29-30 апрель кунлари бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг олтинчи ялпи мажлисида, жумладан, “Аҳолига ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.
Сенаторлар томонидан аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, давлат томонидан фуқароларга ижтимоий хизмат кўрсатиш кўлами ва турларини кенгайтириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди. Жумладан, ижтимоий дастурларни молиялаштириш харажатлари ялпи ички маҳсулотга нисбатан 2 баравар ошиб, кам таъминланган нафақа олувчи оилалар қамрови 5 баробар кўпайди. Ногиронлиги бўлган шахслар ва ногиронлиги бўлган болаларнинг парвариши билан банд бўлганлар учун янги нафақа турлари жорий этилди.
Фуқароларга тўланадиган тўрт турдаги ижтимоий тўловларни уларнинг мурожаатисиз проактив шаклда, икки турдаги ижтимоий тўловларни композит шаклда ҳамда яна тўрт турдаги ижтимоий тўловларни қўшимча ҳужжатлар талаб этмаган ҳолда, биргина паспорт асосида тайинлаш амалиёти жорий этилди.
Шу билан бирга, аҳолига пенсия тайинлаш тизимига замонавий ахборот технологияларини фаол татбиқ этган ҳолда давлат томонидан кўрсатилаётган хизматлар сифатини янада ошириш ҳамда фуқароларга қулайлик яратиш, ортиқча оворагарчиликка йўл қўймаслик мақсадида пенсия тизимини янада такомиллаштириш зарурияти юзага келган.
Шу мақсадда ишлаб чиқилган қонун билан аҳолига ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизими янада такомиллаштирилмоқда. Аҳолига пенсия тайинлаш тизимига замонавий ахборот технологияларини фаол татбиқ этилиши кўзда тутилмоқда.
“Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунга пенсия олиш ёшига тўлган фуқароларга (эркаклар 60 ёш, аёллар 55 ёш) ёшга доир пенсияни уларнинг алоҳида мурожаатини талаб этмаган ҳолда проактив шаклда тайинлаш тартибини белгилашга оид ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Мазкур тартиб амалиётга татбиқ этилиши натижасида фуқаролардан пенсия тайинлаш учун Пенсия жамғармасининг ҳудудий бўлинмасига ёки Давлат хизматлари марказига мурожаат қилиш талаб этилмайди.
Бундан ташқари, пенсия ёшига етган фуқароларга қонунчиликда белгиланган талаблар доирасида пенсия тайинлаш ҳақида қарор қабул қилинганида уларнинг телефон рақамларига пенсия тайинланганлиги ва унинг миқдори тўғрисида смс хабар юборилади.
Қонунда, шунингдек, фуқаро пенсия ёшига етиб, аммо меҳнат фаолиятини давом эттириб, кейинроқ ёшга доир пенсия олиш истаги бўлганида проактив шаклда тайинланган ёшга доир пенсияни рад қилиш тартибини жорий этиш назарда тутилмоқда.
Қонунга асосан ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларига барча нафақаларни тайинлаш ва тўлаш Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ваколатига ўтказилгани муносабати билан “Давлат божи тўғрисида” ва “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонунларга ҳам ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Сенаторлар маъқуллаган қонун фуқароларга пенсия таъминоти бўйича кўрсатиладиган давлат хизматлари сифатини оширишга ҳамда ортиқча бюрократик тўсиқлар бартараф этилишига хизмат қилади.
Олий Мажлис Сенати Ахборот хизмати ахборотида қайд этилганидек, ялпи мажлисда жамият ҳаётининг барча соҳалари ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга ва мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарадорлигини оширишга, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган 13 та масала кўриб чиқилди, шу жумладан, 10 та қонун маъқулланди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 01.05.2025
- Кўришлар: 178
- Чоп этиш