Миллий қадриятларга тўғри келмайдиган ноширлик ва матбаа маҳсулотларининг кириб келишига чек қўйиш зарур

Мамлакатимизда 530 дан ортиқ нашриёт фаолият кўрсатаётган бўлса, матбаа корхоналари сони эса 1931 тани ташкил этади. Соҳадаги тадбиркорлик субъектлари сони 2020 йилга нисбатан қарийб 3,5 баробарга ошган. Нашриётларнинг 59 таси давлат улушига эга бўлса, қолган хусусий сектор ҳиссасига тўғри келади.

Ноширлик ва матбаа соҳаларини ривожлантириш, улар фаолиятини тартибга солиш, китобхонликни янада ривожлантириш йўналишида ўнта меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган.

Ўрганиш ва таҳлилларга кўра, нашриётлар томонидан 2022–2023 йилларда ҳар йили ўртача 7,5 минг номда жами 35,8 миллион нусхада турли адабиётлар нашр этилган.

Бу Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган Сенатнинг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси мажлисида қайд этилди. 

Сенаторлар, соҳа вакиллари иштирок этган мажлисда “Ноширлик фаолияти тўғрисида”ги қонуннинг ижроси ҳолати, қонунчиликдаги бўшлиқлар ва амалиётдаги муаммолар муҳокама қилинди.

Матбаа соҳасини ва босма маҳсулотлар бозорини ривожлантириш бўйича амалга оширилган ишлар натижасида мавжуд корхоналарнинг фаолияти технологик модернизация қилинган. Матбаа корхоналари томонидан умумий қиймати 25,2 миллион АҚШ долларига тенг жами 825 матбаа ускунаси олиб келинган ва ўрнатилган.

Мажлисда ноширлик ва матбаа соҳасида тизимли муаммолар, муайян камчиликлар борлигига тўхталиб ўтилди. Жумладан, юридик шахслар муассислигида ташкил этилаётган айрим нашриётларда китоб маҳсулотларини тайёрлаш жараёнларида таҳририят фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ мажбуриятлар йўқлиги сабабли қонунбузилиш ҳолатлари кўпайган. 293 номдаги китобда қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, уларни бартараф этиш юзасидан 37 нашриёт раҳбари ва уларнинг муассисларига 46 тақдимнома киритилган.

Болалар ва ўсмирлар учун мўлжалланган асарларни яратиш бўйича ижтимоий буюртмаларни шакллантириш ҳамда ёзувчи ва шоирларнинг фаолиятини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашнинг самарали тизими йўлга қўйилмаган.

Нашриётлар, Интернет сайтлари ва бошқа фойдаланувчилар томонидан асар муаллифларнинг (меросхўр) рухсатисиз уларнинг асарлардан очиқдан-очиқ фойдаланиш ҳолатлари одатий тусга айланиб бормоқда.

Оқибатда тадбиркорлик субъектлари томонидан яширин даромад олиш ва муаллифлик ҳуқуқи эгаларига ҳақ тўламаслик ҳолатлари кўпайган. Бу эса ижодкорларнинг янги асарлар яратиш борасидаги ижодий фаолиятига салбий таъсир кўрсатмоқда. 

Таҳлилларга кўра, 111 ҳолатда 162,7 миллион сўмлик матбаа маҳсулотлари ашёвий далил сифатида олинган. Нашриётлар томонидан муаллифлик ҳуқуқларига риоя этмасдан китоб нашр этиш ҳолатлари юзасидан 11 ҳолатда маъмурий ва фуқаролик судлари томонидан жами 472 миллион сўм маблағ жарима сифатида муаллифлар фойдасига ундирилган.

Ноширлик ва матбаа соҳасидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун маъмурий жавобгарликни кучайтириш бўйича, хусусан, контрафакт ва стандарт талабларига жавоб бермайдиган матбаа маҳсулотлар айланмаси билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик юзасидан маъмурий чора қўллаш механизмлари ишлаб чиқилмагани мажлисда айтиб ўтилди. 

Чекка ҳудудларда китоб маҳсулотларни истеъмолчиларга етказиб бериш ва сотишга ихтисослашган дўконларнинг етарли эмаслиги аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида китобхонликнинг оммалашишига тўсқинлик қилмоқда.

Мажлисда миллий қадриятлар, аҳоли менталитетига тўғри келмайдиган, болалар ва ўсмирлар онгига салбий таъсир қилиши мумкин бўлган ноширлик ва матбаа маҳсулотларининг кириб келишига чек қўйиш бўйича аниқ механизмлар ишлаб чиқиш зарурлиги қайд этилди.

Н.Абдураимова, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech