ЎЗБЕКИСТОН ХОТИН-ҚИЗЛАРИ: ЖАНГЛАРДАГИ ЖАСОРАТ ВА ФРОНТ ОРТИДАГИ МАТОНАТ

Иккинчи жаҳон урушининг дастлабки кунлариданоқ, Ўзбекистонда  ҳам  фронтга  жўнатишни  сўраб  ҳарбий комиссарликларга келиб турган аризалар оқими юртдошларимизнинг миллий ватанпарварлик руҳи юксаклигининг яққол намунаси бўлди. Илк ойлар ичида 32 мингдан зиёд шундай ариза берган кўнгиллилар орасида турли касб ва ҳар хил миллатга мансуб кишилар, эркаклар, ёшлар ва кексалар қатори кўплаб хотин-қизлар ҳам бор эди.

Ўзбекистондан ўша йиллари 4 минг 555 нафар хотин-қиз фронтга сафарбар этилган. Улар орасида, жумладан, Зебо Ғаниева, Елена Стемпковская, Раҳима Алимова, Ольга Санфирова, Шарофат  Эшонтўраева  каби  моҳир  мерганларнинг ҳар бири юзлаб фашистларни ер тишлатган. Ҳарбий жарроҳ Муқаддам Ашрапова қанчадан-қанча ярадор жангчиларнинг ҳаётини сақлаб қолган. Ҳужумкор авиация полки кузатувчиси Сайёра Шукурова, машҳур радистлар Роза Ибрагимова ва Собира Мажидова, опа-сингил Мунира ва Розия Ғиёсовалар ҳам имкон қадар ғалабани яқинлаштириш учун курашганлар.

Уруш бошланганида Москвада Давлат театр санъати институтида таҳсил олаётган Зебо Ғаниева тиббий ҳамшира бўлиб оловли жанг майдонига кириб борган. У кейинчалик жанговар фаолиятини миномётчи, пулемётчи сифатида давом эттирган.

Лейтенант Зебо Ғаниева қуролдош дугонаси билан бирга 130-ўқчи дивизияда снайперлик ҳаракатининг ташкил этилишида ташаббус кўрсатган. У 1942 йил 23  майда  Катта  Врагово  қишлоғини  озод  этишда  оёғидан  оғир  ярадор  бўлган. Бунга қадар эса Зебо Ғаниева 129 нафар фашистни йўқ қилганди. Бу қаҳрамонликлари учун навқирон алоқачи, снайпер ва разведкачи қиз «Қизил байроқ», «Қизил юлдуз», Биринчи даражали «Ватан уруши» орденлари ва «Москва мудофааси учун» медали билан тақдирланган.

Афсуски, Зебо Ғаниева ер тишлатган фашистлар сони анча вақтгача расмий ҳужжатларда 129 нафар эмас, негадир камайтириб — 20 нафар деб кўрсатиб келинган. У урушдаги қаҳрамонликлари учун орден ва медаллар билан тақдирланган бўлса-да, онаси шўролар қатағонига учраган ўзбек аёли бўлгани учун «Совет Иттифоқи Қаҳрамони» унвони билан мукофотлашга лойиқ топилмаган.

2020 йилга келиб Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Зебо Ғаниева қаҳрамонлигига нисбатан бундай адолатсизликка барҳам берилди. Эндиликда Ғалаба боғидаги «Мангу жасорат» монументида  ўзбек  генерали  Собир  Раҳимов  ёнида  саф  тортган 14 нафар ўзбек қаҳрамони орасида ўзимизнинг Зебо Ғаниева ҳам бор.

Дарвоқе, Концерт-фронт сайёр бригадаси, кейинчалик Ветеран аёллар ансамбли нима учун ва қай тариқа Зебо Ғаниева номи билан аталгани ҳақида ҳам алоҳида тўхталиш лозим. Гап шундаки, Ўзбекистон халқ артисти Гавҳар Раҳимова раҳбарлигидаги ушбу ансамбль аъзолари 1942 йили Москвада бўлиб турганида, шу ердаги госпиталда даволанаётган ва 17-маротаба жарроҳлик операциясини бошидан кечирган  машҳур мерган қиз Зебо Ғаниева билан учрашганлар.

Ўша учрашувдан сўнг, Зебо Ғаниевага бағишланган янги қўшиқ дунё юзини кўрган. Шу учрашув туфайли Концерт-фронт сайёр бригадасини Зебо Ғаниева номи билан аташ ғояси туғилган ва бу яхши ташаббус рўёбга чиққан.

