2022 йил 1 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ўтказилган брифингда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг қарори билан жорий йил 1 августга қадар умумхалқ муҳокамасига қўйилган “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси якунлари тўғрисидаги умумлаштирилган ахборот юзасидан маълумот берилди.
Қонун лойиҳасининг муҳокамаларида ёшлар, ўқитувчилар, тиббиёт ходимлари, тадбиркорлар, фуқаролик жамияти институти вакиллари, умуман ватанимиз тақдирига бефарқ бўлмаган юртдошларимиз катта қизиқиш билан иштирок этиб, ўз таклифларини билдирди. Буни қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамасига чиқарилгандан сўнг ҳозирга кадар 150 мингдан ортиқ таклифлар келиб тушгани мисолида ҳам кўриш мумкин.
Конституциявий комиссия мутахассисларининг фикрича, фуқароларимиздан келиб тушаётган таклифлар орасида:
-давлатнинг ишсизликни тугатиши;
-солиққа тортишнинг мутаносиб ва ижтимоий адолат принципларига мос бўлиши;
-давлатнинг зарур ҳолларда хориждаги фуқароларга ҳуқуқий
ва бошқа ёрдам кўрсатиши;
-давлат органлари фаолиятида очиқликнинг бўлиши ва уларга коррупцияга қарши курашиш мажбуриятини юклаш;
-аҳоли учун муносиб яшаш шароитларини яратиш, озиқ-овқат хавфсизлиги;
-маҳаллий Кенгашларга ҳам ҳокимларга ишончсизлик вотумини билдириш ваколатини бериш;
-суднинг инсон ҳуқуқ ва эркинликларини камситувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қўллашга ҳақли эмаслигини белгилаш ҳақида ва бошқа шу каби келиб тушган таклифлар долзарб аҳамият касб этмоқда.
Ҳақиқатан ҳам, биргина мавзу – аҳоли учун муносиб яшаш шароитлари яратиш, жумладан, дам олиш ҳуқуқининг конституциявий кафолатларини мустаҳкамлаш масаласини олайлик.
Маълумки, “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасида Асосий қонуннинг 38-моддаси қуйидаги янги таҳрирда берилган:
“Ҳар бир шахс дам олиш ҳуқуқига эга.
Ёлланиб ишлаётган фуқаролар дам олиш ҳуқуқига, дам олиш ва байрам кунлари, ҳақ тўланадиган ҳар йилги таътилга чиқиш ҳуқуқига эга”.
1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституциясида амалдаги ушбу модда бундай баён этилган:
“38-модда. Ёлланиб ишлаётган барча фуқаролар дам олиш ҳуқуқига эгадирлар. Иш вақти ва ҳақ тўланадиган меҳнат таътилининг муддати қонун билан белгиланади”.
Эътибор беринг: янги таҳрирда инсоннинг дам олиш ҳуқуқи анча аниқ ва қатъий нормалар орқали кафолатланмоқда. Бу ўринда, шубҳасиз, юртдошларимиз ушбу конституциявий нормаларни такомиллаштириш юзасидан билдирган таклифларнинг холислик билан инобатга олингани ҳамда ғоят синчковлик ва моҳирлик билан Конституциявий қонун лойиҳасига киритилгани катта аҳамият касб этган.
Конституциявий комиссия матбуот хизмати маълумотига қараганда, таклифлар йиғиш ишлари бошланган дастлабки давр, яъни 26 май – 25 июнь кунлари жами 62 минг 238 та таклиф келиб тушган.
Табиийки, ушбу таклифлар ўз вақтида ҳисобга олинган, ўрганилган ва сараланган. Конституциявий қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамаси эътиборига ҳавола этилишига қадар лойиҳани такомиллаштиришда бу таклифлар жуда қўл келган.
Хусусан, Наманган шаҳрида яшовчи фуқаро Малик Қосимов шундай таклиф берган:
“Ҳафталик иш вақт-соати ва меҳнат таътили муддатларини Конституцияда, мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча иш берувчилар учун мажбурий этиб белгилаб қўйиш керак”.
Жиззах вилояти, Шароф Рашидов тумани, “Янгиҳёт” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Д.Ярлашов, шунингдек фуқаро Маҳмуд Маҳаматов ҳам Конституциянинг 38-моддасини янги таҳрирда беришни таклиф этган. Улар тавсия этган матн қуйидагича:
“Ҳар бир шахс дам олиш ҳуқуқига эга. Ёлланиб ишлаётган шахслар ҳақ тўланадиган йиллик меҳнат таътилига чиқиш ҳуқуқига эга. Иш вақти ва ҳақ тўланадиган йиллик меҳнат таътилининг муддати қонун билан белгиланади”.
Эътибор қилинса, Конституциявий қонун лойиҳасининг 38-моддаси матни билан юртдошларимизнинг таклифлари шаклан ва мазмунан бир-бирига яқин эканини пайқаш қийин эмас. Яъни, лойиҳанинг умумхалқ муҳокамасига қўйилган дастлабки варианти уни тайёрлаш даврида келиб тушган кўплаб таклифларга бевосита асослангани яққол кўриниб турибди.
Конституциявий ислоҳот жараёнларига аҳоли турли қатламларини янада кенг ва фаол жалб этиш мақсадида ҳудудларда, вазирлик, ташкилот ва идораларда умумхалқ муҳокамаси доирасида 18 минг 789 та тадбир ўтказилган. Бу тадбирларда бир миллион нафардан зиёд иштирокчи қамраб олинган.
Давлат бошқарув академиясида июнь ойида бўлиб ўтган шундай учрашувлардан бирида Шарофатхон Қодирова Асосий қонунни 37-1-модда билан тўлдиришни таклиф этган. Натижада Ш.Қодирова таклиф этган фуқароларнинг дам олиш ва байрам кунлари, ҳақ тўланадиган ҳар йилги таътилга чиқиш ҳуқуқига оид фикрлар ҳам Конституциявий қонун лойиҳасининг 38-моддасидан жой олди.
Айни чоғда, парламент қуйи палатасидаги масъул қўмиталарнинг қўшма йиғилишида “иш вақти ҳафтасига 40 соатдан ортиқ бўлиши мумкин эмаслиги” ҳақидаги таклиф ҳам таҳлил этилди ва долзарб деб топилди.
Энг муҳими, мутасаддилар таъкидлаганидек, ҳар бир таклиф ва экспертиза хулосалари чуқур ва атрофлича экспертлар, мутахассислар, олимлар, сиёсатчилар иштирокида муҳокама қилиб борилмоқда. Келиб тушаётган таклифларга асосан Конституциявий қонун лойиҳаси маромига етказиляпти.
Шундан сўнг Конституциявий қонун лойиҳаси қуйи палата қўмиталарининг қўшма йиғилиши, сиёсий партиялар фракцияларида муҳокамалар ўтказилади ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи мажлиси кун тартибига олиб чиқилади. Қонун лойиҳасининг матни тайёр бўлиши билан депутатлар муҳокамасига киритилади ва халқ вакилларининг фикрини инобатга олган ҳолда Конституциявий қонун лойиҳаси референдумга қўйилади.
Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда конституциявий ислоҳотлар доирасидаги демократик қонун ижодкорлиги жараёни изчил бормоқда. Умумхалқ муҳокамаси асносида келиб тушган юз минглаб таклифлар – Асосий қонунимизни том маънодаги халқ Конституциясига айлантириш учун кенг ва қулай имкониятдир.
Ғулом Мирзо,
Ойдин Иброҳимова
- Қўшилди: 02.08.2022
- Кўришлар: 6112
- Чоп этиш