Шу кунларда нафақат Ўзбекистон, балки жаҳонда инсоният тарихини ўзгартира олган, Иккинчи Шарқ Ренессансини бошлаб берган буюк давлат арбоби ва ислоҳотчи, Соҳибқирон ва улкан саркарда, даҳо бобомиз Амир Темур таваллудининг 685 йиллиги кенг нишонланмоқда.
Амир Темур марказлашган давлатга асос солиб, унинг куч-қудратини ҳар томонлама мустаҳкамлаб ва ривожлантириб, шон-шуҳратини бутун жаҳонга ёйди, буюк салтанатнинг ҳукмдори сифатида миллатлар ва халқларни бирлаштирди. Унинг даврида иқтисодиёт ва савдо, маданият ва илм-фан, меъморчилик ва тасвирий санъат, мусиқа ва шеърият юқори чўққиларга кўтарилди. Бир сўз билан айтганда, Темурийлар даври Ренессансига асос солинди.
Амир Темурнинг ибратли ҳаёти ва давлатдорлик иқтидори ва фаолияти, салтанати тарихи, ундаги илм-фан ва маданиятни ўрганиш тарихшуносликнинг йирик илмий йўналишларидан бири сифатида доимо жаҳон олимлари, давлат раҳбарлари, сиёсатчилар диққат-эътиборида бўлиб келган ва шундай бўлиб қолмоқда. Шунингдек, Темурийлар тарихига оид манбалар жаҳон миқёсида турли тилларга таржима қилинган ҳамда илмий тадқиқотлар амалга оширилган. Дунё тарихшунослигида Амир Темур даврини ўрганишга оид нашрлар кун сайин ортиб бормоқда. Пировардида, жаҳон жамиятшунослигида “Темуршунослик” мустақил илмий йўналиши шаклланди.
Бугун Амир Темур ва Темурийлар сулоласининг дунё цивилизацияси ривожига, инсониятнинг илмий сиёсий-ҳуқуқий, маънавий-ғоявий, маданий ва тафаккур даражасининг кескин кўтарилишига қўшган ҳиссаси беқиёслиги ҳеч кимда шубҳа уйғотмайди. Жаҳон ҳамжамияти Темурийлар даврини илм-фан, маданият, санъат ва адабиёт тараққиёти ҳамда улуғ кашфиёт ва ихтироларда ўз аксини топган давр, халқимизни эса – шу пайтгача икки маротаба Ренессансга асос солган халқ сифатида эътироф этади. Яъни, халқимиз ҳақли равишда том маънода кам сонли “Ренессанс ярата олган халқлар” сирасига киритилади.
Шу маънода, бугунги кунда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимизда кенг кўламли демократик ўзгаришлар, жумладан, илм-фан ва таълим-тарбия соҳасидаги ислоҳотлар орқали Ўзбекистонда янги Уйғониш даври, яъни Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш борасидаги саъй-ҳаракатлари кутилган натижалар беришига тўла асос бор деб баҳоланмоқда. Унинг халқимиз олдидаги энг буюк хизматларидан бири ҳам айнан ўз юртига эгаликдан мосуво бўлган, фаровон ва яхши яшашдан умидини узган, келажакка ишонмай қўйган халқимизнинг қадди-қоматини ва синдирилган миллий ғурури тикланиши, Янги ва эркин Ўзбекистонга хос онги шаклланиши, сўнган руҳи кўтарилиши, маънавий-маърифий қадриятлар ва тарихий шахсларга бўлган ҳурмат-эътибор қайтарилиши, деб қаралмоқда.
Бу саъй-ҳаракатлар чингизийларнинг 150 йиллик истибдоди даврида топталган ғуруримизни қайта кўтарган Амир Темур бобомизнинг саъй-ҳаракатларига менгзайди.
Ўзбекистон Республикаси тараққиётининг янги босқичида давлат ва жамиятнинг ҳар бир соҳасида тубдан янгиланиш ва юксалишлар билан бир қаторда миллий давлатчиликни мустаҳкамлаш, мамлакатимиз сиёсий-ҳуқуқий ва иқтисодий-ижтимоий ҳаётини барқарор изга тушириш ва ривожлантириш бўйича кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, тарихшуносликда ҳам аждодларимиз тарихини ўрганиш, уларга тўғри ва холис илмий баҳо бериш, шу асосда миллий қадриятларимизни тиклаш учун кенг йўл очилди. Зеро, Ўзбекистон Республикаси Президенти таъкидлаганидек: “Бизнинг ҳавас қилса арзийдиган улуғ тарихимиз бор. Ҳавас қилса арзийдиган улуғ аждодларимиз бор”.
Ўтган қисқа давр мобайнида объектив тарихимизни яратиш йўлида кўплаб илмий тадқиқотлар амалга оширилди. Қатор муҳим тарихий қўлёзма манбалар нашр этилди. Натижада тарихчилар учун йирик тадқиқотлар яратиш имкониятлари вужудга келди. Хусусан, аждодларимиз тарихининг номаълум қирралари ва ўқилмаган саҳифалари ҳамда инсоният ўтмишида ўзига хос ўрин эгаллаган тарихий шахслар фаолиятини ўрганиш учун ҳам зарур манбавий асослар яратилди.
Ҳозирга қадар Ўзбекистонда Темуршунослик мавзусига оид бир неча библиографик нашрлар амалга оширилган. Чунончи:
биринчидан, Амир Темур ва Темурийлар ҳақида Миср кутубхонасида сақланаётган манба ва қўлланмалар фиҳристи яратилди;
иккинчидан, “Амир Темур дунё фани кўзгусида” номли библиографик нашр хорижий тилларда чоп этилди;
учинчидан, жаҳон тарихшунослигида мустақил темиршунослик илмий йўналиши шаклланганига асосланиб, “Амир Темур жаҳон тарихида” номли асар яратилди;
тўртинчидан, “Амир Темур библиографияси” ҳамда “Амир Темур салтанати тарихнавислиги” номли библиографик кўрсаткичда Ўзбекистонда мустақиллик йилларида амалга оширилган адабиётлар жамланди;
бешинчидан, “Темурийлар даври ренессанси”, “Темурийлар даври ёзма ёдгорликларининг Ўзбекистонда ва хорижда ўрганилиши”, “Ўзбекистон тарихига оид маданий-маънавий мероснинг хорижга тарқалиши ва уларнинг ватанимиз тарихида тутган ўрни”, “Шоҳрухия қалъа шаҳри – Амир Темур ва Темурийлар даврининг ноёб ёдгорлиги”, “Чет элларда сақланаётган Темурийлар даври ашёлари каталоги”, “Ўрта Осиёда китобат санъати тарихидан (Темурийлар даврида яратилган асарларнинг қўлёзма ва тошбосма нусхалари)”, “Амир Темур ва Темурийлар давридаги ҳарбий санъат” каби мавзуларда туркум асарлар чоп этилди.
Амир Темур ва Темурийлар даври тарихшунослиги бўйича Ўзбекистонда қатор салмоқли ишлар амалга оширилган. Аксарият тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, бошқа тарихий даврни ўрганишда адабиётлар тақчиллиги қийнаса, бу давр тадқиқотчисига эса адабиётларнинг кўплиги ва бу манбалардаги турлича муносабатлар қийинчилик туғдиради. Айнан шу жиҳат ҳам библиографик тадқиқотларга бўлган эҳтиёжни янада кучайтиради.
Кейинги йилларда Амир Темур шахси ва даврига оид бирмунча манбалар таржимаси, илмий, илмий-оммабоп, бадиий адабиётлар яратилдики, натижада уларни аниқлаш, тўплаш ва тизимлаштириш зарурияти юзага келди. Шу мақсадда яқинда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Темурийлар тарихи давлат музейи томонидан Ўзбекистон ва жаҳон миқёсида Амир Темур ҳаёти ва фаолиятига бағишлаб нашр қилинган адабиётлар жамланиб, изоҳлар билан янги “Амир Темур. Библиография. Биринчи китоб” чоп этилди.
Ушбу библиографик кўрсаткичда:
биринчидан, юртимизда Амир Темур хотирасини абадийлаштиришга бағишланган расмий (қонун, фармон, қарор ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар) маълумотлар умумлаштирилди;
иккинчидан, мавзуни ёритувчи монографиялар, рисолалар, диссертациялар, юбилейларга бағишланган альбомлар, конференция материаллари, ўқув қўлланмалар, республика ва хориж нашрларида чоп этилган мақолалар жамланди;
учинчидан, хорижий давлатлардаги кутубхоналар, музейлар ва фондлардан ўрин олган адабиётлардан ҳам имкон қадар фойдаланилди.
Жумладан, рус, инглиз, француз турк, араб, форс тилларида нашр этилган турли китоб ва мақолалар нашрлари имкон қадар жамланиб, маълум бир тартибга солинди. Ундан, хусусан, 2 минг 248 та – ўзбек тилидаги, 2 минг 85 – рус, 655 та – инглиз, 221 та – француз, 29 та – араб, 76 та – форс-тожик ва 296 та – турк тилидаги нашрларга оид маълумотлар ўрин олди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, китоб ниҳоятда юқори полиграфик даражада тайёрланган.
Мазкур китоб мавзуи давомлидир, зеро йилдан-йилга янги адабиётлар, тадқиқотлар қўшилиб бораверади. Бу ҳол, ўз-ўзидан, келгусида ушбу библиографиянинг давомли нашрлари яратилишига замин бўлади.
Янги библиографик кўрсаткич замонавий тарих фани учун долзарб ҳисобланиб, Соҳибқирон Амир Темурнинг ибратли ҳаёти ва давлатдорлик фаолиятини ўрганишда қулайлик ва имконият яратиши ҳисобига келгуси тадқиқотларни йўналтиришда амалий аҳамият касб этади. Китоб муаллифларига кейинги ишларни тайёрлашда омадлар тилаб қоламиз.
А.Х.Саидов, академик.
(“Янги Ўзбекистон” газетаси, 2021 йил 8 апрель)
- Қўшилди: 08.04.2021
- Кўришлар: 4691
- Чоп этиш