Мамлакатимизда бугун ҳар бир соҳа ривожида улкан ўзгаришлар, янгиланишлар кузатилмоқда. Қайси бир йўналишни олманг, албатта, замонавийлик сари қадам қўйилмоқда.
Муҳими, халқ манфаати ва уларнинг фаровонлигини таъминлаш экан, албатта, барчамиз бунга аниқ мақсад сари интилмоғимиз лозим. Айниқса, жадал ривожланаётган мамлакатимизда берилаётган имкониятларга эътибор билан қараб, ундан самарали фойдаланиш фуқаролик бурчимиздир.
Кенг кўламли ислоҳотлар марказида, шубҳасиз, ёшларнинг ўрни жуда катта. Уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, турли имтиёзлар асосида қўллаб-қувватлаш, имкониятларни янада кенгайтириш, тадбиркорлигини ривожлантириш учун имтиёзли кредитлар ажратиш, таълим тизимида уларнинг фаоллигини ошириш, бандлигини таъминлаш, уюшмаган ёшлар сонини кескин камайтириш, муҳими, улар орасида турли жиноятчиликнинг олдини олишга эътибор кучайтирилган.
Ёшларнинг бугунги фаоллигини оширишга эътибор қаратилар экан, 2021 йилнинг “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлиги йили” деб эълон қилингани ҳам ташаббуслар кўламини янада кенгайтиришга хизмат қилаётгани диққатга молик.
Албатта, бугун ёшларни қўллаб-қувватлаш долзарб вазифалардан бири эканидан келиб чиқиб, ислоҳотларимизни кенгайтириш ва самарадорлигини янада ошириш масалаларида замонавий билим, кўникмаларга эга бўлган ғайратли, ташаббускор, ҳар томонлама ривожланган ёшларни тарбиялаш ҳам муҳим масалалардан ҳисобланади. Йил номи бундай аталишининг асосий сабабини Президентимиз ўз нутқида қуйидагича ифодалади:
“Биз бунга жуда кўп тайёргарлик кўрдик. Муҳит яна бир бор маҳаллий Кенгашлар, маҳаллий раҳбарлар ёшларга эътибор беришлари кераклигини кўрсатди. Иккинчидан, агар бугун биз пандемия даврида бошланган аҳоли саломатлигини яхшилаш ишларини давом эттирмасак, бу масалаларни бугун ҳал қилмасак, эртага кеч бўлади. Биз, бизнинг одамларимиз, пандемия пайтида, айниқса қишлоқларда, ушбу камчиликлардан жуда азият чекдик. Биз ваҳима қилмадик, лекин азоб чекдик”.
Дарҳақиқат, ёшларнинг фаоллигини ошириш, уларнинг иқтидорини қўллаб-қувватлаш асосий масала сифатида қаралар экан, шубҳасиз, ҳар бир келажак эгаси бунга эътибор билан ёндашиб, ўз олдига аниқ мақсад қўйиши даркор. Уларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини мустаҳкамлаш, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлигини ошириш борасида улкан ишлар олиб борилмоқда. Зеро, замонавий билим ва кўникмаларга эга, мамлакатнинг муносиб келажаги учун жавобгарликни ўз зиммасига ола биладиган баркамол, мақсадга интилувчан ва серғайрат ёшларни тарбиялаш бугуннинг энг муҳим вазифаларидан биридир.
Маълумки, тўрт йил муқаддам Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ташкил қилинди ҳамда 30 июнь санаси мамлакатимизда “Ёшлар куни” деб эълон қилинди. Айни шу кун ёшларнинг қалбида ғурур ва ифтихор туйғусини янада чуқурроқ ҳис этишида туртки берди.
Шунингдек, давлат бошқаруви соҳасидаги ёш раҳбар кадрларнинг ўрнини белгилаш, уларни тайёрлаш ва турли масъулиятли лавозимларга тайинлаш масаласига алоҳида урғу берилди. Бундай улкан эътибор бугун ёшларнинг савиясини, уларнинг интилишини янада кучайтириши табиий.
Қувонарлиси, ўсиб келаётган баркамол авлод интилишларини муносиб рағбатлантириш мақсадида «Мард ўғлон» давлат мукофоти, “Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи» мукофоти, «Ўзбекистон белгиси» кўкрак нишони, инновацион ва креатив ғояларини намоён этиб келаётган ёшларимиз учун «Республика ёш олимларининг инновацион лойиҳалари» грант танлови ва шунга ўхшаш кўплаб танловлар таъсис этилган. Шубҳасиз, бундай кенг миқёсли рағбат ёшлар фаолияти сезиларли даражада ўcиб боришига хизмат қилади.
Президентимиз томонидан ёшларга эътиборни кучайтириш, уларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларда ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини ошириш масалаларига янги тизим асосида ёндашиш бўйича 5 та муҳим ташаббус илгари сурилди. Бу ёшлар сиёсати соҳасидаги муҳим йўналишлардан биридир.
Ушбу ташаббус орқали давлатимиз раҳбари ёшларимизни маънавий баркамол қилиб тарбиялаш, уларни турли зарарли ва ёт ғоялар таъсиридан асрашга алоҳида эътибор қаратиш лозимлигига эътиборни қаратди. Бу каби эзгу ишлар ёшлар сиёсати соҳасида янгича механизмлар сирасига кириб, уларни санъат, мусиқа ва спортга жалб қилиш борасида катта тарбиявий аҳамиятга эга.
2021 йилнинг ўзгача номланиши ёшларга оид давлат сиёсатини босқичма-босқич амалга ошириш ва янада фаоллиштириш йўлида муҳим қадам бўлиб хизмат қилади. Айниқса, белгиланган ҳар бир вазифа ёшларнинг иш билан таъминланишида, турли йўналишларда ўз иқтидорларини намоён этишида, фаол ва ташаббускор бўлишида муҳим аҳамият касб этади.
Мамлакатимиз аҳолисининг 30 фоиздан ортиғини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади. Шубҳасиз, 30 фоиз ёшнинг дунёқараши турлича, фикрлаши ҳар хил, интилишлари ўзгача. Шундай бўлса-да, уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишни ташкил этиш долзарб масала ҳисобланади. Бу эса нафақат бугун, балки ҳар кун ва ҳар дақиқа ўрганилади, назоратда бўлади. Муҳими, ўз вақтида ечилмай қолаётган муаммолар ечилади. Ёшлар қанчалик маънавий баркамол бўлса, турли ёт иллатларга қарши иммунитети ҳам шунча кучли бўлади.
Нима сабабдан давлатимиз раҳбари айнан ёшлар масаласига алоҳида урғу бермоқда? Нимага давлатимиз раҳбари нуфузли халқаро ташкилотлар минбарларидан туриб, жаҳон ҳамжамиятини ёш авлод турли бузғунчи ғоялар ва радикал гуруҳларга қўшилиб кетишининг олдини олишга чақирмоқда. Асосий эътиборни маърифатга, ёшларнинг маънавий ва ахлоқий тарбиясига қаратиш лозимлигини жонкуярлик билан таъкидламоқда?
Буларнинг барчаси бежиз эмас, албатта. «Тарбия қанча мукаммал бўлса, халқ шунча бахтли яшайди», дейди донишмандлар. Ёшлар тарбияси мукаммал бўлиши учун эса бу масалада бўшлиқ пайдо бўлишига мутлақо йўл қўймаслик лозим. Шунинг учун 2021 йилнинг ўзига хос номланаши алоҳида таъкид билан айтилди.
Инсоният тарихида ҳар қандай салбий ҳолатларнинг олдини олиш, оила, мактаб ва таълим муассасаларида соғлом муҳитни шакллантириш масалаларига бугун барчамиз жиддий ёндашмоғимиз лозим.
Миллий ва диний қадриятларимизда фарзанд тарбиясидаги нозик жиҳатларга, айниқса, уни меҳнаткаш, меҳр-оқибатли, иродали ва мард инсонлар бўлиб етишишига алоҳида эътибор қаратилади. Афсуски, ёшлар орасида енгил-елпи ҳаёт кечиришга мойил, эътиқоди суст, иродасиз болалар ҳам учраб туради.
