“Ҳаёт қонуниятига кўра, вақт ўтиши билан кўп нарса унутилади, эсдан чиқади. Лекин бу ёруғ дунёда улуғ бир ҳақиқат борки, у ҳеч қачон ўзгармайди, ҳеч қачон эскирмайди. Яъни Ватан ва халқ озодлиги саодати йўлида мардлик ва жасорат кўрсатган инсонлар хотираси ҳамиша барҳаёт яшайди”.
Шавкат МИРЗИЁЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
“ШОН-ШАРАФ” МУЗЕЙИ:
ДАВЛАТ МУЗЕЙИДАН – ХАЛҚ МУЗЕЙИ САРИ
Бундан роппа-роса бир йил илгари азим пойтахтимизда Президентимиз ташаббуси ва ғояси асосида муҳташам "Ғалаба боғи" ёдгорлик мажмуаси очилгани бежиз эмас. Бинобарин, мажмуа “Матонат мадҳияси”, “Мангу жасорат”, "Кўз ёши" монументлари ҳамда “Шон-шараф” музейи каби муҳим ёдгорлик объектларини қамраб олган.
Ўтган бир йил ичида, карантин шароитига қарамасдан, Ғалаба боғига 350 мингга яқин юртдошимиз ва чет эллик меҳмонлар ташриф буюрди. Президентимиз эътироф этганидек, “Ғалаба боғи қисқа муддатда табаррук зиёратгоҳга, турли учрашувлар, маънавий-маърифий, ҳарбий-ватанпарварлик руҳидаги тадбирлар мунтазам ўтказиладиган қутлуғ масканга айланиб қолгани барчамизни қувонтиради”.
Бу ҳақда сўз борганда, “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси таркибида бунёд этилган “Шон-шараф” музейининг моҳияти ва аҳамияти хусусида алоҳида тўхталиш мақсадга мувофиқдир. Бундан икки йил олдин, 2019 йил 9 май куни Президентимиз Ғалаба боғини барпо этиш орқали халқимиз қаҳрамонлигини абадийлаштириш ташаббусини илгари сурар экан, «Албатта, бу боғ ва унинг таркибида бунёд этиладиган «Шон-шараф» музейини энг гўзал ва пухта ишланган лойиҳалар асосида яратамиз”, деб таъкидлаганди.
“Шон-шараф” музейи ташқи ва ички қисмдан иборат. Музейнинг ташқи қисми ўзбекистонлик 301 нафар «Совет Иттифоқи Қаҳрамони» унвони, 74 нафар учала даражадаги «Слава» («Шуҳрат») ордени ва 49 нафар генерал унвонига сазовор бўлган ҳамюртларимизга доир маълумотларни ўзида жамлаган.
«Шон-шараф» музейи тепалик кўринишида бўлиб, унинг атрофига ўзбекистонлик уруш қаҳрамонларига атаб дарахтлар экилган. “Мангу жасорат” деб номланган мажмуада афсонавий ўзбек генерали Собир Раҳимов ва барча ўзбекистонлик ботир жангчиларнинг сўнмас хотираси ифодаланган. Музейнинг орқа томонида «Нурафшон» истироҳат боғи ўрин олган бўлиб, ушбу ҳудуд Ғалаба боғининг яхлит концепциясига мувофиқ «Шукроналик ҳудуди»ни ташкил этади.
Музейнинг кириш қисмида Ўзбекистон халқ рассоми Алишер Алиқулов қаламига мансуб «Тошкент вокзали панорамаси» номли асарнинг 22 метрлик панноси илинган. Ўзбекистоннинг Ғалабага қўшган ҳиссасини тўлақонли очиб бергани билан аҳамиятли бўлган ҳамда ғоятда таъсирли ишланган ушбу маҳобатли тасвирий асарда фронтга йўл олаётган аскарларни кузатиш жараёни, фронт ортидан юкларнинг жўнатилиши, жонкуяр тиббиёт ходимлари, бир сўз билан айтганда, 1941-1945 йиллар давомидаги Иккинчи жаҳон уруши даврида Ўзбекистон ҳудудларидаги жараёнлар жонли акс эттирилган.
Музейнинг ички қисми икки қаватдан иборат. Биринчи қават 5 бўлимдан ташкил топган бўлиб, улар қуйидагича номланган:
биринчи бўлим – «Ўзбекистон аҳолисининг фронтга сафарбар этилиши. Жанг майдонларидаги жасорат»;
иккинчи бўлим – “Ўзбекистон – фронт учун ишончли таянч қўрғони”;
учинчи бўлим – «Уруш йилларида Ўзбекистонда илм-фан, таълим, маданият, соғлиқни сақлаш, бадиий адабиёт, санъат ва матбуот»;
тўртинчи бўлим – “Уруш ва ғалаба ҳақида хотиралар, халқнинг қувонч ва шодлиги”;
бешинчи бўлим – “Мардлар жасорати мангу яшайди”.
Аждодларимизнинг урушдаги мардлиги ва жасорати – юксак намуна мактаби
«Шон-шараф» музейининг биринчи бўлими 1939 йилда фашистлар Германиясининг Польшага бостириб кириши билан бошланган Иккинчи жаҳон уруши таъсирида Ўзбекистонда ялпи сафарбарлик жорий қилиниши ҳақида ҳикоя қилади.
Музей экспонатларида «Совет Иттифоқи Қаҳрамони» унвони, учала даражадаги «Слава» («Шуҳрат») ордени билан тақдирланган ўзбек жангчиларининг ҳаёти ва фаолияти ҳақида атрофлича ҳикоя қилинган.
Ўзбекистонлик 214 минг нафар аскар ва офицерлар жанг майдонларидаги жасорати учун жанговар орден ва медаллар билан мукофотланган. Ўзбек жангчиларининг хорижий давлатлар орден ва медаллари билан мукофотланиши тарихига музей залларидан алоҳида жой ажратилган.
Музейда ўша йиллари Ўзбекистондан фронтга сафарбар этилган 4 минг 555 нафар хотин-қиз жасорати ва матонатига доир тарихий ҳужжатларга кенг ўрин берилган.
Музейнинг ушбу бўлимида ёритилган яна бир янги мавзу урушда асир тушган, концлагерларда вафот этган ва бедарак кетган ватандошларимизнинг аянчли тақдири билан боғлиқдир. Урушда ўзбекистонлик аскарлардан 150 минг нафари асир тушган, 50 минг аскар концлагерларда вафот этган, 133 мингга яқин ватандошимиз бедарак кетган.
Бу бўлим экспозициясидан ўзбек хонадонларига юборилган «қора хат»лардан намуналар ҳам ўрин олган. Хусусан, Голландиянинг «Амерсфорт» концлагерида 1942 йил 9 апрелда фашистлар зулми остида ҳалок бўлган 101 нафар ўзбек ўғлонининг фожиали қисмати ҳақидаги шу пайтгача ошкор этилмаган архив ҳужжатлари эълон қилинган.
Музейнинг биринчи бўлимида Ўзбекистон фуқароларининг «Ишчи батальони»га сафарбар қилиниши тафсилотларига ҳам тегишли жой ажратилган. Чунки 1943 йилга оид ҳужжатларда кўрсатилишича, республикамиздан «Ишчи батальони»га сафарбар қилинганларнинг сони 155 минг кишидан иборат бўлган. Бу юртдошларимизнинг ёши асосан 40-50 ва ундан ҳам юқори бўлиб, улар орасида 16 яшар ўсмирлар ҳам бор эди.
Европа қитъаси халқларини фашизм балосидан қутқаришда ўзбекистонликларнинг иштироки салмоқли ҳисса бўлган. Умуман олганда, Европада "Қаршилик кўрсатиш ҳаракати"нинг фашистлар блокини тор-мор келтиришда тутган аҳамияти ниҳоятда каттадир. Бу ҳаракат анъаналаридан жаҳон халқлари Ер юзида тинчликни сақлаш, озодлик неъматини қадрлаш учун унумли фойдаланаётганини эътиборга олган ҳолда, музейда ушбу мавзу ҳам алоҳида эътибор билан ёритилган.
Совет армияси фашизмга қарши курашда ғалабага эришган бўлса-да, Иккинчи жаҳон уруши ҳали тугамаган эди. Урушнинг сўнгги ўчоғини Осиё қитъаси ва Тинч океани минтақасида тугатиш учун қулай шароит туғилганди. Шу нуқтаи назардан, музейдан ўзбекистонлик жангчилар Квантун армиясини тор-мор келтиришга катта ҳисса қўшиб, Узоқ Шарқ ҳудудидаги барча жангларда фаол қатнашганига доир муҳим экспонатлар ҳам ўрин олган.
Музейдан ҳарбий тарих соҳасида энг кам ўрганилган, аммо тадқиқот ва изланишлар талаб этадиган долзарб масалалардан бири – ўзбекистонлик жангчиларнинг 1939-1940 йилларда бўлиб ўтган совет-фин урушидаги иштироки мавзусидаги тарихий ҳужжатлар намойиш этилмоқда.
Ўзбекистон – бағрикенг диёр
“Шон-шараф” музейининг иккинчи бўлими фронт учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва техникалар етказилиши, иссиқ кийим-кечаклар, маблағлар тўпланиши, фронтга йўналтирилган энергетика ва ёқилғи, иқтисодиёт фаолияти, тиббиёт, ўзбек аёлларининг фронт ортидаги заҳмати, кадрлар тайёрлаш соҳаси каби мавзуларга ажратиб чиқилган.
Музейнинг ушбу бўлимидаги экспозицияларда кўчириб келтирилганларни қабул қилиш ва ишга жойлаштириш бўйича амалга оширилган катта ишларнинг бутун кўлами кўрсатилган. Бинобарин, жанг бўлаётган ҳудудлардан Ўзбекистонга кўчирилган бир миллион 500 минг киши бошпана, кийим-бош ва озиқ-овқат билан таъминланган. Яна 250 мингдан зиёд етим боланинг катта қисмини ўзбек оилалари ўз бағрига олиб, ўз фарзандларидек тарбиялаган.
Уруш йилларида Ўзбекистонга мажбурий равишда кўчириб келтирилган корейслар, чеченлар, қрим татарлари, месхети турклари ва уларнинг фарзандлари бағрикенг ўзбек халқи томонидан илиқ ва самимий кутиб олиниб, ҳар томонлама қўллаб-қувватланган.
Ўзбекистоннинг уруш йилларида умумиттифоқ госпиталига айланиши билан боғлиқ музей экспонатлари ҳам диққатга моликдир. Эвакуация қилинган госпиталларга Тошкент ва бошқа йирик шаҳарларимиздаги энг яхши бинолар ажратиб берилган. Зеро, 1942 йилнинг охирида Ўзбекистон ҳудудига 129 та госпиталь эвакуация қилинган.
Уруш даврида Ўзбекистонда 31 та театр мавжуд бўлиб, шундан 16 тасини эвакуация қилинган театрлар ташкил этган. 1941 йил июлидан — 1944 йилгача Ўзбекистон театрларида 203 та янги саҳна асари намойиш этилган, томошабинларга 13 минг 568 та спектакль ва концерт дастурлари тақдим этилган. "Шон-шараф" музейида бу ҳақдаги кўплаб қизиқарли экспонатлар орқали ўша даврдаги ижодий муҳит билан танишиш мумкин.
Тафаккури теран, ғурур-ифтихори юксак халқни
енгиб бўлмайди
“Шон-шараф” музейининг учинчи бўлимидаги экспонатлар Иккинчи жаҳон уруши даврида яшаган маданият аҳли, ижодкорлар, олимларнинг айрим ижод намуналари ва кашфиётларига бағишланган. Бу соҳадаги ютуқлар ҳарбийларимизда душманни тор-мор этиш ва ғалабага эришишга мустаҳкам ишонч уйғотган.
Музей экспозицияларида уруш йилларида республикада мавжуд бўлган 34 та олий, 12 та олий ҳарбий, 52 та ўрта махсус таълим муассасалари, 9 та илмий-тадқиқот институти фаолияти ҳамда санъатнинг театр, кино ва концерт соҳаларига, шунингдек Ўзбекистонга эвакуация қилинган 34 та олий ўқув юртига доир маълумотлар акс эттирилган. Бу ўқув юртларида уруш йиллари давомида 11 минг 750 нафар юқори малакали мутахассис ва 6 минг 673 нафар кадрлар тайёрланган.
Музейдаги Ленинградда қамал пайтида Алишер Навоийнинг 500 йиллигига бағишланган илмий конференция ўтказилгани билан боғлиқ тарихий ҳужжатлар, китоблар ва фотолавҳалар кишини бефарқ қолдирмайди.
Республикамизда уруш йилларида нашр қилинган матбуот, журнал ва китоблар, хусусан, турли фронтларда ўзбек тилида чиқарилган газеталар ҳақида материаллар намойишга қўйилган. Таниқли шоир ва ёзувчилар, санъаткорлар, олимларнинг жанг майдонларидаги учрашувлари ва маданий чиқишларига бағишланган стендлар ташкил этилган. Иккинчи жаҳон уруши йилларида ўзбек тилида чоп этилган 13 та фронт газетаси ва 3 та дивизия газеталарининг асл нусхалари сақланмоқда.
Хотира – муқаддас ва абадий
“Шон-шараф” музейининг тўртинчи бўлими фашистлар Германиясининг сўзсиз таслим бўлиши; урушнинг ғалаба билан якунланиши; Ғалаба қувончлари ва тантаналари; уруш хотиралари; Нюренберг суд жараёни акс эттирилган эпизодлар; уруш иштирокчилари ва фронт орти фахрийлари ҳақидаги экспозициялардан иборат.
Музей экспозициясидан ўрин олган Ғалабанинг 75 йиллигига бағишланган “Ўзбекистон халқининг фашизм устидан қозонилган ғалабага қўшган ҳиссаси” номли салмоқли китоб-альбом, «Мард ўғлонлар номи барҳаёт» китоби ва унинг асосида суратга олинган кўп қисмли ҳужжатли фильмга доир лавҳаларни алоҳида аҳамиятга эга экспонатлар сифатида эътироф этиш мумкин. Бу йилги байрам арафасида, Президентимиз ўз нутқида эътибор қаратганидек, ушбу ишларнинг узвий давоми бўлган “Ўзбекистон Иккинчи жаҳон уруши даврида” ва “Ғалаба боғи фалсафаси” номли китоб-альбомлар чоп этилганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Бундан ташқари, музейда уруш йилларида Ўзбекистонда тузилиб, фронтга юборилган ҳарбий қисм ва бўлинмаларнинг 40 дона жанговар байроғи сақланмоқда. Тарихий бебаҳо қадрият — Ғалаба байроғининг нусхаси ҳам шу ердан жой олган.
Инсон — азиз, хотира — муқаддас
Музейнинг бешинчи бўлимида жанггоҳларда мардлик намуналарини кўрсатиб жон фидо этган ота-боболаримизнинг ёрқин хотирасини абадийлаштиришга қаратилган урушдан кейинги давр тадбирлари ҳақида ҳикоя қилинган. Хусусан, Тошкент куранти, Биродарлик қабристони, шунингдек Прометей қидирув отряди томонидан амалга оширилган ишлар, шунингдек юртимиз бўйлаб барпо этилган "Хотира" майдонлари ва бу майдонларда қад ростлаган "Мотамсаро она" ҳайкаллари ҳақида экспозициялар ташкил этилган.
