Қийноқларнинг олдини олиш бўйича миллий тизимни халқаро ҳуқуққа мувофиқлаштириш самаралари

Бугунги кунда мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларни миллий қонунчиликка ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига тизимли ва босқичма-босқич имплементация қилишнинг ўзбек модели шаклланди.

Ҳозирги пайтда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари соҳасида 80 дан ортиқ халқаро ҳужжатга, шу жумладан БМТнинг 7 та асосий шартномаси ва 4 та Факультатив протоколига қўшилган. Бу халқаро ҳужжатларнинг бажарилиши юзасидан миллий маърузалар БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ҳамда шартномавий қўмиталарига доимий равишда тақдим этиб борилмоқда

2020 йил 13 октябрда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясида Ўзбекистон БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига кўпчилик овоз билан тарихда биринчи марта уч йиллик муддатга сайланди.

Шунингдек, АҚШ Давлат департаменти томонидан Ўзбекистон диний эркинлик соҳасидаги “махсус кузатувдаги давлатлар” рўйхатидан чиқарилди. Мамлакатимизнинг одам савдосига қарши кураш соҳасида эришган ютуқлари эътироф этилди. «Соtton campaign» халқаро коалицияси Ўзбекистон пахтасига бойкотини бекор қилди.

2021 йил 29 ноябридан – 7 декабрига қадар БМТнинг Терроризмга қарши курашиш шароитида инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш, асосий эркинликларини илгари суриш бўйича махсус маърузачиси Фионнуала Ни Аолайн бошчилигидаги делегация вакиллари Ўзбекистонда бўлди. Мазкур делегация Ўзбекистоннинг терроризмга қарши кураш соҳасидаги қонунлари, сиёсати ва амалиётининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларга мувофиқлигини баҳолаш бўйича ўрганиш ишларини олиб борди.

БМТ махсус маърузачиси Ўзбекистон томонидан юзлаб аёллар ва болаларни Сурия ҳамда Ироқ ва Афғонистондаги жанг майдонларидан олиб чиқиш ва реинтеграция қилиш бўйича амалга оширилган “Меҳр” операцияларини юқори баҳолади. Ф.Ни Аолайн ташриф давомида, шунингдек, бир қатор пенитенциар муассасаларида бўлиб, ушбу тизимда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар билан танишди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган вазифалар доирасида тайёрланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси қабул қилинди. Ушбу ҳужжат Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасида зиммасига олган халқаро мажбуриятларини самарали бажаришига қаратилган бўлиб, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш йўлида муҳим қадам ҳисобланади.

Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини 2022 йилда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” 46-бандида қийноқларнинг олдини олиш бўйича превентив механизмни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари белгиланди. Бунда қийноқларнинг олдини олиш бўйича халқаро стандартларни миллий қонунчиликка кенг жорий қилиш ва превентив миллий механизмнинг қонунчилик асосларини ривожлантириш назарда тутилди.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини янада кучайтириш, жумладан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларига мутлақо йўл қўймаслик мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, “ҳибсга олинган ва жиноий жавобгарликка тортилган шахсларга нисбатан қийноққа солиш, руҳий ҳамда жисмоний босим ўтказиш ва бошқа ғайриинсоний зўравонликка солиш ҳолатларига қарши принципиал кураш бошладик. Фуқароларни сохта далиллар, туҳмат ва бўҳтонлар асосида жавобгарликка тортишдек номақбул амалиётга барҳам берилди”.

Мамлакатимизда жазони ижро этиш хизматини ислоҳ қилиш соҳасида узоқни кўзлаган, мақсадли ва кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Хусусан, маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари доирасини янада кенгайтириш, турмуш шароитини яхшилашга қаратилган 30 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди.

Ўзбекистон БМТнинг Қийноқларга қарши конвенциясини 1995 йилда ратификация қилган. Бу борада қийноқларга йўл қўймаслик учун зарур ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитларни яратишга доир халқаро мажбуриятларини бажариш йўлида тизимли, изчил ва босқичма-босқич чора-тадбирларни амалга ошириб келмоқда.

Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилигига БМТ Бош Aссамблеясининг 2015 йил 17 декабрдаги резолюцияси билан қабул қилинган “Маҳбуслар билан муомала қилишнинг минимал стандарт қоидалари”ни (Нелсон Мандела қоидалари) жорий қилинмоқда.

Айниқса, 2021-2022 йилларда қийноқларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш соҳасида муҳим қадамлар қўйилди.

Жумладан, халқаро мажбуриятларни бажариш доирасида БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитасига Ўзбекистоннинг бешинчи маърузаси тақдим этилган. Ўзбекистон Республикаси Президенти 2021 йил 22 февраль куни БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 46-сессиясида миллий превентив механизмни такомиллаштириш, БМТ Қийноқларга қарши конвенциясининг Факультатив протоколи Ўзбекистон томонидан ратификация қилиниши ҳамда БМТ Қийноқлар масалалари бўйича махсус маърузачисининг Ўзбекистонга ташрифи ташкил этилишини маълум қилди.

2021 йил 26 июнда Президентимизнинг “Қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарор билан:

биринчидан, қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича жамоатчилик гуруҳларини ташкил қилиш, уларнинг вазифаларини аниқ белгилаш, мониторинг ташрифларини мунтазам равишда амалга ошириш орқали уларда қийноқ ҳолатларининг бартараф этилишига эришиш;

иккинчидан, “Ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахсларнинг ягона реестри” электрон тизимини юритишни йўлга қўйиш;

учинчидан, Ўзбекистон Республикасининг БМТ Қийноқларга қарши конвенцияси Факультатив протоколига қўшилиши юзасидан таклифларни тайёрлаш;

тўртинчидан, қийноқдан жабрланган шахсларга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик ёрдам кўрсатиш, қийноққа солишдан жабрланган шахсларга етказилган зарарни компенсация қилиш тартиби ишлаб чиқиш;

бешинчидан, ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар томонидан қийноқлар бўйича адвокатга ёки яқин қариндошига телефон орқали мурожаат қилиш амалиётини такомиллаштириш;

олтинчидан, тезкор-қидирув, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки терговни амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимлари учун қийноққа солишга қарши курашиш бўйича ўқув курслари ташкил этилиши белгиланди.

Қийноққа солишдан жабрланган шахсларга етказилган зарарни компенсация қилиш тартибини ҳуқуқий мустаҳкамлаш мақсадида “Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига қийноққа солишдан жабрланганларга етказилган зарарни қоплаш тартибини такомиллаштиришга қаратилган қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди.

Қонунда қийноққа солишдан жабрланган шахсларга етказилган жисмоний ва руҳий зарар, моддий зарар ёки бой берилган фойда, маънавий зарар, юридик ёрдам, дори воситалари ва тиббий хизмат, психологик ва ижтимоий хизматлар учун қилинган харажатлар тўлаб берилиши назарда тутилган.

Тезкор-қидирув, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов, жазони ижро этиш муассасалари ходимларининг қийноққа солишнинг олдини олиш ва озодликдан маҳрум қилиш жойларида инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги билим ва малакаларини ошириш муҳим аҳамиятга эга.

Шу мақсадда 2021 йил ноябрь ойида мамлакатимиз жазони ижро этиш муассасалари ходимлари учун “Нельсон Мандела қоидаларининг асосий тамойиллари” мавзусида амалий тренинг ташкил этилди. Мазкур тренинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси ва Даниянинг Қийноқларга қарши кураш институти билан ҳамкорликда ўтказилди.

Тренинг машғулотларида Нельсон Мандела қоидаларининг асосий тамойиллари, тегишли ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, маҳкумларни қийноқлар ва шафқатсиз муомаладан ҳимоя қилиш юзасидан жазони ижро этиш муассасалари ходимларининг билимини ошириш ва кўникмаларини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, 2021 йил давомида:

  • Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан Ички ишлар вазирлиги тизимида фаолият олиб борувчи тезкор-қидирув, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов фаолиятини амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасаларининг 1 минг 214 нафар ходими;
  • Андижон, Наманган, Фарғона, Жиззах, Сирдарё, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳридаги жазони ижро этиш муассасаларининг 30 нафар ходими;
  • хотин-қизлар ахлоқ тузатиш муассасаларининг 30 нафар ходими;
  • Бош прокуратура, Олий суд, Статистика давлат қўмитаси, юридик йўналишдаги олий ўқув юртларининг 28 нафар мутахассиси;
  • Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Қашқадарё, Сурхондарё, Бухоро, Навоий, Самарқанд вилоятлари жазони ижро этиш муассасаларининг 35 нафар ходими;
  • Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази ва унинг вилоят бўлинмаларининг 30 нафар ходимининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги билимини янада мустаҳкамлаш мақсадида ўқув курслари ташкил этилди.

2021 йилда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларга риоя этиш масалаларига бағишланган 30 га яқин амалий қўлланма, шарҳ ва услубий адабиётлар нашр этилди. Бу янги нашрлар 50 дан ортиқ давлат органи ва нодавлат нотижорат ташкилотларга тарқатилди.

2021 йил 7 июнда Ўзбекистон БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини (Нью-Йорк, 2006 йил 13 декабрь) ратификация қилди. Конвенциянинг ратификация қилиниши Ўзбекистонда ногиронлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлаш учун қўшимча кафолатлар яратиш имконини беради.

Бу, шунингдек, ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва улар учун тенг имкониятларни таъминлаш нуқтаи назаридан давлат органларининг жавобгарлигини кучайтиради.

Шу билан бирга, жазони ижро этиш муассасаларида ҳам Конвенция қоидаларига тўлиқ амалга қилиш масаласи долзарб ҳисобланади.

Хулоса қилиб айтганда, амалга оширилган тадбирлар қийноқларнинг олди олиниши билан боғлиқ қатор натижаларни қўлга киритиш имконини берди:

биринчидан, қийноққа солишнинг олдини олиш механизми такомиллашиши натижасида қийноқлар билан боғлиқ жиноятларнинг барвақт олдини олиш, қийноқ ҳолатлари содир этилишига имкон берган омилларни аниқлаш ва бартараф этиш механизми кучайтирилди;

иккинчидан, озодликдан маҳрум қилиш жойларидаги шарт-шароитлар устидан жамоатчилик назорати кучайишига, қийноқ ҳолатларини яширишнинг олди олинишига, қийноқ билан боғлиқ мурожаатлар тезкор равишда холисона кўриб чиқилиши ва айбдор шахслар учун жавобгарликнинг муқаррарлиги таъминланишига эришилмоқда;

учинчидан, қийноқдан жабрланган шахсларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ёрдам кўрсатиш механизмлари такомиллашиши таъминланди;

тўртинчидан, қийноқнинг олдини олиш бўйича миллий тизим халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормаларига тўлиқ мувофиқлаштирилмоқда;

бешинчидан, тегишли давлат хизматчиларини махсус дастурлар бўйича ўқитиш асосида уларда инсонни қийноқдан ҳимояланишга доир ҳуқуқини таъминлаш масаласида янгича дунёқарашни шакллантириш ишлари амалга оширилмоқда;

олтинчидан, қийноққа доир масалалар тўғрисидаги холис ва тўлиқ маълумотларни кенг жамоатчиликка тезкор равишда етказиш тизими яратилмоқда;

еттинчидан, амалга оширилган тадбирлар мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузи, шу жумладан халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрни яхшиланишига хизмат қилади.

 

Акмал Саидов,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси

Миллий маркази директори

 

Изоҳ: Ушбу мақола А.Саидовнинг яқинда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академиясида бўлиб ўтган халқаро илмий-амалий конференцияда сўзлаган “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясида маҳкумларнинг ҳуқуқларини таъминлаш” номли нутқи асосида эълон қилинмоқда.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан ҳамкорликда ташкил этилган ушбу халқаро анжуман “Озодликдан маҳрум этиш жойларида инсон ҳуқуқларини таъминлаш: Ўзбекистон тажрибаси” мавзуига бағишланган.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech