“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журналининг навбатдаги учинчи сони мамлакатимизда 24 октябрда бўлиб ўтадиган Президент сайловига бағишланган.
Журналда Ўзбекистон Республикаси Сайлов комиссиясининг раиси З.Низомхўжаевнинг “Президент сайлови: демократик ислоҳотларнинг мантиқий давоми” мақоласи эълон қилинган. Унда 2016 йил 4 декабридаги Президент сайловидан кейин мамлакатимиздаги туб ўзгаришлар, халқаро сайлов стандартларига тўла жавоб берадиган янги Сайлов кодекси қабул қилинишининг аҳамияти, барча фуқароларимизнинг сайлов ҳуқуқларини таъминлашнинг ҳуқуқий-ташкилий асослари ва самарали механизмлари тўла шакллантирилганлиги, бу галги Президент сайлови очиқ ва ошкора, демократик тарзда кўп сонли халқаро ташкилотлар ва хорижий кузатувчилар миссияларининг иштирокида ўтказилиши батафсил баён этилган.
Мамлакатимиздаги сиёсий партиялар раҳбарлари – А.Хаитов (ЎзЛиДеП), А.Қодиров (“Миллий тикланиш”), Б.Абдуҳалимов (“Адолат”), Н.Обломуродов (Экология), У.Ҳидоятов (ХДП) журналхонларни Президенликка ўз номзодларининг сайлов дастурлари билан таништирганлар.
Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директори, академик А.Саидовнинг Янги Ўзбекистон сайлов қонунчилиги тараққиётининг асосий босқичлари, фалсафа фанлари доктори, профессор И.Саифназаровнинг Президент сайловини қонунчилик, шаффофлик ва ошкоралик асосида ўтказиш, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Ғулом Мирзонинг сўз эркинлиги ва сайлов ҳуқуқининг халқаро ўлчамларга мутаносиблиги ҳақидаги мақолалари эълон қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондонининг ёшлар билан ишлаш масалалари бўйича ўринбосари С.Мамаюсупов журнал саҳифаларидаги мақоласида ўзлари оталиққа олган “Меҳрибонлик уйлари” тарбияланувчиларига кўрсатилаётган ҳар томонлама ёрдам ҳақида баён этган.
“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари”нинг ушбу сонида, шунингдек олимларнинг тадбиркорликнинг ҳуқуқий асослари, ҳуқуқ-тартибот идоралари фаолияти устидан жамоатчилик назорати, Орол денгизининг халқаро ҳуқуқий мақоми, коррупцияга қарши кураш, “ҳалоллик вакцинаси” ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг муҳим воситаси эканлиги, ҳомийлик ва меценатликнинг ривожланиши, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда китобхонликнинг роли ва бошқа мавзуларда илмий мақолалар эълон қилинган.
Э.Эрназаров
- Қўшилди: 27.09.2021
- Кўришлар: 3805
- Чоп этиш