– Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим тақдируламал аҳамиятга эгалигини чуқур англайдилар, – деди ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси директори Маттео Мекаччи. – Шунинг учун улар ўз фуқароларининг инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликлари бўйича етарли билимларга эга бўлиши муҳимлигини доим эътиборда тутадилар.
Биз, шунингдек, барча фуқаролар учун хавфсиз ва обод жамият барпо этиш борасидаги саъй-ҳаракатларимизга ёшларни ҳам жалб этиш зарурлигини тобора чуқурроқ тушуниб етмоқдамиз. Зотан, аслида ҳам, жамият ҳаётини тўлақонли деб баҳолашимиз учун унда ёш авлоднинг иштирок этиши тақозо этилади.
Афсуски, айни йўналишларда янграётган халқаро ва миллий даражалардаги чақириқларга қарамай, ЕХҲТ ҳудудидаги айрим мамлакатларда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ҳалигача оқсаётганидан кўз юмиб бўлмайди. Айтайлик, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни ўқув дастурларига киритиш, турли ёшдаги ўқувчи ва талабалар учун мўлжалланган ўқув қўлланмалари яратиш ишларига кейинги йилларда кўп ҳам эътибор қаратилмаётган ҳолатлар мавжуд.
Холбуки, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим – доимий эътиборни талаб қиладиган узоқ муддатли сармоядир. Уни кўпинча кутилган самарани бермайдиган қисқа муддатли ҳар хил лойиҳалар билан алмаштирмаслик лозим ва шарт.
Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни амалга оширишнинг икки томони борлигини ҳам яхши англашимиз лозим. Бир томондан, кишиларнинг инсон ҳуқуқлари бўйича хабардорлиги ва билимини оширишимиз керак. Иккинчи томондан эса, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимнинг таълим тизимидан ўрин олишига интилишимиз даркор.
Шу нуқтаи назардан, Самарқанд Глобал форуми инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни бутун минтақамиз кўламида ривожантиришда муҳим аҳамият касб этади, деб ҳисоблайман. Бинобарин, бундай таълим жамият ҳаёти яхшиланиши ва демократия ривожланиши йўлида муносиб ҳисса қўшадиган қобил ҳамда қатъиятли фуқаролар шаклланишига хизмат қилади.
Ғулом МИРЗО ёзиб олди
- Қўшилди: 05.12.2022
- Кўришлар: 4859
- Чоп этиш