“– Ассалому алайкум. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг Жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш бўлими бошлиғи Отабек Норбоевман. Эшитаман.
- Ассалому алайкум. Намангандан Наимжон Халиловман. Олий суд ҳукми чиқди. Мен оқландим! Марказ раҳбариятига катта раҳмат!”
Наимжон Халилов Наманган вилояти Чуст туманида яшайди. Мамлакатимизда яратилган кенг имкониятлардан унумли фойдаланиб, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланади – тумандаги “Чуст Фароғатхон” хусусий корхонасининг раҳбари.
Унинг бошига тушган барча кўргуликлар 2017 йилда тасарруфидаги корхона фаолиятининг Давлат солиқ инспекцияси томонидан текширилиши билан бошланди. Инспекция тадбиркор 2014 йилнинг 1 январидан 2017 йилнинг 4 ноябрь кунига қадар 814 млн 788 минг сўмлик кирим қилинмаган маҳсулотларни сотувга чиқарганини, пул ўтказиш йўли билан сотиб олинган 399 млн 308 минг 112 сўмлик маҳсулотларни нақд пулга сотиб, назорат касса машинасига кирим қилмаганини аниқлади.
Тадбиркор ўз айбига иқрор бўлди ва бир ой ичида етказилган моддий зарарни қоплади. Бундан кейинги тадбиркорлик фаолиятида қонунларга сўзсиз итоат қилиш бўйича ўзи учун тегишли хулоса чиқарган Наимжон Халиловнинг муаммолари, аслида, шу билан тугаши керак эди.
Аммо иш Давлат солиқ инспекцияси томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига ўтказилди ва Н.Халиловга нисбатан Жиноят кодексининг 189-моддаси билан жиноят иши қўзғатилди. Жиноят ишлари бўйича Чуст тумани судининг 2017 йил 10 апрелдаги ҳукми билан тадбиркор айбли деб топилди ва унга энг кам ойлик иш ҳақининг юз баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.
Наимжон Халилов қилган хатоси учун бу қадар катта товон тўлашини, унга судланганлик тамғаси босилишини қабул қила олмади. Адолат тикланишини, суд ҳукми бекор қилинишини сўраб, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий марказига мурожаат қилди.
Миллий марказ ҳуқуқшунослари унинг мурожаатини кўриб чиқиб, чиқарилган суд ҳукми қонуний асосга эга эмаслигини аниқладилар. Чунки тадбиркор айбдор деб топилиши учун асос бўлган Жиноят кодекси 189-моддасининг иккинчи қисмида аниқ белгилаб қўйилганидек, “Биринчи марта жиноят содир этган шахс, агар у жиноят аниқланган кундан эътиборан ўттиз кунлик муддатда савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидалари бузилишининг оқибатларини бартараф этган ва етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаган бўлса, жавобгарликдан озод этилади”.
Шундан сўнг, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ ушбу ҳолатда жиноят-процессуал қонунчилик талаблари бузилганини далиллар билан асослаган ҳолда ишни қайта кўриб чиқиш тўғрисида Жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят суди кассация босқичига тавсия киритади. Аммо кассация суди ҳукмни ўзгартирмасдан қолдиради. Шунингдек, Миллий марказнинг бошқа ваколатли органларга киритган тавсиялари ҳам натижасиз ниҳояланади...
– Рости, ўша пайтда тушкунликка тушиб қолдим. Айбсизлигимни исботлай олишимга кўзим етмасди... Аммо мамлакатимизда суд тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларни кузатар эканман, адолат тикланишига ич-ичимдан ишонардим. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг, “Суд идорасига иши тушган ҳар бир шахс ушбу даргоҳда қонун ва адолат устувор эканига ишонч ҳосил қилиши лозим”, деган сўзлари менга далда бўлди. Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказнинг қўллаб-қувватловини ҳар доим ҳис этиб турдим. Олий суддан ниҳоятда миннатдорман. Менга қўйилган асоссиз айблов бекор қилиниб, адолат қарор топди, – дея таъкидлайди Наимжон Халилов.
Ҳа, наманганлик тадбиркор Наимжон Халилов Олий суднинг 2022 йил 19 августдаги қарори билан оқланди. Аммо у ўзининг жиноятчи эмаслигини исботлаш учун сарфлаган беш йиллик умрни ортга қайтариб бўладими?
Нима учун ҳуқуқ-тартибот ва суд органлари бундай эътиборсизликка йўл қўйишди?
Суд органлари ўзлари йўл қўйган хатони тан олмаслик нуқтаи назаридан эмас, адолат ва инсон қадри устуворлиги тамойили асосида бу каби масалаларга ёндашиши керак эмасми?
Қонун тарозисини тутиб турган судьяларимизнинг онгида – адолат, тилида – ҳақиқат, дилида – поклик ҳукмрон бўлмас экан, бунга ўхшаш саволлар ҳам келиб чиқаверади. Судлар томонидан қабул қилинган ҳар бир қарор адолатли, қонуний ва асосли бўлишига эришилсагина, инсон қадри ва қонуний манфаатлари устуворлигини таъминлаш мумкин.
Азизбек РАМАЗОНОВ,
журналист
- Қўшилди: 14.10.2022
- Кўришлар: 5307
- Чоп этиш