Ўзбошимчалик билан қурилган уй-жойларга нисбатан мулк ҳуқуқи расмийлаштирилиши мумкин

АОКА да ўтказилган брифингда Кадастр агентлиги ахборот хизмати раҳбари Неъмат Атамуратов соҳага оид фуқаролардан келган саволларга жавоб берди.

Савол: —Яқинда акция бўйича қонун қабул қилинади деб бизнинг маҳалламизга туташ ер майдонларида кўпчилик қурилиш бошлади. Мен ҳам қурсам, янги чиқадиган қонун билан шу ерни ўзимники қилиб, ҳужжат қилиб олсам бўладими?  

Жавоб: — Ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида қонун назарда тутилаяпти. Эътиборли бўлинг, қабул қилиниши кутилаётган қонунда жойни ноқонуний эгаллаб олиб, у ерда ҳозир қурилиш қилаётганларнинг бу ишини оқлаш, эътироф этиш назарда тутилмаган.Аксинча ҳозирда ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб, ноқонуний қурилиш қилаётганлар қонунбузарлик турига кўра, маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортилади. Қонунда ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш бўйича маълум даврлар белгиланган бўлиб, ушбу даврлар космик суратлар ёрдамида аниқланади.  

Савол: — Ҳозирги вақтда ҳам уй-жойни кадастр рўйхатидан ўтказиш кечиктирилган бўлса, Кадастр идоралари томонидан жаримага тортиладими? Тортилса жарима миқдори қанча? 

Жавоб:— Кўчмас мулкка, бино ва иншоотга бўлган ҳуқуқлар вужудга келганидан кейин бир ой ичида давлат рўйхатидан ўтказиш учун мурожаат қилиниши лозим. Ўз вақтида мурожаат этмаслик МЖТК нинг 681-моддасига асосан, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 10, мансабдор шахсларга эса 15 баравари миқдорида жаримага сабаб бўлади. Ушбу жарималарни қўллаш бўйича Кадастр агентлиги ваколатли орган ҳисобланади.  

Савол: — Кадастр идораларида мақсадсиз фойдаланилган ерларни олиб қўйиш ваколати борми?  

Жавоб:—Маълумки, ердан мақсадли фойдаланилиши устидан давлат назорати Кадастр агентлиги томонидан амалга оширилади. Бунда ер участкаларидан мақсадсиз фойдаланиш ҳолатлари аниқланганда, Ер кодексининг 36-моддасига мувофиқ, ушбу ер участкаларига бўлган ҳуқуқни бекор қилиш бўйича Кадастр агентлиги органлари томонидан судга мурожаат қилинади. Мақсадсиз фойдаланилаётган ерларни олиб қўйиш фақатгина суд тартибида ҳал этилади.  

Савол: —Қандай ҳолатларда Ер майдонларини ноқонуний эгаллаб олингани учун жиноий жавобгарлик белгиланади?

Жавоб: — Ер майдонларини ноқонуний эгаллаб олингани учун жиноий жавобгарлик Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 197 ҳамда 229-1-моддаларида белгиланган. Энг муҳим қисмини айтиб ўтамиз. 229-1-моддада Суғориладиган ер участкаларини, уларда қурилиш ишларини амалга оширган ҳолда ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш — базавий ҳисоблаш миқдорининг 400 бараваридан 600 бараваригача миқдорда жарима ёки 2 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 2 йилдан 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгиланган.  

Савол: — Қурилиши тўлиқ якунланмаган уйга кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш мумкинми?  

Жавоб: — Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йилдаги 389-сон қарори билан тасдиқланган Низомга мувофиқ, Бинолар ва иншоотлар давлат кадастрига маълумотлар белгиланган тартибда ажратилган ер участкасида уларнинг қурилиши тугаллангандан кейин ёхуд қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган тартиб ва шартларда улар бўйича битимлар тузилгандан кейин ҳисобга киритилади.  

Қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ҳолатларда қурилиши тугалланмаган бино ва иншоотлар ҳам давлат кадастрида ҳисобга олиниши мумкинлиги белгиланган. Шуни ҳам айтиб ўтишимиз керак, Кадастр агентлигида долзарб 40 кунлик эълон қилинди.  

Унга кўра, ҳудудларда ер ва кадастр назорати тадбирлари кучайтирилади. Жумладан, 45 та дрон ёрдамида назорат тадбирлари олиб борилади. Ўзбеккосмос агентлиги томонидан тақдим этилган космик суратларни таққослаш орқали қонунбузарликлар аниқланади.

Ер назоратчи инспекторлар томонидан аниқланган ҳолатлар жойларга чиққан ҳолда, махсус планшетлар ёрдамида “E-Yer nazorat” ахборот тизимига киритилади ва онлайн назорат қилинади. Жиноят аломатлари бор яъни, суғориладиган ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаш ва ноқонуний қурилиш қилиш ҳолатлари Прокуратура органларига юборилади.  

Савол: — Агар фуқаро ўзбошимчалик билан эгалланган ерда қурилган бинони бузиб ташласа, жаримадан озод қилинадими?  

Жавоб: — Ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликни биринчи марта содир этган шахс, агар у ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкасининг қайтарилишини таъминласа ва ўзбошимчалик билан эгаллаб олишнинг оқибатларини бартараф этса, жавобгарликдан озод этилади. Жавобгарликдан озод этиш кодекснинг 60-моддаси иккинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликка тегишли, яъни ер участкасини ўзбошимча эгаллаб унда қурилиш қилиш билан боғлиқ ҳолат бундан мустасно.  

Ш.Маматуропова, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech