ПАНДЕМИЯ ДАВРИДА ЁШЛАР ҲУҚУҚЛАРИ ТЎҒРИСИДАГИ РЕЗОЛЮЦИЯ – Ўзбекистоннинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзолигининг биринчи йилидаги илк глобал натижа

Мамлакатимиз тарихида биринчи марта БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши томонидан Ўзбекистон Президенти илгари сурган халқаро ҳужжат лойиҳаси қабул қилинди. Бу ўринда Ёшларнинг инсон ҳуқуқларига COVID-19 пандемияси таъсирининг оқибатлари тўғрисидаги резолюция ҳақида сўз бормоқда.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал САИДОВдан ушбу оламшумул воқеанинг моҳияти ва аҳамиятини шарҳлаб беришни сўрадик.

Ҳақиқатан ҳам, шу йил 8 октябрь куни Женева шаҳрида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 48-сессияси доирасида Ўзбекистон ташаббуси асосида Ёшларнинг инсон ҳуқуқларига COVID-19 пандемияси таъсирининг оқибатлари тўғрисидаги резолюция қабул қилинди, – деди А.Саидов. – Резолюцияни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш ташаббусини Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев 2021 йил 22 февраль куни БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида илгари сурган.

Давлатимиз раҳбари ўша нутқида ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг халқаро механизмларини мустаҳкамлаш зарурлигини алоҳида таъкидлагани бежиз эмас. Зеро, Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашнинг кечаги сессиясида Ўзбекистон киритган Резолюция матни БМТ Кенгашига аъзо барча, яъни 47 та давлат томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланди. Шунингдек, Ўзбекистон илгари сурган халқаро ҳужжат лойиҳасига дунёнинг 37 мамлакати ҳаммуаллифлик қилди.

Бу, бир томондан, давлатимиз раҳбари халқаро ҳамжамият эътиборини қаратган мазкур умуминсоний муаммо нечоғлик долзарблигини яна бир бор яққол намоён этмоқда. Иккинчи томондан, бу – Ўзбекистон Президентининг халқаро ташаббуслари ва мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар дастурини жаҳон жамоатчилиги кенг қўллаб-қувватлаётганининг ёрқин далолати ҳамдир.

Эътибор беринг: Ўзбекистон илк бор 2020 йил октябрь ойида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига уч йиллик муддатга – 2021-2023 йилларга сайланганида ҳам мамлакатимиз учун 169 та давлат овоз берганди. Шу маънода, Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашга аъзолигининг биринчи йилиданоқ дунё ҳамжамияти ишончини қатъият, ташаббускорлик ва самарадорлик билан оқлаётгани ҳар биримизга фахру ифтихор бағишлайди.

– Лойиҳани ишлаб чиқиш ва муҳокама қилиш жараёнлари қандай кечди?

– Ҳужжат қисқа муддатда, салкам 10 ой ичида тайёрланди. Лойиҳани БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси, Халқаро меҳнат ташкилоти каби халқаро ташкилотлар билан яқин ҳамкорликда ва улар экспертларининг тавсиялари асосида ишлаб чиқдик.

           Резолюция лойиҳаси Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси сингари ихтисослашган халқаро тузилмалар иштирокида ҳам кенг муҳокамадан ўтказилди. Шу аснода билдирилган таклифлар ҳисобига БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши қабул қилган Ёшларнинг инсон ҳуқуқларига COVID-19 пандемияси таъсирининг оқибатлари тўғрисидаги резолюция матни янада сайқал топди.

– Резолюциянинг мақсади ва вазифалари ҳақида ҳам қисқача тўхталсангиз?

Резолюциянинг мақсади – пандемия шароитларида бутун дунёда ёшларнинг эҳтиёжларини таъминлаш, улар дуч келаётган муаммо  ва тўсиқларни бартараф этиш, навқирон авлоднинг жамики эзгу манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатларини, шунингдек ёшлар салоҳиятини мустаҳкамлашга қаратилган халқаро, минтақавий ва миллий кўламлардаги саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантиришдан иборат.

Модомики, дунё тобора глобаллашиб, жадал суръатларда ўзгариб ва мураккаблашиб бораётган XXI асрда яшаётган эканмиз, ҳозирги замоннинг ғоят муҳим бир воқелигига эътибор қаратмаслигимиз мумкин эмас. Яъни, салмоқли инсон капиталига эга бўлган ва бу сармоя таркибида ёшлар жуда катта ўрин тутадиган мамлакатлар изчил ривожланиш, инновация салоҳиятини муваффақиятли жамғариш ва ўз ютуқларини самарали тасарруф этиш борасида устувор имкониятларга эгадир.

Бугунги кунда халқаро ҳамжамият ўта шафқатсиз COVID-19 пандемияси туфайли кўпайгандан-кўпайиб бораётган турфа муаммоларга дуч келмоқда. Бу муаммолар ёшларнинг ҳаётига вайронкор таъсир кўрсатмоқда.

Жаҳон ёшлари соғлиқни сақлаш тизими хизматидан фойдаланиш, сифатли таълим олиш, мақбул иш топиш ва муносиб меҳнат қилиш, ички ва ташқи меҳнат миграцияси иштирокчисига айланиш, озиқ-овқат хавфсизлиги ва меъёрда овқатланиш, ижтимоий яккаланиш ва жамиятдан бегоналашиш каби янгидан-янги ташвишлар билан юзма-юз келмоқда. Бундай вазиятда ёшлар ҳуқуқларини  ҳимоя қилишга доир ҳуқуқий механизмларни тўла равишда сақлаб қолиш ўта муҳим аҳамият касб этади.

Ҳозирги вақтда Ер юзи аҳолисининг 2 миллиард нафардан ортиғини навқирон йигит-қизлар ташкил этмоқда. Инсоният тарихида сайёрамиздаги ёшларнинг сони ҳеч қачон бу қадар кўп бўлмаган. 

Энг муҳими, ёшлар туб янгиланишларни бошлаб берадиган ва шижоатли ўзгаришларнинг бошида турадиган қудратли кучдир. Уларнинг зиммасида ўз салоҳиятини баралла намоён этиб, бугунги ва келгуси авлодлар учун мақбул ва манзур ҳаёт барпо этиш масъулияти турибди.

Аммо, ижтимоий жиҳатдан олиб қараганда, навқирон авлод ҳаётнинг барча соҳаларида давлат ва жамиятнинг қўллаб-қувватлашига муштоқ, керак бўлса, муҳтож экани ҳам бор гап. Айниқса, бугун ёшларни равнақ топтиришга йўналтирилган муайян маблағлар ажратиш, давлатнинг ёшлар сиёсатини амалда самарали татбиқ этиш учун замонавий инфратузилма барпо этиш, инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳаларида кўплаб муаммолар амалий ечимини кутмоқда.

Шу нуқтаи назардан, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг пандемия даврида ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги резолюцияси халқаро ҳамжамиятни бундай муаммоларни биргаликда ҳал этишга чақиради. Ёшларни равнақ топтиришнинг мақсадлари, устувор соҳалари ва воситаларини белгилаш, навқирон авлод салоҳиятини ишга солиш ҳамда соғлигини тиклаш борасида давлатлар ва халқаро ташкилотлар дуч келаётган кўплаб саволларга ҳамжиҳатликда жавоб топишга ундайди.

Резолюцияда пандемия даврида ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини тўлиқ рўёбга чиқариш учун зарур бўлган воситаларни қўлга киритиш устида тизимли равишда  иш олиб бориш билан боғлиқ амалий вазифалар белгиланган. Бу борадаги ижобий ўзгаришларга халал берадиган ҳар қандай муаммоларга барҳам бериш йўллари кўрсатилган.

Резолюция моҳиятида ўз мужассамини топган қуйидаги принциплар:

  • турли ёшлар гуруҳлари манфаат ва эҳтиёжларини ҳисобга олиш;
  • ёшларнинг моддий, ижтимоий, маърифий, руҳий, маънавий эҳтиёжлари ва муаммоларини кўзда тутиш;
  • ижтимоий хавфли ва оғир шароитларда яшайдиган ёшларга алоҳида эътибор қаратиш ва ғамхўрлик кўрсатиш;
  • ёшларга хос ранг-барангликни ва вояга етиш даврининг барча босқичларида навқирон инсонларнинг ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш зарурлигини тан олиш;
  • ёшларга оид миллий сиёсатни шакллантиришга кўмаклашиш;
  • турли мамлакатлар ўртасида, ёшлар эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда, халқаро ҳамкорлик ва ўзаро тажриба алмашувларни мустаҳкамлаш тамойиллари бу фикрларимизнинг нечоғлик асосли эканидан далолатдир.

– БМТ Кенгашининг мазкур резолюцияси қандай аҳамиятга эга?

– Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо мамлакатлар томонидан БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши қабул қилган Ёшларнинг инсон ҳуқуқларига COVID-19 пандемияси таъсирининг оқибатлари тўғрисидаги резолюция ижросига доир маъруза бир йилдан сўнг тингланади. Яъни, бу масала 2022 йил сентябрида бўлиб ўтадиган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 51-сессияси кун тартибидан жой олади.

Бинобарин, олдимизда жуда катта ва масъулиятли ишлар турибди. Хусусан, ҳозирги даврда – пандемия шароитларида ёшларнинг қандай муаммолари ва эҳтиёжлари мавжудлигини аниқлаб олишимиз талаб этилади. Шу асосда муаммоларни бартараф этиш ва эҳтиёжларни таъминлаш бўйича қатъий чоралар кўриш мумкин бўлади.

           Давлатларнинг ёшлар сиёсати соҳасидаги халқаро мажбуриятларини белгилаш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқиш тақозо этилади. Ёшларни равнақ топтириш масалаларига доир давлат дастурларини қабул қилиш бўйича узоқ муддатга мўлжалланган истиқболли таклифлар ишлаб чиқиш ҳам жуда муҳим.

           Буларнинг барчаси, ўз навбатида, миллий қонунчиликни ёшлар манфаатларига мослаб ўзгартириш имконини яратади. Жамиятда тенглик таъминланишига олиб келади ва фаол ижтимоий янгиланишларга кенг йўл очади.

 

Ғулом МИРЗО суҳбатлашди

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech