Ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болани тарбияга олиш тартиби қандай?

Ҳуқуқий муносабат

Маълумки, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган, вояга етмаган болалар, шу жумладан, тарбия ва даволаш муассасаларида, шунингдек, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш муассасаларидаги болалар оилага тарбияга берилади.

Болаларни оилага тарбияга олишни истаган шахс васийлик ва ҳомийлик органлари билан келишилган ҳолда болаларни олдиндан танлаб олишлари мумкин.

Хўш, болаларни оилага тарбияга бериш уларнинг хоҳишини ҳисобга олган ҳолда амалга ошириладими? Агарда уларнинг хоҳиши инобатга олинса, бунга неччи ёшдан амал қилинади?

Бу ҳақда Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси ходими Жавоҳир Эшонқулов қуйидагиларни гапириб берди. 

–Ушбу саволларга Оила кодекси асосида жавоб берамиз. Хусусан, болаларни оилага тарбияга бериш тартиби ва шартлари қонунчилик билан белгиланади. Болаларни оилага тарбияга олиш тўғрисидаги келишув васийлик ва ҳомийлик органлари билан тутинган ота-она ўртасида тузилади. Болаларни оилага тарбияга олиш тўғрисидаги келишувда болаларни таъминлаш, тарбиялаш ва уларга таълим бериш, тарбияга олган тутинган ота-онанинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, васийлик ва ҳомийлик органларининг болаларни тарбияга олган оилага нисбатан мажбуриятлари, шунингдек бундай келишувни бекор қилиш асослари ва оқибатлари кўрсатилиши керак.

Келишув тузилишидан олдин болани тарбияга олаётган шахснинг турмуш шарт-шароитлари ва оила аъзоларининг соғлиғи текширилади. Болаларни оилага тарбияга беришда васийлик ва ҳомийлик органлари уларга бир йўла кийим-бош ва поябзал беради, болани оилага тарбияга олган шахсга эса оилага тарбияга олинган боланинг таъминоти учун қонунчиликда белгиланган миқдорда ҳар ойда нафақа тўлаб туради.  

Болаларни тарбияга олиш тўғрисидаги келишув узрли сабаблар (касаллиги, оилавий ёки мулкий мавқеининг ўзгариши, тарбиясидаги болалар билан ўзаро бир-бирини тушунмаслик ва бошқа сабаблар) мавжуд бўлса, болаларнинг тутинган ота-онаси ташаббуси билан, шунингдек васийлик ва ҳомийлик органларининг ташаббуси билан ёки бола ота-онасига қайтарилган ёхуд бола фарзандликка олинган тақдирда муддатидан илгари бекор қилиниши мумкин.

Болаларни оилага тарбияга олиш тўғрисидаги келишувни бекор қилишга оид низолар суд тартибида ҳал қилинади.

Оилага тарбияга берилган болалар ўзларига тегишли бўлган алимент, шунингдек пенсия, нафақа ва бошқа ижтимоий тўловларни олиш, уй-жойга бўлган мулк ҳуқуқи ёки уй-жойлардан фойдаланиш ҳамда қонунчиликка мувофиқ уй-жой олиш ҳуқуқларини сақлаб қоладилар.

Оилага тарбияга берилган болалар ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ота-онаси ва қариндошлари билан кўришиш ҳуқуқига ҳам эгадирлар. Боланинг манфаатига дахлдор ҳар қандай масала оилада ҳал қилинаётганида бола ўз фикрини билдиришга ҳақли.

Вояга етган ҳар икки жинсдаги шахслар тутинган ота-она бўлишлари мумкин. Қуйидагилар бундан мустасно, жумладан, суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахслар, суд томонидан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ёки ота-оналик ҳуқуқи чекланган шахслар, қонун билан ўз зиммасига юклатилган мажбуриятни лозим даражада бажармагани учун васийлик ёки ҳомийлик вазифаларини бажаришдан четлаштирилган шахслар, илгари фарзандликка бола олган, лекин суд томонидан фарзандликка олиш бекор қилинган шахслар, қасддан қилган жиноятлари учун илгари ҳукм қилинган шахслар ҳамда соғлиғининг ҳолатига кўра болани тарбиялаш мажбуриятини бажара олмайдиган шахслар.    

Болаларни тарбияга олган шахслар ўз ҳуқуқларидан ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда, тарбиясидаги болаларга зарар келтирган ҳолда фойдалансалар, шунингдек уларни назоратсиз ҳамда зарур моддий ёрдамсиз қолдирсалар, васийлик ва ҳомийлик органи болаларни тарбияга олган шахсларни қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш масаласини қўзғатишга ҳақли. Васийлик ва ҳомийлик органлари оилага тарбияга берилган болаларнинг турмуш шароитларини ва уларнинг тарбияланишини кузатиб борадилар.    

 Тутинган ота-оналарни танлаш васийлик ва ҳомийлик органлари томонидан амалга оширилади. Тутинган ота-она тарбияга олинган болага нисбатан васийлик ҳуқуқ ва мажбуриятларига эгадир.    

 – Эр-хотин  ажрашса, бола ким билан қолади?  

– Оила кодексининг 44-моддасида никоҳдан ажратиш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқариш вақтида суд томонидан ҳал этиладиган масалалар келтирилган бўлиб, унга кўра никоҳдан суд тартибида ажратилаётганда эр ва хотин вояга етмаган болалари ким билан яшаши, болаларга ва (ёки) меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож эр ёки хотинга таъминот бериш учун маблағ тўлаш тартиби, бу маблағнинг миқдори ёхуд эр-хотиннинг умумий мол-мулкини бўлишга доир келишувни кўриб чиқиш учун судга тақдим қилишлари мумкин.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган масалалар бўйича эр ва хотин ўртасида келишув бўлмаган тақдирда, ушбу келишув болалар ёки эр-хотиндан бирининг манфаатларига зид эканлиги аниқланган тақдирда суд никоҳдан ажратилгандан кейин вояга етмаган болалар ота-онасининг қайси бири билан яшашини аниқлаши лозим.

Шунингдек, вояга етмаган болаларга таъминот бериш учун ота-онанинг қайси биридан ва қанча миқдорда алимент ундирилишини аниқлаши, эр ва хотиннинг (улардан бирининг) талабига кўра уларнинг биргаликдаги мулки бўлган мол-мулкни бўлиши, эр (хотин)дан таъминот олишга ҳақли бўлган хотин (эр)нинг талабига кўра ана шу таъминот миқдорини белгилаши шарт.

Мол-мулкни бўлиш учинчи шахсларнинг манфаатига дахлдор бўлган ҳолларда суд мол-мулкни бўлиш талабини алоҳида иш юритиш учун ажратади. Никоҳдан ажратиш тўғрисидаги иш кўриб чиқилаётганида тўйни ўтказишга кетган сарф-харажатларни ундириш ҳақидаги талаблар қаноатлантирилмайди. 

Демак, суд никоҳдан ажратиш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқариш вақтида никоҳдан ажратилгандан кейин вояга етмаган болалар ота-онасининг қайси бири билан яшашини ҳам ҳал қилади.    

Гулноза Бобоева, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech