“Китоб — саҳрода дўст, ҳаёт йўлларида таянч, ёлғизлик дамларида йўлдош, бахтиёр дақиқаларда раҳбар, қайғули дамларда мададкор, одамлар орасида зебу зийнат, душманларга қарши курашда қуролдир”. Ушбу қамровдор ва бебаҳо таъриф улуғ аллома аждодимиз Шайх Нажмиддин Кубро ҳазратларига тегишлидир.
У зот замонасидан сўнг орадан қарийб тўққиз аср ўтгач, яъни 1995 йил 15 ноябрда Парижда бўлиб ўтган ЮНЕСКО Бош конференциясининг 28-сессияси қарорига мувофиқ, 23 апрель — Бутунжаҳон китоб ва муаллифлик ҳуқуқи куни деб эълон қилинган. Шунингдек, ЮНЕСКОнинг “Болалар ва ўсмирлар адабиётида бағрикенглик ғояларини тарғиб этганлик учун” номли мукофоти таъсис этилган.
Бу қарорнинг замирида, бир томондан, барча заминдошларимизни китоб мутолаасидан завқу шавқ олишга, иккинчи томондан, ўз асарлари билан инсониятнинг ижтимоий ва маданий тараққиётига бемисл ҳисса қўшган шоирлар ва ёзувчилар, драматурглар ва сценарийнавислар, олимлар ва мутафаккирлар – жами муаллифларга эҳтиром кўрсатишга жаҳоний даъват ўз мужассамини топган.
Шу тариқа 23 апрель — барча муаллифлар, ноширлар, устозлар, кутубхоначилар ва китоб оламига алоқадор касблар эгаларининг умуминсоний байрам кунига айланди. Худди шу санада дунёнинг кўплаб мамлакатларида китоб ярмарка ва кўргазмаларини ташкил этиш анъана тусини олди.
Бу ҳақда сўз борганда, ЮНЕСКО томонидан 1952 йили Женевада ташкил этилган конференцияда бутунжаҳон муаллифлик ҳуқуқи белгиси (©) амалиётга татбиқ этилгани улкан ютуқлардан бири бўлганини алоҳида таъкидлаш лозим. Айни шу анжуманда Муаллифлик ҳуқуқи тўғрисидаги бутунжаҳон конвенцияси ҳам қабул қилинган.
Ҳозирги вақтда Бутунжаҳон китоб ва муаллифлик ҳуқуқи куни жаҳоннинг 100 дан ортиқ мамлакатида миллионлаб инсонлар томонидан нишонланади. Сана муносабати билан турли уюшмалар ва касбий ташкилотлар, мактаблар ва олий ўқув юртлари, давлат муассасалари ва хусусий корхоналарда маърифий тадбирлар ташкил этилади.
Ўтган даврда шу байрам туфайли Ер юзининг турли қитъаларида яшайдиган ва турли маданиятларга мансуб бўлган қанчадан-қанча инсонлар ўртасида дўстлик ва бирдамлик туйғулари қарор топди ҳамда мустаҳкамланди. Муаллифлик ҳуқуқларини муҳофаза этиш ҳолати тубдан яхшиланди.
Башар аҳли китобнинг аҳамияти ниҳоятда серқирралигини тобора теран англамоқда. Яъни, китоб:
- билимлар кони;
- қадриятлар тимсоли;
- маънавий мерос қўрғони;
- цивилизациялараро мулоқот воситаси;
- ранг-баранг маданиятлар кўзгуси;
- моддий фаровонлик манбаи;
- муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимоя қилинадиган ноёб ижод маҳсулидир.
Жорий йилда таъсис этилганига 27 йил тўлган ушбу халқаро сана 1996 йилдан буён Ўзбекистонда ҳам кенг нишонлаб келинмоқда. Китоб ва китобхонлик, ижод ва ижодкорлик, маданият, маънавият ва маърифатни тарғиб этишга қаратилган бу муҳим сана жорий йилда мамлакатимизда одатдагидан-да тантанали тарзда кутиб олинди.
Бу ўринда, албатта, юртимизда "Китобсевар миллат" шиори остида ўтказилган Иккинчи Республика "Китобхонлик ҳафталиги" ҳақида сўз бормоқда. Ҳафталик доирасида бутун мамлакатимиз бўйлаб маданий ва маърифий тадбирлар, китоб кўргазма-ярмаркалари, тақдимотлар бўлиб ўтди.
Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги маълумотларига қараганда, ҳафталик доирасида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳрида бевосита китобхонлик тарғиботига бағишланган 480 дан ортиқ тақдимот, 40 дан ортиқ илмий-амалий семинар, давра суҳбати ва мулоқотлар ўтказилган. Жойларда 320 та турли маданий-маърифий дастур, театр томошалари, дизайнер-рассомларнинг ижодий кўргазмалари ташкил этилган.
Айниқса, ҳафталик доирасида «Меҳр кутубхонаси» ижтимоий лойиҳаси доирасида бутун республика бўйича Меҳрибонлик ва Қариялар уйлари ҳамда Мурувват муссасаларига 3 минг 500 дан ортиқ нусхадаги китоблар беғараз ҳадя этилган. Шунингдек, пойтахтимизнинг «Magic City» шаҳарчасида 32 та нашриёт-матбаа ижод уйи томонидан ўтказилган меҳнат ярмаркасида соҳага мутахассилар тайёрловчи 7 та олий ўқув юртининг 340 нафар талабаси иштирок этиб, уларнинг 40 дан ортиғи билан меҳнат шартномалари тузиш ҳақида келишиб олинган.
Буларнинг барчаси бежиз эмас. Чунки китоб бизга ҳаётни ўргатади, ҳар биримизни дунё сир-синоатлари ва маърифатидан баҳраманд этади.
Китоб – билим ўргатишнинг энг қудратли омили ва билимни асрашнинг ишончли воситасидир. Китоб инсонни маърифатга ошно этади, дунёдаги турфа маданиятлар ва анъаналарнинг маъно-моҳиятини англашга кўмаклашади, яшаш ҳамда ижод қилишга доимо илҳомлантириб туради.
Шу маънода, сўнгги йилларда Ҳаракатлар стратегияси доирасида мамлакатимизда матбаа ва ноширлик соҳасини қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш, босма маҳсулотлар бозорини ривожлантириш бўйича кенг қамровли ва тизимли ишлар амалга оширилганини таъкидлаш даркор. Бунда, шубҳасиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 16 мартда қабул қилинган "Ноширлик ва матбаа соҳасини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори алоҳида аҳамиятга эгадир.
Бинобарин, Президентимиз қарори чиққунига қадар матбаа ва ноширлик соҳасидаги ишлар аҳволи ушбу тизимдаги ташкилотлар ўртасида рақобат муҳитини кучайтиришни тақозо этарди. Муаллифлик ҳуқуқи бузилишининг олдини олиш, сифатсиз матбаа маҳсулотлари ишлаб чиқарилишини чеклаш, дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни чоп этиш тартибини қайта кўриб чиқиш масалалари ҳам долзарб бўлиб турганди.
Шунинг учун бу борада 3 та асосий мақсад кўзда тутилди. Яъни, қарорга мувофиқ:
биринчидан, ноширлик ва матбаа соҳасида давлат аралашувини кескин камайтириш;
иккинчидан, соҳада қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш;
учинчидан, таълим муассасалари учун сифатли дарсликлар ва ўқув-методик мажмуалар етказилишини таъминлашга доир бир қатор вазифалар изчиллик билан амалга оширилмоқда.
Кейинги даврда мамлакатимизда ёшларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқишини кучайтиришга, уларнинг китоб билан дўст бўлишига, аҳолининг китобхонлик савиясини янада оширишга катта эътибор берилаётгани давлатимиз раҳбари томонидан бешта муҳим ташаббус илгари сурилгани мисолида яна бир бор яққол тасдиғини топди.
Шу ташаббусларнинг тўртинчиси айнан китоб ва китобхонлик маданиятини оширишга қаратилган. Ушбу ташаббус доирасида юртимизда китобхонлик клуби ташкил этилди, умумтаълим мактабларига юз минглаб нусхада китоблар совға қилинмоқда.
Давлатимиз раҳбари китобсиз, яъни илмсиз фаровон келажакка эришиб бўлмаслигига ўз вақтида эътибор қаратди. Хусусан, 2017 йил 12 январда Президентимизнинг “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши имзоланганди. Ўтган вақт ичида бу йўналишда жуда салмоқли ишлар амалга оширилди.
Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 13 сентябрда қабул қилинган “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги ҳамда 2019 йил 7 июнда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорлари айни соҳадаги ислоҳотларнинг изчиллигига кенг йўл очди.
Янада муҳими, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясидаги еттита устувор йўналишдан бири маънавий тараққиётни таъминлаш ва соҳани янги босқичга олиб чиқишни кўзда тутади. Тараққиёт стратегиясининг 72-мақсадида:
биринчидан, аҳолига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада ривожлантириш;
иккинчидан, китобхонликни кенг оммалаштириш;
учинчидан, “Китобсевар миллат” умуммиллий ғоясини рўёбга чиқариш вазифалари белгилаб берилган.
Аслида ҳам, китоб ва китобхонлик ҳар бир даврнинг энг долзарб мавзуларидан бири бўлиб келган. Ҳозирги кунда унинг долзарблик кўлами янада ортди. Чунки китоб ўқишда ҳикмат кўп. Кенг дунёқараш ва билимга эга бўлишда китобнинг аҳамиятини ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди.