Зебо Ғаниева уруш даврида, яъни 1945 йили тасвирга олинган «Тоҳир ва Зуҳра» фильмида Хоразм шоҳининг қизи Моҳим ролини ижро этган. У урушдан кейинги даврда ҳам ўз номидаги ансамбль қизлари билан бирга кўплаб ҳарбий-ватанпарварлик тадбирлари, ижодий учрашувлар ва концертларда иштирок этган.

Уруш йилларида Ўзбекистон маданияти ва санъати намояндалари жангчилар ҳузурида 1 миллион 350 мингта спектакль ва концерт дастурлари намойиш этиб, деярли барча жанговар қисмларда ижодий учрашувлар ташкил қилган. Эътиборли жиҳати: ўша даврда Ўзбекистонда фронт учун қарийб 20 та концерт бригадаси тузилган бўлиб, жанггоҳларнинг энг қайноқ нуқталарида фаолият олиб борган ушбу ижодий жамоаларнинг таркиби асосан аёллардан иборат бўлган.

Бу ўринда Собиқ СССР халқ артисти Ҳалима Носирова ва Ўзбекистон халқ артисти Тамарахоним бошчилигидаги концерт бригадалари ҳамда машҳур санъаткор Гавҳар Раҳимова раҳбарлигидаги жанговар аёллар ансамблининг фаолиятини алоҳида таъкидлаш лозим. Тарихий манбаларда, жумладан, Мукаррама Турғунбоева, Зайнаб Полташева, Турсуной Маҳмудова, Сония Ягудаева, Тамара Назарова, Муаззам Омонова, Сора Самандарова,  В.Метелецкая, Клара Юнг каби кўплаб таниқли санъаткорларимизнинг номлари муҳрланган.

Бугун Иккинчи жаҳон уруши йиллари фашизм устидан қозонилган Ғалабага  муносиб  ҳисса  қўшган  ушбу  иқтидорли  ва  матонатли  санъаткор  опаларимизнинг аксарияти орамизда йўқ. Аммо Президентимиз ташаббуси билан бунёд этилган Ғалаба боғини, бу ердаги «Мангу жасорат» монументи ва «Шон-шараф» музейини зиёрат қилиш аснсида эндиликда уларнинг муборак номларини ва мангу жасоратини эслаш имконига эгамиз.

Жанг майдонларида жасорат кўрсатган ўзбекистонлик хотин-қизлар ҳақида сўз борганда, Совет Иттифоқи Қаҳрамонлари Елена Стемпковская ва Ольга Санфирова тўғрисида алоҳида тўхталиш лозим. Чунки улар Ўзбекистондан фронтга сафарбар этилган хотин-қизлар орасидан шу юксак унвонга муносиб кўрилган икки нафар аёл жангчи ҳисобланади.

Елена Стемпковская 1921 йилда Белоруссиянинг Минск вилояти Колигорск туманидаги Мазуршчина қишлоғида туғилган бўлиб, урушга қадар Сирдарё вилоятидаги Боёвут қишлоғида яшаган. Уруш бошланганида Тошкент педагогика институтида таҳсил олаётган Лена 1941 йил 21 июнда тарих фанидан имтиҳонни “аъло” баҳога топшириб, эртаси куни фронтга отланган.

1942 йил июнида Жанубий-Ғарбий фронт 21-армияси 76-ўқчи дивизияси 216-ўқчи полки ўқчи батальонининг радисти Елена Стемпковская батальони Белгород вилояти Шебекин тумани Зимовенька қишлоғи яқинида душман қуршовидан чиқаётганида полк штаби билан алоқани таъминлаб турган ва ўша жангда қаҳрамонларча ҳалок бўлган. Боёвут туманидаги Боёвут қишлоғи “Истиқлол” маҳалласидаги Марказий қўрғон боғида кичик сержант Елена Стемпковскаянинг ҳайкали ўрнатилган.

Ўзбекистондан фронтга сафарбар этилган яна бир жасур аёл – Ольга Санфирова 1917 йили Россиянинг Самара шаҳрида туғилган бўлиб, урушгача Хоразм вилоятида яшаган. 1941 йилнинг декабридан армия сафларига чақирилган. 1942 йилда Батай ҳарбий авиация учувчилар мактабини битирган ва ҳаракатдаги армияда хизматни бошлаган.

Ольга Санфирова 46-тунги бомбардимончи авиаполк эскадрильяси командири сифатида душман жонли кучлари ва истеҳкомларини йўқ қилиш учун 630 та тунги жанговар парвозни амалга ошириб, 875 соат жанговар парвозда бўлган ва душманга 77 тонна авиабомба ташлаган. Ольга 1944 йил 13 декабрга ўтар кечаси душман истеҳкомларини йўқ қилиш бўйича жанговар топшириқни  бажариш  вақтида  қаҳрамонларча  ҳалок  бўлган. 

Рихсихон Мўминова – уруш даврида Флоренс Найтингейл медалига сазовор бўлган 40 дан ортиқ собиқ совет ҳамшираларидан бири. Ушбу медаль ҳамширалар учун махсус таъсис этилган нуфузли халқаро мукофот ҳисобланади. Уруш бошланганида Рихсихон энди 21 ёшни қаршилаган ва Тошкентдаги Охунбобоев номидаги Республика тиббиёт билим юртининг фельдшерлик факультетида таълим олаётган эди.

У  ўз  ихтиёри  билан  фронтга  кетиш  истагини  билдирганидан  сўнг,  Қизил Ярим ой жамиятига қарашли ҳамширлар курсида ўқиган ва 1941 йил ноябридан ҳаракатдаги армияга сафарбар этилган. Рихсихон Мўминова дастлаб 2-Белоруссия фронтининг 136-гвардия дивизияси санинструктори, 1942 йилнинг ёз ойларидан бошлаб Сталинград фронтида ҳамширалик қилган.

Рихсихон жанглардан бирида оғир яраланган. Госпиталдан соғайиб  чиққанидан  сўнг, 1943  йил  ноябрь  ойидан  1-Украина фронти қўшинлари таркибида Киев, Житомир каби кўплаб шаҳарларни озод этишда қатнашган. Житомир шаҳри учун жангларда яраланган аскарни жанг майдонидан олиб чиқаётганида шундоққина ёнида портлаган снаряд парчаси Рихсихон Мўминованинг чап оёғини жароҳатлаган.

Жасур ўзбек қизи яна даволаниб, сўнгра Белоруссия, Польша ва Европанинг бошқа кўплаб ҳудудларидан ғолибона ўтган. Бу пайтда Рихсихон танк дивизияси санитария-тиббиёт батальонига ҳамшира этиб тайинланган. Аммо, Берлин шаҳригача 35 километр масофадаги стратегик жиҳатдан муҳим ҳудуддаги қақшатқич жангларда у яна оғир яраланган ва ҳушидан кетган.

Рихсихон Мўминова аввал Москвадаги ҳарбий госпиталлардан бирида уч ой даволанган, сўнгра Тошкентдаги 340-ҳарбий госпиталга олиб келинган. Бу ерда 1946 йил март ойигагача даволаниб, иккинчи гуруҳ ногирони бўлиб қолишига қарамай, яна бир йил пойтахтимизда ҳамшира, кейин Тошкент вилояти Оққўрғон туманидаги Тез ёрдам станциясида фельдшер бўлиб ишлаган.

Жанг майдонларида кўрсатган жасорати ва мардлиги учун Рихсихон Мўминова I даражали “Улуғ Ватан уруши”, “Қизил байроқ”, “Қизил юлдуз” орденлари, “Жанговар хизматлари учун” медали билан ҳам тақдирланган.

230-ўқчи дивизияси 988-ўқчи полк 3-ўқчи батальон 8-ўқчи рота санитари Раҳима Алимованинг жасорати ҳам ҳар қанча эътирофга лойиқдир. Миус дарёсини кечиб ўтишда душманга қарши курашаётган пулемётчи ҳалок бўлган. Шунда уруш майдонларидан ярадорларни хавфсиз жойга олиб ўтаётган Раҳима Алимова унинг ўрнини эгаллаб, жангни давом эттирган. У оловли нуқталардан кўплаб жангчиларни қуроллари билан қутқаришга муваффақ бўлган. Жумладан, 1943 йил сентябрь ойида 63 нафар инсоннинг ҳаётини сақлаб қолган.

“Қизил Армия” газетасининг 1944 йил 7 март сонида “Жасурлиги учун” медали билан тақдирланган Раҳима Алимованинг дил сўзлари эълон қилинган. Мақолада қайд этилишича, Р.Алимова фронтда кўрсатган жасорати учун 1943 йил сентябрда “Қизил байроқ” ордени билан ҳам тақдирланган.

Ватанимизнинг яна бир ёвқур қизи – Мунира Ғиёсова уруш бошланганида Бухоро  педагогика  институтининг  тил  ва  адабиёт  факультетида  таҳсил  олаётган бўлган.  У 1941 йилнинг  августида  кўнгилли  равишда  фронтга  отланган.  1941  йил сентябрь ойи ўрталарида Мунира хизмат қилаётган ҳарбий қисм Донбасс яқинида бўлган, сўнг эса Қримнинг Мелитополь ҳудудида душманга қарши қақшатқич жангга кирган.

Белоруссия заминидаги жанглар пайтида Мунира Ғиёсовага катта сержант ҳарбий унвони берилган. Бу орада унинг бувиси қарамоғида қолган синглиси Розия ҳам фронтга йўл олиб, опасининг ҳарбий қисмини топиб келган. У ҳарбий госпиталда хизмат қилган ва оғир жангларда ярадор бўлган қанчадан-қанча аскарларни қутқариб қолган. Опа-сингил Мунира ва Розия Ғалабани фронтда нишонлаб, соғ-омон  она  юртга  қайтишган.  Мунира  Ғиёсова  “Жасурлиги  учун”  ва  “Германия устидан қозонилган ғалаба учун” медаллари билан мукофотланган.

Ўзбекистон хотин-қизлари фронт ортида ҳам матонат кўрсатиб меҳнат қилганлар. Маълумотларга кўра, уруш бошланиши билан республикамиздан салкам 20 минг нафар хотин-қиз саноат корхоналари ва қурилиш объектларига ишлаш учун сафарбар этилган бўлса, қарийб 1 минг 700 нафар аёл шахта ва кўмир конларида ишлаш учун юборилган.

Мисол учун, 1941 йил июль ойидаги маълумотга қараганда, биргина “Ташсельмаш” заводида 220 нафар хотин-қиз фронтга кетган ота, ака ва турмуш ўртоқларининг ўрнини эгаллаган.

Бошқа бир муҳим далил: уруш йилларида 1,5 миллион нафар киши, шу жумладан, 250 минг нафардан ортиқ бола фронт яқинлашиб қолган ҳудудлардан Ўзбекистонга кўчирилган. Халқимиз ана шу қаровсиз қолган болаларга ўз хонадонидан бошпана бериб, сўнгги бурда нонини улар билан баҳам кўриб, етим болаларга ўз фарзандлари қаторида меҳр-оқибат кўрсатиб, том маънода инсонийлик фазилатларини намоён этган.

“Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси ҳудудида бунёд этилган “Меҳр-шафқат қўли” ёдгорлиги ўзбек халқига хос бўлган бағрикенглик ва инсонпарварликнинг рамзий ифодасидир. Бу эзгу хислатлар икки кафт оралиғидаги “200 000” рақами ва очиқ қўл ичидаги уч нафар жажжи болакай тимсолида ўз аксини топган.

Оғир уруш йилларда эвакуация қилинган болаларга оналарча ғамхўрлик кўрсатиш бўйича чақириққа Ўзбекистоннинг минглаб аёллари “лаббай” деб жавоб берган. Улар кўпинча вокзалга келиб, болаларни ўз хонадонларига етаклаб кетганлар. Бухоро вилоятидан келган хабарда: “Болаларни ўз тарбиясига олишни истаган фуқароларнинг аризаларини қаноатлантириш имконини тополмаяпмиз. Агар бошқа вилоятларда эвакуация қилинган мактабгача ёшдаги болалар бўлса, уларни Бухорога юборинглар”, дейилгани бежиз эмасди. Шу тариқа кўплаб инсонлар учун ўшанда Ўзбекистон иккинчи Ватанга айланган.

Энг муҳими, халқини севган, унинг тарихи ва дардини чуқур англаган давлатимиз раҳбарининг ғояси ва ташаббуслари билан Ғалаба боғининг қоқ ўртасида “Матонат мадҳияси” деб аталган муаззам обида она Ватан рамзи бўлиб қад ростлади. Мазкур ёдгорлик мажмуаси қандайдир бадиий образ эмас, унга ҳаётда бўлган воқеа асос қилиб олинган.

Тошкент вилояти Зангиота туманида яшаган Зулфия ая Зокирова Иккинчи жаҳон урушида бир эмас, беш ўғлидан – Исоқжон, Аҳмаджон, Маҳамаджон,  Ваҳобжон, Юсуфжон исмли азиз фарзандларидан жудо бўлган. Унинг тўрт нафар келини бева, беш набираси эса етим бўлиб қолган. Келинлари ҳам Зулфия аядан ўрнак олиб, ўз оиласига содиқ қолган ва бошқа турмуш қурмаган.

Иккинчи жаҳон урушида бир оиладан беш нафар фарзанд урушга кетиб ҳеч бири қайтмаган оила дунёда учта бўлиб, иккитаси Беларусь ва АҚШда, яна бири Тошкент вилояти Зангиота туманидаги Хонобод қишлоғида яшаган Зулфия ая Зокирова оиласидир. Она Иккинчи жаҳон урушида беш ўғлидан жудо бўлган.

2019 йили Хотира ва қадрлаш кунида давлатимиз раҳбари Зулфия Зокирова ва унинг фронтдан қайтмаган беш ўғли, садоқатли келинлари хотирасига атаб муҳташам ҳайкал ўрнатиш ҳамда унга “Матонат мадҳияси” деб ном бериш таклифини билдирган эди. Бу ташаббусни жамоатчилигимиз қизғин қўллаб-қувватлади.

Хулоса қилиб айтганда, “Матонат мадҳияси”  монументи ўзбек аёлининг адоқсиз меҳр ва бардоши, садоқати ва матонати рамзидир. Ўзбекистон Президенти таъкидлаганидек, “бу – Ўзбекистондаги барча оналарга  қўйилган ҳайкал. Ушбу  ёдгорлик бутун халқимиз учун қутлуғ  зиёратгоҳга, оила, муҳаббат, вафо ва садоқат тимсолига айланиб қолади. Бу ерга келган ёшлар миллатимизнинг қонида бўлган фазилатларни англаб, уларни қадрлаб яшашга интилади”.

 

Акмал Саидов,

академик

 

 

 

 

Абдулла ОРИПОВ,

Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири

 

 

АЁЛ

 

Йигитлар мактубин битганда қондан,

Келинлар фироқдан чекканда ёҳу,

Унинг ҳам паноҳи қайтмади жангдан,

Ўн тўққиз ёшида бева қолди у.

 

Севгидан етиму умрдан ярим,

Қуриган кўксида ёлғиз беланчак.

Абадий фироқни, ҳайҳот, дўстларим,

Абадий висол деб билди келинчак.

 

Қақраган лабларда оловли нафас,

Кечалар кечмишин айлади кўмир.

Паришон сочлари ёр кўкси эмас,

Муздайин болишда қолди бир умр.

 

Йиллар ҳам ўтдилар, ҳамон у ёлғиз,

Мунғайиб термулар ботгувчи кунга.

Эй номард табиат, борми сенда ҳис,

Қайтадан бахт берсанг бўлмасми унга?!

 

Наҳот ишқ қисмати бунча бераҳм,

Бунчалар буюксан вафо шеваси.

Сенгадир ҳурматим, сенга шарафим,

Қаҳрамон жангчининг содиқ беваси.

 

Сиз-чи эй, садоқат сатридан нолиб,

Надомат комида қолганлар, айтинг.

Ўзини минг битта бозордан олиб,

Минг битта бозорга солганлар, айтинг.

 

Шу чўлпон кўзларнинг буюк ҳурмати,

Шу ақиқ лабларнинг рост сўзи дея,

Сўйланг-чи, вафонинг надир қиммати,

Сиз ҳам кутганмисиз бирор сония?!

 

Баъзида тирноқлар безаги учун

Саҳардан шомгача қилурсиз тоқат.

Бироқ ёрингизни кутгали нечун

Топилмас тирноқча сабру қаноат.

 

Назокат пайтимас, яқинроқ келинг,

Буюк зот қошида айлангиз салом.

Шу содиқ бевага саждалар қилинг,

Шу содиқ бевага айланг эҳтиром.

 

Ҳатто зеб-зийнатни юлқиб зиёда,

Ҳайкал ҳам қўйингиз бамисли хаёл.

Шундайлар бўлмаса агар дунёда,

Бу қадар муҳтарам бўлмасди аёл.

 

1965 йил

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech