8 июль куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва Нагоя университетининг Осиё ҳуқуқий алмашинув маркази ўртасида ўзаро илмий ҳамкорлик тўғрисидаги англашув Меморандумини имзолаш маросими бўлиб ўтди. Тадбир Президентимизнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолиятини такомиллаштириш тўғрисидаги Қарори ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси ижроси доирасида ташкил этилди.
Ушбу Меморандумни имзолашдан кўзланган асосий мақсад – инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида халқаро ва минтақавий тузилмалар, хорижий мамлакатларнинг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлари билан ҳамкорликни ривожлантиришдан иборат. Бу ўринда, хусусан, Нагоя университетининг Осиё ҳуқуқий алмашинув маркази билан инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларга риоя этилишини таъминлаш бўйича илмий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш кўзда тутилмоқда.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари Ғайрат Фозилов, Нагоя университетининг Осиё ҳуқуқий алмашинув маркази директори Акира Фужимото, Япониянинг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ёшинори Фужияма иштирок этди.
Маросимда Нагоя университетининг доценти Азиз Исматов модераторлик қилди.
Меморандумни имзолаш маросимида, шунингдек мамлакатимиз вазирлик ва идоралари, олий таълим муассасалари, халқаро ташкилотларнинг Ўзбекистондаги ваколатхоналари вакиллари қатнашди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов тадбир очар экан, Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги янги ташаббуслари ҳақида мухтасар сўз юритди. Шунингдек, замонавий дунёда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг долзарб масалаларига тўхталди.
Англашув меморандуми Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва Нагоя университетининг Осиё ҳуқуқий алмашинув маркази директорлари томонидан имзоланди.
Меморандумнинг асосий йўналишларидан бири – конституциявий ҳуқуқ, халқаро ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари соҳаларида таҳлилий материаллар ва адабиётлар, қонун ҳужжатлари ва ахборот алмашиш, қўшма дастурларни амалга ошириш ҳамда семинарлар, тренинглар ташкил этиш нашрларни тарғиб қилишдан иборат.
Мулоқот асносида икки томонлама ҳамкорлик доирасида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва унга риоя этиш масалалари бўйича мунтазам икки томонлама маслаҳатлашувлар ўтказиш режалаштирилгани таъкидланди.
Томонлар ушбу Меморандум доирасида ва ўз давлатларининг миллий қонунчилигига мувофиқ инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасида тенглик, ўзаро ҳурмат ва манфаатдорлик асосида ҳамкорлик қилишга келишиб олдилар.
Маълумот учун: Осиё ҳуқуқий алмашинув маркази (CALE) – 2000 йилда Осиё давлатлари, жумладан, Ўзбекистонда ҳуқуқий тизимларни ривожлантириш ва такомиллаштиришга бағишланган тадқиқот ва ҳуқуқий ёрдам лойиҳалари билан шуғулланувчи Нагоя университетининг Олий ҳуқуқ мактаби таркибида ташкил этилган. Марказнинг асосий ваколатлари қуйидагилардан иборат:
- Осиё мамлакатлари қонунлари ва ҳуқуқий ёрдам назариялари бўйича тадқиқотларни мувофиқлаштириш;
- Осиёдаги давлатлар томонидан қонунлар ишлаб чиқиш ва фаолият кўрсатишда зарур бўлган инсон ресурсларини ривожлантириш;
- Осиё ҳақида яхши билмга эга ва минтақанинг ривожланишига мазмунли ҳисса қўша оладиган глобал лидерлар ёки мутахассисларни қўллаб-қувватлаш.
Глобаллашув талаблари айрим мамлакатларнинг ҳуқуқий тизимларини халқаро стандартларга мувофиқлаштиришни назарда тутади. Ушбу вазифаларни амалга оширишда кўмаклашиш учун, Осиё ҳуқуқий алмашинув маркази миллий қонунчилик тизимларини ривожлантиришга ҳисса қўшган ҳолда, қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда ва бошқа тегишли тадбирларда ҳамкорлик қилади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 08.07.2021
- Кўришлар: 5656
- Чоп этиш