УЗОҚ КУТИЛГАН АДОЛАТ

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан фуқароларнинг асоссиз жиноий жавобгарликка тортилганлик, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинганлик, дастлабки тергов органи ҳамда судларнинг ноқонуний қарорларидан норозилик тарзидаги мурожаатлари мунтазам кўриб чиқилмоқда. Бу жараёнда масъул органлар томонидан йўл қўйилган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш борасида тегишли тавсиялар берилмоқда.

Миллий марказ томонидан жорий йилнинг ўтган 9 ойида судлар фаолиятидан норозилик мазмунидаги 217 та, суриштирув ва дастлабки тергов органлари фаолиятидан норози бўлиб қилинган 286 та мурожаат кўриб чиқилган.

Эътиборли томони шундаки, айрим мурожаатлар бўйича унда кўтарилган масалани қонуний ҳал қилиш ваколатига эга бўлган давлат органига киритилган тавсия ва хулосалар юзасидан бир неча йиллардан сўнг ижобий қарор қабул қилинмоқда.

Наманган вилояти, Чуст туманида яшовчи, шу тумандаги  “Чуст Фароғатхон” хусусий корхонаси раҳбари вазифасида ишлаб келган Наимджон Халиловга нисбатан ҳуқуқни мухофаза қилиш органлари томонидан содир этилган адолатсизликларга тааллуқли мурожаат шулар жумласидандир.

Бош прокуратура ҳузуридаги СВОЖЖДЛКҚ Департаменти (ҳозирги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти) Наманган вилояти, Чуст тумани бўлими томонидан тадбиркор Н.Халиловга нисбатан 2017 йил 4 февраль куни Жиноят кодексининг 189-моддаси билан жиноят иши қўзғатилади. Бунга Чуст тумани Давлат солиқ инспекциясининг Н.Халилов раҳбарлигидаги хусусий корхонада ўтказилган текшириш якунлари асос қилиб олинади.

Суриштирув органи жиноят иши қўзғатишда корхонада ўтказилган текшириш натижаларини чуқур ўрганмасдан, аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари тадбиркор томонидан қонунда белгиланган муддат ичида бартараф этилганлигига, етказилган зарар қопланганлигига эътибор қаратмасдан, шошма-шошарлик билан жиноят иши қўзғатилганлиги тадбиркорнинг 5 йилдан ортиқ овораю-сарсон бўлишига олиб келади.

Тадбиркорнинг таъқиб қилиниши унинг ўз ҳуқуқларини талаб қилишидан, қонун устуворлигини таъминлашни сўраганидан, адолатни истаганидан сўнг бошланади.

Иш ҳолатларига назар солсак, Жиноят ишлари бўйича Чуст тумани судининг 2017 йил 10 апрелдаги ҳукми билан Н.Халилов 2014 йил 1 январидан 2017 йил 4 ноябрига қадар амалга оширган тадбиркорлик фаолияти даврида 814.788.000 сўмлик кирим қилинмаган товарларни реализация қилиб, пул ўтказиш йўли билан сотиб олинган 399.308.112 сўмлик маҳсулотларни нақд пулга сотиб, назорат касса машинасига кирим қилмасдан, банкдан ташқари нақд пул айланмасини амалга ошириб, жуда кўп миқдордаги савдо қоидаларини бузганликда Жиноят кодексининг 189-моддаси билан айбли деб топилган. Айбни енгиллаштирувчи ҳолатлар инобатга олиниб, унга энг кам ойлик иш ҳақининг юз баравари, яъни 14.977.500 сўм жарима жазоси тайинланган.

Тадбиркорнинг мурожаати асосида Миллий марказ томонидан суд ҳукмининг қонунийлиги ўрганилганда, жиноят-процессуал қонунчилиги талаблари бузилишига йўл қўйилганлиги ҳолатлари аниқланди.

Яъни, Н.Халиловнинг ҳаракатларида жиноят аломатлари йўқлиги кўрсатилган ҳолда, 2017 йил 14 сентябрда хулоса тузилиб, ишни кассация босқичида қўшиб кўриш тўғрисида Жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят суди кассация босқичига тавсия киритилади.

Аммо, кассация босқич суди биринчи босқич судининг ҳукми билан келишади ва уни ўзгартирмасдан қолдиради.

Миллий марказнинг Олий суд ва Бош прокуратурага киритган тавсиялари ҳам оқибатсиз қолдирилади. Натижада Н.Халилов 2022 йил 19 август кунига қадар адолат излаб турли давлат идораларига тўхтовсиз мурожаатлар қилади.

Суд-ҳуқуқ органларининг масъул шахслари Жиноят кодексининг 189-моддаси 2-қисмида кўрсатилган “Биринчи марта жиноят содир этган шахс, агар у жиноят аниқланган кундан эътиборан ўттиз кунлик муддатда савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидалари бузилишининг оқибатларини бартараф этган ва етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаган бўлса, жавобгарликдан озод этилади” деб кўрсатилган қоидага ўз вақтида амал қилганларида, шунингдек, буни тасдиқловчи асосли далилларга эътибор қаратганларида қонун устуворлиги ўз вақтида тантана қилган бўлар эди.

Жорий йил 19 августида Олий суд томонидан Н.Халиловни оқлаш тўғрисидаги қарор қабул қилинди. Жабрдийда юртдошимиз адолат тантана қилганидан хурсанд бўлди.

Энди бир қарашда арзимагандек туюлган солиқ қонунбузилишига оид хатти-ҳаракатнинг жиноят эмаслигини исботлаш учун 5 йилдан ортиқ вақтини йўқотган, тадбиркорлик фаолиятидан даромад олиш ўрнига зарар кўрган, қанчадан-қанча қимматли вақтини йўқотган ва турли тазйиқларга дуч келган Н.Халиловнинг ўрнига ўзингизни қўйиб кўринг.  Унинг, оила аъзоларининг “судланган” деган тамғани олиб ташланиши учун чеккан азобларини тасаввур қилиш қийин.

Шундай кезларда ота-боболаримизнинг “Адолат эгилади, букилади, аммо синмайди” деган ҳикмати эсга тушади. Айни чоғда, наинки адолатнинг, балки шу адолатни тиклаш йўлида инсондек мукаррам зотнинг синмаслиги учун барчамиз масъул эканимизни унутмайлик.

 

Отабек Норбоев,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси

Миллий маркази Жисмоний ва юридик шахсларнинг

мурожаатлари билан ишлаш бўлими бошлиғи

Ўзбекистон Республикаси Олий суди

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech