Судлар томонидан 1 миллиард сўмлик даъво тадбиркорлар фойдасига ҳал этилган

АОКА да Бизнес омбудсман ахборот хизмати раҳбари Гулжамол Шукурова иштирокида брифинг ўтказилди. Унда маълум қилинишича, Бизнес-омбудсманга 1-чоракда тадбиркорлардан келиб тушган 2 минг 340 та мурожаатнинг 548 таси бўйича тадбиркорларнинг ҳуқуқлари тикланган.

Келиб тушган мурожаатларнинг 13 фоизи солиққа, 11 фоизи банк, кредитга оид бўлган. Қолган мурожаатлар эса ер, кадастр ва архитектура, суд қарори ва ижроси, текширувлар, инфратузилма ва бошқа масалаларга оидлиги маълум бўлди.  

“Тадбиркор виртуал офиси” ахборот портали орқали эса 2 003 та мурожаат келиб тушган бўлиб, кўриб чиқилган мурожаатларнинг 527 таси (27 фоизи) ҳал этилган, 1 минг 384 тасига тушунтириш берилган ва 35 таси рад этилган. 

Мурожаатлар асосида тадбиркорларга 2,35 миллиард сўм пул маблағи ундирилган. 1,02 миллиард сўм асоссиз тўланган солиқ суммаларини қайтарилиб, 1,10 миллиард сўмдан зиёд кредит ажратилишида ёрдам кўрсатилган.  

Жорий йилнинг 3 ойида назорат қилувчи органлар томонидан текширувларни келишиш учун киритилган 1 минг 168 та буюртмадан 507 таси (43 фоизи) келишилган ва қолган 661 таси (57 фоизи) текширув ўтказиш учун қонуний асослар мавжуд бўлмагани сабабли рад этилган.  

Текширувлар қонунийлиги юзасидан ўтказилган мониторинг доирасида аниқланган қонун бузилиш ҳолатлари бўйича 248 нафар мансабдор шахсга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилган.  

Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида жами 604 та таъсир чораси, шундан 1,9 млрд сўмлик 23 та даъво аризаси, шикоят, 17 та тақдимнома, 7 та хулоса, 2 та огоҳнома ва 564 та маъмурий жавобгарликка тортиш чораси қўлланилган.  

Натижада, судлар томонидан 1 миллиард сўмлик даъво тадбиркорлар фойдасига ҳал этилган.  

Тадбиркорлик соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича Бизнес-омбудсман девони томонидан 86 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси  экспертизадан ўтказилиб, улар бўйича 102 та таклиф ва эътирозлар юборилган.  

 

Шаҳноза Маматуропова,  

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech