Мувозанат
Дунёда Яратганга энг яқин нарса табиатдир, дейишади. Табиатга қандай муносабатда бўлсанг, у ҳам сенга шундай жавоб қайтаради. Дарҳақиқат, бугун инсониятнинг табиатга, атроф-муҳитга етказган ва етказаётган зарарлари ўз сўзини айтиб, турли экологик муаммолар она заминни, инсониятни қуршаб олмоқда. Бу муаммоларни бартараф этиш ва уларга қарши курашишнинг энг биринчи галдаги шарти эса экологик маданиятни юксалтиришдир.
Бу борада мамлакатимизда қатор саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Хусусан, «Ўзбекистон – 2030» стратегиясини «Атроф-муҳитни асраш ва «яшил иқтисодиёт» йилида амалга оширишга оид давлат дастурида ҳам қатор мақсад-вазфалар белгиланган. Жумладан, республика миқёсида экологик маданиятни ошириш мақсадида оммавий тарғибот тадбирларини ташкил этиш, «Экологик маданиятни мустаҳкамлаш» концепциясини тасдиқлаш ва аниқ чора-тадбирларни амалга ошириш вазифалари назарда тутилган.
Инсон ва табиат ўртасидаги мувозанат масалаларига бағишланган “Мувозанат” лойиҳамизнинг бу галги сонида фуқароларнинг экологик маданиятини юксалтириш, эковолонтёр ёшларимиз ва уларнинг бу каби ташабусларининг аҳамияти ҳақида гаплашамиз. Шу мақсадда экофаол журналист, “Эколог” жамоат бирлашмаси раҳбари Наргис Қосимовани таклиф қилдик.
– Наргис опа, бугун турли экологик инқирозларни кўз ўнгимизда, ён-атрофимизда кўриб, гувоҳи бўлиб турсакда, аммо барибир табиатга, ҳайвонот оламига зарар етказишдан, атрофимизни чиқиндихонага айлантиришдан ўзимизни тия олмаяпмиз. Экофаол сифатида инсонларнинг табиат олдидаги масъулияти, шунинг баробарида унга етказаётган озори ҳақида қандай фикрдасиз?
– Ҳақиқатан ҳам афсуски, бугун инсон ва табиат ўртасидаги мувозанат аста-секинлик билан бузилмоқда. Бунга узоқ йиллар давомида инсониятнинг табиатга антропоген таъсири сабаб бўлиб, салбий оқибатларга олиб келмоқда. Авваллари экомуаммолар глобал, минтақавий ва миллий экологик муаммоларга ажратилар эди. Аммо бугунги кунда буларнинг барчаси қўшилиб кетди. Экология чегара билмайди. Масалан, атмосфера бузилишини олсак, бир ҳудуднинг ўзида чегараланиб қолмайди. Ёхуд Амударё, Сирдарё трансчегаравий дарё бўлгани боис дарёлар сувининг ифлосланиши масаласини бир давлат доирасида чегаралашнинг имкони йўқ. Шунинг учун экологик маданиятни тилга олганда ҳам инсониятнинг, ҳам ўз аҳолимизнинг экологик маданиятини ошириш ҳақида ўйлаш керак.
Одатда экологик маданият етишмаслиги ҳақида гапирилади, аммо нима учун етишмаслиги ҳақида гапирилмайди. Бу экологик онг билан боғлиқдир. “Экология” сўзини оладиган бўлсак, “эко” – уй, “логия” – ўрганаман, яъни ўзимнинг уйимни ўрганаман дегани. Шу маънода экология табиатга антропоген таъсирлар ва уларнинг оқибатларини ўрганишга қаратилган.
Инсониятнинг табиатга нисбатан масъулияти ҳақида гапирганда, табиий ресурсларни тежаш масаласига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Масалан, биргина электр энергиясини тежаш фақатгина чўнтакка фойда эмас, балки унинг табиатга таъсири камайишига эришилади, иссиқхона газларининг олди олинади. Маълумотларга кўра, электр энергиясининг 80 фоизи иссиқлик электр станцияларида ишлаб чиқарилади. Иссиқлик электр станцияларида эса асосан мазут ва кўмир ёқилади. Бундай станцияларнинг фильтрлари баъзан очиб ташланиши оқибатида атмосферага катта миқдорда карбонад ангидрид чиқади.
Бундан ташқари, айрим тадбиркорларнинг экологик маданияти, ижтимоий масъулияти етарли эмас. Улар учун биринчи ўринда моддий манфаат туради. Шу боис, айрим тадбиркорлар ишлаб чиқариш корхонасидаги оқава сувларни дарёларга оқизимоқда ёки иссиқхоналарда мумкин бўлмаган нарсалар ёқиб, атмосфера ифлосланишига сабабчи бўляпти.
– Бугунги кунда табиатга бепарво қатлам билан бирга экологик маданияти юксак бўлган ёшлар, эковолонтёрлар сафи кенгайиб бормоқда. Яъни, кўнгилли сифатида атроф-муҳитни, табиатни асрашга ҳисса қўшаётганлар кўпаймоқда. Ана шундай ёшларимизнинг, эковолонтёрларнинг сафи ортаётгани қандай аҳамият касб этади?
– Бугунги кунда кўнгилли сифатида табиатни, ҳайвонларни асрашга бел боғлаган юртдошларимиз кўпаяётганидан хурсанд бўламан. “Эколог” жамоат бирлашмаси қошида бир қанча эковолонтёрларимиз бор. Зооволонтёр аъзоларимиз ит, мушук каби ҳайвонларни шафқатсизликдан асраш, уларни боқишга чин дилдан ҳаракат қилишади, умрини, топган даромадини шу ишга сарфлайдиган кўнгиллиларимиз бор. Уларга бу иш учун қаердандир маблағ ажратилмайди. Ўзлари кичик плютлар ташкил этиб, ўнлаб, юзлаб мушук ва итларни боқади. Зоокўнгиллилар турли соҳа ва касб эгалари бўлиб, табиатга, ҳайвонот оламига бўлган меҳр уларни бирлаштиради.
Иккинчи турдаги кўнгиллиларимиз ёшлардан иборат бўлиб, чиқинди йиғишга, кўчатларни суғориш каби ишларга жалб этамиз. Шунингдек, улар мактабларда турли йўналишларда “Меҳр” дарсларини ўтади.
Чин дилдан кўнгилли бўлиб, табиатга кўмаклашишни хоҳлаган инсонларгина эковолонтёр бўла олади. Баъзилар бирор манфаат кўзлаган ҳолда сафимизга қўшиладиган бўлса, доим айтаман: биз табиатга берамиз, табиатдаан ёки кимдандир ҳеч қандай манфаат олмаймиз.
– Фуқароларнинг экологик маданияти, экобохабарлик даражаси ошмас экан, ҳеч қандай лойиҳалар самара бермайди. Экологик маданиятни юксалтириш борасида қандай таклифлар берасиз?
– Экологик маданият экологик онгдан шаклланади. Яъни, аввало, онгу шууримиз билан экологияга нисбатан масъулиятни шакллантириш лозим. Экологик муаммони ҳал қилиш учун болалар боғча ва мактабданоқ улардан бохабар қилиниши керак. Шу мақсадда мактабларда экология фанини ўқув дастурига киритиш лозим. Мактаб ва мактабгача таълим вазирлигига ушбу таклиф билан мурожаат юбордим.
Бундан ташқари, маҳаллаларда махсус ўқувлар ўтказилиши керак. Сувни асраш, электрни тежаш, чиқиндиларни саралаб ташлаш, ҳайвонларга бешафқат муносабатни бартараф этиш кабилар маҳаллаларда тарғиб этилиши керак.
Автомобиль йўлларига ўрнатилган видеокузатув камераларидан экологияга нисбатан бепарволик, чиқиндиларни ташлаб кетиш ҳолатларини бартараф этиш мақсадида ҳам фойдаланиш керак. Чиқинди ташладими, аяб ўтирмасдан жаримага тортиш керак. Ана шундагина инсонлар табиатга зарар етказишдан ўзини тияди.
Шунингдек, бугунги кунда дам олиш масканларида экоинспекторлар юриши, назорат қилиш керак. Чиқинди ташлаб кетаётган фуқароларни жаримага тортиши зарур.
Яна бир масала: ижтимоий тармоқ ва телеканалларда экологик роликларни кўпайтириш мақсадга мувофиқ. Айрим давлатларда аэропортига қўнишингиз билан экороликларга кўзингиз тушади. Аммо бизда бундай ижтимоий роликларни тез-тез беришга эътибор кам.
PS: Суҳбатимиз давомида эковолонтёрлар томонидан жойларда амалга оширилаётган ишлар, шунингдек, экологик муаммоларни юмшатишга қаратилган ечимлар бўйича таклиф ва фикр-мулоҳазалар ҳақида сўз боради. Суҳбатнинг тўлиқ шакли билан қуйидаги видеоҳавола орқали танишишингиз мумкин.
Муҳтарама Комилова,
Дониёр Ёқубов, Анвар Аҳмедов (видео), ЎзА
- Қўшилди: 05.05.2025
- Кўришлар: 164
- Чоп этиш