этдилар. Бинобарин, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, айниқса, ногиронларни конституциявий ва ижтимоий ҳимоя қилишни кенгайтириш, ижтимоий йўналтирилган давлат қуриш, суд ҳокимияти мустақиллигининг конституциявий асосларини мустаҳкамлаш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг устувор йўналишларини таъминлаш, бу борада Конституция ва қонунлар устунлиги тамойилларини, инсон ҳуқуқлари устуворлиги ва суд қарорларининг адолатлилигини таъминлашга тааллуқли истиқболдаги янгиланишлар шуни тақозо этди.
Иккинчидан, сайловчиларнинг хоҳиш-истакларини чуқур ўрганиш асосида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев конституциявий ислоҳотлар зарурлигини бир неча чиқишларида кўрсатиб ўтди. Давлат раҳбарининг парламентга ва мамлакат халқига йўллаган иккита Мурожаатномаси, кўплаб маърузалари, шунингдек, “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” номли илк фундаментал муаллифлик монографиясида ушбу ғоя ўз ифодасини топган.
Учинчидан, сиёсий партиялар, биринчи навбатда, ЎзЛиДеП ва “Миллий тикланиш” демократик партияси ўз электоратининг бўлажак конституциявий ислоҳотларга муносабати ва истакларини чуқур ўрганди. Шу билан бирга, мазкур партияларнинг 1,5 миллиондан ортиқ аъзоси ва уларнинг электорати Конституцияни модернизация қилиш зарурлигини нафақат қўллаб-қувватлади, балки бу борадаги янгиланишлар Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси мақсад ва вазифаларига эришиш, барқарор ривожланишни таъминлаш, жамият ва мамлакат ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий, маданий-гуманитар ҳаётининг барча соҳаларини янада тезкор ва шиддатли ислоҳ қилиш учун зарур ҳуқуқий асосларни яратишнинг энг муҳим шарти эканини кўрсатди.
Тўртинчидан, Ўзбекистон Конституциясининг янги таҳрири лойиҳасини ишлаб чиқиш ва умумхалқ муҳокамасининг турли босқичларида фуқаролар, илмий жамоатчилик, фуқаролик жамияти институтлари, хусусий сектор, давлат органлари ва ташкилотлари вакилларидан 220 мингдан ортиқ таклиф келиб тушди. Бу 1992 йилги умуммиллий муҳокама жараёнида келиб тушган таклифлар сонидан тахминан 50 баробар кўпдир.
Бешинчидан, Ўзбекистон Конституциясининг янги таҳрири лойиҳасини ишлаб чиқиш ва муҳокама қилишда, конституциявий ислоҳотларни амалга оширишда фуқаролик жамияти институтлари ва мамлакат илмий жамоатчилиги вакиллари фаол иштирок этди.
Форум иштирокчиларининг фикрича, буларнинг барчаси, бир томондан, мамлакатимиз аҳолисининг фуқаролик позицияси мустаҳкамланаётганидан, демократик институтлар фаоллиги ошаётганидан дарак беради. Иккинчи томондан, бу мамлакат ва давлат ишларини бошқаришда фуқаролар ва фуқаролик жамияти институтларини ҳар томонлама жалб этишга асосланган ислоҳотлар сиёсатининг очиқлиги ва ошкоралиги ортиб бораётганидан далолатдир.
Иштирокчилар янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституциясида Барқарор ривожланиш мақсадлари тўлиқ имплементация қилингани, яъни уйғунлаштирилганига бир қатор аниқ мисолларни келтирдилар. Хусусан, Конституцияда инсон ва табиат ўртасидаги уйғунликни таъминлаш, иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва табиий муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги нормалар мустаҳкамланган бўлиб, бундай нормалар Барқарор ривожланиш мақсадларининг 6-мақсадига тааллуқлидир. Жумладан, Ўзбекистон Конституциясидаги:
- мамлакатимизнинг бебаҳо табиий бойликларини ва соғлом атроф-муҳитни кўпайтириш ва асраб-авайлаш йўлида бугунги ва келажак авлодлар учун мамлакатимизни янада конституциявий ривожлантириш, шунингдек, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиатни муҳофаза қилиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш; табиий бойлик ва биологик хилма-хиллик, иқлим ўзгаришига, эпидемияларга, пандемияларга қарши курашиш, уларнинг оқибатларини юмшатиш (Муқаддима, 4-банд, 115-модда);
- ҳар кимнинг қулай атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш, унинг ҳолати тўғрисида ишончли маълумот олиш (49-модда), шунингдек, фуқароларнинг табиий муҳитга ғамхўрлик қилиш мажбуриятлари (62-модда);
- давлатнинг барқарор ривожланиш тамойилига мувофиқ атроф-муҳитни яхшилаш, тиклаш ва муҳофаза қилиш, экологик мувозанатни сақлаш, шунингдек, экологик тизимни муҳофаза қилиш ва тиклаш, Оролбўйи минтақасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича мажбуриятлари (49-модда) каби нормаларга урғу берилди.
Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституциясининг ижтимоий-ҳуқуқий давлат қуриш, барқарор иқтисодий ривожланишни таъминлаш каби мақсадларга оид янгиликлари ҳам Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш нуқтаи назаридан ниҳоятда муҳимлиги эътироф этилди.
Форум иштирокчилари тараққиёт концепциясининг ўзи, биринчи навбатда, барқарор ривожланиш концепцияси инсон қадрияти, унинг қадр-қиммати, ҳуқуқ ва эркинликлари ғояларига асосланган ҳамда "аввал инсон – кейин жамият – кейин давлат" деган янги ривожланиш парадигмасига таянадиган Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар фалсафасининг энг муҳим таркибий қисми, деган хулосага келди.
Барқарор ривожланиш мақсадларининг ижтимоий, иқтисодий ва экологик устунларга таянган ғоялари Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг боғловчи бўғини бўлиб, мамлакатнинг ана шундай комплекс стратегик ривожланиш дастурлари, хусусан, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси ва “Ўзбекистон –2030” стратегияси билан уйғунлиги таъкидланди.
Хусусан, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг бешта йўналиши нафақат БМТнинг “2030 йилги кун тартиби”га мос келади, айни чоғда барқарор ривожланиш бўйича Ўзбекистон миллий мақсад ва вазифаларининг барчасини тўлиқ қамраб олади. Форум иштирокчилари ушбу Стратегия ва унинг 100 та мақсади халқимизнинг Янги Ўзбекистонни барпо этиш, ҳар бир фуқаронинг ўз салоҳиятини ривожлантириши учун барча имкониятларни яратиш, соғлом, билимли ва маънавий етук авлодни вояга етказиш, жаҳон ишлаб чиқаришининг муҳим бўғини бўлган, адолат ва қонун устуворлигини, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаётган қудратли иқтисодиётни шакллантириш, ҳар бир фуқаронинг ўз салоҳиятини юксалтиришга бўлган интилишларини ифода этишини алоҳида қайд этдилар.
Шу нуқтаи назардан, БМТнинг Ўзбекистондаги Доимий мувофиқлаштирувчиси Консуэло В.Брюс БМТ Бош котиби А.Гутерришнинг “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг мақсад ва вазифалари ниҳоятда кўламдорлиги ҳамда унинг Барқарор ривожланиш мақсадларига тўлиқ мос келиши тўғрисидаги сўзларини эслатар экан, “БМТ ва унинг барча институтлари ушбу дастурий ҳужжатни амалга оширишга кўмаклашишга тайёр” деб таъкидлади. Бунда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг асосий тамойили “Инсон шаъни ва қадр-қиммати йўлида” ҳамда муҳим ғояси “Ҳеч кимни ортда қолдирмаслик” эканига алоҳида эътибор қаратди.
Консуэло В.Брюснинг эътирофича, Барқарор ривожланиш мақсадлари янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституцияси ҳамда мамлакатимизни ривожлантиришнинг бошқа муҳим миллий стратегия ва концепцияларида ҳам тўлиқ мужассамлашгандир.
Барқарор ривожланиш мақсадлари ва фуқаролик жамияти институтлари
Халқаро форум иштирокчилари барқарор ривожланиш мақсад ва вазифаларини амалга оширишда фуқаролик жамияти иштирокини изчил кенгайтириш тенденциясини қайд этдилар. Бинобарин, БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларининг ўзи ҳам “ҳеч кимни ортда қолдирмаслик” тамойилини амалга оширувчи фуқаролик жамиятининг иштироки ва ҳамкорлиги концепциясига асослангандир.
Агар БМТ ташкил этилиши асносида тахминан 240 та нодавлат нотижорат ташкилоти (ННТ) билан маслаҳатлашувлар ташкил этилган бўлса, бугунги кунда 6 минг 494 та ННТ маслаҳатчи мақомига эга. Биргина 2023 йилнинг ўзида БМТнинг Нодавлат нотижорат ташкилотлари бўйича қўмитаси 560 та ННТ аризаларини кўриб чиқиб, шундан 214 тасига маслаҳатчи мақомини берди.
Экспертлар таъкидладиларки, сўнгги 20 йилда БМТ Бош Ассамблеясининг 60 дан ортиқ резолюцияси, шунингдек, халқаро шартномалар давлатларга инклюзив ва очиқ жамият яратишда кўмаклашиш, фуқаролик жамиятининг ролини тан олиш ва уларга барқарор ривожланишда фаол иштирок этиши, эркин ривожланиши ва фаолияти учун қулай сиёсий, ташкилий, ҳуқуқий ва бошқа шарт-шароитлар яратиш имкониятини таъминлашга қаратилгандир.
Дунёда “учинчи сектор”нинг иқтисодий тараққиётга, ижтимоий, гуманитар, экологик ва бошқа соҳалардаги долзарб муаммоларни ҳал этишга қўшаётган ҳиссаси ортиб бораётгани тенденциясига гувоҳ бўлмоқдамиз. Охирги 4 йилда дунёнинг айрим мамлакатларида иқтисодиёт ва ялпи ички маҳсулот ривожига “учинчи сектор”нинг ҳиссаси 2-2,5 баробар, хусусан, Канадада бу кўрсаткич ЯИМнинг 8,1 фоизи, Францияда – 4,7 фоизи, Бразилияда – 4,4 фоизи миқдорида ошди.
Нотижорат секторда бандликнинг ўсиш суръати ҳам иқтисодиётдаги бандликнинг ўсиш суръатларидан сезиларли даражада, айрим мамлакатларда ҳатто икки марта ошиб кетди. Бугунги кунда нодавлат нотижорат ташкилотлари турли тармоқлар, жумладан, таълим, соғлиқни сақлаш, қашшоқликка барҳам бериш, инсон ҳуқуқлари ва гендер тенглик ва бошқа кўплаб соҳаларда барқарор ривожланишнинг долзарб масалаларини ҳал этишда фаол иштирок этмоқда.
Бундан ташқари, Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси М.Прабхат Ҳиндистоннинг фуқаролик жамияти билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича тажрибаси ҳақида сўз юритди. Хусусан, миллий Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш мониторинги, жумладан, Ихтиёрий миллий маърузаларни тайёрлаш борасидаги амалиётга мисоллар келтирди.
Европа Иттифоқи делегациясининг Сиёсат, матбуот ва ахборот бўлими бошлиғи М.Качераускис бутун дунёда фуқаролик институтлари ислоҳотларни амалга оширишда иштирок этаётгани, ҳукуматларни ҳисобдорликка даъват этаётгани хусусида алоҳида тўхталди. Фуқаролик жамияти институтлари глобал муаммоларнинг ечимини излашда, хусусан, жамият ва давлат ишларини бошқаришда иштирок этиш давомида инклюзив жамиятни шакллантириш, шунингдек, ногиронларга ёрдам кўрсатиш, ижтимоий соҳада уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқаришда иштирок этиш орқали ҳисса қўшадилар.
М.Качераускиснинг сўзларига кўра, Ўзбекистон Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилгани улкан ютуқ бўлиб, бу мамлакатда инсонлар, айниқса, ногиронлиги бўлган шахсларнинг қадр-қиммати, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида олиб борилаётган сиёсатнинг самарадорлигидан далолат беради. Ушбу қадам Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни тезлаштиради.
Шу билан бирга, Конвенцияни амалга ошириш масалалари муҳокамаси нафақат давлат органлари, балки нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳам иштирок этадиган платформада олиб борилмоқда. Муҳокама якунлари бўйича тегишли таклиф ва тавсиялар асосида зарур ҳужжатлар қабул қилинади.
Мазкур қонун ҳужжатлари ногиронлиги бўлган шахслар учун долзарб бўлган транспорт воситалари ва компьютер технологияларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш масалаларига бағишлангани муҳим. Айни масалалар бугунги кунда тахминан 7-8 миллион нафар ногирон инсон яшайдиган Европа Иттифоқи учун ҳам долзарбдир.
Халқаро форум иштирокчилари Ўзбекистон тажрибасини, ногиронлиги бўлган шахсларнинг шаъни ва ҳуқуқларини, мустақиллиги ва танлаш эркинлигини таъминлаш, шу жумладан ногирон болаларни ҳимоя қилиш, уларнинг камситилишига йўл қўймаслик борасида фаол иш олиб бораётган 600 дан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилоти фаолиятини ижобий баҳоладилар. Нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларининг БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини мониторинг қилиш ва амалга ошириш борасидаги саъй-ҳаракатлари алоҳида таъкидланди.
Германия халқаро ҳамкорлик жамияти вакили О.Дутинхем Ўзбекистонда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда ногиронлиги бўлган шахслар ва фуқаролик жамияти институтларининг иштирокини кенгайтиришнинг алоҳида аҳамиятини таъкидлади.
“Тараққиёт бўйича ҳамкорлар сифатида Германия ҳукумати инклюзив ривожланиш сиёсати зарурлигини ҳеч ким ортда қолмаслигини таъминлашнинг дастлабки шарти сифатида тан олади. Ўзбекистон – Германия ҳамкорлигининг эътиборга молик ютуқларидан бири Ўзбекистонда аҳолини ижтимоий муҳофаза қилишни яхшилаш, инклюзивликни ошириш ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари учун ижтимоий хизматлар кўрсатишни кенгайтиришга немис инвестицияларини жалб қилишдир. Айнан инклюзивлик ва тенг иштирок этиш ижтимоий тараққиётнинг асосий тамойиллари ҳисобланади. Бунинг асосий йўналиши аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш миллий стратегияси ва, албатта, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясидир”, деб қайд этди О.Дутинхем.
Халқаро миграция ташкилоти эксперти С.Брестовитский ҳам хавфсиз, тартибли ва мунтазам миграцияни рағбатлантириш орқали Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда фуқаролик жамиятининг ҳиссаси катталигини эътироф этди. Унинг фикрича, ушбу соҳада Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун муҳим халқаро-ҳуқуқий ҳужжат сифатида 2016 йил 19 сентябрда қабул қилинган Қочоқлар ва мигрантлар тўғрисидаги Нью-Йорк декларациясидан фойдаланилади. “Дарҳақиқат, дунёнинг ҳар бир минтақасида фуқаролик жамияти қочоқлар эҳтиёжларини қондиришда асосий ҳамкор ҳисобланади”, деди С.Брестовитский.
Халқаро конференцияда фуқаролик жамиятининг тараққиётга ва Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишга муҳим ҳисса қўшаётгани ва фаол иштирок этаётгани ҳақида яна кўплаб мисоллар келтирилди. Иштирокчилар Барқарор ривожланиш мақсадларини тезлаштиришнинг ҳозирги босқичида ушбу саъй-ҳаракатлардан самарали фойдаланиш муҳимлигини таъкидладилар.
Барқарор ривожланиш мақсадлари: Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Ўзбекистон ҳамкорлипги
Халқаро анжуман Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги ҳамкорликни сезиларли даражада мустаҳкамлаш, шунингдек, Барқарор ривожланиш мақсадларининг бутун дунё учун долзарблигини тасдиқлаш жиҳатидан алоҳида аҳамият касб этди.
Форум иштирокчилари ўз чиқишларида, хусусан, ўтган 7 йил давомида:
биринчидан, Ўзбекистон билан БМТ ўртасидаги ҳамкорликнинг мисли кўрилмаган юқори даражасига эришилгани, бугунги кунда 140 га яқин қўшма дастур ва лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилаётганини;
иккинчидан, Ўзбекистон БМТнинг қатор нуфузли тузилмаларига аъзо этиб сайлангани ва уларнинг ишида фаол иштирок этаётганини эътироф этдилар.
Бунга бир ёрқин мисол: Ўзбекистон БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо этиб сайлангач, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш бўйича глобал, минтақавий ва миллий миқёсда 30 дан ортиқ ташаббусни илгари сурди. Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг 7 та резолюцияси қабул қилингани халқаро ҳамжамиятнинг алоҳида эътирофига сазовор бўлди.
Шу маънода, давлатимиз раҳбарининг навбатдаги ташаббуси асосий воқеа сифатида халқаро конференциянинг алоҳида диққат марказида турди. Бу ўринда, жумладан, БМТ Бош Ассамблеясининг “Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишда фуқаролик жамияти иштирокини кенгайтириш ва ролини кучайтириш тўғрисида”ги резолюцияси лойиҳасининг муҳокамаси жараёнлари ҳақида сўз бормоқда.
Халқаро конференция иштирокчиларининг якдил фикрига кўра, илғор халқаро тажриба давлат ва нодавлат ташкилотларнинг яқин ҳамкорлиги Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда муваффақият гарови эканлигини кўрсатмоқда.
БМТ Бош Ассамблеясининг таклиф этилаётган резолюцияси лойиҳаси бугунги кундаги умумжаҳон тараққиётнинг иккита энг муҳим қонуниятини қамраб олади. Яъни:
бир томондан, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш асосида барқарор ривожланишни таъминлаш, унинг салоҳиятини ошириш ва рўёбга чиқариш учун шарт-шароит яратиш, шу асосда иқтисодий, ижтимоий ва экологик тараққиётни таъминлаш;
бошқа томондан, 2030 йилга қадар кун тартибида белгиланган Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда фуқаролар ва фуқаролик жамиятини жалб қилиш жуда муҳимдир. Чиндан ҳам, бугунги кунда нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамжамияти барқарор ривожланиш соҳасида умумий мақсадларга эришиш йўлидаги ишларга жалб этилиши, ваколатлари ва роли кучайтирилиши лозим бўлган глобал тармоқдир.
Бош Ассамблея резолюцияси лойиҳасини кўриб чиққан экспертлар уни ишлаб чиқишда фуқаролик жамиятини шакллантириш ва унинг институтларини қўллаб-қувватлаш соҳасида дунёнинг турли мамлакатларида мавжуд бўлган кўплаб муаммолар ҳисобга олинганини таъкидладилар. Хусусан, аксарият мамлакатларда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича ҳукумат ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасида амалий мулоқот мавжуд эмаслиги, улар миллий ривожланиш режаларини ишлаб чиқиш жараёнларига суст жалб этилиши ҳамда етарли даражада молиялаштирилмаслиги, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ушбу соҳадаги давлат мажбуриятлари бажарилишини назорат қилишда фаол ва самарали иштирок этмаётгани каби омилларга жиддий эътибор қаратилмоқда.
Шу нуқтаи назардан, БМТ Бош Ассамблеяси резолюцияси лойиҳасида 2030 йилгача кун тартибининг мақсад ва вазифаларига эришиш, шунингдек, барқарор ривожланиш йўлида глобал шерикликни янада мустаҳкамлашда ижтимоий шериклик ва жамоатчилик назорати каби институтларнинг муҳимлиги таъкидлангани алоҳида аҳамиятга эга. Давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасидаги халқаро, минтақавий ва икки томонлама ҳамкорликнинг мавжуд механизмларини қўллаб-қувватлаш муҳимлиги, шунингдек, фуқаролик жамияти институтларининг узоқ муддатли ва хилма-хил тажрибаси, билим ва салоҳияти, айниқса таҳлил қилиш ва ахборот алмашиш, ўзаро мулоқот ва барқарор ривожланиш жараёнларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ибратли амалиёти туфайли барқарор ривожланишни рағбатлантиришга бебаҳо ҳисса қўшаётгани таъкидланди.
Форумнинг миллий ва халқаро экспертлари фуқаролик жамияти нуқтаи назаридан қарор лойиҳасида келтирилган қуйидаги тавсия ва таклифлар қизиқиш уйғотаётганини таъкидладилар:
биринчидан, фуқаролик жамияти институтларининг иштирокини янада кенгайтириш, шунингдек, 2030 йилга қадар кун тартибини амалга оширишда ННТ билан мулоқотни, жумладан, қонунчиликни ривожлантириш соҳасида ҳамкорликни такомиллаштириш;
иккинчидан, давлат органлари, нодавлат ташкилотлар ва хусусий сектор ўртасидаги ҳамкорликни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш. Бу Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун бутун жамият ва давлатнинг салоҳияти ва ресурсларини жалб қилиш ва улардан фойдаланишга ёрдам беради;
учинчидан, фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари ижросини мониторинг қилиш ва кўриб чиқиш жараёнларида, айниқса, Ихтиёрий миллий маърузаларни тайёрлашда иштирок этишига кўмаклашиш. Ушбу Ихтиёрий миллий маърузалар қимматли сабоқлар беради ва мамлакатларга тараққиётни кузатишга ёрдамлашади, Барқарор ривожланиш мақсадлари миллий режа ва сиёсатларига киритилишини таъминлайди;
тўртинчидан, қарорлар қабул қилиниши ва улар бажарилишининг барча даражаларида нодавлат нотижорат ташкилотларининг реал иштирокини таъминлайдиган зарур ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирларни қабул қилиш ҳамда уларни амалга ошириш. Хусусан, М.Качераускис Европа Иттифоқида фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг 2 та стратегик йўналиши – фуқаролик жамияти учун қулай муҳит ва шарт-шароит яратиш, шунингдек, уларнинг салоҳиятини ошириш ва фаолиятини такомиллаштириш белгилаб берилганини таъкидлади. Бу Барқарор ривожланиш мақсадларини самарали ҳал этишнинг калитидир;
бешинчидан, ННТни Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга жалб этиш ва уларнинг иштирокини таъминлаш, бу борада фуқаролик жамиятининг роли ва ўрнини ошириш соҳасида халқаро ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш ва янада ривожлантириш;
олтинчидан, Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишга ҳисса қўшадиган ННТ фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва салоҳиятини кенгайтириш учун махсус молиялаштириш механизмларини, шу жумладан “Барқарор ривожланиш мақсадларига йўналтирилган бюджетлаштириш” тартибини ишлаб чиқиш. Хусусан, иштирокчилар БМТ Бош котибининг 2023 йил 18 сентябрдаги маърузаси глобал кун тартибида алоҳида аҳамият касб этишини, жумладан, унинг Барқарор ривожланиш мақсадлари учун глобал қутқарув режаси, "йўналтирилган бюджет" давлат томонидан белгиланган мақсадларга эришишда молиявий ва бошқа зарур ресурслар билан таъминланиши учун муҳимлиги, мамлакатларнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига ўтиши зарурлиги ҳақидаги фикрлари долзарблигини алоҳида таъкидладилар;
еттинчидан, Барқарор ривожланишнинг барча 17 мақсадига мутаносиб ва яхлит тарзда эришишни жадаллаштиришда фуқаролик жамияти институтларининг етакчи ролини рағбатлантириш, унинг уч йўналиши – иқтисодий, ижтимоий ва экологик жиҳатдан барқарор ривожланишга эришиш тарафдорлигини яна бир бор тасдиқлаш жуда муҳимдир.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти резолюцияси лойиҳасида бу борадаги ўндан ортиқ бошқа таклифлар ҳам ижобий баҳоланди. Ҳужжат лойиҳасига индивидуал тавсиялар ҳам берилди.
Шундай қилиб, Форум иштирокчилари ишонч билдирдиларки, “Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишда фуқаролик жамияти иштирокини кенгайтириш ва ролини кучайтириш тўғрисида”ги резолюция лойиҳасининг улар томонидан кенг муҳокама этилгани, шунингдек, келгусида унинг қабул қилиниши барқарор миллий, минтақавий ва глобал ривожланиш жараёнларини юксалтиришга, яъни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга, фуқаролик жамияти ташкилотларини тегишли даражада қўллаб-қувватлаш ва уларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга хизмат қилади. Ўз навбатида, фуқаролик жамияти ўзининг тажрибаси, кўникма ва салоҳияти билан бундан буён ҳам тараққиёт жараёнларида муҳим роль ўйнаб, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга муносиб ҳисса қўшади. Зеро, муштарак интилишлар ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билангина мустаҳкам тинчлик ва фаровонликка эришиш мумкин. Бугун бизга ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ ўзаро ишонч, ҳамжиҳатлик ва ҳамкорлик керак”.
БМТ Бош Ассамблеяси резолюцияси лойиҳаси “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлида парламентлараро ҳамкорлик” мавзуидаги Иккинчи Халқаро глобал форум доирасида ҳам кўриб чиқилиши кутилмоқда. Буларнинг барчаси, ўз навбатида, Ўзбекистон Президентининг ушбу ташаббуси ҳам жаҳон ҳамжамиятининг алоҳида диққат марказини эгаллаб турганлигидан далолатдир.
Акмал САИДОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори
«Ishonch» газетасининг 2023 йил 8 декабрь кунги 150 (4902)-сони
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси кутубхонаси
- Қўшилди: 11.12.2023
- Кўришлар: 3146
- Чоп этиш