Нозимахон ГАФУРОВА,
Тошкент давлат юридик университетининг халқаро ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари кафедраси мудири, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори, доцент
Аннотация. Ушбу мақолада инсон ҳуқуқларининг шаклланиши, халқаро ҳуқуқда замонавий инсон ҳуқуқларининг пайдо бўлиши масалалари ёритилган. Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги стандартлар ҳамда инсон ҳуқуқлари бўйича таълимни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси кўриб чиқилган. Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим инсон ҳуқуқларининг умумбашарий маданиятини шакллантириш мақсадида амалга ошириладиган ўқув-маърифий ва ахборий фаолият мажмуи экани илмий асосда ўрганилган.
Калит сўзлар: инсон ҳуқуқлари, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро Билл, инсон ҳуқуқлари бўйича таълим, умумбашарий маданият, тенглик.
Abstract. This article is devoted to the formation of human rights, the emergence of modern human rights in international law. The first human rights standards, including firstly the Universal Declaration of Human Rights, which played a key role in the development of human rights education are considered. Human rights education is defined as a set of educational, training and information activities that are taken to create a universal culture of human rights.
Key words: human rights, the Universal Declaration of Human Rights, the International Bill on Human Rights, Human Rights Education, universal culture, equality.
Аннотация. Данная статья посвящена вопросам образования прав человека, возниковновению современных прав человека в международном праве. Рассмотрены первые стандарты по правам человека, и в первую очередь, Всеобщая Декларация прав человека, которая сыграла одну из самых ключевых ролей в развитии образования по правам человека. Образование в области прав человека определена как совокупность образовательных, обучающих и информационных мер, которые принимаются для формирования всеобщей культуры прав человека.
Ключевые слова: права человека, Всеобщая декларация прав человека, Международный Билль о правах человека, образование в области прав человека, глобальная культура, равенство.
Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим ҳақида гапирганда, биринчи навбатда, инсон ҳуқуқлари, шу жумладан инсон ҳуқуқлари таълимига Иккинчи жаҳон уруши тугаганидан кейин алоҳида эътибор берилганини таъкидлаш керак. Айниқса, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ташкил этилиши ҳамда БМТ Низомининг қабул қилиниши бу соҳага тамал тошини қўйди. Ушбу тарихий воқеанинг мантиқий давоми сифатида 1948 йил 10 декабрда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинди. Декларация инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ривожланишида замонавий даврни очиб берди. Ушбу ҳужжат қабул қилинган санани инсон ҳуқуқлари жаҳон ҳамжамиятида янги мақом ва аҳамият касб этган кун деб аташ мумкин. Ўша пайтдан бошлаб инсониятнинг инсон ҳуқуқлари бўйича таълим соҳасини такомиллаштиришга кучли эҳтиёж пайдо бўлди. Ушбу декларациянинг 26-моддасида: “Ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга, таълим бепул бўлиши керак, ҳеч бўлмаганда бошланғич ва умумий таълим давлат томонидан таъминланиши лозим. Бошланғич таълим мажбурий бўлиши, техника ва касб-ҳунар таълими ҳамма учун очиқ бўлиши, олий таълим эса ҳар кимнинг имкониятидан келиб чиққан ҳолда ҳамма учун бирдек очиқ бўлиши керак. Таълим инсон шахсини ҳар томонлама ривожлантиришга, инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларига ҳурматни оширишга қаратилган бўлиши керак. Таълим барча халқлар, ирқий ва диний гуруҳлар ўртасида ўзаро тушуниш, бағрикенглик ва дўстликни ривожлантириши ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг тинчликпарварлик фаолиятига ҳисса қўшиши керак. Ота-оналар ёш болалари учун таълим турини танлашда устуворлик ҳуқуқига эгадир”, дея қайд этилган.Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганидан буён инсон ҳуқуқлари бўйича таълим олиш учун жуда кўп ислоҳотлар амалга оширилди ва улар ҳозир ҳам давом этмоқда. Инсон ҳуқуқлари бўйича таълимни амалга оширишнинг кўплаб усуллари мавжуд, чунки ҳар бир инсон инсон ҳуқуқлари бўйича ҳар хил нуқтаи назарга эга, чунки одамлар дунёга турлича қарашади, ўқитувчилар турли вазиятларда ишлайди, турли ташкилотлар ва жамоат институтлари ҳар хил манфаатларга эга. Бу соҳада мавжуд тамойиллар бир хил бўлса-да, амалиётлар ўзаро фарқ қилиши мумкин. Ушбу соҳага оид ўқитиш усуллари ва фаолиятининг хилма-хиллиги ҳақида тасаввурга эга бўлиш учун алоҳида шахслар ва жамият институтларининг роли ва манфаатларига эътибор қаратиш кифоя. Таъкидлаш жоизки, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси барча умуминсоний қадриятларни ўзида акс эттирган энг муҳим халқаро ҳужжатдир. Айниқса, декларацияни ишлаб чиқишда турли фалсафий, мафкуравий ва диний қарашлар вакиллари иштирок этгани диққатга сазовордир. Декларациянинг ҳар бир моддаси қизғин муҳокама қилинган. Унинг лойиҳаси масъул ишчи гуруҳнинг 85 та йиғилишида такомиллаштирилиб, натижада икки йил ичида ҳужжат матни охирига етказилган.Ҳужжатнинг универсаллиги шундаки, у қабул қилинган кундан бошлаб дунёда энг кўп таржима қилинган ҳужжатга айланиб, 500 дан ортиқ тилга ўгирилган.
Ушбу ҳужжат кўплаб ёш мустақил давлатларнинг конституциялари учун қўлланма бўлиб хизмат қилди. У Гиннеснинг рекордлар китобига 500 дан ортиқ тил ва лаҳжаларга таржима қилинган ҳужжат сифатида киритилган, бу унинг универсал табиати ва тарқалиш кенглигидан далолат беради.
Декларация ҳар бир инсоннинг қадр-қимматини тенглик асосида ифодалайди. Иштирокчи давлатларнинг ушбу декларация ва унинг тамойилларини қўллаб-қувватлаш бўйича олган мажбуриятлари миллионлаб одамларнинг қадр-қимматини ҳимоя қилди ва адолатли дунёга асос солди. Декларация вақт синовидан ўтиб боргани сари, унинг абадий қадриятлари – тенглик, адолат ва инсон қадр-қиммати ўзгармас ҳамда универсал экани ўз тасдиғини топди.
Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигини эълон қилганидан кейин аъзо бўлган биринчи халқаро ҳужжат ҳисобланади. Бу эса давлатимиз ўз сиёсатида инсон ҳуқуқлари ғоялари ва қадриятларига содиқ эканини англатади. Декларация мажбурий характерга эга бўлмаган ҳужжат саналса-да, у БМТга аъзо мамлакатлар ўз конституцияларини ишлаб чиқишда тенг бўлишни бошлаган стандартларга айланди. Декларация кейинчалик Ўзбекистон Республикаси томонидан инсон ҳуқуқлари бўйича 80 дан ортиқ ҳужжат имзоланишига асос бўлди.
Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси Инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро Биллнинг асосий таркибий қисмларидан биридир. “Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисида”ги халқаро пакт ҳамда “Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида”ги халқаро пакт ва унинг иккита Факультатив протоколи Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси билан биргаликда Инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро Биллни ташкил этади.
Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинган ва эълон қилинган 1948 йилдан 1976 йилгача, яъни Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро пактлар кучга киргунга қадар, декларация “Инсон ҳуқуқлари тўғрисида”ги халқаро Биллнинг тўлиқ тўлдирилган ягона қисми бўлган. Декларация ҳам, кейинчалик пактлар ҳам дунёнинг барча бурчакларидаги одамлар ҳамда уларнинг ҳукуматлари онги ва ҳаракатларига чуқур таъсир кўрсатди[1].
1968 йилда Теҳрон шаҳрида Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро конференция ўтказилди ва унда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганидан кейин йигирма йил давомида амалга оширилган ишлар кўриб чиқилиб, истиқболга мўлжалланган дастур белгилаб олинди.
1993 йилдаги Инсон ҳуқуқлари бўйича умумжаҳон конференциясида инсон ҳуқуқлари бўйича таълим “халқлар ўртасида барқарор ва уйғун муносабатларни тараққий эттириш ва таъминлаш, ўзаро тушуниш, бағрикенглик ва тинчликни ривожлантириш учун муҳим” эканлиги эълон қилинди. 1994 йилда БМТ Бош Ассамблея 1995 йилдан 2004 йилгача бўлган даврни Инсон ҳуқуқлари бўйича таълимнинг ўн йиллиги деб эълон қилди ва БМТга аъзо барча давлатларни “инсон ҳуқуқларининг умумбашарий маданиятини яратиш мақсадида ўқитиш, тарқатиш ва ахборотни ривожлантириш”га чақирди. Натижада ҳукуматлар халқ таълими дастурлари орқали инсон ҳуқуқлари бўйича таълимни ривожлантиришга қаратилган салмоқли саъй-ҳаракатларни амалга оширди. Ҳукуматлар халқаро муносабатларга, қонун устуворлигини таъминлашга ва жамиятнинг умумий фаолиятига катта аҳамият берганлиги сабабли инсон ҳуқуқларини таъминлашга тинчлик, демократия ва ижтимоий тараққиётни таъминлаш воситаси сифатида қарашади[2].
Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим ўқувчи ва талабалар аудиториясига йўналтирилган бўлиб, уларга танқидий фикрлаш учун зарур бўлган билим ва кўникмаларни беради. Бу эса одамларга ўз ҳуқуқларини билиш ва уларни самарали қондиришни талаб қилиш имконини тақдим этади, ҳуқуқларни ҳимоя қилиш ва амалга ошириш учун масъул бўлган ҳокимият органларига ва бошқа шахсларга ушбу мажбуриятларни бажариш қанчалик муҳимлигини тушунишга ёрдам беради. Жамият ҳаётига таъсир этувчи барча – сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва экологик қарорларни қабул қилиш жараёнларида одамларнинг ҳар томонлама иштирокини таъминлаш, ҳуқуқбузарлик, зўравонлик ва низоларнинг олдини олиш муҳим аҳамиятга эга.2030 йилгача Барқарор ривожланиш мақсадлари кун тартиби замонавий дунё учун умид чироғига айланди ва уни амалга оширишда инсон ҳуқуқлари бўйича таълим муҳим ўрин тутади. Бу ҳам ушбу кун тартибидаги 4-мақсаднинг алоҳида таркибий қисми, ҳам бошқа барча Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишнинг асосий омили бўлиб, у инсон ҳуқуқлари жамият томонидан ҳурмат қилинишини таъминлашга, шунингдек, ҳеч ким ортда қолмаслиги тамойилига асосланган.Расмий ва норасмий равишда инсон ҳуқуқлари бўйича таълим дастурларини қайта фаоллаштириш мақсадида Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо давлатлар Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим бўйича умумжаҳон дастурининг учинчи босқичини (2015 – 2019) бошладилар. Ўтган йилларда эришилган ютуқларни мустаҳкамлашдан ташқари, ушбу янги босқич адолатни таъминлаш, дискриминацияга йўл қўймаслик, инсон ҳуқуқларини таъминлашда эркин, мустақил ва плюралистик оммавий ахборот воситаларининг муҳим ролини эътироф этиш учун оммавий ахборот воситалари ходимларини инсон ҳуқуқлари бўйича ўқитишга қаратилган.Инсон ҳуқуқлари бўйича таълимни инсон ҳуқуқларининг умумбашарий маданиятини яратиш учун олиб бориладиган ўқитиш ва ахборот фаолияти мажмуи сифатида эътироф этиш мумкин. Инсон ҳуқуқлари бўйича самарали таълим нафақат инсон ҳуқуқлари ва уларни ҳимоя қилиш механизмлари ҳақида билим беради, балки инсон ҳуқуқларини илгари суриш, уларни ҳимоя қилиш ва кундалик ҳаётда уларга риоя этиш учун зарур бўлган кўникма ва одатларни ривожлантиради. Шундай қилиб, инсон ҳуқуқлари бўйича таълим жамиятнинг барча аъзоларининг хулқ-атворини шакллантиришга ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган чора-тадбирларни қабул қилишга ёрдам беради.Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим фаолияти инсон ҳуқуқларининг ўзаро боғлиқлиги, ажралмаслиги ва универсаллигини тасдиқловчи ҳурмат, тенглик ва адолат каби асосий инсон ҳуқуқлари қадриятларини ривожлантириши керак.Шу билан бирга, ушбу таълим фаолияти амалий, яъни иштирокчи давлатлар талабаларига йўналтирилган бўлиши керак. Бу орқали инсон ҳуқуқлари ва ўқувчиларнинг ҳақиқий ҳаётий тажрибалари ўртасидаги боғлиқлик таъминланади. Бундай тадбирлар ўқувчиларда инсон ҳуқуқлари бўйича ўз эҳтиёжларини аниқлаш, уларни қондириш бўйича аниқ чоралар кўриш ва инсон ҳуқуқлари стандартларига мувофиқ муаммоларга ечим топиш қобилиятини ривожлантиради.Бундан ташқари, инсон ҳуқуқлари бўйича таълим инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, ҳимоя қилиш ва бажаришга масъул бўлган шахсларнинг салоҳиятини ривожлантиришга ёрдам беради. Ҳам мазмун, ҳам ўқитиш усуллари инсон ҳуқуқлари қадриятларини акс эттириши, фаол иштирокни рағбатлантириши ва тазйиқлардан холи ўқув муҳитини тарғиб қилиши керак[3].Бош Ассамблеянинг 2011 йил 19 декабрдаги 66/137-резолюцияси[4] билан қабул қилинган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим ва таълимга тайёрлов тўғрисида”ги декларациясига асосан, инсон ҳуқуқлари бўйича таълим ва ўқитиш инсон ҳуқуқлари ҳамда асосий эркинликларига умумбашарий ҳурмат, уларга риоя этилишини рағбатлантиришга қаратилган касбий, ахборот ва ўқув фаолиятининг барча турларини ўз ичига олади, шу билан бирга, инсон ҳуқуқлари бузилишининг олдини олишга ҳисса қўшади. Инсон ҳуқуқларининг умумбашарий маданиятини яратиш ва тарғиб қилишга ҳисса қўшиш учун масъул шахсларда тегишли билим, кўникма ва муносабатларни ривожлантириш ҳамда уларнинг қобилиятлари ва хулқ-атворини такомиллаштириш заруратини пайдо қилади. Барча даражадаги халқаро ҳамкорлик инсон ҳуқуқлари бўйича таълим ва ўқитишни, шу жумладан, соҳани маҳаллий даражада ҳам таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаши ва кучайтириши керак. Шу билан бирга, халқаро, минтақавий, миллий даражадаги қўшимча мувофиқлаштирилган саъй-ҳаракатлар инсон ҳуқуқлари бўйича таълим ва кадрлар тайёрлашни янада самарали амалга оширишга ёрдам бериши мумкин.Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини таъминлаш, ҳимоя қилиш ва уларга риоя этиш масалалари давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, 2022 – 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси доирасида шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларни таъминлаш соҳасида мақсадли чора-тадбирлар амалга оширилди ва бу жараён изчил давом эттирилмоқда.Мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш масаласи халқимиз учун фаровон ва муносиб турмуш шароити яратишга қаратилган демократик ислоҳотларнинг бош мезонига айланмоқда.Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартлар миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига тизимли ва босқичма-босқич жорий этилмоқда. Айни пайтда Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган инсон ҳуқуқ ва эркинликлари соҳасидаги 80 дан ортиқ халқаро ҳужжатларнинг нормалари миллий қонунчиликда ўз аксини топган.Амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар инсонларнинг ҳаёти, дунёқараши, турмуш тарзини ўзгартирмоқда. Жамиятда “Янги Ўзбекистонни биргаликда қурамиз” деган эзгу мақсад шаклланди, “Жамият – ислоҳотлар ташаббускори” деб номланган янги ғоя кундан-кунга кундалик фаолиятимизга кириб бормоқда.
Давлатимиз раҳбари Ш.М.Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 76-сессиясидаги маърузасида таъкидлаганидек, “Инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш демократик ислоҳотларимизнинг асосини ташкил этмоқда.
Сўз ва оммавий ахборот воситалари, дин ва виждон эркинлигини, гендер тенгликни, миллатлараро тотувликни таъминлаш борасида қатъий қадамлар ташланмоқда.
Ўзбекистон ўз тарихида биринчи марта Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашига аъзо этиб сайланди.
Биз бошлаган ислоҳотлар йўлимизни изчил давом эттириш мақсадида Янги Ўзбекистон стратегиясини ишлаб чиқдик.
Ушбу Стратегиянинг бош ғояси фуқаролик жамияти институтлари ролини кучайтириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, камбағалликни камайтириш, ҳар бир кишини кафолатли даромад манбаи билан таъминлаш ҳамда барқарор экологик ривожланишга эришишдан иборатдир”[5].
Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни ривожлантиришнинг муҳим йўналишларидан бири, шубҳасиз, бу соҳадаги олий таълимдир. Шу ўринда, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Жиноятчиликнинг олдини олиш ва ҳуқуқбузарлар билан муомала қилиш бўйича саккизинчи конгрессида (Гавана, Куба, 1990 йил 27 август – 7 сентябрь) қабул қилинган “Юристлар фаолиятининг асосий тамойиллари”ни[6] алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим. Ушбу ҳужжатда “юристлар ўз мижозларининг ҳуқуқларини ва адолат тамойилларини ҳимоя қилиш орқали миллий ва халқаро ҳуқуқ томонидан эътироф этилган инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳимоя қилишга ҳисса қўшиши, барча ҳолларда мустақил ва виждонан қонун ҳужжатларига ҳамда тан олинган юристлар касбий этикаси стандартларига мувофиқ ҳаракат қилиши шарт” эканлиги таъкидланган. Тошкент давлат юридик университети ҳам мазкур қоидалар ва бошқа халқаро стандартларга жавоб берадиган ҳуқуқшуносларни тайёрлашни мақсад қилган.Сўнгги йилларда мамлакатимизда ҳуқуқий таълим тизимини такомиллаштириш, ўқув-педагогик жараёнга инновацион, илғор ва халқаро таълим стандартларини жорий этиш, кадрлар салоҳиятини ошириш ва рағбатлантириш бўйича қатор аниқ чора-тадбирлар амалга оширилди. Профессор-ўқитувчиларнинг меҳнати, шунингдек, таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш юзасидан қатор ислоҳотлар юз берди. Ўзбекистон халқаро ҳуқуқ субъекти сифатида ўз тараққиётининг янги босқичига кўтарилиб, халқаро норма ижодкорлигининг фаол иштирокчиси, янги халқаро шартномалар ташаббускори сифатида майдонга чиқмоқда.Ўзбекистон БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим соҳасидаги умумжаҳон дастурида фаол иштирок этмоқда. Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш концепцияси ҳамда БМТнинг “Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва таълимга тайёрлов тўғрисида”ги декларацияси қоидаларини амалга ошириш бўйича Миллий ҳаракатлар дастурини амалга ошириш юзасидан кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари, таълим муассасалари аҳоли ўртасида умуминсоний қадриятларни, инсон ҳуқуқларига ҳурмат ва уларга риоя қилиш тамойилларини кенг тарғиб этиш, фуқароларнинг ҳуқуқий ахборотдан фойдаланишини таъминлашга кенг жалб этилмоқда.“Ҳуқуқшунослик” мутахассислиги бўйича юридик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш бўйича ягона таянч олий таълим ва илмий-методик муассаса бўлган Тошкент давлат юридик университети учун мазкур тадбир ғоят аҳамиятли ва айни пайтда мақсадли ҳисобланади[7]. Университетимизнинг кўлами кенгайиб бормоқда ва биз ҳар сафар ўзимизга янада юқори марра қўймоқдамиз.Тошкент давлат юридик университети қошида Нагоя университети (Япония) билан ҳамкорликда ташкил этилган Япон ҳуқуқшунослик илмий-тадқиқот маркази мавжуд бўлиб, у япон тили ва ҳуқуқини биладиган малакали юридик кадрлар тайёрлаш, академик алмашинув ва қўшма илмий-ҳуқуқий тадқиқотлар олиб боришга ёрдам беради.Шунингдек, Регенсбург университети (Германия Федератив Республикаси) билан тузилган шартнома асосида 2020 йилда университет қошида немис тили ва ҳуқуқини биладиган юқори малакали юридик кадрлар тайёрлашга қаратилган Германия ҳуқуқи ва қиёсий ҳуқуқшунослик маркази очилди. Буюк Британия (Глазго университети) ва Хитой Халқ Республикаси (Хитой сиёсатшунослик ва ҳуқуқ университети) олий ўқув юртлари билан Тошкент давлат юридик университети қошида инглиз ва хитой ҳуқуқини ўрганиш марказларини ташкил этиш юзасидан музокаралар олиб борилмоқда.Президентимиз қарорига мувофиқ университет қошида Халқаро ҳуқуқ ва қиёсий ҳуқуқшунослик факультети ташкил этилди ва унга қуйидаги асосий вазифалар юкланди:· халқаро хусусий ҳуқуқни, шу жумладан, халқаро арбитраж ҳуқуқини чуқур ўрганиш, шунингдек, миллий ва Япония, Германия қонунчилиги ҳамда ривожланган хорижий давлатларнинг ҳуқуқ тизимларини қиёсий ўрганиш асосида юқори малакали юридик кадрлар тайёрлаш;· Япония, Германия ва бошқа ривожланган хорижий давлатларнинг ҳуқуқ ва ҳуқуқий тизимларини қиёсий ўрганиш натижаларини ҳисобга олган ҳолда халқаро ҳуқуқ нормаларини амалга ошириш ва миллий қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;· талабаларнинг хорижий ҳуқуқ ва миллий ҳуқуқ тизимларини қиёсий ўрганишини таъминлаш мақсадида амалиёт ўташларини, профессор-ўқитувчилар ва талабаларнинг хорижий давлатларнинг етакчи олий таълим муассасалари билан тажриба алмашинувини тизимли асосда ташкил этиш;· конституциявий, фуқаролик, маъмурий, жиноий, жиноят-процессуал ва ҳуқуқнинг бошқа соҳалари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этиш. Факультет негизида хорижий таълим муассасалари ва халқаро ташкилотлар билан инсон ҳуқуқлари соҳасида қўшма илмий, таълимий ва бошқа лойиҳаларни ташкил этиш учун платформа яратилмоқда. Мазкур факультет таркибида “Халқаро ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари” кафедраси мавжуд бўлиб, унда бошқа махсус модул фанлари қатори барча факультетлар талабалари учун “Инсон ҳуқуқлари” ва мазкур факультет талабалари учун “Халқаро инсон ҳуқуқлари ҳуқуқи” фанлари ўқитилмоқда. Факультетдаги ўқув жараёнига Европа, АҚШ, Япония, Жанубий Корея ва бошқа хорижий олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари фаол жалб этилган.Тошкент давлат юридик университети Европа кредит тизими татбиқ этилган етакчи университет бўлиб, бунда талабаларга фанларни танлаш имконияти яратилган. Шу билан бирга, ўқув жараёнининг илм-фан ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти билан узвий боғлиқлигини таъминлаш борасида ҳам ишлар амалга оширилмоқда.Фармонга мувофиқ, университетнинг бакалавриат босқичига янги таълим йўналишлари, магистратура мутахассисликларининг малака талаблари, ўқув режалари ва дастурларини ишлаб чиқиш ва уларни ўқув жараёнига жорий этиш, шунингдек, мавжуд магистратура мутахассисликларини қайта кўриб чиқиш, янги авлод юридик кадрларини тайёрлашнинг замонавий талабларини ҳисобга олиш масалалари ҳам акс эттирилган. Жумладан, магистратура босиқичида “Халқаро ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари” кафедраси томонидан “Миграция ҳуқуқи”, “Инсон ҳуқуқлари”, “Журналистика” каби фанлар ҳам ўқитилади.Шу тариқа, Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлаб ўтиш жоиз. Инсон ҳуқуқлари одамларга ўз ҳуқуқлари тўғрисида маълумот берилганда, кишилар ундан фойдаланишни билган тақдирдагина таъминланиши мумкинлигини таъкидлаш лозим. Шунинг учун ҳам инсон ҳуқуқлари бўйича таълим халқаро инсон ҳуқуқлари стандартларини самарали амалга ошириш учун муҳим аҳамиятга эга. Бу эса инсон ҳуқуқлари бўйича таълим тизимини мустаҳкамлаш ва ривожлантиришни тақозо этади. Мактаб ўқувчилари ва ёшлар, шунингдек, ўқитувчилар, амалдорлар бағрикенглик ва бошқаларга ҳурмат қадриятларини тарғиб қилиш учун ўқитилиши керак.
“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журналининг
2022 йилдаги 4-сонидан олинди
[1] Қаранг: Конференции / Права человека / https://www.un.org/ru/conferences/human-rights.
[2] Қаранг: Introducing human rights education // https://www.coe.int/ru/web/compass/introducing-human-rights-education.
[3] Қаранг: Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича умумжаҳон дастури. Учинчи босқич. – БМТ, ЮНЕСКО, 2017.
[4] Қаранг: Декларация Организации Объединенных Наций об образовании и подготовке в области прав человека / https://www.un.org/ru/documents/decl_conv/declarations/hr_education.shtml.
[5] Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 76-сессиясидаги нутқи // https://president.uz/uz/lists/view/4632.
[6] Қаранг: Основные принципы, касающиеся роли юристов / https://www.un.org/ru/documents/decl_conv/conventions/role_lawyers.shtml.
[7] Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони // 29.04.2020 / https://lex.uz/docs/4802181.
- Қўшилди: 04.12.2022
- Кўришлар: 5872
- Чоп этиш