Тергов, суриштирувдан бўйин товлаганларнинг Ўзбекистондан чиқиши вақтинча чекланади

Маълумки, янги таҳрирдаги Конституциямизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасидаги энг муҳим кафолатлардан бири сифатида ҳуқуқбузарликлардан жабрланганларнинг ҳуқуқларини қонун билан муҳофаза қилиш, жабрланганларга етказилган зарарнинг ўрни қопланиши учун давлат шарт-шароитлар яратиши белгиланган.

Бироқ, жиноят содир этган шахсларга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилмаган ҳолларда ушбу шахслар Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасини тарк этиб, суриштирув, тергов ёхуд суддан яшириниш ҳолатлари кузатилмоқда. Натижада жиноятдан жабрланган шахсларнинг ҳуқуқларини тиклаш, уларга етказилган зарарларни коплаш имконияти пасаймоқда.

Шу мақсадда ишлаб чиқилган, жиноят процессида мажбурлов чоралари институтини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси мажлисида иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.  

— Мазкур қонун лойиҳаси билан айрим қонун ҳужжатларига гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчига нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилмаган, бироқ Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасини тарк этиб, суриштирув, дастлабки тергов ёхуд суддан узрли сабабларсиз бўйин товлаши мумкинлигига етарли асослар мавжуд бўлганда суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суд томонидан уларнинг Ўзбекистон Республикасидан чиқиш ҳуқуқини вақтинча чеклаш тартиби белгиланмоқда, — деди депутат Улуғбек Қобулов. — Шунингдек, тиббий хизмат олиш ёки яқин қариндошининг вафот этгани каби узрли ҳолатларда ушбу мажбурлов чорасини бекор қилиш билан Ўзбекистондан чиқишига рухсат берилиши белгиланмоқда. Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши жабрланувчининг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга, унинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларига зиён етказилишининг олдини олишга хизмат қилади.

Мажлисда қонун лойиҳасининг долзарблиги эътироф этилиб, депутатлар томонидан қабул қилинди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech