Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг 2030 йилгача бўлган Миллий стратегияси лойиҳаси юзасидан миллий маслаҳатлашув бўлиб ўтди.
Ушбу лойиҳа Президентимизнинг 2025 йил 30 январда қабул қилинган “Ўзбекистон – 2030”стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва «яшил»иқтисодиёт йили»да амалга оширишга доир давлат дастури тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида ишлаб чиқилган.
Миллий маслаҳатлашувлар лойиҳанинг асосий ижрочиси – Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан ташкил этилди. Тадбирда вазирлик ва идоралар, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, фуқаролик жамияти институтлари, илмий-ўқув муассасалари вакиллари, шунингдек, Миллий марказ ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари иштирок этди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов Миллий стратегия лойиҳасининг тузилиши, инсон ҳуқуқлари самарали ҳимоя қилинишини таъминлашга қаратилган бундай ҳужжатларни қабул қилишнинг аҳамияти ҳақида тўхталди.
Жумладан, 1993 йил 25 июнда Вена шаҳрида бўлиб ўтган Инсон ҳуқуқлари бўйича умумжаҳон конференциясида қабул қилинган Вена декларацияси ва Ҳаракатлар дастурида ҳар бир давлатга, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантиришни яхшилаш учун, миллий ҳаракатлар режаси ёки стратегиясини ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқлиги масаласини кўриб чиқиш тавсия қилинганига эътибор қаратилди.

Бугунги кунда жаҳоннинг 80 дан ортиқ давлати ўзининг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегияси ёки режасини қабул қилган. Ўзбекистон ҳам бу борада муайян ижобий тажриба тўплаган давлатлар сирасига киради. Хусусан, А.Саидов қайд этганидек, 2020 йилда қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси муваффақиятли амалга оширилди ва мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари кафолатларини таъминлашга муносиб ҳисса қўшди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг 2030 йилгача бўлган Миллий стратегияси лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси 2025 йилги Давлат дастурида белгиланган. Бу Ўзбекистоннинг 2030 йилгача бўлган инсон ҳуқуқлари соҳасидаги давлат сиёсати асосий йўналишларини белгилаб берувчи ҳужжат ҳисобланади.
Шу маънода, Миллий стратегияда инсон қадри, инсонлар турмуш даражаси ва фаровонлигини оширишнинг энг муҳим ва зарурий шарти сифатида Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш бўйича изчил ва тизимли олиб борилаётган давлат сиёсатини амалга оширишнинг асосий вазифалари ва йўналишлари белгилаб берилишига алоҳида аҳамият қаратилмоқда.
Миллий стратегия лойиҳасида инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг барча жиҳатларини ўзида мужассамлаштирган 6 та йўналиш кўзда тутилмоқда.
Булар – шахсий ва сиёсий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш;
-иқтисодий, ижтимоий, маданий ва экологик ҳуқуқлари ҳимоя қилиш, барқарор ривожланиш;
-аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифалари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш;
-инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар ва фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини такомиллаштириш;
-инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим фаолияти самарадорлигини ошириш;
-инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро ҳамкорликни ривожлантириш йўналишларидир.
Миллий стратегия лойиҳасини ишлаб чиқишда давлат органи, идоралар ва нодавлат нотижорат ташкилотларидан 200 дан ортиқ таклиф олинди.
Миллий стратегия лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси портали ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази сайтига жойлаштирилган.
Миллий маслаҳатлашувлар давомида иштирокчилар лойиҳа юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Ушбу таклифлар асосида Миллий стратегия лойиҳасини янада такомиллаштириш ҳақида келишиб олинди.
Н.Абдураимова, ЎзА
- Қўшилди: 01.05.2025
- Кўришлар: 130
- Чоп этиш