Ҳозирда компьютер, интернет клублари, телевидение каби воситалардаги енгил-елпи, мазмунан саёз ва турли зарарли одатларни тарғиб этувчи фильмлар, ёшлар тарбиясига салбий таъсир қилувчи воситалар кўпайгани ҳеч биримизга сир эмас. Шу маънода, атрофимизда содир бўлаётган ҳодисаларга хотиржамлик ва лоқайдлик билан эмас, балки ҳушёрлик билан қарашимиз зарур.
Юртбошимиз таъкидлаганидек: “қаердаки бепарволик ва лоқайдлик ҳукм сурса, энг долзарб масалалар ўзибўларчиликка ташлаб қўйилса, ўша ерда маънавият энг ожиз ва заиф нуқтага айланади. Ва аксинча – қаерда ҳушёрлик ва жонкуярлик, юксак ақл-идрок ва тафаккур ҳукмрон бўлса, ўша ерда маънавият қудратли кучга айланади”. Ушбу фикрлар бизларни янада чуқурроқ ўйлашга, мулоҳаза юритишимизда, ён атрофга назар солиб, ҳар қандай салбий иллатларга қарши курашишимизда туртки бўлиши лозим.
Маълумки, 2020 йил бутун дунёда пандемия даври бўлди. Инсон саломатлиги барча неъматлардан азиз эканлиги яна бир маротаба ўз исботини топди. Мамлакатимизда кучли карантин тартиби жорий этилди. Талаблар, қатор вазифалар белгилаб қўйилди. Албатта, биз “кўринмас душман” билан курашиб, ўзимиз ва атрофдагиларимиз саломатлигига бўлган эътиборни оширдик. Масъулиятимизни кўрсата билдик.
Аммо белгилаб берилган вазифаларга эътиборсизларча ёндашганлар ҳам бор эди. Шундай оғир ва мураккаб даврда Юртбошимиз халқимиз турмуш ташвишларига эътиборни янада кучайтирди. Бундай эътиборнинг давомийлиги 2021 йилнинг ўзгача номланишида яна бир бор ўз аксини топди. Шу номдаги Давлат дастури эса ҳам ёшлар масаласига эътиборни кучайтириш, ҳам аҳоли саломатлигини яхшилаш учун қўйилган яна бир муҳим қадам бўлди.
Республикамизда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, жисмоний соғлом ва маънавий бой, интелектуал салоҳиятли ёш авлодни тарбиялаш борасида ёшларимизни соғлом ва бақувват камол топтиришга муҳим вазифа бири сифатида қаралмоқда. Айниқса, тизимда ўзига хос янгиланишлар, инновацион ўзгаришлар кузатилмоқда.
Мамлакатимизда инсон манфаатларини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор берилмоқда. Тегишли қонун ва қарорлар, давлат дастурлари асосида соғлиқни сақлаш муассасалари фаолиятини такомиллаштириш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва юқори малакали кадрлар билан таъминлаш юзасидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Асосий мақсад аҳолининг саломатлигини мустаҳкамлаш, уларнинг соғлом турмуш тарзи учун масъулиятини оширишдан иборатдир.
Мамлакатимиз раҳбари томонидан аҳоли саломатлигига қаратилаётган эътибор ўзининг амалий натижаларини кўрсатмоқда. Албатта, йил номининг ўзгача номланиши ҳам соҳада мавжуд муаммоларнинг бартараф этилишида замин яратади. Шубҳасиз, тиббиётнинг биринчи бўғинидан тортиб, ихтисослаштирилган марказлар фаолиятини тўғри ташкил этиш борасида аниқ йўналиш ва чора-тадбирлар белгилаб берилгани ҳам тизимда хизмат кўрсатиш механизмини ўзгартиришда муҳим мезон бўлиб хизмат қилар экан, соҳа вакиллари учун ҳам имкониятлар ва юксалишлар сари эътибор қаратилди.
Кексаларимиз дуога қўл очганида: “Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, тани-жонимиз соғ бўлсин”, дейди. Бинобарин, энг муҳими, аҳолининг тинчлиги ва соғлиғи экан, тиббиёт ходимлари олдига қўйилаётган талаблар ниҳоятда долзарб. Ана шу долзарблик улар учун масъулият ҳиссини оширади. Талабларни кўпайтиради. Талабга яраша эса вазифаларнинг натижадорлиги ошади.
Бугун халқимизнинг тиббий маданияти юксалиб бормоқда, юртдошларимиз ўзларига энг илғор тиббий хизматлар кўрсатилишини истайди. Шунинг учун йилнинг ўзига хос номланашида катта маъно мужассам. Зеро, инсон манфаатлари деганда, аввало, унинг саломатлиги, замонавий тиббий хизматдан тўлақонли фойдаланиши кўз олдимизда гавдаланади.
Лекин соҳада камчиликлар жуда кўп, бугун мавжуд муаммоларнинг ечими топилмаса, эртага кеч бўлиши табиий. Давлат раҳбари ҳар бир нутқида соғлом турмуш тарзини шакллантиришга эътибор қаратиш, тиббиётда мавжуд муаммоларнинг олдини олишга ҳисса қўшиш, муҳими, касалланганлар сонининг тобора камайиб боришига кўмаклашиш зарурлигини таъкидлайди. Ҳар қандай ҳолатда янги ташаббуслар билан чиқади ва муаммоларга аниқ ечимларни талаб қилади.
Бугун мамлакатимизда ёшлар ва тиббиёт масалалари ҳар қачонгидан ҳам долзарбдир. Мамлакат раҳбари томонидан бу соҳаларга қаратилётган эътибор ҳам ўз натижаларини кўрсатмоқда. Ёшлар ривожи учун кенг йўллар очилмоқда, тиббиётда эса аниқ вазифалар белгиланиб, самаралар аллақачон бўй кўрсатмоқда.
Тиббиётнинг аниқ амалий ечимларини ҳал этиш аввало жойлардаги оилавий поликлиникалар орқали амалга оширилади. Бу бўйича тегишли тартибда олиб борилаётган вазифалар фуқароларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, бошқа бир қатор касалликларнинг олди олинишига хизмат қилади.
Президентимиз йил номига алоҳида урғу билан эътибор қаратар экан, шубҳасиз, санитария-эпидемиология хизмати сифатини ошириш, унинг моддий-техник базасини яхшилаш ва замонавий лабораториялар ташкил этишга 200 млн доллар йўналтирилиши, кейинги йилдан бошлаб 15 ёшгача бўлган болалар ва ҳомиладор аёлларга 7 турдаги витаминлар, болалар учун паразитар касалликларга қарши дори воситалари бепул тарқатилиши, бу жараён билан 2021 йилда 11 млн нафар, 2022 йилда 17 млн нафар аҳоли қамраб олиниши ва бу ишларга 100 млрд сўм маблағ йўналтирилишини алоҳида таъкидлади. Бу каби улкан мақсадлар жамият ривожи ва келажаги учун муҳим босқичлардан ҳисобланади.
Хулоса қилиб айтганда, ёшлар тарбиясига барчамиз масъулликни ҳис қилиб, жамиятимизга хос бўлмаган иллатларга қарши биргаликда курашишимиз лозим. Ёшлар – ҳар қандай жамиятнинг эртаси. Уларнинг онги учун вайронкор ҳамда маърифатпарвар ғоялар ўртасида кураш давом этаверади. Ушбу ғоявий курашда эса ўзининг эзгу амалий ҳаракатлари билан ёшларнинг ишончини оқлай олган томон ғолиб бўлади.
Зеро, баркамол авлод ва юксак ахлоқли ватанпарвар ёшлар бугунимиз, эртамизнинг ҳақиқий давомчиларидир. Муҳими, ҳар томонлама ривожланиб бораётган мамлакатимизга муносиб баркамол авлодларни тарбиялашимиз шарт.
Севара Ишмуратова,
“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари”
журнали таҳририяти масъул котиби
- Қўшилди: 26.02.2021
- Кўришлар: 6270
- Чоп этиш