Ўзбекистонда сайлов қонунчилиги такомиллаштирилди

8 февраль куни мамлакатимизда “Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди ҳамда матбуотда чоп этилди. Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга кирди.

Мамлакатимизда сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ҳамда давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайловларни очиқ, шаффоф ва мустақиллик принциплари асосида ўтказишда халқ ҳокимияти ва сиёсий плюрализмнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш ва сайлов тизимини босқичма-босқич модернизациялаш бўйича бир қатор амалий чоралар кўрилди.

Бироқ 2019 йилда бўлиб ўтган парламент сайловларида юзага келган бир қатор камчилик ва муаммоларни бартараф этиш, халқаро ташкилотларнинг айрим мақбул тавсияларини миллий қонунчиликка имплементация қилиш орқали мамлакатимизда ушбу соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар моҳиятини халқаро ҳамжамиятга етказиш зарурати туғилди.

5 февраль куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн иккинчи ялпи мажлисида таъкидланганидек, ушбу Қонун сайлов жараёнига нисбатан ягона шаффоф ва самарали ёндашувларни назарда тутган ҳолда ишлаб чиқилган бўлиб, у билан бир қатор ўзгартишлар киритилди. 

Жумладан, миллий экспертлар тавсиялари асосида ишлаб чиқилган таклифлари асосида халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссиялари институти тугатилди ва уларнинг ваколатлари туман (шаҳар) сайлов комиссиялари зиммасига юкланди.

Шунингдек, хорижда истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқароларини дипломатик ваколатхоналарнинг консуллик ҳисобида бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъи назар сайловчилар рўйхатига киритиш тартиби, чет давлатларда сайловчилар яшаётган ёки ишлаётган жойида кўчма қутиларда овоз беришнинг ҳуқуқий асослари яратилди.

Бундан ташқари, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида, ҳарбий қисмларда ташкил этилган сайлов участкаларини кузатувчилар ўз ташрифи ҳақида камида 3 кун олдин хабардор қилиш тартиби белгиланди.

Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг тавсиялари асосида бир қатор ўзгартишлар киритилди. Яъни:

сайлов комиссияларининг номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларини ташкил этишга оид вазифаси чиқариб ташланди;

сайловолди ташвиқоти даврида давлат ресурсларидан фойдаланиш тақиқланди;

сайлов натижаларини эълон қилиш муддатларининг асоссиз чўзилишининг олдини олиш мақсадида сайлов комиссиялари қарорлари устидан шикоят муддати 10 кундан 5 кунга қадар қисқартирилди;

сиёсий партияларнинг сайловолди ташвиқоти учун ажратилган маблағлардан фойдаланишнинг шаффофлигини таъминлаш мақсадида улар томонидан сайловдан олдин оралиқ ва сайловдан сўнг якуний молиявий ҳисоботларни, шунингдек Ҳисоб палатасининг партиялар фаолиятини текшириш натижаларини эълон қилиш тартиби жорий этилмоқда.

Шу вақтга қадар мамлакатимизда Президент сайлови, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ҳамда маҳаллий вакиллик органларига сайловлар тегишинча уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда – декабрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказиб келинаётганди.

Янги Қонун асосида амалдаги қонунчиликка киритилган ўзгартишларга мувофиқ, эндиликда Президент сайлови, Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасига,  Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов тегишинча уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда – октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилиши белгиланди.

Мазкур Қонуннинг қабул қилиниши туфайли умумэътироф этилган халқаро сайлов стандартлари асосида сайлов қонунчилиги янада такомиллашди. Бу, ўз навбатида, сайлов жараёнларининг янада очиқ ва ошкора ўтиши ҳамда Ўзбекистоннинг жаҳон мамлакатлари демократия индексидаги кўрсаткичлари яхшиланишига эришиш имконини оширади.

Шунингдек, сайловлардан кейин олий давлат органларини ўз вақтида шакллантириш ва муҳим сиёсий қарорларни қабул қилиш учун ҳуқуқий замин яратилди. Бинобарин, ошкоралик, шаффофлик, ҳаққонийлик, холислик каби демократик принципларни ўзида акс эттирган янги Қонун мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим аҳамият касб этади.

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech