Халқаро кунлар Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ташкил этилишидан олдинроқ пайдо бўлган. БМТ ушбу муҳим саналарни муайян муаммолардан хабардорликни ошириш учун кучли восита сифатида қабул қилган. Ҳар бир халқаро сана кўплаб манфаатдор томонларга шу кун мавзуси билан боғлиқ тадбирларни ташкил қилиш имкониятини беради.
Бу йилги Бутунжаҳон аҳолишунослик кунининг мавзуси – “Соғлом сайёрада тинчлик, инсон қадр-қиммати ва тенглик” шиори остида ўтмоқда.
2011 йилда дунё аҳолиси 7 миллиард кишини ташкил этган. Бу йил ушбу кўрсаткич 8 миллиардга етиши тахмин қилинмоқда.
Баъзилар ўртача умр кўриш давомийлиги ошгани, оналар ва болалар ўлими қисқаргани ва ниҳоятда қисқа вақт ичида вакциналар ишлаб чиқилиши ҳисобига соғлиқни сақлаш соҳасида эришилган ютуқларни дунёда аҳоли сонинг ўсишига сабаб дея баҳолашса, бошқа бировлар бунга ҳаётимизни енгиллаштирган ва инсонларни ҳар соҳада бирлаштирган технологик инновациялар сабаб дея кўрсатмоқдалар.
1950 йилда, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тузилганидан сўнг орадан беш йил ўтиб, дунё аҳолиси тахминан 2,6 миллиардни ташкил этган. Бу кўрстаткич 1987 йилда 5 миллиард кишига, 1999 йилда эса 6 миллиард кишига етди.
2011 йил октябрь ҳолатига кўра, дунё аҳолиси 7 миллиард кишидан иборат эди. Инсоният тарихидаги ушбу муҳим босқич “Етти миллиард ҳаракат” глобал кампанияси билан белгиланди.
Келгуси 30 йил ичида дунё аҳолиси яна икки миллиард кишига кўпайиши тахмин қилинмоқда. Хусусан, 2050 йилга бориб сайёрамиз фуқаролари – 9,7 миллиард, 2100 йилга келиб эса 11 миллиард нафарга етиши кутилмоқда.
Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш, жумладан сифатли тиббий хизмат кўрсатиш борасида амалга оширилаётган тизимли ижобий ишлар жаҳон ҳамжамияти томонидан юксак эътироф этилмоқда. Бу ўринда хусусан:
- туғруқ хизмати сифатини ошириш;
- оналар ва болалар ўлимини камайтириш;
- репродуктив саломатликни шакллантириш;
- онкологик касалликлари диагностикаси ва профилактикаси сифатини яхшилаш;
- тиббиёт тизимидаги муаммоларни вақтида аниқлаш ва ҳал этиш;
- ушбу соҳада инновацион рақамли технологияларни жорий қилиш;
- камбағалликни қисқартириш;
- озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш;
- оилани қўллаб-қувватлаш;
- аҳоли турмуш сифатини яхшилаш ва фаровонлигини юксалтириш;
- аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш жараёнлари ҳақида сўз бормоқда.
Жорий йил 18 март куни Ўзбекистон Президенти юртимиз тиббиёт ходимлари билан учрашди. Давлатимиз раҳбари самимий мулоқот асносида қайд этганидек, ҳаёт ҳақиқати шуни кўрсатадики, фақатгина соғлом халқ, баркамол миллат буюк ишларга қодир бўлади. Эл-юртимиз азалдан шифокорларни, инсон саломатлигини асрашдек эзгу ва савобли ишга, бутун борлиғини бағишлаган фидойи зотлар, деб билади ва ҳамиша қадрлайди.
Айни чоғда, шу йил 28 март куни Президентимиз раислигида соғлиқни сақлаш соҳасида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши соҳа ривожи учун муҳим аҳамият касб этди. Йиғилишда маҳаллабай тизимда ишлаб, сифатли тиббий хизматларни аҳолига яқинлаштириш, одамларни соғлом турмуш тарзига ўргатиш асосий вазифа сифатида белгиланди.
Тез тиббий ёрдам сифатини яхшилаш, олис ҳудудларда қўшимча бригадалар тузиш, бу тизимдаги анестезиолог ва реаниматологлар ойлик иш ҳақига устама бериш бўйича белгиланган вазифалар ижросига алоҳида эътибор қаратилди. Жорий йилда инвестиция дастури доирасида тиббиёт муассасаларини қуриш ва таъмирлаш ишларига бюджетдан 1 триллион 200 миллиард сўм ажратилгани ҳамда мутасаддиларга қурилиш ишларини жадаллаштириш, тиббий асбоб-ускуналарга техник хизмат кўрсатиш тизимини йўлга қўйиш бўйича топшириқлар берилди.
Юртбошимиз, шунингдек, 17 июнь куни Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази фаолияти, шу жумладан жаҳон талаблари асосида яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди.
Ўзбекистон Президенти бу ердаги бемор болалар ва уларнинг оналарига далда бериб, алоҳида таъкидлаганидек, “Ёнингизга яна келишдан мақсадим – сизларга куч бериш, умидни икки карра кўпайтириш. Бу ҳаммамизга синов. Биз давлат бўлиб, ақлимизни, кучимизни ишга солиб, бу касалликларни енгишимиз керак. Ота-оналарга кўмак бериб, болаларнинг дардига малҳам бўлиб, уларни соғайтиришимиз зарур”.
Хулоса ўрнида шуни эътироф этиш жоизки, Ўзбекистон аҳоли соғлиғини сақлаш соҳасида БМТ ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан самарали амалий ҳамкорликни йўлга қўйган. Бу борада БМТнинг ЮНЕСКО, ЮНИСЕФ, ЮНИДО, ФАО каби кўплаб ихтисослашган тизимлари ҳамда Германия тараққиёт банки, USAID, JICA, TICA, KOICA, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки каби кўплаб бошқа ҳамкор ташкилотлар билан ҳам муносабатларимиз изчил ривожланмоқда.
Ойбек АҲМАДОВ,
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази масъул ходими
- Қўшилди: 13.07.2022
- Кўришлар: 4671
- Чоп этиш