Китоб инсонни интизомли қилади. Нафсни енгишга ва каттани ҳурмат, кичикни иззат қилишга ўргатади. Китоб ўқиган киши қонунларга итоат қилиш кераклигини англайди.
Сир эмаски, “Сovid-19” деб ном олган тождорвирус XXI асрда яшаётган, техника-технология юксак тараққий топган инсоният жамиятини шошириб қўйди. Маърифат, жумладан, китоб мутолааси эса кишини фикрлар, ўй-ташвишлар жангида ғолиб чиқишга чорлайди.
Бугунги тараққий этаётган техника даврида кўпчилик мутолаага вақт ажрата олмаслиги мумкин. Аммо ҳар қандай вақтда ҳам китоб ўқишга вақт топган инсон ютади. Бир нарсани унутмаслигимиз керак, яқинларни китоб ўқишга даъват қилиш уларга яхшилик тилаш ҳисобланади.
ЮНЕСКО ҳамда китоб саноатининг учта асосий сектори – ноширлик, китоб савдоси ва кутубхоначилик соҳалари фаолияти билан шуғулланадиган халқаро ташкилотлар ҳар йили 23 апрелда дунё шаҳарларидан бирига “Бутунжаҳон китоб пойтахти” фахрий унвонини тақдим этиши хайрли анъанага айланган. Бундай шарафга сазовор бўлган шаҳар, одатда, китоб ва китобхонликни кенг тарғиб этиш, йил давомида бу борада алоҳида чора-тадбирлар дастурини амалга ошириш мажбуриятини зиммасига олади.
Мадрид 2001 йилда “Бутунжаҳон китоб пойтахти” фахрий унвонига сазовор бўлган илк шаҳардир. Кейинги йилларда Александрия (Миср, 2002), Нью-Деҳли (Ҳиндистон, 2003), Антверпен (Бельгия, 2004), Монреаль (Канада, 2005), Турин (Италия, 2006), Богота (Колумбия, 2007), Амстердам (Нидерландлар, 2008), Байрут (Ливан, 2009), Любляна (Словения, 2010), Буэнос-Айрес (Аргентина, 2011), Ереван (Арманистон, 2012), Бангкок (Таиланд, 2013), Порт-Харкорт (Нигерия, 2014), Инчхон (Жанубий Корея, 2015), Вроцлав (Поьша, 2016), Конакри (Гвинея, 2017), Афина (Греция, 2018), Шаржа (Бирлашган Араб амирликлари, 2019), Куала-Лумпур (Малайзия, 2020), Тбилиси (Грузия, 2021) шундай шарафланди.
Ушбу рўйхат билан танишар эканман, бундан бир неча йил илгари академик Акмал Саидов айни мавзудаги мақоласида Тошкент шаҳрини – “Бутунжаҳон китоб пойтахти”га айлантириш ташаббусини илгари сургани ҳақида ўйладим. Ҳақиқатан ҳам, мамлакатимиз пойтахти бу фахрий унвонга ҳар томонлама муносибдир. Бугунги кунда турли халқаро рейтингларда юқори ўринларни забт этаётган Янги Ўзбекистон учун бундай марра чўт эмас, назаримда.
Хулоса ўрнида Ўзбекистон Президентининг бу йилги Бутунжаҳон китоб ва муаллифлик ҳуқуқи куни арафасида, 21 апрель куни Қашқадарё вилоятига ташрифи доирасида юртдошларимиз билан жонли мулоқоти асносида билдирган бир фикрини келтираман.
Яъни, «Имконим бўлиши билан китоб ўқишга ҳаракат қиламан. Ўша куни 1 соатча бўш вақтим пайдо бўлиб қолганди, Амир Темур ва Тўхтамишхон ўртасида жанг тарихини ўқидим. Буюк саркардамиз қандай ғалаба қозонгани менга жуда қизиқ эди. Тўхтамиш ҳам осонликча ютқазмаган экан, бунда Амир Темур бобомизнинг юксак ҳарбий тактика ва стратегияси, довюраклиги иш берган. Ўзимга ҳам ёзволдим, Амир Темур жангда 7 та усулни қўллаган экан”, деди давлатимиз раҳбари.
Рамазон ойининг муборак кунларида тилагимиз шуки, ҳар биримизга китобхонлик бобида миллат улуғларидан ўрнак олиш ва юртимизнинг навқирон авлодига муносиб намуна кўрсатиш имконияти мушарраф бўлсин.
Ғулом Мирзо,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист
- Қўшилди: 29.04.2022
- Кўришлар: 3308
- Чоп этиш