Урушда ҳалок бўлган юртдошларимизнинг номлари қайд этилган 36 жилдлик «Хотира» китоби ҳам музейнинг мазкур бўлимидан жой эгаллаган.
Бўлимнинг эътиборга молик бурчакларидан яна бири асирга тушганлар ҳақидаги маълумотлар акс этган қисмидир. Таъкидланишича, уруш даврида асирга тушган 150 мингдан зиёд ўзбекистонликларнинг 50 минг нафардан ортиғи концлагерлардаги азоб-уқубатлар оқибатида вафот этган.
“Шон-шараф” музейи иш бошлаганидан буён ўтган қисқа даврда музей заллари муҳим тарихий экспонатлар билан янада бойитилди. Музей биносининг иккинчи қаватида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати, Давлат божхона қўмитаси каби тегишли вазирлик ва ташкилотларнинг Иккинчи жаҳон уруши даврига бағишланган алоҳида кўргазмалари ташкил этилди.
Бундан ташқари, ушбу қаватда халқимизнинг Иккинчи жаҳон урушига қўшган улкан ҳиссаси ҳамда вилоятлар томонидан фронт орти учун юборилган турли буюмлар кўргазмаси мавжуд. Бу ерда собиқ совет қўшинларининг уруш давридаги ҳарбий кийимларига мансуб эпикировка намуналари билан ҳам яқиндан танишиш мумкин.
“Шон-шараф” музейини барпо этишда энг замонавий мультимедиа технологиялари, рангли ва оҳангли инновацион жиҳозлардан фойдаланилган. Бу ерда Ўзбекистон халқининг жанггоҳлардаги жасорати ва фронт ортидаги матонатига доир кенг қамровли ахборотлар жамланган.
Узоқ кутилган Ғалабани шарафлашга доир саҳналар: қувонч кўз ёшлари, Ғалаба паради, ғолибларни куй-қўшиқ ва гуллар билан кутиб олиш дамлари акс этган тарихий лавҳалар ҳам ҳеч кимни бефарқ қолдирмаслиги тайин. Бундан ташқари, музейда ёзувчилар ва шоирлар, рассомлар ва ҳайкалтарошлар ижодига мансуб бўлган ҳамда уруш мавзусига бағишланган асарлар намойиш этилмоқда.
Бу ерда халқимизнинг Ғалабага қўшган муносиб ҳиссаси ва инсониятни фашизм балосидан сақлаб қолиш йўлида кўрсатган жасоратини абадийлаштириш учун амалга оширилган эзгу ишлар ўз мужассамини топган. Музейнинг барча тарихий ашёлари – Ўзбекистон халқининг метин иродаси, Ғалабага бўлган қатъий ишончи ва улкан ҳиссасининг далолатидир.
“Шон-шараф” музейи:
ривожлантириш бўйича янги ташаббуслар
Давлатимиз раҳбари 2021 йил 9 май куни яна бир бор “Шон-шараф” музейи экспозицияси билан танишди. Президентимиз бу ердаги экспонатлар Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабага улкан ҳисса қўшган халқимизнинг жасоратини тараннум этишга, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга хизмат қилишини алоҳида таъкидлар экан, музей фаолиятини янада ривожлантиришга доир янги ташаббусларни илгари сурди.
Давлатимиз раҳбарининг бу борадаги янги ташаббуслари қуйидагилардан иборат.
Биринчи ташаббус – “Шон-шараф” музейи том маънода халқ музейига айланиши лозим.
Зеро, ушбу музейнинг айнан «Шон-шараф» музейи деб номлангани замирида чуқур фалсафа мужассам. Ўзбекистон халқининг Иккинчи жаҳон уруши жанггоҳларида кўрсатган беқиёс қаҳрамонликларини ҳар қанча шарафласак, ардоқласак ҳам оздир. Халқимизнинг фронт ортидаги сермашаққат, аммо ҳалол ва шонли меҳнати ҳар қанча таҳсину олқишларга муносибдир. Халқимизнинг душман истило этган ҳудудлардан юртимизга эвакуация қилинган турли миллат вакиллари ва норасида болаларни қучоқ очиб кутиб олгани, уларга меҳрибонлик ва ҳамдардлик, шафқат ва мурувват кўрсатгани том маънода шон-шараф тимсолидир.
Иккинчи ташаббус – “Шон-шараф” музейи жонли, ҳаётий музей бўлиши керак.
Авваламбор, тарихий ашёлари ва нодир ҳужжатлари намойиш этилаётган қаҳрамонларнинг невара-эваралари ҳам бу ерга доим келиб турсин, зиёратчилар билан учрашсин. Қолаверса, музейда Иккинчи жаҳон урушида жасорат кўрсатган ўзбекистонликлар ҳақидаги маълумотлар, ўша давр руҳини тўлиқ ҳис этишга имкон берувчи турли осори атиқа ва жиҳозлар жамланган. Ушбу экспонатларнинг ярмидан кўпи юртимизнинг турли ҳудудларида яшовчи аҳоли томонидан тақдим этилган бўлиб, ана шу жараённи янада рағбатлантириш тақозо этилади. Бугунги кунда музейда, Ўзбекистон Президенти қайд этганидек, 12,5 мингга яқин экспонат тўпланган бўлиб, уларнинг сони тобора ортиб бормоқда.
Учинчи ташаббус – “Шон-шараф” музейи ҳақиқий халқ зиёратгоҳи бўлиши учун барча зарур чораларни кўриш даркор.
Ўтган бир йилда 180 мингдан ортиқ зиёратчи ташриф буюргани, коронавирус шароитига қарамай, ташрифлар сони кўпайиб бораётгани ижобий ҳолдир.
Тўртинчи ташаббус – “Шон-шараф” музейи ёш авлодимизни ҳарбий-ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялайдиган халқчил ва замонавий маърифат масканига айланиши зарур.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, “Шон-шараф” музейи замонавий санъат ва ахборот-коммуникация технологияларининг энг илғор ютуқлари асосида бунёд қилинди. Ғалаба боғининг очилиши тимсолида уруш қурбонларини хотирлаш, жанггоҳларда қон кечган ва фронт ортида ҳалол меҳнат қилган жасоратли ва матонатли юртдошларимизни қадрлаш, уларга эҳтиром ва эъзоз кўрсатиш фазилати ўзининг янги, тубдан юксак поғонасига кўтарилди. Хусусан, "Шон-шараф" музейининг таъсирчан экспонатлари бу фикримизни яққол тасдиқлайди.
Бешинчи ташаббус – “Шон-шараф” музейи тарих ва ҳаётнинг бирдамлигини тиклашга хизмат қилиши лозим.
Бу ерда намойиш этилаётган тарихий ашёлар, кўплаб ноёб ҳужжатлар Ўзбекистон халқининг жасорат ва матонати, бағрикенглиги ва меҳр-оқибати, Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабага қўшган улкан ҳиссаси ҳақида ҳикоя қилишини акс эттирадиган янги илмий-маърифий, адабий-бадиий асарларни мунтазам чоп эттириш зарур.
Хулоса қилиб айтганда, “Шон-шараф” музейини келиб кўрадиган, умуман, аждодларимиз жасорати ва матонатига доир фильмларни томоша қиладиган, айни мавзудаги китобларни ўқиб борадиган ҳар бир киши ватанпарвар бўлиб камол топишига шубҳа йўқ. Зеро, Ғалаба боғини барпо этишнинг замирида ёшларни Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш мақсади мужассам. Шунинг учун Президентимиз ушбу масканни “ноёб маънавий, меъморий ва тарихий обида”, дея тавсифлагани бежиз эмас.
Акмал САИДОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари
10.05.2021
“Халқ сўзи” газетаси
- Қўшилди: 11.05.2021
- Кўришлар: 4474
- Чоп этиш