ЖУРНАЛНИНГ МАХСУС СОНИ НАШР ЭТИЛДИ

Жорий йилнинг 5-6 декабрь кунлари Самарқанд шаҳрида “Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим” мавзусида глобал форум бўлиб ўтади. Шу муносабат билан “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журналининг махсус сони нашр этилди.

Журналнинг дастлабки саҳифаларидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоеванинг “Инсон, унинг эркинлиги, қадр-қиммати, дахлсиз ҳуқуқ ва манфаатлари” номли мақоласи ўрин олган.

Мақолада мамлакатимизда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларнинг зарурати ва моҳияти, бундан кўзланган энг устувор мақсад инсон ҳуқуқлари ва халқ манфаатлари таъминланишининг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаш экани, Асосий қонунимизга киритилиши таклиф этилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларнинг мазмуни ва аҳамияти тўғрисида долзарб фикр-мулоҳазалар билдирилган. Янгиланган Конституциямиз нафақат бугунги замон талабларига жавоб бериши, балки мамлакатимизнинг келажакдаги тараққиётини таъминлаши, авлодларимизнинг фаровон ҳаётига хизмат қилиши ҳамда мамлакатимизнинг суверен давлат сифатида дунё харитасида мудом акс этиб туришини кафолатлаши зарурлиги таъкидланган.

Юртимизда амалга оширилаётган муҳим сиёсий-ҳуқуқий жараён – конституциявий ислоҳотлар мавзуси “Такомиллаштирилаётган Конституциямиздан  мазмун-моҳиятини “Инсон қадри учун” ғояси ташкил қилувчи янги принциплар ўрин олади” номли мақолада ҳам давом эттирилган. Мақола муаллифи – ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари Актам Хаитов Асосий қонунимизни ислоҳ этиш жараёни кенг халқ муҳокамалари асосида, инсон қадри ва фаровонлигини кўзлаган ҳолда амалга оширилаётганини таъкидлар экан, ушбу жараёнда Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ҳам фаол иштирок этаётганига тўхталган.

ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасида давлатимиз раҳбарининг “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” китобида конституциявий ислоҳотлар бўйича белгилаб берилган 9 та йўналиш бўйича Асосий қонунимизни такомиллаштиришга оид таклифларни тайёрлаш ва Конституциявий комиссияга тақдим этиш билан шуғулланувчи ишчи гуруҳлар ташкил этилган. Конституциявий ислоҳотларни кенг тарғиб қилиш мақсадида ҳар бир ҳудудда камида 5 нафар аъзодан иборат тарғибот гуруҳлари шакллантирилган. Натижада аҳолидан тўпланган ва сараланган 2 минг 719 та таклиф партия томонидан Конституциявий комиссияга юборилган.

Шунингдек, журналнинг рус тилидаги саҳифаларидан ўрин олган халқаро эксперт Дмитрий Верхотуровнинг “Узбекистан на пути обновления и прогресса” (“Ўзбекистон янгиланиш ва ривожланиш йўлида”) номли мақоласида мамлакатимизда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар тўғрисида муҳим ва долзарб фикрлар билдирилган.

Журналнинг ушбу махсус сонида “Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим” глобал форумига бағишланган кўплаб илмий-оммабоп мақолалар, интервью ва хабарларга кенг ўрин ажратилди. Айниқса, қадрли журналхонларимизга Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидовнинг “Инсон ҳуқуқларини билиш ва таъминлаш” номли ўзбек, инглиз ва рус тилларидаги интервьюсини мутолаа қилишни тавсия этамиз.

Интервьюда Самарқандда ўтказиладиган инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим бўйича глобал форумнинг мақсади, аҳамияти ва ундан кутилаётган натижалар ҳақида батафсил маълумот берилган. Инсон ҳуқуқлари бўйича таълимнинг мазмун-моҳияти ва ривожланиш тенденциялари шарҳланган, давлатимиз томонидан ушбу йўналишга катта эътибор қаратилаётгани ҳамда бу борада халқаро ҳамкорликка устувор аҳамият берилаётгани тўғрисида асосли фикр-мулоҳазалар билдирилган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим мавзуси Тошкент давлат юридик университети проректори, юридик фанлар номзоди, доцент Дилшоджон Умаровнинг “Образование в области прав человека: международный опыт и национальная практика” (“Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим: халқаро тажриба ва миллий амалиёт”), Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва маърифат бўлими бошлиғи Фарҳод Ҳайитбоевнинг “Повышение правовой грамотности –  приоритетная задача” (“Ҳуқуқий саводхонликни ошириш – устувор вазифа”), Ички ишлар вазирлиги Академияси профессори, фалсафа фанлари доктори, полковник Каринэ Жавакованинг “Всеобщая декларация прав человека и ее роль  в развитии прав человека в Узбекистане” (“Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва унинг Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ривожидаги роли”), Тошкент давлат юридик университетининг халқаро ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари кафедраси мудири, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори, доцент Нозимахон Ғафурованинг “Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги  таълим ривожи ва истиқболлари”, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети мустақил тадқиқотчиси Шаҳло Сафарованинг “National system of implementation of human rights education in the Republic of Uzbekistan based on international standards” (“Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари бўйича таълимни халқаро стандартлар асосида жорий этишнинг миллий тизими”) номли мақолаларида ҳам ёритилган.

Журнал саҳифаларидан ўрин олган С.Саидова, Ж.Бозорбоевнинг ўзбек тилидаги, Т.Султонов, А.Ражапов, Б.Эшонқулов, Т.Қурбонов, Н.Назаров, М.Шермаматова, Ш.Ғофуровнинг инглиз тилидаги, Д.Тошмуҳамедова ҳамда В.Хан (ҳаммуаллифликда), А.Абашидзе, А.Шаяхметова, Ю.Лепешков, Р.Мирзаев, Д.Хайруллаева, Д.Комиловнинг рус тилидаги мақолалари ҳам долзарб мавзуларга бағишлангани билан аҳамиятли.

Журнал мутолааси давомида “Dynamics of Contemporary Constitutionalism in Eurasia. Local Legacies and Global Trends” (“Евроосиёда замонавий конституционализм динамикаси. Маҳаллий ҳуқуқий тизимлар ва глобал тенденциялар”) китобига юридик фанлар бўйича фалсафа доктори Ф.Ҳамдамова томонидан ёзилган тақриз билан ҳам танишиш имконига эга бўласиз.

 

Азизбек РАМАЗОНОВ,

“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали

бош муҳаррирининг ўринбосари

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech