ЯКУНИЙ ҲУЖЖАТИ
Биз, Конституциявий комиссия, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, “Тараққиёт стратегияси” маркази, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ва Барқарор ривожланиш маркази томонидан Тошкент шахар хокимияти кўмагида 2022 йил 29 сентябрь куни Тошкент шаҳрида ўтказилган “Конституциявий ислоҳотларда жамоатчилик иштироки: миллий ва халқаро тажриба” мавзусидаги халқаро конференция иштирокчилари;
“Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонунини (Конституциявий қонун) лойиҳаси умумхалқ ва халқаро муҳокамасининг дастлабки натижалари, унда кенг жамоатчиликнинг фаол иштироки, “Халқ – қонунларнинг ягона манбаи ва муаллифидир” ҳамда “Барча муҳим қарорлар бевосита халқ билан мулоқот асосида ва жамоатчилик фикрини ҳисобга олган ҳолда қабул қилинади”, деган тамойилларни ҳаётга татбиқ этилиши, шунингдек мазкур тамойилларни конституциявий қонунчилик ва амалиётда мустаҳкамлаш борасида батафсил фикр алмашган;
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, унинг тузилмалари, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Европа Иттифоқи ва бошқа халқаро тузилмалар доирасида инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, ҳусусан, фуқароларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги иштироки, сўз ва ахборот эркинлиги ҳамда ўз фикрини эркин ифодалаш каби ҳуқуқларини ҳимоялаш ва амалга ошириш, конституциявий ислоҳотларни ўтказиш борасида қабул қилинган умумжаҳон ва минтақавий халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар ва тегишли тавсияларини инобатга олган;
Ўзбекистонда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳот, авваламбор, “Янги Ўзбекистонга – янгиланган Конституция” лозим, деб ҳисоблаётган аҳолининг кенг қатлами ва сайловчилар амри, хоҳиш-иродаси, замон талаби эканлигини алоҳида эътироф этган;
Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар “Инсон – давлат ва жамият учун мақсадга эришиш воситаси эмас, аксинча, ана шу мақсаднинг бош мазмуни ва манбаи ҳамда энг олий қадрият бўлиши лозим” деган устувор ғояга аослангани ва мазкур ғояни амалга оширишда жамоатчилик, шунингдек фуқаролик жамиятининг барча институтлари фаолиятининг сиёсий, ҳуқуқий ва ташкилий шарт-шароитларини такомиллаштириш ва демократлаштиришга қаратилган жадал ва кенг кўламли чора-тадбирларни юксак баҳолаган;
хорижий давлатлар ва Ўзбекистон конституциявий тараққиётининг қиёсий таҳлили, шунингдек Конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ ва халқаро муҳокамасининг дастлабки натижаларига асосланган ҳолда қуйидаги асосий ХУЛОСАЛАРГА келдик.
- Ўзбекистон Республикасининг янгиланаётган Конституциясининг асосий муаллифи ва ижодкори том маънода Ўзбекистон халқи ҳисобланади.
Ушбу ҳулоса, ҳусусан, қуйидагиларга асосланади:
- ушбу конституциявий ислоҳотларни амалга ошириш ғояси ва унинг давлат ва жамият ривожидаги аҳамияти илк маротаба Президент ёки бошқа қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари томонидан эмас, балки айнан аҳоли ва сайловчилар томонидан таклиф этилган ва асосланган;
- ҳалқ томонидан илгари сурилган ғояларни умумлашириш, тизимлаштириш, чуқур таҳлил этиш ҳамда мамлакат тараққиётининг ушбу босқичида Янги Ўзбекистонни ва Учинчи Ренессанс асосларини яратиш, жамият ва давлат бошқаруви соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштиришнинг конституциявий асосларини мустаҳкамлашнинг устувор мақсад ва вазифаларини инобатга олиб, Ўзбекистан Республикаси Президенти томонидан конституциявий ислоҳотларнинг устувор йўналишларини аниқлаб берилган;
- конституциявий ислоҳотларни амалга ошириш ишларига бевосита халқ томонидан сайланган Олий Мажлис депутатлари ва сенаторлари бошчилик қилмоқдалар.
- Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича ўтказилган умумхалқ муҳокамасида 1341 та колл-маркази, фуқароларнинг бевосита қабули орқали, “Meningkonstitutsiyam.uz” платформаси, анъанавий мурожаатлари ҳамда жамоавий таклифлари асосида 150 мингдан зиёд таклифлар келиб тушди. Бу 1992 йилдаги умухалқ муҳокамасига қараганда 25 баробардан юқоридир.
Депутатларнинг таъкидлашича, жойлардаги учрашувларда фуқаролар томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар, ташаббус ва таклифлар таҳлили ҳам халқнинг Янги Ўзбекистондаги ўзгаришларга бефарқ эмаслиги, балки ислоҳотларнинг, ҳусусан конституциявий ислоҳотларнинг фаол ва манфаатдор иштирокчисига айланаётганини кўрсатади;
- нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари, ҳуқуқшунос олимлар, академик ҳамжамият, “ақл марказлари”, айниқса, “Халқ – қонунларнинг ягона манбаи ва муаллифидир” ҳамда “Барча муҳим қарорлар бевосита халқ билан мулоқот асосида ва жамоатчилик фикрини ҳисобга олган ҳолда қабул қилинади” деган тамойилларни ҳаётга татбиқ этишда сезиларли фаоллик намойиш этмоқда.
Улар томонидан Конституциявий қонун лойиҳаси ва ислоҳотларга оид фикр мулоҳазалар, таклифлар ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
- Ўзбекистонда конституциявий ислоҳотлар кенг жамоатчиликнинг иштирокида қуйидаги устувор йўналишлар бўйича амалга орширилмоқда:
- “инсон шаъни ва қадрини” улуғлаш, аввал амал қилган “давлат – жамият – инсон” парадигмасини янги “инсон – жамият – давлат” парадигмасига ўзгартириб, конституциявий қонунчилик ва конституциявий амалиётда мустаҳкамлаш;
- халқчил давлатни бунёд этишнинг энг муҳим шарти сифатида иқтисодий ислоҳотлар жараёнида инсон манфаатларини таъминлаш;
- фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ва мақомини, “Жамият – ислоҳотлар ташаббускори” тамойилини конституциявий мустаҳкамлаш;
- давлат ва жамият миллий қадриятлари ва ўзига хос хусусиятларини сақлаб қолишини ҳимоя қилиш, Ўзбекистон халқининг тарихий, маънавий ва маданий меросини келгуси авлодларга безавол етказиш;
- оила институтини мустаҳкамлаш, бўлажак авлодларга анъанавий инсоний қадриятларни асраб-авайлаган ҳолда етказиш, мамлакатда миллатлараро тотувликни мустаҳкамлашнинг конституциявий асосларини белгилаш;
- Конституцияда янги Ўзбекистон бунёдкорлари — ёшларнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватланишини, уларнинг ҳуқуқи, манфаатлари ва мажбуриятларини акс эттириш;
- Ўзбекистон ижтимоий давлат ва одил фуқаролик жамиятини қуриш сари илдам бораётганини ҳисобга олган ҳолда “Янги Ўзбекистон — ижтимоий давлат” тамойилини конституциявий норма сифатида мустаҳкамлаш;
- инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизими самарадорлигини ошириш, болалар меҳнатига йўл қўймаслик, ногиронлиги бор шахслар ва кекса авлод вакилларининг қадр-қиммати ва ҳуқуқларини ишончли муҳофазасини таъминлаш;
- Конституцияга махсус экологик қоидалар, глобал иқлим ўзгаришларига тегишли ҳуқуқий нормаларни киритиш;
- Янги Ўзбекистонни юксак билим ва интеллектуал салоҳиятга эга инсонлар юрти, маърифий жамиятга айлантириш мақсадида болалар боғчалари, мактаблар, Учинчи Ренессанс асосларининг ўзаро боғлиқ жиҳатлари бўлган олий таълим ва фан соҳаларини ривожлантириш масалаларини конституциявий даражада мустаҳкамлаш кабилар.
III. Конституциявий комиссия ўз фаолиятини очиқлик ва ошкоралик тамойилларига таяниб, илмий-тадқиқот муассасалари, тегишли давлат ва нодавлат нотижорат ташкилолар, маҳаллалар, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари, соҳа экспертларини кенг жалб этган ҳамда жаҳон давлатлари конституциявий тажрибасини чуқур ва ҳар томонлама ўрганишга асосланган ҳолда ташкиллаштирган. Ҳусусан:
- аҳолига Конституциявий қонун лойиҳасини кенг таништириш, оммавий ахборот воситалари, Интернет ва ижтимоий тармоқларда ҳар бир моддани кенг жамоат муҳокамасини ташкиллаштириш, фуқаролар фикрини ўрганиш, бу борада аҳоли турли қатламлари ва Конституциявий комиссия ўртасида мустаҳкам алоқаларни таъминлаш ишларида минглаб журналистлар ва блогерларнинг иштироки этиши таъминланди;
- жорий йилда давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлар, академиик ҳамжамият, халқаро ва хорижий нохукумат ташкилотлар билан ҳамкорликда конституциявий ислоҳот ҳамда Конституциявий қонун лойиҳасининг турли жабҳалари ва новеллаларига бағишланган 100 дан ортиқ миллий ва 40 дан зиёд халқаро форумлар, жумладан хорижий мамлакатларда ҳам (АҚШ, Буюк Британия, Корея, Польша, Россия, Саудия Арабистони, Швейцария, Япония, Ҳиндистон каби давлатлар) ўтказилди;
- “БМТ оиласи” тузилмалари, ШҲТ, ЕИ, ЕХҲТ, қатор халқаро нодавлат ташкилотлар ва хорижий давлатлар парламентлари, ўқув ва илмий-тадқиқот марказлари билан ҳамкорликда ташкил этилган халқаро форумларда 500 дан ортиқ халқаро ва хорижий экспертлар иштирок этди. Ушбу тадбирлар давомида Конституциявий қонун лойиҳасини такомиллаштириш борасидаги таклифлар ишлаб чиқилди.
Мустақил Ўзбекистон тарихида илк маротаба:
- Конституциявий қонун лойиҳаси жамоатчилик, гендер, бола ҳуқуқлари, инсон ҳуқуқлари, ногиронлиги бор шахслар ҳуқуқлари, аксилкоррупция, лингвистик ва бошқа экспертизалардан ўтказилди;
- БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармасининг Конституциявий қонун лойиҳасига расмий шарҳи ва таклифлари олинди.
Биз, халқаро форум иштирокчилари, юқорида қайд этилган хулосалардан келиб чиққан ҳолда, Конституциявий қонун умумхалқ муҳокамаси Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг конституциявий ислоҳотларни ўтказиш борасидаги тегишли тавсиялари, бошқа халқаро ва минтақавий ташкилотларнинг тегишли ҳужжатлари, дунёда замонавий конституциявий ривожланишнинг устувор тенденциялари, шунингдек “Халқ – қонунларнинг ягона манбаи ва муаллифидир” устувор тамойилига тўла-тўкис риоя қилинган ҳолда амалга оширилган, деб ҳисоблаймиз, ва уни умумҳалқ референдуми орқали қабул қилиниши борасидаги таклифни қўллаб-қувватлаймиз.
Конституциявий ислоҳотларни амалга ошириш, тегишли референдумни ташкиллаштиришда қуйидаги умутанолинган демократик тамойилларга алоҳида эътибор қаратиш лозим, деб биламиз:
- референдумда фуқароларнинг ихтиёрий ва эркин иштирок этиши, ўз хоҳиш-иродасини умумий, тенг ва тўғридан-тўғри билдириши асосида яширин овоз бериши учун барча ҳуқуқий, ташкилий ва сиёсий шарт-шароитларни яратиш;
- ислоҳотлар ва референдум давомида қонун ва ҳуқуқ устуворлигини таъминлаш, ҳусусан, жамиятдаги фикрлар ва қарашлар хилма-хиллигини ҳурмат қилиш, жамиятда сўз ва фикр эркинлигини таъминлаш, фуқароларнинг хоҳиш-иродалариини эркин билдиришларига таъсир кўрсатишга йўл қўймаслик;
- референдумда фуқаролик жамияти институтлари, халқаро кузатувчиларнинг иштироки, турли тоифадаги сайловчиларнинг инклюзив иштирокини рағбатлантириш.
Биз, халқаро конференция иштирокчилари Ўзбекистонда яратилган сиёсий, ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий шарт-шароитлар фуқароларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришда иштирок этишдек конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш имконини бераётганига ишонч билдирамиз.
Конституцивий ислоҳотларда жамоатчилик иштирокини мустаҳкамлашга ҳисса қўшаётган ушбу халқаро конференциянинг барча ташкилотчилари ва иштирокчиларига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.
Тошкент, 29 сентябрь, 2022 йил.
- Қўшилди: 30.09.2022
- Кўришлар: 4839
- Чоп этиш