ЎЗБЕКИСТОНДА ЮРИДИК ТАЪЛИМ ВА ФАННИНГ РИВОЖЛАНИШ ИСТИҚБОЛЛАРИ: МИЛЛИЙ ВА ХОРИЖИЙ ТАЖРИБА

17 сентябрь куни “Hyatt Regency Tashkent” меҳмонхонасида шу мавзуда халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Тошкент давлат юридик университети томонидан онлайн ва офлайн шаклларда ташкил этилган анжуман ишида Германия, Туркия, Япония, АҚШ, Канада, Финландия, Польша, Корея Республикаси, Қатар давлатлари ҳамда Марказий Осиё минтақаси мамлакатларидан соҳанинг йирик мутахассислари, БМТ, ЕХҲТ ва бошқа халқаро ташкилотлар экспертлари иштирок этди.

         Тошкент давлат юридик университетининг 30 йиллигига бағишланган халқаро илмий-амалий конференциянинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик платаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик, юридик фанлар доктори Акмал Саидов иштирок этди ва сўзга чиқди.

Халқаро анжуманда, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Русланбек Давлетов, Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг ўринбосари, юридик фанлар доктори, профессор Раҳимжон Ҳакимов, Йилдирим Боязид номидаги Анқара Университети президенти, юридик фанлар доктори, профессор Ибраҳим Айдинли, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси вазифасини бажарувчи Ханс-Ульрих Им, QS жаҳон университетлари рейтинги президенти ва асосчиси Нунзио Куакворелли, Нагоя иқтисодиёт университети президенти, юридик фанлар доктори, профессор Харуо Сабури ва бошқалар сўзга чиқди.

Маълумки, Тошкент давлат юридик институти фаолиятининг дастлабки даврида ушбу олий таълим муассасасида педагог-юристлар ва журналист-юристлар тайёрлаш амалиёти жорий этилган. Ўзбекистон Президентининг 2013 йилдаги Фармонига мувофиқ, Институт негизида Тошкент давлат юридик университети ташкил этилди ва янги ўқув тизимига ўтилди.

Мазкур юридик йўналишдаги олий ўқув юрти очилганидан буён ўтган қарийб 30 йил ичида, табақалаштирилган тўлов-контракт ва қўшимча имтиёзлар асосида қабул қилинган талабалар билан бирга ҳисоблаганда, бу ерда 20 минг нафарга яқин талаба таҳсил олган.

Ўз навбатида, давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 29 апрелда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони соҳа ривожини янги, янада юксак босқичга олиб чиқди. Жумладан, Тошкент давлат юридик университетининг мустақил фаолият олиб боришини таъминлаш, ўқув жараёни сифатини ошириш ва ҳуқуқшунослик соҳаси бўйича дипломли етук мутахассислар тайёрлаш борасида халқаро ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган муҳим чора-тадбирлар амалиётга изчил татбиқ этилмоқда.

ЮНЕСКО тавсиялари асосида Ўзбекистон ҳукумати кейинги уч йилда олий таълим муассасалари сонини жадал ошириш чораларини кўрди. Натижада 2021 йилда ёшларнинг олий таълимга қамраб олиниши кўрсаткичи уч баравар, яъни 28 фоизга ортган.

Бунда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Судьялар ва адвокатлар мустақиллиги бўйича махсус маърузачиси Д.Гарсия-Саян таклифларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Яъни, БМТ Махсус маърузачиси тавсияларидан келиб чиққан ҳолда, ҳуқуқшунос, айниқса, адвокат кадрларни тайёрлаш кўлами тобора кенгайтириб борилмоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистондаги ўндан ортиқ олий ўқув юртида бакалавр босқичи бўйича ҳуқуқшунос мутахассислар тайёрланмоқда. Хусусан, Тошкент давлат юридик университети, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Наманган давлат университети, Термиз давлат университети, Самарқанд давлат университети, Қорақалпоқ давлат университети, Вестминстер  университети, Ички ишлар вазирлиги Академияси, Жамоат хавфсизлиги академияси, Давлат хавфсизлик хизмати Академияси шулар жумласига киради.

Бундан ташқари, мамлакатимизда магистратура босқичи бўйича ҳуқуқшунос мутахассислар тайёрлаш учун қўшимча имкониятлар ҳам яратилган. Бу ўринда Бош прокуратура Академияси фаолиятини алоҳида таъкидлаш лозим.

Янада муҳими, Президент Фармони ва Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида 2020 йил октябрида Ўзбекистон Фанлар академияси тизимида Давлат ва ҳуқуқ институти ўз фаолиятини бошлади.

Фанлар академияси Президиуми қарори билан Ўзбекистон Республикасида юридик фанларни ривожлантириш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш ташкил этилди. Шунингдек, 12.00.13 – “Инсон ҳуқуқлари” мутахассислиги очилди.

Халқаро конференция иштирокчиларига БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси қоидаларини амалга ошириш бўйича миллий ҳаракатлар дастури ижроси доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам сўзлаб берилди.

Бу борада Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан 2021 йил апрель-май ойларида Наманган, Хоразм, Самарқанд вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудларида фаолият орлиб бораётган бир қатор олий ўқув юртларида ўтказилган мониторинг натижалари анжуман аҳли диққатини тортди.

Иштирокчилар томонидан мамлакатда юридик таълим ва фанни ривожлантиришга тўсиқ бўлаётган айрим муаммоларга ҳам эътибор қаратилди. Бу борадаги ибратли миллий амалиёт ва илғор хорижий тажрибалар таҳлил этилди. Соҳа истиқболлари бўйича амалий таклиф ва тавсиялар билдирилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech